Индонезия ва Малайзия жорий йилда ўз фуқароларини короновирус пандемияси туфайли Ҳаж сафарига юбормаслигини маълум қилди.
Бу ҳақида Индонезия Дин ишлари бўйича вазири Фахруль Рози шундай дейди: “Ҳукумат Ҳаж-2020 сафарини бекор қилиш ҳақида қарор қабул қилди. Бу қарорга келиш осон бўлмади, бироқ биз ҳаж даврида зиёратчиларимиз ва уларга хизмат кўрсатувчи ходимларимиз хавфсизлиги учун маъсулмиз”.
Шунингдек Фахруль Рози: “Аввалроқ Индонезия хавфни камайтириш мақсадида ҳажга зиёратчиларнинг ярмини жўнатишни режалаштирган эдик, кейинчалик эса умуман ҳеч кимни Саудия Арабистонига юбормасликка қарор қилинди” деб таъкидлаб ўтди.
Маълумот учун, Индонезия аҳоли сони бўйича энг катта мусулмон давлати бўлиб, унга бериладиган ҳаж квотаси
221 минг нафар ҳожини ташкил қилади. Уларнинг 90% учун меҳмонҳоналарда жойлар банд қилинган эди. Бу ҳақида islam-today.ru интернет сайти маълумот берган.
Шунингдек, Малайзия ҳукумати ҳам коронавирус инфекцияси билан боғлиқ вазият Саудия Арабистони ва бутун дунёда салбийлигича сақланиб қолаётганини эътиборга олиб, бу йил ўз фуқароларини Ҳаж сафарига юбормаслик борасида қарор қабул қилган. Бу ҳақида Малайзиянинг Дин ишлари бўйича вазири Зулкифи Муҳаммад ал-Бакрий хабар берган.
Муҳаммад ал-Бакрий Куала Лумпур шаҳрида бўлиб ўтган матбуот анжуманида шундай деган: “Хабарингиз бор, Ҳаж-2020 мавсумини ташкил этмаслик бўйича Малайзия Соғлиқни сақлаш вазирлигининг баёнотида ҳам алоҳида таъкидланди. Чунки, ҳозирда короновирус пандемияси билан боғлиқ вазият дунё бўйлаб мураккаблигича қолмоқда, бундай вазиятда таваккал қилиш мумкин эмас. Ҳаж мавсумини бекор қилиш масаласи 9 июнь куни бўлиб ўтган Ислом ишлари бўйича Миллий Кенгаш мажлисида кўриб чиқилган ва хулосавий қарор қабул қилинган”.
Шунингдек, Муҳаммад ал-Бакрий: “Бу қарорни қабул қилиш жуда қийин бўлди, чунки мусулон инсон учун ҳаж сафарини нақадар муҳим эканини ҳаммамиз яхши биламиз, лекин мавжуд вазият шуни талаб қилди”, дейди.
Дин ишлари бўйича қўмита
Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
"Аллоҳ сиздан енгиллатмоқни ирода қиладир. Ва инсон заиф яратилгандир".
Инсонни Аллоҳ таолонинг Ўзи яратган. У Зот Ўз бандасининг хусусиятларини яхши билади. Шунинг учун ҳам инсонга фақат Аллоҳ таолонинг кўрсатмаларигина тўғри келиши мумкин. Ушбу оятда Аллоҳ таоло инсоннинг заиф ҳолда яратилганини таъкидламоқда. Яратувчининг Ўзи «заиф яратилган», деб турганидан кейин, шу заиф инсонга йўл кўрсатишда У Зот оғирликни хоҳлармиди? Йўқ, У Зот енгилликни хоҳлайди.
