Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Қуръони Карим Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи вассалламга Аллоҳ таоло томонидан ато этилган мўъжизаларнинг энг буюги бўлиши билан бирга, уни ўқиб, сўнгра уқиб, унга амал қилганларни икки дунё саодатига етакловчи манбадир. Унда ҳалол билан ҳаром, ҳақ билан ноҳақ очиқ-равшан баён этилиб, Аллоҳ таоло марҳамат қилганидек: “Бу китобда шак-шубҳа йўқ, у тақводорларга ҳидоятдир ” (Бақара сураси, 2-оят).
Қуръони Карим ҳидоят раҳбаридир. Ҳар бир инсон унга амал қилса, маънан ва моддий жиҳатдан юксакликка эришади. Ундан бехабар қолиш эса қоронғу зулматда йўлидан адашиб қолиш демакдир.
Яхшиликларнинг энг аълосини Қуръони Карим амр этади, ёмонликдан қайтаради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам «Хайрлиларингиз Қуръонни ўрганувчи ва ўргатувчиларингиздир», деб марҳамат қилганлар. Хуллас, дарахтни ўстирувчи ва уни озиқлантирувчи тупроқ бўлганидек, инсонни улғайтирувчи ҳамда озиқлантирувчи Қуръони Каримдир. Унга эътиқод ва амал қилганлар икки дунё саодати ва бахтга эришади.
Қуръон қалблар шифосидир. Қуръон ўқиган, Каломуллоҳни имон, ихлос билан эшитган одамнинг қалби иллатлардан покланади. Инсоннинг гавҳари бўлмиш қалб тузалдими, бошқа ҳамма аъзолар фаолияти жойида бўлади. Қалби пок инсон ҳаромдан ҳазар қилади, эзгу амалларга мойил бўлади.
Қалбни поклашда биз учун асосий манба Қуръони Каримдир. Қуръон қалбимизга аниқ ташхис қўяди, қалбни иллатлардан халос этиш йўлларини кўрсатади, инсонни асл фитратига мос ҳолда яшашга ундайди.
Қуръон шифо манбаидир. Бу мўъжизавий Калом эътиқодимизни тўғрилайди, қалбимизни нурга тўлдиради, дилимизни равшан қилади, тасаввуримизни бойитади, дунёқарашимизни кенгайтиради. Қуръон тиловати билан хонадонимизга файз киради, умримиз баракали бўлади. Бир сўз билан айтганда, Аллоҳнинг мўъжизавий Каломи бизни икки дунё саодатига бошлайди.
Қуръони Карим тиловати деганда уни ҳарфларини жойига қўйиб аниқ ва тажвид қоидаларига мувофиқ қилиб шошилмасдан ўқиш тушунилади.
Қуръони Каримда унинг тиловати ҳақида олтмиш еттита оят келган. Қуръони Карим тиловати жуда ҳам фазилатли амал ҳисобланади.
Аллоҳнинг Китобини тиловат қилиш унга кўз югуртириб чиқиш ёки ёдлаб олган жойини шуурсиз такрорлаш эмас. Қуръон тиловати уни бутун вужуд билан ҳис этган ҳолда тадаббур ила ўқиб, унга амал қилишдир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар: “Қуръон бойликдир. Ундан кейин фақирлик йўқ, Ундан ўзга бойлик йўқ ”.
Қуръон ўқиган мўминнинг қалби бойийди, илми зиёда бўлади, маънавияти юксалади, фикр доираси кенгаяди.
Бойлик деганда, мусулмон одам фақат дабдабали ҳаётни, ҳисобсиз мол-дунёни кўз олдига келтирмайди. Зеро, Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Ҳақиқий бойлик нафс тўқлигидир”, деганлар. Мана шу ҳадисдан келиб чиқиб айтиш мумкин, Қуръон ўқиган одамнинг кўзи тўқ бўлади. Қуръон ўқиган инсон дунёнинг ўткинчи матоҳлари ортидан ҳаллослаб югурмайди, турмуш ташвишлари деб ўзини ўтга-чўққа урмайди, хотиржам яшайди, қаноатли бўлади, борига шукр, йўғига сабр қилади. Ана ҳақиқий бойлик, ҳузур-ҳаловат қаерда!
Қуръон муфассири Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтади: “Ким Қуръон ўқиса, (кўп нарсани) билганидан кейин ҳеч нарсани билмай қолиши учун энг тубан умрга қайтарилмайди. Бу Аллоҳ азза ва жалланинг қуйидаги оятида айтилган: “Сўнг уни асфаласофилинга қайтардик. Фақат имон келтирган…” яъни, Қуръон ўқиганларгина (бундан саломат бўладилар)”.
