Ҳурматли юртдошлар!
Аллоҳга шукрки, мамлакатимизда коронавирус касаллиги билан боғлиқ вазият ижобий томонга ўзгариб бориши баробарида ҳудудларни «яшил», «сариқ» ва «қизил» тоифага ажратилган ҳолда карантин мезонлари юмшатиб борилмоқда.
Халқимиз пандемия шароитида меҳнат қилиш ва яшаш шароитига аста-секин ўрганмоқда. Республика махсус комиссияси хабарида карантин талабларига амал қилиш асосида айрим фаолият турларига рухсат берилди. Жумладан, масжидлар 2020 йил 8 июндан бошлаб фақат «яшил» ҳудудларда фаолиятини бошлаши, ушбу масканларда 5–8 июнь кунлари санитар чоралар кўрилиши эълон қилинди.
Ҳақиқатан, барча мўмин-мусулмонларимиз масжидларда намоз ўқишни жуда соғинишди, буни илҳақлик билан кутаётгандилар. Алҳамдулиллаҳ, масжидлар эшиклари мўмин-мусулмонларимизга яна очилди, карантин мезонларига амал қилган ҳолда “яшил” ҳудудларда файзли ибодатларни бошлаймиз. Қолган «сариқ» ва «қизил» ҳудудларда яна бир оз сабр қилсак, ушбу касаллик хавфи камайса, у ерларда ҳам масжидлар фаолиятига рухсат этилади, инша Аллоҳ.
Республика махсус комиссияси қарорига мувофиқ, Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги масжидлар фаолиятини карантин даврида ташкил этиш, масжид иш фаолиятини санитария-эпидемиологик қоидаларга мувофиқ юритиш ва ибодатларни адо этиш учун зарур шарт-шароитларни ҳозирлаш борасида қуйидаги тавсиялар ишлаб чиқилди.
- масжиднинг кириш жойини дезинфекцион “тўшак”лар билан жиҳозлаш, бирламчи дезинфекциялаш воситалари билан таъминлаш;
- ҳар бир намозхон тиббий ниқобда бўлиши, масжидга киришда қўлларини дезинфекциялаш воситасидан фойдаланиши;
- масжидга ташриф буюрган ҳар бир шахснинг касаллик аломатларини текшириш, тана ҳарорати 37ºС ва ундан юқори бўлган ҳолатда фуқароларни алоҳидалаш ва 103 телефон рақами орқали тез тиббий ёрдамга хабар бериш;
- таҳоратхонадан фақат зарур шароитлар яратилган (бир марталик сочиқ-салфетка, антисептик воситалар, суюқ совинлар билан таъминлаш, қисқа муддатларда дезинфекция қилиш), ижтимоий масофаланиш сақланган ҳолларда фойдаланиш;
- масжидда қўл бериб ёки қучоқлашиб саломлашиш тақиқланиши;
- масжид бинолари ва ҳудудини ҳар куни дезинфекция қилиш, хоналарни шамоллатиш;
- масжид ҳудудида ҳар қандай кўринишдаги савдо-сотиқни ташкил этмаслик, ҳадя ва совғалар тарқатмаслик;
- расман рухсат берилгунга қадар жума намозлари ташкил этилмайди;
- масжид ходимлари ва кўнгилли намозхонлардан ёрдамчи гуруҳлар тузилиб, улар томонидан масжид ҳудудида карантин талабларига риоя этилишини назорат қилиш;
- масжидлар фаолияти жойлардаги Санитария-эпидемиологик осойишталик марказлари талабларига мувофиқ ташкил этилишини таъминлаш каби тавсиялар жорий этилади.
Республика ҳудудларини «яшил», «сариқ» ва «қизил» тоифага ажратилишидаги ўзгаришлар расмий матбуотда ва Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг muslim.uz сайтида эълон қилиб борилади.
Масжидлар фаолияти ҳудудлар тоифалари ўзгаришига қараб, мувофиқлаштирилиб борилади. Хусусан, ҳудудга “қизил” ёки “сариқ” тоифа берилишига кўра ундаги масжидлар фаолияти вақтинчалик тўхтатилади.
Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти қозиси, Тошкент шаҳар ва вилоятлар бош имом-хатиблари ушбу тавсияларни амалга оширилишини таъминлайди ва белгиланган вазифаларнинг бажарилишига масжид имом-хатиби масъул ҳисобланади.
Маълумки, ҳозирги кунда бутун дунё аҳли каби биз ҳам коронавирус пандемияси билан боғлиқ мушкул вазиятни бошимиздан ўтказмоқдамиз. Ҳали хотиржамликка ўрин йўқлигини таъкидлаган ҳолда “қизил” ва “сариқ” ҳудудларда карантин қоидаларига қатъий амал қилиш шартлигини яна бир бор таъкидлаймиз.
Ўз навбатида, яна бир ҳақиқатни эслатиб ўтишни зарур, деб биламиз. Аллоҳ таоло Қуръони каримда инсонларни синовли кунларида сабр-қаноатли бўлишга даъват этиб, “Албатта, қийинчилик билан бирга енгиллик ҳам бордир”, деб марҳамат қилган.
Чиндан ҳам, ҳар қандай ташвиш ортида енгиллик ва ёруғлик бор. Муҳтарам Президентимиз бошчиликларида коронавирус касаллигининг олдини олиш борасида амалга оширилган чора-тадбирлар туфайли Ҳақ таолонинг ёрдами ила бу офат жиловланиб, оммавий ёйилиб кетишининг олди олиняпти.
Шу маънода, бугунги қийинчиликлар албатта ўтиб кетади, ҳали масжидларни тўлдириб жамоатлар бўлади, хатми Қуръонлар ўқилади ва улуғ айёмларни барчамиз биргаликда нишонлаймиз, инша Аллоҳ.