Ислом шариати, умуман, енгиллик устига бино қилингандир. Бу ҳақда кўплаб оят ва ҳадислар бор. Ҳаммаси ўз ўрнида баён қилинади. «Нисо» сурасининг бошидан муолажа қилиб келинаётган масалалар, хусусан, эркак ва аёл, оила, никоҳ масаласига келсак, ушбу оятда бу масалаларда ҳам Аллоҳ Ўз бандаларига енгилликни исташи таъкидланмоқда. Зоҳирий қаралганда, диний кўрсатмаларни бажариш қийин, шаҳватга эргашганларнинг йўлларида юриш осонга ўхшайди. Исломда ҳамма нарса ман қилинган-у, фақат биргина йўлга рухсат берилганга ўхшайди. «Номаҳрамга қарама», «У билан ёлғиз қолма», «Уйланмоқчи бўлсанг, олдин аҳлининг розилигини ол», «Маҳр бер», «Гувоҳ келтир» ва ҳоказо. Ҳаммаси қайдлаш ва қийинчиликдан иборат бўлиб туюлади. Шаҳватга эргашганлар эса «Ёшлигингда ўйнаб қол, гуноҳ нима қилади», дейишади. Бу эса содда ва осон кўринади. Ҳақиқатда эса ундай эмас. Натижага қараганимизда бу нарса яққол кўзга ташланади. Дунё тарихини кузатадиган бўлсак, оила масаласига енгил қараган, жинсий шаҳватга берилган халқлар, давлатлар ва маданиятлар инқирозга учраган. Қадимий буюк империяларнинг шармандаларча қулашининг асосий омилларидан бири ҳам шу бўлган.
Бизнинг асримизга келиб, Ғарбда, ўзларининг таъбири билан айтганда, жинсий инқилоб бўлди. Жинс борасида олимлар етишиб чиқдилар. Улар «Жинсий ҳуррият бўлмагунча, инсон тўлиқ ҳур бўла олмайди. Агар жинсий майллар жиловланса, инсонда руҳий тугун пайдо бўлиб, унда қўрқоқлик ва бошқа салбий сифатлар келиб чиқишига сабаб бўлади», каби ғояларни тарқатишди. Оқибатда жинсий инқилоб авжига чиқди.
Натижасини – ҳар хил бало-офатлар буҳронини ҳозир ўзлари кўриб-татиб туришибди. Ахлоқий бузуқлик, оиланинг ва жамиятнинг парчаланиши, ҳаётга қизиқишнинг йўқолишидан ташқари, сон-саноғига етиб бўлмайдиган муаммолар пайдо бўлди. Жинсий инқилоб оқибатида тараққий этган ғарб давлатларининг туб аҳолиси даҳшатли суръатда камайиб бормоқда. Кўз кўриб, қулоқ эшитмаган таносил касалликлари келиб чиқди, ҳар йили сон-саноқсиз одамлар шу касалликлардан ўлмоқда. Насл бузилиб, одамлари заифҳол ва касалманд бўлиб бормоқда. Турли ақлий ва руҳий касалликлар урчиди. Охири келиб, касалликларга қарши инсондаги табиий монеликнинг йўқолиши (ОИТС) касаллиги пайдо бўлди. Бу касаллик ҳақли равишда, XX аср вабоси деб номланди. Унинг давоси йўқ. Бу дардга чалинишнинг сабаби зинодир. У билан касалланган одам тез муддатда ўлади. Ҳамма даҳшатда. Бу дардга чалинмасликнинг йўллари ахтарилмоқда, бу йўлда беҳисоб маблағлар сарфланмоқда, мазкур вабога чалинмасликнинг турли чоралари таклиф этилмоқда. Қонунлар чиқарилмоқда, идоралар очилмоқда.
Лекин шаҳватга эргашганлари сабабли улар энг осон, энг ишончли битта йўл – Аллоҳнинг йўлига қайтишни хаёлларига ҳам келтиришмаяпти. Ақалли ушбу дарднинг бевосита сабабчиси бўлмиш зинони ман этувчи қонун чиқаришни ҳеч ким ўйлаб ҳам кўрмаяпти. Чунки шаҳватга эргашганлар шаҳватга қарши чиқа олмайдилар. Уларнинг ўзлари шаҳватга банда бўлганлари учун унга эргашганлар. Ўзларини зоҳирий енгил кўринган ишга уриб, энди оғирликдан бошлари чиқмай юрибди. Зоҳирий оғир кўринган бўлса ҳам, Аллоҳ кўрсатган йўлга юрган бандалар бошида мазкур оғирлик ва машаққатларнинг бирортаси ҳам йўқ. Улар мутлақ енгилликда, фаровон турмуш кечирмоқдалар.
"Тафсири Ҳилол" китобидан