Маълумки, ёш ўтганидан кейин одамнинг кўзи хиралашади, қулоғи яхши эшитмайди, бўғимлари заифлашади, белидан қувват кетади, хотираси сусаяди. Бироқ Қуръон ўқиганлар кексайган чоғларида ҳам эс-ҳушларини, куч-қувватларини йўқотишмас экан. Қизиқ, бунинг сабаби нимада?
Илмий тажрибаларда аниқланишича, Қуръон ўқиш, эшитиш мия фаолиятига ижобий таъсир кўрсатади, кексаликда юз берадиган паришонхотирлик, хотира сусайиши каби нохуш ҳолатлардан сақлайди.
Умр бўйи Қуръонга ошно бўлган қори боболар ҳаётига ибрат назари билан қарасак, бу гап қанчалик тўғрилигига амин бўламиз. Юз ёшни қоралай деб қолганларига қарамай, таналари бақувват, хотиралари яхши, кўзлари равшанлигини кўрамиз. Зеро Аллоҳ Қуръон ҳақларини адо этган бандасини соғлом тана, кучли хотира неъмати билан сийлайди. Қуръон ўқийдиган инсон икки дунёда ҳурмат эҳтиромга сазовор бўлади.
Олимларнинг аниқлашича, доим Қуръон ўқийдиган одам руҳий безовталикдан юқори даражада ҳимояланади. Бундан ташқари:
– Қуръон ўқийдиган одам ҳузур-ҳаловат топади, хотиржамликка эришади;
– Қуръон ўқиш иммунитетни кучайтиради;
– Қуръон ўқийдиган одам руҳан, жисмонан соғлом бўлади;
– Қуръон ўқийдиган инсон учун юрак хасталиги бегонадир;
– Мусҳафга қараб Қуръон ўқиш кўзни равшан қилади;
– Хотирани мустаҳкамлайди, мия фаолиятини ривожлантиради;
– Кишининг фикрлаш қобилиятини ўстиради, дунёқарашини кенгайтиради;
– Инсоннинг ўзига ишончини орттиради;
– Тўғри қарор қабул қилиш қобилиятини ривожлантиради;
– Дунёга ҳирс қўйиш, тама, ҳасад, ғийбат каби иллатлар оқибатида келиб чиқадиган моддий касалликлардан асрайди;
– Қуръонни тажвид қоидаларига мувофиқ ўқиш нутқни ривожлантиради, кишини сўзга чечан қилади;
– Қуръон ўқиш томоқ оғриғига даво бўлади;
– Қуръон ўқиган киши васваса, ҳадиксираш, беҳуда хавотирланишдан йироқ бўлади;
– Қироат бош оғриғини самарали даволайди…
Муфассирлар Аллоҳ таолонинг “Биз мўминлар учун шифо ва раҳмат бўлган Қуръон оятларини нозил қиламиз” ояти тафсирида: “Қуръонда айтилган шифо умумийдир: ҳам қалбдаги иллатларга, ҳам танадаги касалликларга даво бўлади”, дейишган.
Қуръон моддий касалликларни бартараф этишига етарли ҳужжатдир. Буни исботи ўлароқ, Фотиҳа сураси жуда кўп касалликларга шифо бўлади. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Фотиҳа сураси ҳар қандай дардга шифодир”, деганлар .
Фотиҳа сураси қалбдаги иллатларни даволайди. Қолаверса, танадаги касалликларга ҳам малҳам бўлади.
Хуллас, Қуръони Карим маънавий-руҳий, моддий иллатларнинг барчасига даво бўлади. Лекин бу улуғ Каломни фақат танадаги дардларни даволаш воситаси қилиб олинмайди. Қуръон биринчи галда қалбимизга шифо. Аллоҳнинг Каломини ўқисак, қалбимиз покланади. Дили пок инсоннинг танасига гард юқмайди. Агар биз қалбимизни даволасак, танамиз ҳам соғлом бўлади.
Тошкент ислом институти талабаси Толибжон Хурсанмуродов
Манба: https://islom.uz
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам замонларида асосий манба Аллоҳнинг Китоби ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари бўлган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам умматга ҳамма ишлар – ҳукм, фатво, иқтисодий ва сиёсий низомларда асосий манба бўлганлар. У зотдан кейин ҳадислар ислом шариатида асосий таянч бўлиб келмоқда.
Лекин вақт ўтиши билан ҳадисларга бўлган қараш ўзгариб кетди. Айрим сиёсий оқимлар тарафидан ҳадисларга ҳужум бошланди. Ислом динидаги шаръий ҳукмлар фақатгина Қуръони каримдан олиниши, ундан бошқа ҳеч қандай нарсадан ҳукмлар олинмаслик даъвоси кўтарилди. Жумладан, ҳозирги кундаги шоҳидийлар ва қодиёнийлар каби фирқалар ўзларини “Қуръоний – фақат Қуръони карим ҳукмига амал қилувчи” санаб ҳадисларини инкор қилдилар. Қодиёнийлар фикрича ҳадислар тарихий эътибордан ўрганилади, ҳадис шаръий далил бўлмайди.
