Маълумки, йигирма биринчи аср ахборот асри бўлиб, ҳозирги давр авлоди глобаллашув жараёни шиддатли тус олган замонда яшамоқда. Айнан ёш авлод турли кўринишдаги ғоявий хуружлар нишонига айлангани ҳам ҳеч кимга сир эмас. Бир томондан экстремистик руҳдаги оқимлар фаолияти, бошқа томондан миссионерлар ҳаракати, учинчи томондан эса “оммавий маданият” тарғиботчилари ёш авлод онгига соф Ислом дини таълимотига зид ақидаларни сингдириш, муқаддас эътиқодимиздан айириш ва ўзбекона миллий ва диний қадриятларимиздан воз кечишга тарғиб этиш билан ўз фаолиятларини муттасил олиб бормоқдалар. Натижада, соф Ислом таълимотидан етарли даражада илмга эга бўлмаган баъзи ёшлар экстремистик ғояларга чалғиб турли хил жинояларга қўл урмоқдалар, баъзилари ана шундай жиноятларнинг қурбонига айланмоқдалар. Яна баъзилари Ислом динидек маърифатпарвар, тинчликпарвар, бутун инсониятга фақат яхшиликни таълим бергувчи динни қандайдир арзимаган дунё матоҳига алмашиб ўзга динни дин деб қабул қилмоқда. Бошқалари эса, ғарб давлатларининг моддий тараққиёти гўёки уларнинг маданиятига асослангандек ҳаёл қилиб, кийинишда, ўзини тутишда, ҳатто фикрлашда миллийлик ва динийликка ёт усулларни ўзига маъқул кўрмоқда. Буларнинг барчаси охир оқибат порлоқ келажагимизга турли-туман офат ва балоларнинг раҳна солишига сабаб бўлади.
Ислом динимиз таълимотида мусулмон киши унинг эътиқодига, ҳур ва озод яшашига, бир сўз билан айтганда сокин ҳаёт кечиришига раҳна солувчи ҳар қандай кучга қарши курашиши лозим эканлиги таъкидланади. Қуръони каримнинг “Анфол” сураси 60-оятида шундай дейилган: “Улар учун имконингиз борича куч ва отлиқ бўлинмаларни тайёрлаб қўйингиз! Бу билан Аллоҳнинг ва ўзингизнинг душманингизни ва улардан ўзга сиз билмайдиган, лекин Аллоҳ биладиган (душман)ларни ҳам қўрқувга солган бўлурсиз. Аллоҳнинг йўлида нимани сарф қилсангиз, сизларга (унинг савоби) зулм қилинмаган ҳолингизда тўла тўкис берилур”.
Ушбу ояти карима нозил бўлган даврда унинг маъносини Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ўз даврининг шароитидан келиб чиқиб баён қилиб берганлар. Масалан, “куч” деган сўзни “камон отиш” деб тафсир қилганликлари ҳақидаги ривоятни Имом Муслим ўз “Саҳиҳ”ларида зикр қилиб ўтганлар.
Дарҳақиқат, Аллоҳ таолонинг каломига ҳар бир даврнинг шарт-шароитидан келиб чиқиб ёндошилганда, унинг нақадар замон билан ҳамнафас, ҳар бир даврга мос тарзда жавоб бера олишлигига яна бир карра амин бўламиз.
Мазкур оятнинг мазмунига бугуннинг кўзи билан қарайдиган бўлсак, бизнинг тинчлигимиз, халқимизнинг бирдамлиги, келажагимиз умидлари бўлмиш ёшларимизнинг камолотига раҳна солиб турган ғоявий таҳдидларнинг олдини олишимиз Аллоҳ таоло бизларни юқорида зикр этиб ўтган йигирма биринчи аср ғоявий курашларига қарши, унинг бошида турган миллатимиз ва динимиз душманларига қарши замонавий “куч”ни тайёрлаб қўйишга буюрмоқда. Демак, ёш авлоднинг онгида ҳозирги замон мафкуравий хуружларига қарши ғоявий кучни, маънавий иммунитетни ҳозирламоқлик замон талабидир.
