БИСМИЛЛАҲИР РАҲМОНИР РАҲИИМ!
АЛЛОҲ ТАОЛОГА битмас-туганмас ҳамду санолар, ПАЙҒАМБАРИМИЗГА мукаммал ва батамом салавоту саломлар бўлсин!
МУҲТАРАМ ва ҲУРМАТЛИ, оиламиз учун ҚАДРЛИ ва ҚИММАТЛИ, мен учун ЖУДА АЗИЗ ва ЖУДА МЕҲРИБОН Қ А Д Р Д О Н Л А Р И М И З !
Тақдири ИЛОҲИЙ ила оиламизда бўлган катта йўқотиш кунларда, оғир мусибатимизга бизларга шерик бўлиб, БЕҲИСОБ ҚУРЪОН тиловатларингиз ва БЕМИСЛ дуоларингиз билан, ўз қалб сўзларингиз билан, самимий дил изҳорларингиз билан синиб қолган қаддимизни ростлаб, оғриб қолган дилимизни ором топтириб, чўкиб қолган кўнглимизни кўтарганларингиз учун СИЗ АЗИЗ ва МЕҲРИБОН ҚАДРДОНЛАРИМИЗГА чексиз-чексиз МИННАТДОРЧИЛИГИМИЗНИ билдирамиз!
Ўз БЕҚИЁС меҳрларингиз билан оилавий дардимизга ҳамдард бўлган СИЗ АЗИЗ ва МЕҲРИБОН ҚАДРДОНЛАРИМИЗГА кўпдан-кўп РАҲМАТЛАР айтамиз!
Оиламиз бошига оғир қийинчилик тушган онларда, жигаримиздан жудо бўлган пайтларимизда ўз ташрифларингиз билан ҳамда қалбларингизнинг тўрисидан чиққан ўз тасаллиларингиз билан сокинлик бахш этганларингиз учун СИЗ АЗИЗ ва МЕҲРИБОН ҚАДРДОНЛАРИМИЗДАН чексиз-чегарасиз даражада МИННАТДОРМИЗ!
АЗИЗ ВА МЕҲРИБОН ҚАДРДОНЛАРИМИЗ! СИЗЛАРНИНГ оиламизга қилган бундай ОЛИЖАНОБ яхшиликларингизни, беқиёс МЕҲРЛАРИНГИЗНИ, УЛКАН мурувватларингизни ИЛОҲИМ тўйларингизда, хурсандчилик кунларингизда қайтаришимизни насиб этсин! СИЗЛАРНИНГ ОЛИЖАНОБ фазилатларингиз, УЛУҒ инсоний хислатларингиз ҳар қандай таҳсинларга сазовордир!
СИЗЛАРНИНГ оиламизга бўлган БЕБАҲО меҳрларингиз олдида бош эгиб, ТАЪЗИМ қиламиз! Бизнинг оиламиз учун кўрсатган бундай олижаноб ИЛТИФОТЛАРИНГИЗНИ, бебаҳо МУРУВВАТЛАРИНГИЗНИ, олтиндан ҳам қиммат яхшиликларингизни, раҳмдиллик ила меҳрибонликларингизни асло УНУТМАЙМИЗ! ҲЕЧ ҚАЧОН эсимиздан чиқармаймиз!
ИЛОҲИМ яхши кунларингизда, тўйларингизда қайтарайлик! ХУДОИМ ТАОЛО СИЗЛАРНИ ва ТАБАРРУК ОИЛАЛАРИНГИЗНИ доимо омадларини бериб, икки дунёда ҳам ишларингизни ўнгидан қилсин!
СИЗЛАРГА камоли эҳтиром, чексиз ҳурмат, дунёдаги ЭНГ яхши тилаклар ва БЕҚИЁС ТАШАККУРЛАР ила Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳимжон Иномовлар оиласи.
Инсон қалби гоҳ у тарафга, гоҳ бу тарафга ўзгариб туради: савобли иш қилганида, қалби яйрайди, дили чексиз қувончга тўлади. Гуноҳ-маъсият кирлари эса дил ойнасини хиралаштиради. Оқибатда қалб қораяди, кўнгли хижил бўлади.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Темирга сув тегса занглайди. Худди шунга ўхшаб қалбларни ҳам занг босади", дедилар. Шунда: "Ё Расулуллоҳ, унинг жилоси нима?" деб сўралди. У зот: "Ўлимни кўп эслаш, Қуръон ўқиш", дедилар.
Қалб худди темир каби занглайди. Темирга сув тегса, сиртини занг босади. Гуноҳлар йиғилиб йиғилиб қалбни занглатади, дилни қорайтиради, кўнгилни ғаш қилади. Қалб қорайиши оқибатида инсон шуури ўтмаслашади, меҳр-оқибат туйғуси киши билмас тарзда кўтарилиб боради.
Мазкур ҳадисда айтилишича, ўлимни эслаган, Қуръон ўқиган одамнинг қалби занглардан тозаланади. Қандай қилиб, дейсизми? Гап шундаки, ўлимни эслаган кишининг ўткинчи дунёга хоҳиши сўнади. Ўлимни эслаган, охиратни ўйлаган инсон гуноҳлардан тийилади, нафаси кириб-чиқиб турганида Парвардигорига тезроқ тавба қилишга шошилади, ўзини ислоҳ қилади. Инсон ўлимни эслаганда лаззатлар парчаланади, ҳакалаб отиб турган нафс хоҳишлари сал бўлсаям жиловланади. Бир кунмас-бир кун дунёни тарк этишини билган киши оқибатли бўлади, бир иш қилишдан олдин охирини ўйлайди, мулоҳаза юритади.
Юқоридаги ҳадисда айтилишича, Қуръон тиловати қалбдаги зангларни кетказади. Ҳақиқатан, Қуръон ўқиш билан қалб яйрайди, кўнгил таскин топади. Мўмин банда қироатдан бир дунё маънавий озуқа олади. Шу йўсин қалбни қоплаган занг қурумлари аста-секин тозаланиб боради. Бежизга "Қуръон қалбга малҳам, дилни тозалайдиган илоҳий даво", дейилмаган.
Маълумки, темирга доим ишлов бериб турилмаса, кўп ўтмай занглайди. Худди шунга ўхшаб, Қуръон ўқилмаса, дилни занг босади. Ҳамиша Қуръон ўқийдиган инсон қалбига гард юқмайди. Тиловат билан жилоланган қалби ойнадек ярқираб туради.
Ҳозирги "замонавий" одамларнинг кўпи дунёга ҳирс қўйиш дарди билан оғриган. Кишилар орасида ўзаро ишонч, садоқат, вафо, меҳр-оқибат камайиб кетаётгандек. Бизнингча, бунинг сабаби битта: ўлимни унутиш, Қуръон ўқимаслик.
Айрим одамларга ўлимни эслатсангиз, охиратдан гап очсангиз: "Қўйинг, яхши мавзуда гаплашайлик!" дея сўзингизни бўлади. Ўлимни эслаш ёмонми?! Ҳар кимнинг бошида бор-ку бу савдо! Ўлимдан қочиб-қутулиб бўлмайди. Шунинг учун ўлимга тайёргарлик кўриш керак. Қандай қилиб, дейсизми? Ўлимга ҳозирлик солиҳ амаллар билан бўлади, қоронғи гўрни ёритувчи Қуръон тиловати билан бўлади. Қуруқ кафанлик олиб ёки қабристондан ўзи учун алоҳида жой ажратиб қўйган одамни охират сафарига ростмана шай деб бўлмайди.
Толибжон домла Хурсанмуродов,
Ҳадис илми мактаби ўқитувчиси.
Али ибн Ҳусомиддин Муттақий Ҳиндий. "Канзул уммол фи сунанил ақволи вал афъол". – Байрут.: Муассасатур рисолат, 1989. - Б. 210.