Зеро, Аллоҳ таолонинг уйида қилинган ибодатлар ва дуою тазаррулар боисидан юртга файзу барака киради ва балою офатлар узоқ бўлади.
Вассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва баракотуҳу.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси,
2020 йил 4 июнь, Тошкент шаҳри
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Кўпчиликгимиз узоқ вақт соғлом бўлиб юриш учун дорихоналардан “мўъжизавий таблетка” сотиб олишга кўплаб пул сарфлаймиз. Бу дорилар иммунитетимизни кучли қилишини ва яқинларимизни томоқ оғриғи, бронхит, гриппнинг ҳар қандай турлари ва бошқа касалликлардан ҳимоя қилади деган ишончдамиз.
Лекин, бугунги кунда фармацевтика саноати қанчалик муваффақиятларга эришган бўлишидан қатъи назар, мустаҳкам иммунитетга эга бўлиш учун уларнинг ўзи етарли эмас десак муболаға бўлмайди. Албатта, дори-дармоннинг инсон саломатлиги учун аҳамияти катта эканлигини инкор қилиб бўлмайди.
Соғлом организмли бўлиш учун дорихоналар билан бирга динимизда тарғиб қилинган, инсон саломатлигига фойдали бўлган табиий ўсимлик ва маҳсулотларга мурожаат қилиш ҳам самаралидир. Бу маҳсулотлар иммунитет тизимини ҳимоя қилишда мустаҳкам девор вазифасини ўтайди.
Ҳар бир мусулмон қиладиган кундалик ибодатлар нафақат савоб, балки саломатлик калити ҳамдир. Таҳоратнинг юрак-қон томир тизими учун фойдали эканлиги ва бундан ташқари, у рефлексологик усулларни ўзида мужассам этгани олимлар томонидан исботланганига анча йиллар бўлди. Совуқ сув билан таҳоратда юз-қўлни ювиш танани мукаммал даражада чиниқтиради. Оғиз ва бурунни мунтазам ювиш инфекцияларнинг ривожланишига тўсқинлик қилади. Умуман олганда, ҳаммаси оддий, таҳорат қилинг ва соғлом бўлинг!
Занжабил антибактериал, яллиғланиш ва микробларга қарши, антисептик, бактерицид хусусиятлари билан машҳур. Занжабил уйимизда доимо, айниқса куз ва қиш мавсумида бўлиши керак бўлган маҳсулотдир. Бу аччиқ илдиз соғлиқ учун C, Б витаминларига бой ва инсон организмидаги зарарланган ҳужайраларни даволаш ва янгилаш қобилиятига эга бўлган ретинол моддасини ўз ичига олади. Асал занжабилнинг фойдали хусусиятларини мукаммал равишда тўлдиради.
Қуръони каримда зикр қилинган шифобахш егуликлардан бири асалдир. У иммунитетимиз учун ажралмас маҳсулотдир. Эътибор берсак, инсон қони ва асалнинг кимёвий таркиби жуда ҳам ўхшаш. Инсон қони 24 микроэлементни ўз ичига олади, табиий асали эса 22 тани.
Танани иссиқ тутиш, совуқдан ҳимоя қилиш учун табиий асалнинг ёнғоқ билан аралашмаси самаралидир.
Қора седана кучли табиий иммуномодулятор бўлиб, у организмга табиий ва юмшоқ таъсир кўрсатади. Ўсимликнинг фаол моддаси тимокинон бўлиб, тана иммунитет мудофаасини таъминлайди ва касалликларга чидамлилигини оширишда катта рол ўйнайди.
Тананинг ҳимоя хусусиятларини рағбатлантириш учун қора седана ёғини эрталаб оч қоринга, тушликда овқатдан бир соат олдин ва кечқурун ётишдан олдин ичиш тавсия этилади. Катталар учун 1 ош қошиқ меъёр ҳисобланади.
Табиблар, агар одамлар ҳелбанинг қанчалик фойдаси борлигини билганда эди, уни олтин нархига сотиб олишарди, дейишган. Олимларнинг саъй-ҳаракатлари туфайли бу ажойиб ўсимликнинг фойдалари ҳақида жуда кўп маълумот айтилган, лекин негадир кўпчилик неча асрлардан буён фойдаланиб келинаётган уруғларга соғлиқни тиклаш учун эътибор бермай қўйдилар.
Шундай қилиб, ҳелба уруғлари шамоллаш, иситма ва вирусли инфекцияларнинг оқибатларидан халос бўлишга ёрдам беради. Юмшатувчи хусусиятлари туфайли бу ўсимлик шамоллашни даволашда, яллиғланишга қарши ва экспекторан сифатида ишлатилади. Бу балғамни юмшатиш ва эритиш ва лимфа тизими орқали токсинларни олиб ташлашга кўмаклашади. Шунинг учун ярим литр сувга бир ош қошиқ ҳелба уруғи солиб ичилса, шамоллашни даволайди. Бундан ташқари, қўшимча витаминлаш таъсирини таъминлаш учун кўпинча ичимликка клюква ёки лимон шарбати қўшилади.
Мақолада баён қилинган маҳсулотлар соғлиқни мустаҳкамлаш учун самарали ҳисобланади. Шифобахш маҳсулотларни истеъмол қилиш билан бирга фаол ҳаёт тарзини олиб бориш, меъёрида овқатланиш ва ибодатларни кўпайтириш ҳам керак.
Пўлатхон Каттаев,
ТИИ Ҳадис ва ислом тарихи фанлари кафедраси катта ўқитувчиси.