Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Банданинг куннинг аввалида нафси билан яхшилик қилишга шартлашиб оладиган вақти бўлганидек, куннинг охирида қилинган ишларни ҳисоблашиб оладиган вақти ҳам бўлиши керак. Бу худди савдогарларнинг шериклари билан ҳар йил, ой, ҳафта ёки кун охирида дунё ҳирсида қиладиган ҳисоб-китобига ўхшайди. Улар буни беш кунлик дунё учун бўладиган фойдани қўлдан чиқариб юбормаслик мақсадида қиладилар. Бас, шундай экан, қайси оқил абадийлик учун бўладиган фойдани кўзлаб, ўз нафсини тергамаслиги керак?!
Савдогар шериги билан ҳисоб-китоб қилганида сармоя, фойда ва зарарга назар солади. Агар фойда кўрган бўлса, шеригига раҳмат айтади. Зарар кўрса, тўлаб беришини ва бундан кейин бу ишга йўл қўймаслигини таъкидлайди.
Шунга ўхшаш, банданинг динидаги сармояси фарзлардир. Фойдаси нафллар ва фазилатлардир. Зарари эса маъсиятлардир. Ушбу тижоратнинг мавсуми кундуз кунидир.
Банда аввал нафсини фарзлар бўйича тергайди. Агар уларни яхшилаб адо этган бўлса, Аллоҳ таолога шукрлар қилади ва нафсини шунга ўхшаш ишларни кўп қилишга тарғиб қилади. Агар бирор фарзни ўтказиб юборган бўлса, қазосини бажаришга шошилади. Агар уни нуқсонли адо этган бўлса, кўпроқ нафл ибодатлари ила ўрнини тўлдиришга ҳаракат қилади. Агар маъсият қилган бўлса, нафсни жазолайди, азоблайди ва бошқа чораларни кўради. Хулласи калом, банда ўзининг қилган каттаю кичик ҳар бир ишида нафсини тергаб туриши лозим.
Нафсни тергаб туриш ўта фазилатли ишдир. Бу ишга Аллоҳ таоло амр қилган.
Аллоҳ таоло Ҳашр сурасида:
«Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга тақво қилинглар! (Ҳар бир) жон эрталик кун учун нима тақдим қилганига назар солсин», деган (18-оят).
«Эрталик кун»дан мурод қиёматдир. Қиёмат нисбатан жуда яқин вақт, шунинг учун ҳам у «эрта» дейилади. Демак, ҳар бир инсон қиёмат куни учун нима иш қилганини ўйлаб қўйиши керак.
Албатта, қиёмат куни инсонга мол-дунё, мансаб, насаб, ёр-дўст ёрдам бера олмайди, балки иймон, Ислом ва қилинган яхши амаллар ёрдам беради. Шунинг учун ҳар бир одам фурсат борида қиёматга тайёргарлигини кўриб қўйиши лозим. Бунда ўтган ишларни ҳисоб-китоб қилиб туришга амр бор. Шунинг учун ҳам ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу: «Ҳисоб-китоб қилинишингиздан олдин ўзингизни ўзингиз ҳисоб-китоб қилинг. Амалларингиз тортилишидан олдин уларни ўзингиз тортинг», деганлар.
Аллоҳ таоло Нур сурасида:
«Барчангиз Аллоҳга тавба қилинг, эй мўминлар! Шоядки, зафар топсангиз», деган (31-оят).
Тавба хато ва айб саналган амални қилиб бўлгандан кейин унга афсус-надомат чекишдан бошланади.
Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Эй одамлар! Аллоҳга тавба қилинглар! Мен ҳар куни Унга юз марта тавба қилурман», – дедилар».
Муслим ва Термизий ривоят қилганлар.
Ағорр ал-Музаний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, (баъзан) қалбимни булут босади. Ва албатта, мен Аллоҳга бир кунда юз марта истиғфор айтурман», – дедилар».
Муслим ва Абу Довуд ривоят қилганлар.
Аллоҳ таоло Аъроф сурасида:
«Албатта, тақво қилувчилар, агар уларга шайтондан бир шарпа етса, зикр қиларлар, бас, карабсанки, улар кўрувчи бўлиб турибдилар», деган (201-оят).
Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу кеч кирса, оёғига дарра билан ура туриб, «Бугун нима иш қилдинг?» дер экан.
