Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
15 Январ, 2025   |   15 Ражаб, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:23
Қуёш
07:47
Пешин
12:37
Аср
15:37
Шом
17:22
Хуфтон
18:40
Bismillah
15 Январ, 2025, 15 Ражаб, 1446

Карантин даврида беморларни масофадан туриб йўқлайлик!

8.06.2020   2698   5 min.
Карантин даврида беморларни масофадан туриб йўқлайлик!
Ислом динида касални зиёрат қилиш энг улуғ савобли амаллардан бири ҳисобланади. Барча эзгу амаллар каби бу ишни ҳам астойдил, ихлос билан адо этиш лозим. Карантин даврида беморларни бориб зиёрат қилгандан кўра, телефон орқали ҳол-аҳвол сўраб турган маъқул. Агар жуда яқин таниши: ота-онаси, ака-ука, опа синглиси бўлса, уларни зиёрат қилгани борганда, карантин қоидаларига қатъий риоя қилиш зарур.
 
Киши бемор бўлганида соғ пайтидан кўра яхшироқ амал ёзилади. Унинг ҳар бир ҳолати ибодат қилган билан тенг. Жаноби Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Касалнинг инграши – тасбеҳ, оҳи – таҳлил, нафаси – садақа, уйқуси – ибодатдир, бир томондан иккинчи томонга ағдарилиши – Аллоҳ йўлида жидду жаҳддир. Унга соғлик вақтидаги амалдан яхшироқ амал ёзилади”, – дедилар.
 
Касаллик туфайли мусулмон киши улкан ажру савобни қўлга киритади, гуноҳлари кечирилади. Жаноби Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Мўмин кишига етган ҳар бир мусибат учун – касаллик, қийинчилик, алам, нотинчлик, ғам-ташвиш, ҳаттоки кирган бир тикан учун ҳам улкан савобларга сазовор бўлиши билан бирга, ўша етган мусибатлар эвазига бандачилик билан қилган сахву хатолари кечириб юборилади".
 
Аллоҳ таоло ҳар кимга ҳам дард беравермайди, балки дардни Ўзининг суйган бандасига унинг амал дафтарига яхшироқ амал ёзилиши учун, унинг гуноҳларини кечириб даражасини кўтариш учун берар экан.
 
Шу билан бирга, беморни зиёрат қилишнинг фазли ҳам улуғ. Беморни кўргани, ҳол-аҳволини сўрагани борган киши ҳам улкан ажру савобни қўлга киритади.
 
Ибн Умар ривоят қилади. Ҳазрати Пайғамбар алайҳиссалом: “Ким касални зиёрат қилса, гўёки Аллоҳ йўлида бир кун рўза тутгандекдир. Бир куни етти юз кунга тенг”, дедилар. Яна бир ҳадиси шарифда Жаноби Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладилар: “Кимки касал ётган одамни кўргани борса, осмондан бир нидо келадики: “Яхши иш қилдинг, қадаминг қутлуғ бўлди, сен ўзинг учун жаннатдан жой тайёрладинг”, дедилар (Имом Термизий ривоятлари).
 
Шу боис бемор одамни зиёрат қилгани борганда ундан дуо сўрашни ҳам унутмаслик керак. Зеро, Аллоҳнинг берган дардига сабр қилиб ётган беморнинг дуоси, албатта, ижобат бўлади. Бу ҳақда Жаноби Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар ҳаста-бемор кимсани олдига борсангиз, сизни ҳаққингизга дуои хайр қилишини сўранг, чунки унинг дуоси фаришталарни дуоси каби ижобат бўлади”, деб марҳамат қилдилар.
 
Демак, бирор-бир орзу ниятингиз бўлса ижобат бўлишини хоҳласак, улкан савоб истасак, бемор яқинимизни йўқлашимиз керак экан. Шунда нафақат ажрга эга бўламиз, балки ундан дуо олиб ҳожатимиз раво бўлади.
 
Жаноби Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам “Мусулмон киши қачон касал дўсти зиёратига борса, то у қайтиб келгунича жаннат боғлари ичра сайр қилиб юрган бўлади”, деб марҳамат қилдилар (Имом Муслим ривоятлари).
 
Оиша разияллоҳу анҳо ривоят қиладилар. Ҳазрати Пайғамбар алайҳиссалом касалларни бориб кўрардилар ва: «Ё Аллоҳ, инсонларнинг Парвардигори, касалликни кетказгин, шифо бергин, Ўзинг шифо берувчисан, Ўзингнинг шифоингдан ўзга шифо йўқ, касални ташлаб қўймайдиган шифо беришни сўрайман», деса, Аллоҳ унинг бу касаллигига шифо беради, дедилар» (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари).
 
Узоқ умр кўриши ва соғайиб кетишини айтиб касални хушнуд этиш тавсия этилган амаллардандир. Абу Саид Худрий разияллоҳу анҳу ривоят қиладилар, Ҳазрати Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар касалнинг олдига кирсангизлар, унга умри ҳақида тасалли берингизлар. Чунки у бирон нарсани қайтармайди ва касални хушнуд этади”, дедилар (Имом Термизий ва Имом Ибн Можа ривоятлари).
 
