frontend\widgets\header\Header: Attempt to read property "fajr" on null

Бугунги даврнинг муҳим китоби

11.06.2020   16438   1 min.
Бугунги даврнинг муҳим китоби

ВАБО-инсонлар учун бир синов. Ўзбекистон мусулмонлари идораси "Мовароуннаҳр" нашриёти шу сарлавҳа билан китоб нашр қилди. Китоб бутун инсониятга ва юртимизга юборилган юқумли касаллик, унга қандай муносабатда бўлиш, оммавий эпидемия - пандемия шароитида ўзни қандай тутиш тўғрисида, ҳар қандай шароитда меҳнат қилиб, Аллоҳ берган насибани ҳалол йўл билан топиш, шохдор вирус шароитида республикамизни иложи борича камроқ талофот билан олиб чиқиш йўлида Давлат Раҳбари ва ҳукумат томонидан кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисида муфтий ҳазратлари У.Алимов ва бошқа таниқли уламоларимизнинг мақолалари чоп этилган.

Синовлар орқали Аллоҳ ўз бандаларини синайди, Ўзига яқинлаштиради ва гуноҳларини кечиради. Муваффақиятларга эришиш учун машаққат талаб қилинганидек, Аллоҳ таолонинг розилигини топиш учун ҳам синовларга сабр қилиш лозим, дейилади муфтий ҳазратлари ёзган сўзбошида. Асарнинг таркибига кирган, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси қаламларига мансуб "Деҳқончилик-тирикчиликнинг мустаҳкам таянчи" мақоласи ҳам жуда долзарб мавзуда ёзилган.

Мақолада, жумладан, Расули Акрам (с.а.в.) томонларидан марҳамат қилинган қуйидаги ҳадис келтирилган:"Ким Аллоҳга ишониб, савоб умидида қаровсиз қолган ерни обод қилса, Аллоҳ унга ёрдам ва барака беради" (Табароний ва Байҳақий ривояти). Демак, дея хулоса қиладилар муфтий ҳазратлари, ҳар бир қарич ердан унумли фойдалансак, астойдил меҳнат қилсак, ҳукуматимизга камарбаста бўлсак, оғир кунлардан Қодир Эгамизнинг марҳамати ила эсон-омон ўтиб оламиз.

 

Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази раҳбари

Шоазим Миноваров

 
Мақолалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Ислом цивилизацияси марказида 100 нафарга яқин имом-хатиб учун маърифий тадбир ва амалий семинар ўтказилди

27.07.2026   19899   3 min.
Ислом цивилизацияси марказида 100 нафарга яқин имом-хатиб учун маърифий тадбир ва амалий семинар ўтказилди

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази билан ҳамкорликда Тошкент шаҳри ва Наманган вилоятидан ташриф буюрган 100 нафарга яқин имом-хатиб иштирокида маънавий-маърифий тадбир ҳамда амалий семинар ташкил этилди, хабар бермоқда iccu.uz.

Иштирокчилар дастлаб Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази музей экспозициялари билан танишдилар.

Ташриф давомида меҳмонларга Марказ экспозицияларида акс эттирилган буюк муҳаддислар, мутафаккирлар, фақиҳлар, олимлар ва давлат арбобларининг жаҳон илм-фани ва цивилизацияси тараққиётига қўшган ҳиссаси ҳақида маълумот берилди. Нодир қўлёзмалар, археологик топилмалар ва рақамли технологиялар уйғунлиги тарихий меросни замонавий форматда тақдим этиш имкониятини яратаётгани алоҳида эътироф этилди.

Тошкент шаҳридаги «Ҳофиз Кўҳакий» жоме масжиди имом-хатиби Баҳром Отажонов Марказни «нафақат музей, балки халқнинг кўп асрлик тарихи ва цивилизациясини жонли намоён этувчи илмий-маърифий макон» деб баҳолади. Унинг таъкидлашича, экспозицияларда давлатчилик, илм-фан, меъморчилик ва маънавий мероснинг яхлит концепция асосида намоён қилиниши ташриф буюрувчиларда Ўзбекистоннинг цивилизацион тараққиётдаги ўрни ҳақида яхлит тасаввур ҳосил қилади.

– Бу марказ нафақат музей, балки халқимизнинг кўп асрлик тарихи ва цивилизациясини жонли тарзда акс эттирувчи илмий-маърифий макондир. Бу ерда инсоният тараққиётининг муҳим босқичлари, аждодларимизнинг илм-фан, давлатчилик, меъморчилик ва маънавият соҳасидаги буюк мероси яхлит ҳолда намоён қилинган. Айниқса, Амир Темур даври, Қуръони карим, дунёвий илмлар ва тарбия масалаларининг бир маконда уйғунлаштирилгани инсонни чуқур ўйга толдиради. Бу ерга келган ҳар бир киши Ўзбекистоннинг нақадар бой тарих ва юксак цивилизация соҳиби эканига яна бир бор амин бўлади, – деди Баҳром Отажонов.

Имом-хатиблар Марказнинг замонавий кутубхонаси фаолияти билан ҳам танишдилар. Минглаб қўлёзмалар, нодир китоблар ва илмий нашрларни ўз ичига олган фонд исломшунослик, мотуридийлик, ҳадисшунослик, фиқҳ, тафсир ва бошқа йўналишларда тадқиқот олиб борувчи олимлар ҳамда ёш тадқиқотчилар учун муҳим илмий ресурс сифатида баҳоланди.

Олмазор туманидаги «Имом ат-Термизий» жоме масжиди имом ноиби Мансур Мусахон Марказда сақланаётган Ҳазрати Усмон мусҳафини бутун ислом олами учун улкан маънавий бойлик деб атади. Унинг фикрича, аждодлар меросининг замонавий музей технологиялари асосида намоён этилиши ёш авлоднинг тарихий хотираси ва маънавий тарбиясини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

– Бу ердаги ҳар бир экспозиция алоҳида маъно ва тарихни ўзида мужассам этган. Энг катта таассурот қолдирган жиҳатлардан бири — асл Ҳазрати Усмон мусҳафининг шу ерда сақланаётганидир. Бу нафақат юртимиз, балки бутун ислом олами учун улкан маънавий бойликдир. Шунингдек, аждодларимизнинг ислом цивилизацияси ривожига қўшган ҳиссаси замонавий ёндашув асосида намоён этилгани ёш авлод учун катта ибрат мактабидир. Тарихи ва илдизига қизиққан ҳар бир инсон бу масканга албатта ташриф буюриши керак, – деди Мансур Мусахон.

Тадбир доирасида дин ишлари соҳаси мутахассислари иштирокида амалий семинар ҳам ўтказилди.

Косонсой тумани бош имом-хатиби Қодирхон Азизов семинар рақамли бошқарув тизимлари диний соҳада ҳам самарадорлик ва шаффофликни оширишга хизмат қилаётганини таъкидлади. У, шунингдек, Марказ кутубхонасида шаклланган бой илмий фонд ислом илмлари бўйича изланиш олиб борувчилар учун муҳим манба эканини қайд этди.

Тадбир якунида иштирокчилар Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази бугун нафақат музей ёки маданий мерос объекти, балки илмий тадқиқотлар, таълим, халқаро ҳамкорлик ва маърифий мулоқотни бирлаштирувчи нуфузли платформага айланиб бораётганини таъкидладилар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари