Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
27 Ноябр, 2024   |   26 Жумадул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:01
Қуёш
07:25
Пешин
12:16
Аср
15:15
Шом
16:59
Хуфтон
18:17
Bismillah
27 Ноябр, 2024, 26 Жумадул аввал, 1446

ҲИЖРИЙ УЧИНЧИ ВА ТЎРТИНЧИ ЙИЛДАГИ МУҲИМ ҲОДИСАЛАР

15.06.2020   3414   18 min.
ҲИЖРИЙ УЧИНЧИ ВА ТЎРТИНЧИ ЙИЛДАГИ МУҲИМ ҲОДИСАЛАР

 

ҲИЖРИЙ УЧИНЧИ ЙИЛДАГИ МУҲИМ ҲОДИСАЛАР

Бану Назир қабиласининг йўлбошчиси Каъб ибн Ашраф қирқ отлиқ билан Маккага борди ва Қурайш қабиласини Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга қарши курашга кўндирди.

Фаришта Жаброил алайҳиссалом тезда бу хабарни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга етказди. Бунинг устига, Каъб ибн Ашраф Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни қаттиқ ҳажв қилди. Шунда (ҳижрий 3 йил рабиъул аввал ойининг 14-кечаси) Муҳаммад ибн Маслама розияллоҳу анҳу у зотнинг изнлари билан Каъбни ўлдириб келдилар. Шаъбон ойида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг қизлари Ҳафса онамизга уйландилар.

 

УҲУД ҒАЗОТИ ВА УНИНГ САБАБЛАРИ

7 шаввол, шанба куни Уҳуд ғазоти бўлиб ўтди.

Қурайш бошига тушган мусибатлар, мағлубиятлар ва ўлдирилган одамлари учун ўч олишга интилди. Абу Суфён уч минг сонли лашкар билан урушга чиқди ва Уҳуд тоғи яқинига келиб, лашкаргоҳ қурди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларга маслаҳат солдилар. Уларнинг кўплари урушга чиқишга ишора қилиб гапирдилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам минг нафар жангчи билан йўлга чиқдилар. Йўл юриш давомида мунофиқлар хиёнат қилишди. Абдуллоҳ ибн Убай ибн Салул Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг «Урушга чиқмайлик» деган гапига кўнмаганларини баҳона қилиб, лашкарнинг учдан бирини ўзи билан олиб қайтиб кетди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қолган аскарлари билан бирга Мадинаи мунавваранинг шимол тарафидаги Уҳуд тоғининг олдига келиб, тоғ лашкарнинг ортида қоладиган бўлиб тушдилар. Ўша тоққа Абдуллоҳ ибн Жубайр розияллоҳу анҳу бошчилигида эллик камончини жойлаштириб, уларга нима бўлса ҳам шу тоғдан тушмасдан, қўриқчи бўлиб туришларини тайинладилар. Сўнг аскарларни тартибга солдилар. Байроқни Мусъаб ибн Умайр розияллоҳу анҳуга бердилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи иасалламнинг саҳобалари шижоат билан уруш қилдилар. Абу Дужона розияллоҳу анҳуга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз қиличларини берган эдилар. Шунингдек, Талҳа, Ҳамза, Алий ва бошқалар жуда катта жасорат кўрсатиб жанг қилдилар.

Куннинг биринчи ярмида мусулмонлар нусрат қозондилар. Улар мисли кўрилмаган қаҳрамонлик кўрсатдилар. Душманлар енгилишди. Ўшанда камончиларнинг кўплари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амрларига хилоф қилиб, ўлжа йиғиш учун ўзлари қўриқлаб турган тепаликни ташлаб пастга тушдилар. Шунда Холид ибн Валид тоғни айланиб ўтиб, отлиқлар билан уларнинг орқасидан бостириб келди. Бу кутилмаган фожиа бўлди. Мусулмонларнинг изтиробга тушиб, қўрқинч босганидан фойдаланган кофирлар уларга қақшатқич зарба беришди. Мусулмонлардан етмишдан ортиқ киши шаҳид бўлди ва баъзилари қоча бошлади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга жароҳат етди, тишлари синди. Мусулмонларнинг байроғини кўтарган Мусъаб ибн Умайр розияллоҳу анҳу ушбу жангда шаҳид бўлдилар. Шунингдек, Ваҳший исмли қора танли қул Ҳамза розияллоҳу анҳуни найза билан ўлдирди. Ҳанзала ибн Абу Омир жунуб ҳолида шаҳид бўлдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни малоикалар ғусл қилдиргани ҳақида хабар бердилар.

Мусулмонлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг фармонларига биноан тоғ томон чиқиб кетдилар. Мушриклар уларни тамоман енгишдан ожиз қолишди. Шунда Абу Суфён: «Биз сизларни келаси йили Бадрда урушга чақирамиз!» деди. Мусулмонлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алай-хи васалламнинг амрлари билан унга қарши «Бўлди, ўша жой сен билан бизнинг учрашув жойимиз!» дейишди. Уҳуд жанги жуда оғир синов куни бўлди. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло мўминларни поклади, мунофиқларни шарманда қилди. Ўзи истаган бандаларини шаҳидлик билан сийлади. Ушбу жангни тасвирлаб, Оли Имрон сурасида оятлар нозил бўлди.

«Бўшашманглар! Маҳзун бўлманглар! Агар мўмин бўлсаларингиз, сизлар устунсизлар. Агар сизга жароҳат етган бўлса, у қавмга ҳам шунга ўхшаш жароҳат етган. Бу кунларни одамлар орасида айлантириб турамиз, токи Аллоҳ иймон келтирганларни билиши учун ва сизлардан шаҳидларни саралаб олиши учун — Аллоҳ золимларни суймас — ҳамда Аллоҳ иймон келтирганларни яхшилаб поклаши ва кофирларни нобуд қилиши учун. Ёки Аллоҳ сизлардан жиҳод қилганларни билмасдан ва сабрлиларни билмасдан туриб, «Жаннатга кирамиз», деб ўйладингизми?! Дарҳақиқат, йўлиқмасингиздан олдин ўлимни орзу қилган эдингиз. Энди уни ўзингиз назар солган ҳолда кўриб турибсиз. Муҳаммад ҳам бир расул, холос. Ундан олдин ҳам расуллар ўтган. Агар у ўлса ёки қатл қилинса, орқангизга қайтасиз-ми?! Кимки орқасига қайтса, Аллоҳга ҳеч қандай зарар келтира олмас. Аллоҳ шукр қилувчиларни албатта мукофотлар» (139-144-оятлар).

 

УҲУД ҒАЗОТИ ҲАҚИДА МУЛОҲАЗАЛАР

Ушбу жангда мусулмонларнинг енгилишлари улардаги энг олий сифатларнинг рўёбга чиқишига сабаб бўлди. Улардан собит турганлари, ўзларини қурбон қилганлари кучли азму қарор, иймонда собитқадамлик ва қаҳрамонлик намуналарини кўрсатишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўша урушда мутлақо ҳайиқмасдан, улуғвор тоғдек собит турдилар. Ёмонлик кучлари жамланиб, у зотга қарши шиддат билан ҳаракат қилаётганларида ансорийлардан етти киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳимоя қилиб туришди. Улар жуда қаттиқ кураш олиб бордилар ва еттовлари ҳам шаҳид бўлдилар. Шу тариқа буюк қаҳрамонлик намуналари рўёбга чиқди.

Мусулмонлар бу урушда енгилдилар. Лекин бу енгили шараф билан енгилиш, душман кучларини титиб юборад ган мағлубият эди, чунки душманлар мусулмонларга қарш ҳужум қилиш учун ўзларида азму қарор топа олишмади.

 

ҲАМРОУЛ АСАД ҒАЗОТИ

Эртасига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Уҳуд жангида иштирок этган саҳобалар билан бирга Ҳамроул асад деган жойга бордилар. У Мадинаи мунавварадан ўн беш километр узоқликдаги жойдир. Бу билан яҳудийларга ва саҳройи арабларга «Биз ҳали енгилганимиз йўқ, бизни руҳимиз ҳали тетик» демоқчи бўлдилар. Қурайшликлар бундан қўрқиб, Маккага қайтиб кетишди. Аслида эса улар Мадинага қайтиб бориб, урушни давом эттирмоқчи бўлиб туришган эди.