Маънавияти юксак, ҳар қандай ёт ғояларга чап бера оладиган, ўзининг мустаҳкам эътиқоди ва миллий қадриятларини маҳкам тутиб, ундан оғишмай яшайдиган халқни ҳеч қандай куч енга олмайди. Балки, унинг метин иродаси олдида ғанимлар бош эгиб таъзим қилади. Таърихдан бунга кўплаб мисолларни келтириш мумкин. Масалан, Абдулваҳҳоб Ас-Субкийнинг “Табақотуш шофиийатул кубро” асарида шундай воқеа зикр қилинган: Боғдодда амирул мўминийн Мутиуллоҳнинг ҳузурига Рум қироли Тақфурнинг номидан мактуб келади. Номада бутун мусулмон аҳлига таҳдид, дўқ-пўписа ҳамда турли хил бўҳтону таҳқирли мазмундаги қасида битилган бўлади. Ўша вақтда илм ўчоғига айланиб улгурган Боғдодда кўплаб адиблар, шоирлар-у фусаҳолар жамланган бўлишига қарамай, ҳеч бирлари ғанимнинг бу мактубига яраша раддия ёзишга қурбилари етмади. Фақатгина, тасодиф туфайли Боғдодда мусофир бўлиб турган буюк ватандошимиз Имом Абу Бакр Қаффол Шоший ҳазратларигина Тақфурнинг сурбетларча ёзган қасидасига муносиб жавоб номани ёза олди. Жавоб хати Тақфурнинг қўлига етиб борганда уни ўқиб, қўрқувдан дағ-дағ титраб пешоб тутилиш дардига чалиниб қолади ва мусулмонларнинг маънавий қувватига тан беради. Буюк бобомизнинг маънавий жасоратлари тилларда достон бўлгани боис халигача халқимиз у зотни “пошшомот ота” деб, ёд этади.
Бугунги кунда ҳам турли кўринишдаги ғоявий хуружлар давом этаётган бир даврда, айниқса интернет ушбу хуружларнинг воситасига айланиб улгурган бир шароитда ёшларимизни интернетдан фойдаланиш маданиятига жиддий эътибор қаратиш билан, интернет орқали тарқатилаётган ёт ғояларни фарқлай оладиган, унга қарши тура оладиган маънавий савияни ҳам тарбиялашни изчил амалга ошириш лозим бўлади.
Ҳомиджон ИШМАТБЕКОВ
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
раисининг биринчи ўринбосари
Ислом шариатида ижтиҳод (яъни шариат ҳукмларини аниқлашда илм ва далил асосида изланиш олиб бориш) жуда муҳим ўринга эга. Шариат ўз самарасини бериши учун шахс, оила, жамият ва уммат ҳаётида мақсадларига эриша олиши учун, у ҳар томонлама ва ҳар даражада ижтиҳоднинг амалга оширилишига муҳтождир. Бу — янги масалаларда ижтиҳод бўладими, мавжуд фикрлардан танлаб олинадиган ижтиҳодми, умумий ёки қисман, якка тартибда ёки жамоавий бўладими — барчаси шариат фаолиятида зарур саналади.
Ижтиҳоднинг турли кўринишлари мавжуд. Улардан бири — қозиликдаги ижтиҳод бўлиб, бу қозилар томонидан амалга оширилади. Айниқса, исломда ижтиҳод фаол даврларда ва ҳукмлар қонун сифатида расман қайд этилмаган, қозилар мажбурий равишда уларга амал қилишга буюрилмаган даврларда бу жуда кенг тарқалган эди.
Ижтиҳоднинг яна бир шакли — қонунлаштиришдир. Яъни, фиқҳ ҳукмларини ҳуқуқий моддалар шаклида ифода этиш. Масалан, оила қонунчилиги, фуқаролик қонунчилиги, жиноят қонунчилиги, маъмурий ва молиявий қонунчилик каби соҳаларда. Масалан, Усмонлилар империясининг охирги даврларида ҳанафий мазҳаби асосида тайёрланган машҳур "Мажаллатул аҳком" ана шундай қонунлар тўпламининг намунаси бўлган. Бугунги кунда ҳам шариат ҳукмларини янги ижтиҳод асосида тартиблаш мумкин, бу ижтиҳод умумий ҳам бўлиши мумкин, ёки қисман, янги ёки мавжуд фикрлардан танланган ҳолда бўлиши мумкин.
Бу амалиёт оила қонунчилигида (ёки "шахсий ҳолатлар" деб аталувчи соҳада) амалга оширилган. Аввалида бу ҳанафий мазҳаби асосида бўлса-да, кейинчалик тўрт мазҳаб доирасига кенгайди ва янада илгарилаб, ислом фиқҳининг барча имкониятларидан баҳра олишга ўтилди. Бу йўлни Мисрда ал-Азҳар шайхи — шайх Муҳаммад Мустафо ал-Мароғий бошлаган, уни баъзи мазҳаб мутаассиблари ва тақлид тарафдорлари танқид қилганлар, лекин у шариат далиллари билан уларга муносиб жавоб қайтарган.