Маълумки, хаста одам, айниқса, анча муддат ётган бўлса, инжиқ табиат, кўнгли жуда нозик бўлиб қолади. Бундай ҳолга тушган киши мулойимлик ва ширин сўзга эҳтиёжманд бўлиб қолиши табиий. Инчунин, касал зиёратига борган киши мазкур ҳолатларни, албатта инобатга олиб ширин сўзларни айтиши керак.
 
Албатта, юқорида зикр қилинган ҳадиси шарифлар ва шу асосдаги фикр-мулоҳазалар одатий турмуш тарзимизга хос бўлган ишлардир. Айни пайтдаги карантин ҳолатида бемор яқинимиз ё дўстимизни телефон орқали ҳол-аҳвол сўрашимиз, дардманд биродаримизнинг ёнидаги кишилар орқали дори-дармон ё зарур озиқ-овқат учун электрон шаклда пул ўтказиб, дуосини олишимиз бугунги кунда жуда ҳам зарур ва беқиёс савобли ишлардандир!
 
Аллоҳ таоло барчаларимизни хайрли ишларга харис қилсин, беморларимизга комил шифо берсин, бир-биримизга меҳр-оқибатли бўлишимизни насиб этсин!
 
Иброҳимжон ИНОМОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари
 
Манба: http://uza.uz
Мақолалар
Бошқа мақолалар

Масжидда таҳоратни 2 нарса кетказади

15.01.2025   993   3 min.
Масжидда таҳоратни 2 нарса кетказади

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Динимизда покликка алоҳида эътибор қаратилган. Ибодатларнинг улуғларидан бири намоз амалини дуруст бўлиши таҳоратга боғлиқ. Намозда таҳорат тўлиқ ва мукаммал бўлиши керак. Таҳорат масаласи ҳақида Қуръони карим ва ҳадисларда кўплаб ҳукмлар келган.

Хусусан аждодимиз, буюк муҳаддис Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий раҳимаҳуллоҳ ҳам ўзларининг «Ал-Жомеъ ас-Саҳиҳ» асарида алоҳида бўлим очиб унга «Таҳорат китоби» деб ном берган. Ва энг аввал бобни таҳорат ҳақида келган Моида сурасининг Эй иймон келтирганлар! Намозга турмоқчи бўлсангиз, юзларингизни ва қўлларингизни чиғаноқлари ила ювинглар. Бошларингизга масҳ тортинглар. Ва оёқларингизни тўпиқлари ила ювинглар” деган 6-оятини келтирган. Ва давомида “Набий алайҳиссалом таҳоратни бир марта, икки марта ва уч марта қилинишини баён қилдилар”, деган.

Кейин эса “Таҳоратсиз намоз қабул бўлмайди” деб иккинчи бобга ном берди ва унда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг ҳадисини келтирди. У ҳадисни Имом Бухорийга устози Исҳоқ ибн Иброҳим Ҳанзалий айтди, унга Абдурраззоқ, унга Маъмар, унга Ҳаммом ибн Мунаббиҳ айтди, у Абу Ҳурайрадан эшитган. Абу Ҳурайра айтади: “Расулуллоҳ соллалллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб, бетаҳорат киши таҳорат қилмагунича намози қабул қилинмайди, дедилар. Бир киши шу вақтда “Эй Абу Ҳурайра, таҳоратни нима синдиради?" деди. У зот, овозли ва овозсиз ел", дедилар.

Ҳадисда “қабул бўлмайди” дейилди. Аллома Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ, бу ердаги намоз қабул қилинмасилиги “қабули исобат” топилмагани учундир, деганлар. Яъни, намоз фиқҳий қоидалар асосида адо қилинмаган, сабаби намозни шарти бўлган таҳорат бўлмагани учун ибодат қабул бўлмайди.

Аслида “қабул” сўзи Аллоҳ таоло қабул қилган амалга ишлатилади. Намозхон ибодатни “қабули исобат” билан, яъни фиқҳий қоидалар асосида адо қилган бўлса-да, унга риё аралаштирса, Аллоҳ қабул қилмаган бўлади, бунда “қабули ижобат” топилмаган ҳисобланади.

Матндаги “ла туқбалу – қабул қилинмайди” деган жумлани “қабули исобат” ёки “қабули ижобат” деб тақсимлашга ҳожат йўқ. Чунки “ла туқбалу” “мардуд” маъносида, яъни намоз таҳоратсиз рад қилинади, деганидир.

Ҳадисда Абу Ҳурайра таҳоратни бузадиган икки  нарсани санади, у зотнинг наздида шу икковигина таҳоратни бузадими, дейилса, бунга уламолар жавоб беришади:

Биринчи эҳтимол: Ҳа, фақат шу иккиси бўлиши мумкин;

Иккинчи эҳтимол: Аломма Кашмирий айтади, бу савол-жавоб масжидда бўлган. Масжидда эса таҳорат синиши шу иккиси билан бўлади. Ва яна одамларни наздида бу иккиси таҳорат синдирадиган нарса эмас, деб ўйлаган бўлишлари мумкин. Шу иккинчи эҳтимол уламолар наздида биринчи эҳтимолдан рожиҳ – афзалроқ.

Демак, таҳорат намозни дуруст ё нодуруст бўлишига сабаб бўлиб, ҳар бир намозхон таҳоратга катта эътибор қаратиш лозим.

Абдулбосит Мелибоев,
Тошкент Ислом институти талабаси.