Шу йили хамр — маст қилувчи ичимликларни истеъмо қилиш бутунлай ҳаром қилинди.

 

ҲИЖРИЙ ТЎРТИНЧИ ЙИЛДАГИ МУҲИМ ҲОДИСАЛАР

ҲУЗАЙЛ ҚАБИЛАСИНИНГ АДАБИНИ БЕРИШ

Холид ибн Суфён Ҳузалий исмли одам Мадинага бостириб бориш ниятида лашкар тўплади. Ҳузайл қабилас Маккага яқин жойда эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Холид Ҳузалийни ўлдириш учун Абдуллоҳ ибн Унайс розияллоҳу анҳуни юбордилар. Холид ўлдирилди жамлаган одамлари эса тарқалиб кетишди.

 

АБУ САЛАМА САРИЙЯСИ

Муҳаррам ойида мушрикларнинг Бану Асад қабиласи Тулайҳа ибн Хувайлид раҳбарлигида Мадинага бостириб боришни режалаштириб турган бир пайтда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг юртига Абу Салама розияллоҳу анҳу бошчилигида сарийя юбордилар. Душман қочиб кетди ва мусулмонлар ўлжаларни қўлга киритдилар.

 

РАЖИЙЪ ФОЖИАСИ

Сафар ойида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига Бану Ҳун ибн Хузайма қабиласининг Азал ва Қора уруғларидан баъзи кишилар келиб: «Эй Аллоҳнинг Расули, бизнинг ичимизга саҳобаларингиздан юборинг, бизга динни ўргатишсин», дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, Ибн Исҳоқ ривоятига кўра, уларга саҳобаларидан олти кишини қўшиб жўнатдилар.

Макка билан Усфон ўртасида жойлашган Ражийъ деган жойга етганларида Азал ва Қора уруғларининг хиёнаткор экани ойдинлашди. Бир қанча қуролли кишилар мусулмонларни ўраб олишди. Мусулмонлар қуролларини қўлга олиб, ўзларини ҳимоя қилишга шайландилар. Шунда мушриклар: «Биз сизларга аҳду паймон берганмиз, сизларни ўлдирмаймиз», дейишди.

Мусулмонлар иккига бўлиндилар. Марсад ибн Абу Марсад, Осим ибн Собит ва Холид ибн Букайр розияллоҳу анҳум: «Биз ҳеч қачон мушриклардан аҳд ҳам, паймон ҳам қабул қилмаймиз», дедилар ва жанг қилиб ҳалок бўлдилар.

Ушбу уч шаҳиднинг бири — Осим ибн Собит розияллоҳу анҳу Уҳуд урушида қурайшлик бир аёлнинг икки ўғлини ўлдирган эдилар. Ўша аёл агар имконини топса, Осим ибн Собитнинг бош чаноғида хамр ичишни назр қилган эди. Осим розияллоҳу анҳу ўлдирилганида, ўша аёл унинг бошини беришларини сўраб келди. Одамлар Абу Суфёнга: «Ўз амакиваччангнинг бошини бундай қилишларига йўл қўйма», дея илтимос қилишди. Аммо Абу Суфён Осимнинг бошини кесиб, ҳалиги хотинга беришга амр қилди. Аллоҳ таоло эса Осим розияллоҳу анҳунинг бошларини Ўзи ҳимоя қилди. Бошни кесиб олмоқчи бўлганларида бир тўда арилар учиб келиб, бу ишни қилишга йўл қўймади.

Мушриклар қолган уч киши — Абдуллоҳ ибн Ториқ, Хубайб ибн Адий ва Зайд ибн Дасинналарни асир қилиб олишди ва уларни сотиш учун Макка сари олиб кетишди.

Макка яқинидаги Заҳрон деган жойга етганларида Абдуллоҳ ибн Ториқ розияллоҳу анҳу қўлини бўшатиб, қиличини олишга муваффақ бўлди. Аммо мушриклар билиб қолиб, у кишини ўлдиришди.