Ижтиҳоднинг яна бир кўриниши — фиқҳий тадқиқотдир. Бу ислом уламолари ўз ҳалқаларида шогирдлари билан бирга бажарган ишлар бўлиб, масалаларни баён қилиш, саволларга жавоб бериш ва буни шариат матнлари, қоидалари ва мақсадлари асосида олиб боришни ўз ичига олади. Бугунги кунда буни университетлардаги профессорлар ёки илмий даража (магистрлик, докторлик) ишини ёзаётган талабалар амалга оширмоқдалар. Ана шундай изланишлар асосида китоблар ёзилади.
Ижтиҳоднинг яна бир шакли — фетво беришдир. Фуқаҳоларга одамлар турли ҳаётий масалаларда мурожаат қилишади ва муфтий унга жавоб бериши шарт, айниқса бошқа муфтий бўлмаса ёки у давлат томонидан тайинланган бўлса. Муфтийнинг фатвоси таҳқиқ ва ижтиҳод асосида бўлиши керак, яъни реал ҳолатга мос равишда қарор чиқарилади.
Ҳар бир мазҳабда воқеаларга мос тушган фатволар китоблари мавжуд бўлиб, уларда барча фиқҳ бўлимлари қамраб олинган. Бу китоблар мазҳаб қоидалари асосида тузилган ва "аҳкамун навозил" (янги масалаларга оид ҳукмлар) деб ҳам аталади.
Уламоларнинг сўзларига кўра, фатво замон, макон, урф-одат ва инсонларнинг аҳволига қараб ўзгариши мумкин. Биз ҳам бу тадқиқотимизда фатво берувчи замондош уламолар учун ушбу омилларни эътиборга олишни вожиб, деб билдик. Илғор замон талабига кўра, олдинги уламолар таърифлаган тўрт омилга яна олти омил қўшдик. Яъни, ҳозирги замонда фатвонинг ўзгаришига таъсир қилувчи ўнта омил бор:
1. Маконнинг ўзгариши
2. Замоннинг ўзгариши
3. Ҳолатларнинг ўзгариши
4. Урф-одатнинг ўзгариши
5. Маълумотлар ўзгариши
6. Инсонлар эҳтиёжининг ўзгариши
7. Инсонлар имконият ва иқтидорининг ўзгариши
8. Ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий шароитнинг ўзгариши
9. Оммавий муаммоларнинг юзага келиши
10. Фикр ва қарашлар ўзгариши
Албатта, Исломда фатво бериш улкан масъулиятдир. Бу вазифани илми ва тақвоси етарли бўлмаган одамларга топшириш мумкин эмас. Салафи солиҳларимиз бу масалада жуда қатъий бўлишган. Фиқҳда ва фикрда билимсиз киши фатво бермаслиги керак. Имoм Шотибий шундай дейди: фатво берувчи киши уммат ичида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўрнида туради — одамларга Аллоҳнинг шариати ҳукмларини баён қилади. Имoм Ибн ал-Қаййим раҳимаҳуллоҳ фатво берувчи ҳақида шундай дейди: у Аллоҳ таоло номидан ҳукм чиқарадиган одамдир, худди подшоҳ ва амирлар номидан қарор чиқарадиган вакиллар каби. Шу сабаб, у киши “Иълом ал-мўаққийн ъан Рабб ал-ъАламийн” (Оламлар Роббиси номидан имзо қўюқчиларни огоҳлантириш) деб номланган китобини муфтийлар учун ёзган.
Қуръони Каримда Аллоҳ таоло баъзи масалаларда фатвони Ўзи беради. Масалан: “Сендан мерос ҳақида сўрайдилар. Айт: Аллоҳ сизларга калала ҳақида фатво беради” (Нисо сураси,176-оят). “Аёллар ҳақида сендан сўрайдилар. Айт: Аллоҳ улар ҳақида фатво беради” (Нисо сураси,127-оят).