Маймун ибн Меҳрон дейди: «Ўзини ўзи шеригидан кўра қаттиқроқ тергамаган одам тақводорлардан бўла олмайди. Ишни қилиб бўлгандан кейин шериклар бир-бирларини тергайдилар-ку!»
Абдуллоҳ ибн Саломнинг бир боғ ўтин орқалаб кетаётганини кўрганлар:
«Эй Абу Юсуф! Болаларинг ва ғуломларинг кўтарса ҳам бўларди?!» – дедилар.
«Нафсимни текшириб кўришни ирода қилдим. Ёқтирармикан ёки йўқ?!» – деди у.
Ҳасан Басрий:
«Мўмин киши ўз нафсини Аллоҳ таоло учун тергаб туради. Бу дунёда ўзларини тергаб турган қавмларнинг у дунёдаги ҳисоби осон бўлади. Бу дунёда ишни ҳисоб-китобсиз қилганларнинг ҳисоби қиёмат куни машаққатли бўлади», деганлар.
«Маломатчи нафс ила қасам» ояти тафсирида Ҳасан: «Мўминнинг фақат нафсини маломат қилиб турганини кўрасан: «Бу сўзим ила нимани ирода қилдим? Бу еганим ила нимани ирода қилдим? Бу ичганим ила нимани ирода қилдим?» Фожир эса ўзини ўзи тергамай кетаверади», – деган.
"Мукаммал саодат йўли" китобидан
МОШИНА ҲАЙДОВЧИНИНГ 66 та ОДОБИ
ни
УЛУҒ УСТОЗ УЛАМОЛАРИМИЗ баён қилиб берганлар:
(4-қисм)
МОШИНА ҲАЙДОВЧИНИНГ 66 та ОДОБИ
(буларнинг акси
мўмин-мусулмон инсонга
мутлақо тўғри келмайди!!!)
1) Мошинага минишда яхши ният билан энг аввало آ«Ауузу биллоҳи минашшайтонир ражим!آ», آ«Бисмиллоҳир раҳмонир раҳим!آ» деб, ўнг қўл билан эшикни очиб, ўнг оёғини олдин босиб чиқишлик.
2) Мошинага чиқаётиб, салом беришлик.
3) Мошинага минганда, қисқагина тиловат қилиб, ўтганларнинг ҳақларига дуо қилиб, белгиланган дуоларини ўқишлик.
4) Мошинада ўзини худди бировнинг уйида ёки жамоатчилик жойида ўтиргандек тутишлик.
5) Мошинани ички ва ташқи томонларини доим тоза, озода ва покиза тутишлик.
6) Мошинанинг техник талабларини бузмасдан, уларга сўзсиз ва тўлиқ риоя этишлик.
7) Мошинани ҳар доим барча жойлари созланган ва минишга яроқли ҳолда ҳайдамоқлик.
8) Йўлга чиқишдан олдин улуғлар (ОТА-ОНА, устоз, раҳбар, ўзидан ёши катта, улуғ инсон, табаррук одамлар)нинг дуоларини олиб чиқишлик.
9) Ўзи яхши кўрганни ўзгаларга ҳам раво кўришлик.
10) Бир-бирига нисбатан раҳмдиллик, меҳр-оқибат, ҳурмат ва бағрикенглик билан муомала қилишлик.
11) Одамлар билан муомалада ҳаё, уятни унутмаслик.
12) Нафақат инсонлар билан, балки ҳайвон, парранда, ҳашаротлар ҳатто ўсимликлар билан ҳам чиройли хулқ-одоб билан муомала қилишлик.
13) Ўзидан катталарни доим ҳурмат қилишлик.
14) Ўзидан кичикларни доим иззат қилишлик.
15) Ҳаргиз ва ҳаргиз бошқаларга ноқулайлик туғдирмаслик.
16) Ҳеч кимга ҳеч қаерда ва ҳеч нарсага жаҳл қилмаслик!
17) Атрофдагилар билан доим ширинсухан бўлишлик!
18) Йўл асносида атрофдагиларга бирор савол билан мурожаат қилганда, жавоб берган одамга миннатдорчилик изҳор этишлик.