Хубайб ибн Адийни Ҳорис ибн Аммор ибн Навфалнинг ўғиллари оталарининг ўчини олиш учун сотиб олишди. Хубайб уларнинг отасини Бадр урушида ўлдирган эди. Улар Хубайб розияллоҳу анҳуни турли азобларга гирифтор қилишди. У киши эса ҳамма азоб-уқубатларни сабр билан қарши олдилар. Кўнгилларини тўқ қилиб, сабр-бардош намуналарини кўрсатдилар. Охири у кишини осиб ўлдиришга тайёргарлик кўра бошлашди. Шунда Хубайб розияллоҳу анҳу уларга: «Агар маъқул кўрсангиз, менга икки ракъат намоз ўқиб олишга ижозат беринглар», дедилар. Улар: «Майли, ўқиб ол», дейишди.

У киши яхшилаб икки ракъат намоз ўқидилар ва жаллодларга қараб кулимсираб: «Аллоҳга қасамки, агар «Ўлимдан қўрқяпти» дейишларингни ўйламасам, кўпроқ намоз ўқиган бўлар эдим», дедилар.

Мушриклар Хубайб розияллоҳу анҳуни осиш учун бўйинларидан боғлашди. Шунда у киши: «Аллоҳим, биз расулингнинг рисолатини етказдик, бугун бизни нима қили шаётганини у зотга Сен Ўзинг етказгин. Аллоҳим, уларнинг ададини санаб қўйгин. Ҳаммасини парчалаб, ҳалок қилгин. Улардан биттасини ҳам қўймагин», дедилар ва қу-йидаги байтни айтдилар:

«Ўлдирилсам муслимона, чиқса жон Аллоҳ учун, 

Қилмагум парво, бу жонсиз жисм қай ён-ла қулар! 

Бу-ки бўлди ҳақ Илоҳ йўлида, бас, У хоҳласа, 

Парча-парча гўшт бўғимларга мубораклик берар!»

Худди ўша куни Хубайб розияллоҳу анҳунинг шериклари Зайд ибн Дасинна розияллоҳу анҳуни ҳам Умайя ибн Халафнинг ўчини олиш учун бошқа бир мушриклар гуруҳи осиб ўлдиришди. Мушриклардан бир қанча одам томоша учун дор тагига тўпланган эди. Зайд розияллоҳу анҳу сабр билан, хотиржам ва хушвақт турар эдилар. Мушрикларнинг бошлиғи Абу Суфён у кишига қараб: «Эй Зайд, Худо ҳаққи, ростини айт! Ҳозир Муҳаммад бизнинг қўлимизда бўлиб, сен ўз аҳлинг билан бўлишни хоҳлармидинг?» деди.

Зайд розияллоҳу анҳу бунга жавобан: «Аллоҳга қасамки, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳозирги жойларида тикан киришини ҳам ўзимнинг аҳлим ичида ўтиришимга алмаштирмайман», дедилар.

Шунда Абу Суфён: «Мен бировни унинг асҳоблари Муҳаммаднинг асҳоблари Муҳаммадни севганларичалик севганини кўрмаганман», деди.

 

БИЪРУ МАЪУНА ҲОДИСАСИ

Сафар ойининг ўзида мушриклар томонидан мусулмонларга қарши яна бир хиёнат уюштирилди. Ҳодисанинг тафсилоти қуйидагича:

Мадинага Нажднинг Бану Омир қабиласи катталаридан Омир ибн Молик исмли киши келди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга Исломни таклиф қилдилар. У Исломни қабул ҳам қилмади, рад ҳам. Балки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга: «Агар саҳобаларингиздан баъзиларини Наждга юбориб, уларни ўз ишингизга даъват қилсангиз, қабул қилишармикан, деб умид қиламан», деди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мен уларга Нажд аҳли зарар етказишидан хавфсирайман», дедилар.

«Уларни мен ўз ҳимоямга оламан. Сиз уларни ўз ишингизга даъват қилиш учун юбораверинг», деди Омир ибн Молик.

Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг гапига ишониб, Бухорий ривоятига кўра, саҳобаларининг энг сараларидан етмиш кишини Мунзир ибн Амр розияллоҳу анҳу бошчиликларида юбордилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мазкур етмиш кишилик саҳобалар гуруҳи бошлиғи Мунзир ибн Амр розияллоҳу анҳуга Бану Омир қабиласининг бошлиғи Омир ибн Туфайл учун мактуб ҳам ёздириб бердилар. Мактубда мазкур гуруҳ уруш учун эмас, даъват ва таълим учун юборилгани баён қилинган эди.

Қабила бошлиғи Омир ибн Туфайл Бану Сулайм қабиласининг Усайя, Риъл ва Заквон уруғларини мазкур саҳобалар гуруҳини қириб ташлашга чақирди. Қабилаларнинг баъзилари ҳалиги Омир ибн Моликнинг мусулмонларни ўз ҳимоясига олганини эътиборга олиб, уларга қарши хиёнатда иштирок этишга кўнишмади.

Қабила бошлиғи Омир ибн Туфайл эса бошқа баъзи хиёнаткор қабилалар ёрдамида саҳобалар гуруҳини «Биъру Маъуна» қудуғи ёнида ўраб олиб, ҳаммаларини шаҳид этди. Саҳобалардан фақат бир киши ўлмай қолди. У киши чалажон бўлиб ётганида мушриклар учун ўлик деб ўйлаб, қолдириб кетишган Каъб ибн Зайд розияллоҳу анҳу эдилар.

 

БАНУ НАЗИР ҒАЗОТИ

Ислом дини жорий этила бошлаган дастлабки пайтда яҳудийлар Ясриб (Мадина) шаҳрида, шунингдек, Хайбар, Фадак ва бошқа шаҳарларда истиқомат қилишар эди.

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккадан Ясрибга ҳижрат қилиб келганларидан сўнг улар билан қўшни бўлиб яшай бошладилар.

Ўша пайтда Мадина яҳудийлари учта қабила эдилар: Бану Қайнуқоъ, Бану Назир ва Бану Қурайза.

Бану Назир қабиласи Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан урушмаслик, бир-бирига озор етказмаслик ва Пайғамбаримизнинг душманларига ёрдам бермасликка келишиб, у зот билан иттифоқчилик шартномаси тузди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Бадр урушида ғолиб келгач, улар: «Тавротда сифати келган пайғамбар шу бўлса керак, унинг байроғи ҳеч қачон паст бўлмайди», деб юришди. Бироқ Уҳуд урушида мусулмонлар мағлуб бўлганларидан сўнг Бану Назир қабиласи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан қилинган шартномани бузиб, у зот алайҳиссаломга очиқ-ойдин хиёнат қилиш йўлига ўтиб олишди.

Воқеа қуйидагича содир бўлган:

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан бирлари — Амр ибн Умайя Зомрий розияллоҳу анҳу «Биъру Маъуна» фожиаси ҳақида у зотга хабар бериш учун Мадинага келаётганларида йўлда янглишиб, Бану Килоб қабиласидан икки кишини ўлдириб қўйдилар. Рабиъул аввал ойида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам келишилган аҳдномага биноан, ўлдирилган кишиларнинг хунини тўлаш учун Бану Назир қабиласининг чекига тушадиган ҳиссани олишга бордилар ва улар яшайдиган уйлардан бирининг девори тагида ўтирдилар.

Яҳудийлар томдан келиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг устларига катта бир харсангтошни ташлаб ўлдирмоқчи бўлишди. Шунда Жаброил алайҳиссалом Расулуллоҳга бу фитнанинг хабарини етказди ва у зот бирдан ўринларидан туриб, Мадинага қараб жўнадилар. Саҳобалар ҳам у зот билан бирга қайтишди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яҳудийларнинг жинояткорона бу ҳаракатидан сўнг уларга қарши уруш очишга қарор қилдилар. Саҳобаларини урушга тайёргарлик кўришга буюрдилар.