Қуръонда “Сўрайдилар” деган ибора ўнлаб оятларда келади. Аллоҳ таоло унга “Айт” (Қул) деган жавоб билан мурожаат қилади. Масалан: “Сендан май ичимлик ва қимор ҳақида сўрайдилар. Айт: уларда катта гуноҳ бор…” (Бақара сураси, 219-оят) ва шунга ўхшаш оятлар. Бу ҳам фатво ва фатво беришнинг аҳамияти, улуғлиги ва масъулиятини кўрсатади. Аллоҳнинг Ўзи фатво берган бўлса, бу қандай улуғ иш!
Ҳеч бир тадқиқотчига сир эмаски, мусулмонлар — дунёдаги ягона умматдирки, шариат ҳукмлари ҳақида савол беради, ибодатларида ва муомалаларида ҳалол-ҳаромни аниқламоқчи бўлади. Бошқа биронта миллатда — ҳатто китобий ёки бутпараст бўлсин — бундай интизом йўқ. Шу сабабли мусулмон давлатларда фатво муассасалари ташкил этилган. Шунингдек, кўпгина мамлакатларда “Муфтий” лавозими жорий этилган. У айрим мамлакатларда диний ва илмий энг олий мансаб саналади. Мисрда эса “Шайх ал-Азҳар” энг юқори мансаб ҳисобланади.
Шу туфайли, муфтийнинг шартлари, одоблари ва фатво сўровчининг ҳам одоблари ҳақида китоблар ёзилган, ҳозирги замонда эса фатво масалаларига бағишланган халқаро анжуманлар ўтказилмоқда. Айниқса, замонавий оммавий ахборот воситалари, телевидениелар пайдо бўлганидан сўнг “ижтимоий тармоқ орқали фатво берадиган” баъзи шахслар кўпайди, улар ҳар қандай масалада ўзини билимдон қилиб кўрсатади. “Билмайман”, “Бу масала таҳқиқ талаб қилади”, “Кенгаш қилишим керак” демайди. Ҳолбуки салафи солиҳларимиздан бири айтганидек: “Кимки ‘билмайман’ дейишда хатога йўл қўйса, у ҳалокатга юз тутган бўлади”.
Шу мақсадда биз аввалроқ «Фатво: интизом ва беқарорлик ўртасида» номли китобимизни нашр этган эдик. Энди эса ушбу «Фатвонинг ўзгаришига сабаб бўлувчи омиллар» номли рисоламизни тақдим этяпмиз. Бу орқали фатво эгаларини тўғри йўл — нурли сиротул мустақим — билан юришга ёрдам беришни, имкони борича ҳақ ва тўғриликни излаб топишга ундашни, ҳақиқатни аниқлаш учун ҳаракат қилишни ва энг охирида муфтийнинг Аллоҳдан тавфиқ сўраб, У зотдан кўмак сўрашини истаймиз. Чунки салафи солиҳлардан бири шундай деган: “Агар бир масала сен учун қийин келса, айт: ‘Эй Иброҳимга илм ўргатган Зот, менга ҳам илм ўргат!’”. Аллоҳ таоло шундай дейди: «Кимки Аллоҳга иймон келтирса, Аллоҳ унинг қалбини ҳидоят қилади» (Тағобун сураси, 11-оят), «Кимки Аллоҳга суянса, бас у тўғри йўлга ҳидоят этилди» (Оли Имрон сураси, 101-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам бизга бундай дуони ўргатганлар: “Эй Жаброил, Микоил ва Исрофилнинг Парвардигори! Осмонлар ва ернинг яратувчиси! Яширин ва ошкора нарсаларнинг билгувчиси! Сен бандаларинг ўртасида келиша олмаётган масалаларда ҳукм чиқарасан. Сенинг изнинг билан менга ҳақ йўлни кўрсат, чунки Сен истаган кимсани тўғри йўлга ҳидоят этасан”.
Европа Фатво ва Тадқиқотлар Кенгашининг Бош котибияти мендан унинг маданий рисолалар силсиласига муқаддима сифатида бир рисола ёзишимни сўради. Мен эса мана шу рисолани танладим. Умид қиламанки, бу рисола кўзланган мақсадга хизмат қилади, мусулмонларни умуман, айниқса, озчиликда яшаётган мусулмонларни фаҳм ва ҳидоятга етаклайди. Ниятимиз Аллоҳ учун. Унинг Ўзи бизга етарли ва қандай яхши вакилдир У.
Аллоҳга муҳтож бандаси —
Юсуф ал-Қаразовий
Дўҳа шаҳри,
Рабиъ ус-соний, 1428 ҳижрий
Май, 2007 милодий
Ҳомиджон домла Ишматбеков
таржимаси