19) Мошина ҳайдовчиси тил, қўл, оёқ ва бошқа ҳаракатлар орқали ҳам бошқаларга озор бериши динимиз кўрсатмаларига асло тўғри келмайдиган амал. Чунки бундай ишлар муборак ояти-карималар ва ҳадиси-шарифларда қаттиқ қораланган.
20) Йўл ҳаракат қоидалари ва йўлда юриш одобларига тўлиқ ва дин-диёнат билан риоя қилишлик.
21) Мошина билан ҳам кечаю-кундуз ОТА-ОНАНИНГ хизматларини оғринмасдан, меҳр билан бажариб, УЛАРНИНГ бебаҳо, беқиёс ва бетакрор дуоларини олишлик.
22) Улуғлар (ОТА-ОНА, устоз, раҳбар, ўзидан ёши катта, улуғ инсон, табаррук одамлар) нинг ҳурматларини жойига қўйишлик.
23) Улуғлар (ОТА-ОНА, устоз, раҳбар, ўзидан ёши катта, улуғ инсон, табаррук одамлар) га нисбатан беодоблик қилмаслик.
24) Улуғлар (ОТА-ОНА, устоз, раҳбар, ўзидан ёши катта, улуғ инсон, табаррук одамлар) олдиларидан имкон қадар кесиб ўтмаслик. Мабодо шунга мажбур бўлиб қолган ҳолда, узр айтиб, кечирим сўрашлик.
25) Улуғлар (ОТА-ОНА, устоз, раҳбар, ўзидан ёши катта, улуғ инсон, табаррук одамлар) нинг имкон қадар олдиларига тушиб юрмаслик. Мабодо шунга мажбур бўлиб қолган ҳолда, узр айтиб, кечирим сўрашлик.
26) Ўз ака-ука, опа-сингилларига мошина билан ҳам меҳрибонлик қилиб, доим хизмат-юмушларини беминнат адо этишлик.
27) Қавм-қариндошлар билан яхши муносабатда бўлиб, иссиқ-совуқ кунларида мошина билан ҳам беминнат хизмат қилишлик.
28) Қўни-қўшнилар билан чиройли муомала қилиб, иссиқ-совуқ кунларида ҳам, улар эҳтиёж сезганларида ҳам мошина билан ҳам беминнат хизмат қилишлик.
29) Инсон зотини манфаати кўзлаб ўрнатилган тартиб-қоидаларга инсоф билан, дин-диёнат билан риоя этишлик.
30) Инсон зотини манфаати кўзлаб қўйилган йўл белги (знак)лар талабларини ҳамда светофор ишораларини бузмаслик.
31) Оғир бўлиб, босиқлик ва сабр билан юришлик.
32) Сира ҳам шошилмаслик, зеро шошилиш آ– шайтондандир.
33) Жуда секин ҳам ҳаракатланмаслик.
34) Касалхона, қабристон, масжид, мактаб ва шу каби жойларда имкон қадар сигнал чалмаслик.
35) Касалхона, қабристон, масжид, мактаб ва шу каби жойларда видео-овоз чиқариш ускуналарини овозини кескин пасайтиришлик.
36) Агар мутлақо ўчириб қўйилса, янада улуғроқ бўлади.
37) Ҳар қандай катта-кичик йўлдаги ҳар қандай қабристоннинг ҳам ёнидан ўтганда, тезликни сезиларли даражада пасайтиришлик.
38) Касалхона, қабристон, масжид, мактаб ва шу каби жойларда имкон қадар секинроқ ҳаракатланишлик.
39) Ҳар қандай катта-кичик йўлдаги қабристоннинг ёнидан ўтганда, ўтганларимизнинг ҳақларига дуо қилишлик.
40) Ҳар қандай катта-кичик йўлдаги ҳар қандай касалхонанинг ёнидан ўтганда, барча беморларнинг ҳақларига дуо қилишлик.
41) Қулоқчин (наушник) ишлатмаслик.
42) Имкон қадар телефон билан гаплашмаслик.
43) Ҳаракат давомида ойнадан бошқа ҳайдовчилар ва йўловчилар билан гаплашмаслик.
44) Автомошина ойнасидан турли нарсаларни ташлаб юбормаслик.
45) Бўлар-бўлмасга сигнал чалмаслик.
46) Мошинадаги (видео, овоз чиқариш) ускуналарини овозини баланд қўйиш билан ўзгаларга озор бермаслик.