Мусулмонлар етиб келишганда Бану Назир ўз қўрғонлари ичига беркиниб олган эди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам улардан қўрғонларини ташлаб, ўн кун муддат ичида Ясрибдан чиқиб кетишларини талаб қилдилар. Яҳудийлар ўзларининг кучсиз эканларини сезиб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳукмларига бўйсунишдан ўзга чора топа олишмади.

Лекин Бану Авф қабиласига мансуб бир гуруҳ мунофиқлар Ибн Салул бошчилигида уларга: «Собит туринглар, биз сизни ёлғизлатиб қўймаймиз. Агар сизга қарши уруш бўладиган бўлса, биз сизлар билан биргамиз. Агар сизлар Ясрибдан қувиб чиқариладиган бўлсангиз, бирга чиқамиз», деб хабар юборишди.

Бану Назир қабиласи жойлашган қўрғонлар жуда ҳам мустаҳкам бўлиб, уни қисқа муддатда ишғол қилиш амримаҳол эди. Шунинг учун ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг хурмоларини кесиб, қўрғон атрофига йиғишга ва ўт қўйишга буюрдилар. Яҳудийлар олов ўртасида қолишди. Энди улар учун фақат икки йўл қолган эди: ё Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг талабларига кўниш ёки қўрғондан чиқиб, уришиш.

Улар биринчи йўлни танлашди. Олти ёки ўн беш кунлик қамалдан сўнг Бану назирликлар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан гуноҳларини кечишни ва кўчиб кетишга изн беришни сўрашди. Ҳар бир киши қурол-яроғдан ташқари, мол-мулкидан бир туядан юк оладиган бўлди. Сўнг Ясрибни тарк этиб, Хайбар шаҳрига, баъзилари Шом ўлкасига жўнаб кетишди.

Аллоҳ таоло Ҳашр сурасида Бану Назир қабиласининг хиёнатини баён этган. Шунинг учун Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо бу сурани «Бану Назир сураси» деб ҳам атаганлар.

 

ВАЪДАЛАШИЛГАН БАДР ҒАЗОТИ

Уҳуд жангининг сўнгида Абу Суфён мусулмонларга қарата: «Биз сизларни келаси йили Бадрда урушга чақирамиз!» деган, мусулмонлар ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амрлари билан: «Бўлди, ўша жой сен билан бизнинг учрашув жойимиз!» дея ваъдалашган эдилар. Шаъбон ойида Абу Суфён келишилган ваъдага мувофиқ икки минг жангчи билан йўлга чиқди. Йўлда уруш қилиш ниятидан қайтди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам бир минг беш юз киши билан йўлга чиқцилар. Қурайш мушриклари қўрқиб, орқаларига қайтиб кетишди. Бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кучли матонатларини кўрсатди.

Шаввол ойининг охирларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Умму Салама онамизга уйландилар.

 

КЕЙИНГИ МАВЗУЛАР:

ҲИЖРИЙ БЕШИНЧИ ЙИЛДАГИ МУҲИМ ҲОДИСАЛАР:

Давматул Жандал ғазоти;

Хандақ (Аҳзоб) ғазоти;

Бану Қурайза ғазоти.

ҲИЖРИЙ ОЛТИНЧИ ЙИЛДАГИ МУҲИМ ҲОДИСАЛАР:

Саҳро арабларининг таъзирини бериш;

Бану Мусталиқ ғазоти;

Ифк ҳодисаси;

Ҳудайбия сулҳи ва Ризвон байъати;

Ҳудайбия сулҳи ҳақида;

ҲИЖРИЙ ЕТТИНЧИ ЙИЛДАГИ МУҲИМ ҲОДИСАЛАР;

Подшоҳ ва ҳокимларни Исломга даъват қилиш;

Араб амирларига йўлланган мактублар;

Кутубхона
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Фароиз илми билимдони эди

25.11.2024   3380   3 min.
Фароиз илми билимдони эди

Улуғ устозларнинг ибратли ҳаёт йўллари, солиҳ амаллари, гўзал хислатлари барчамизга ўрнакдир. Ана шундай етук олимлардан бири Шайх Дўстмуҳаммад домла Турсундир. У киши 1938 йили Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод туманида туғилган. Домла дастлабки таълимни бобоси мулла Абдуллоҳ Охундан, сўнгра замонасининг етук уламолари муфтий Равшан ҳазрат, Маҳмуд домла, тошкентлик Лазгин домла, Душанбе шаҳар қозиси Абдурашид домла, Абдуллоҳ охундлардан Қуръон, тафсир, ҳадис, фиқҳ, ақида имларини олган. 