47) Кўпчилик ҳаракатланаётган жойда юрганда жамоатчилик одобларига риоя қилиш лозим.
48) Эҳтиёжмандларга тез-тез хайр-эҳсон, садақа қилиб туришлик.
49) Уйда, кўчада ва барча жамоат жойларида бирор нарса умидвор бўлиб, сўраб келган инсонни қуруқ қайтармаслик.
50) Кўпчилик ҳаракатланаётган жойлар ҳам худди мажлислар кабидир. Уларда ҳам мажлислар одобларига риоя қилган каби одоб-ахлоқ меъёрларига риоя этиш лозим бўлади.
51) Йўл ҳаракати асносида ҳам Ёнғин хавфсизлиги, Тез тиббий ёрдам ва шу каби ташкилотларнинг мошиналарига имкон қадар йўлни тезроқ бўшатиб қўйиш лозим.
52) Мошина ҳайдовчиси шовқин-сурон, бақир-чақир қилмаслиги ҳам одобдандир. Зеро бақир-чақир, шовқин-сурон қилишлик мусулмон кишиларга мутлақо ярашмайди.
53) Ҳақиқий мўмин-мусулмон киши қачон, кимнинг олдида ва қаерда бўлишидан қатъи назар, ўзини юксак одоб доирасида тутади.
54) Кечки пайтда бошқа ҳайдовчиларнинг ҳамда пиёдаларнинг кўзларини қамаштирадиган даражада ёритгичларни ёқиб юрмаслик.
55) Йўлда сарсон бўлиб, қийналиб турганларга имкон қадар кўмаклашиб, ёрдам беришлик آ– ҳақиқий мўмин-мусулмон кишининг энг савобли ишларидан ҳисобланади. Жаноби Пайғамбаримиз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилдилар: آ“Ким бир мусулмонга бу дунёда ёрдам берса, Аллоҳ Охиратда унга ёрдам қиладиآ”.
56) Бораётган манзилга бир оз етмасдан 10-20 метр олдин тўхташлик.
57) Бораётган манзилда мабодо одамлар тўпланган жой бўлса, ундан камида 20-30 метр олдин тўхташлик.
58) Борган манзилга мошинани ўша жойнинг эшиги, дарвозаси, кириб-чиқиш жойига рўпара қўймаслик ҳамда атрофдаги одамлар ва бошқа мошиналарга ҳам ҳар томонлама халақит бермайдиган даражада қилиб қўйишлик.
59) Киши билан хайрлашганда одамнинг олдида эшикни қаттиқ ёпмаслик. Имкони бўлса, бир оз юргандан кейин ёпишлик.
60) Уйга келганда келганини билдириш учун ёки эшик, дарвозани очишлари учун мошина сигнали билан ёки ўз овози билан бошқаларга озор бермаслик.
61) Автоуловни дуч келган жойда қолдирмасдан, бошқаларга зарар бермайдиган жойни танлаш лозим.
62) Турли жамоат жойлари (касалхона, бозор, мактаб, масжид, савдо марказлари, автотураргоҳ ва ҳоказо)да мошинани жуда катта диққат ва ниҳоятда жиддий эътибор билан, мошиналарга ҳам, одамларга ҳам мутлақо озор етказмайдиган ҳолда қилиб қўйишлик.
63) Ҳатто ўз уйининг, ўз ишхонасининг олдига ҳам қўшнилар, йўловчиларга асло озор бермайдиган қилиб қўйишлик.
64) Бирор жойга меҳмонга борганда ҳам ёки бирон юмуш билан тўхтаганда ҳам мошинани қўшнилар, йўловчиларга асло озор бермайдиган, бировларни йўлини тўсиб қўймайдиган қилиб қўйишлик.
65) Манзилига етиб борганидан кейин, Худога шукр қилиб, мошинага ҳам миннатдорчилик изҳор этилади.
66) Ўзидаги мавжуд уловга доим шукр қилишлик.
Меҳрибон Парвардигоримиз
ўзларимизни ҳам,
фарзанд-зурриётларимизни ҳам
Ўзи буюрган,
Жаноби Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам тавсия этган,
ўтмишда ўтганларимизнинг руҳлари шод бўладиган,
халқимиз хурсанд бўладиган,
ота-оналаримиз рози бўладиган
йўллардан юришимизни насиб этсин!
Иброҳимжон домла Иномов.