Шайх Дўстмуҳаммад домла аллома Мавлавий Ҳиндистонийдан сабоқ олган. Шунингдек, Нақшбандия тариқати шайхи Ҳазрати Муҳаммад Шариф Ҳисорий, Шайх Абдуссалом Ғилоний, Ҳожи Муқимхон Эшон Ургутий, Абдусаломхон эшон, Шайх Миён Бўритош Нақшбандий, Шайх Аҳмаджон Махдум, Шайх Абдулҳай, Зиёвуддин Бобохон каби улуғ устозлардан иршод олиб, муршиди комил даражасига етган.


Дўстмуҳаммад домла илм олиш билан бирга уни халққа етказиш, маърифат тарқатишда ҳам фаол бўлган. Буюк фақих фаолияти давомида Денов шаҳридаги “Саййид ота” мадрасасида мударрислик қилиб, талабаларга фиқҳдан таълим берган. Шу билан бирга у киши олимларни эъзозлаган ва шогирдларини ҳам шунга тарғиб қилган. Давраларда бирор кишининг хатосини гапирмаган. Ҳаммани яхшилик билан тилга олар, динга, элга, бирдамликда хизмат қилиш кераклигини таъкидлаган. Янги диний адабиётлардан ҳар доим хабардор эди. Давраларда ҳамсуҳбатларини яхшиликка, китобхонликка чорлаган.


Бундан ташқари, Шайх Дўстмуҳаммад домла Шўрчи туманидаги “Домла Қосим” масжидининг бунёд этилишида ҳам ташаббускорлик кўрсатган ва кўп йиллар ушбу масжидга имом бўлган.


Дўстмуҳаммад домла замондош уламолар билан яқин алоқада бўлиб, улар билан суҳбатлар қилган. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари ҳам у кишининг фиқҳий масалаларда етук уламо бўлганини эътироф этган.


Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Фароизни ўрганинглар ва уни одамларга ўргатинглар, у илмнинг ярмидир, у унутилади, у менинг умматимдан биринчи суғуриб олинадиган нарсадир” (Имом ибн Можа ривояти), деганлар.


Дўстмуҳаммад Турсун домла, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек, уммат орасидан илк бор кўтарилиб кетаётган фароиз, яъни мерос тақсимоти масаласида биринчилардан бўлиб ўзбек тилида 17 бобдан иборат “Мерос рисоласи” асарини ёзган. Китобда марҳумнинг мол-дунёси нималарга сарфланиши ва ундан кимлар мерос олиши оят ва ҳадислар асосида баён қилинган.


Инсонларни бир-бирларига нисбатан меҳр-муҳаббатли бўлишга ташвиқ қилган, ёшларни ҳамма вақт замона фитналарига аралашиб қолмасликларини тайинлаган. Динимиз ривожида домланинг саъй-ҳаракатлари самарасиз кетмади. Ўзидан кўплаб китоблар ва қўлёзмалар мерос қолдирди. Шайхнинг шогирдлари бугунги кунда ҳам домла бошлаб берган илм йўлини давом эттирмоқда.


Шайх Дўстмуҳаммад домла 2013 йилда оламдан ўтиб, Шўрчи туманидаги “Ҳошимхон эшонбобо” қабристонига дафн этилган. Айни кунда Музработ туманида у кишининг номи билан “Дўстмуҳаммад бобо” жоме масжиди фаолият юритмоқда.


Аллоҳ таоло домлани раҳматига олсин!

Акбар ШУКУРОВ,

Музработ тумани “Дўстмуҳаммад бобо”

жоме масжиди имом ноиби

Фароиз илми билимдони эди
Мақолалар