Айрим фирқалар ҳадисларни очиқдан-очиқ инкор қилади. Лекин айрим тоифалар ҳадисларни очиқдан-очиқ инкор қилмаса ҳам “Қуръони каримга амал қилиш” шиори остида ҳадисларни инкор қилади. Шу сабабли ҳадисни инкор қилувчилар даъволари ва уларга раддия беришдан олдин ҳадис ва ҳадисларни Қуръони карим билан боғлик экани ҳақида маълумот бериб ўтиш зарурати туғилади.
Ҳадис муҳаддислар истелоҳида. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўз, феъл, тақрир, халқий (тана тузилишига оид) ёки хулқий (хулқ-атворга оид) сифат ва сийратдан иборат нубувватдан олдинги ва кейинги қолган асарлар. Сийрат, хулқ, шамоил, хабарлар, сўзлар ва феълларни нақл қиладилар. Булар билан шаръий ҳукм собит бўлиши ёки ҳукм собит бўлмаслигини эътиборга олмайдилар. Муҳаддислар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳидоятга бошлагувчи эканликлари эътиборидан ҳадис ҳақида баҳс юритадилар.
Усул олимлари истелоҳида ҳадис. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўз, феъл ва тақрирдан иборат нақл қилинган сўзлар. Усул олимлари ўзларидан кейинги мужтаҳидларга қоидаларни жорий қилган ва ҳаёт дастурини инсонларга баён қилган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларида баҳс юритадилар. Усул олимлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни шаръий қонунларни жорий қилувчи сифатида ҳадисларни ўрганадилар.
Фақиҳлар истелоҳида ҳадис. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан фарз ва вожиб бўлмасдан, балки буларга муқобил бўлиб собит бўлган ҳукмлар. Фақиҳлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни феъллари шаръий хукмга далолат қилишдан ташқарига чиқмаслигини эътиборга олишади. Шунинг учун шаръий ҳукмлар бандаларга нисбатан вожиб, харом ва мубоҳлиги ҳақида баҳс юритадилар.
Биз усул олимлари ихтиёр қилган истелоҳ ҳақида баҳс юритамиз. Чунки, бу қисмнинг мавзусида ҳадиснинг ҳужжатлиги ҳақида сўз боради.
Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръони каримдаги очиқ-равшан бўлмаган оятларни шарҳлар, баён қилиш вожиб бўлган ўринларни саҳобаларга баён қилар эдилар. Бу эса қисқача айтилганларни батафсил айтиш, умумий келганини қайдлаш ва мақсадларини равшан қилишлари билан бўлар эди. Баён қилиб бериш эса сўзлари ва қилган ишлари, буйруқлари, қайтариқлари ва ҳаётликларида саҳобаларини қилган ишларини тасдиқ қилишлари билан бўлган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ижтиҳодлари ҳам ваҳийни ўрнида. Чунки Аллоҳ таоло у зотнинг ижтиҳодларини хатога боришдан сақлаб қўйган. У зотнинг ижтиҳодлари оятдан олинган бўлиши ҳам шарт эмас. Масалан, намоз иймондан кейинги жуда муҳим бўлган ибодат. Унда рукуъ ва саждани ҳукми берилади. Қиём ва қаъданинг ҳам зикри айтилади. Лекин булар Қуръони каримнинг бирор жойида тўлиқ айтилмаган. Бу ишларнинг тартиби қандай бўлади? Намоз вақтларининг ҳар-хиллиги, ракъатларининг сони қандай бўлади? Намозни қандай ҳолатда ўқилади? Буларнинг ҳаммасини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз сўзлари ва амаллари билан мукаммал баён қилдилар ва саҳобаи киромларга уларни амалларини ўргатдилар.
Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотларидан кейин ваҳий тўхтади. Қуръони карим ва ҳадисдан бошқа нарса қолмади. Саҳобалар Аллоҳ таолонинг Ҳашр сурасининг 7-оятидаги:
وَمَا آتَاكُمُ الرَّسُولُ فَخُذُوهُ وَمَا نَهَاكُمْ عَنْهُ فَانتَهُوا
“Расулуллоҳ нимани берса уни олингиз, ва нимадан қайтарса қайтингиз”, деган буйруғига бўйсуниб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини маҳкам ушлашга ҳаракат қилдилар.
Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ҳадислари Аллоҳ таолонинг каломи Қуръони каримдан кейинги иккинчи мўътабар манба ҳисобланади. Бу ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари ҳам:
تركت فيكم امرين لن تضلوا ما تمسكتم بهما كتاب الله و سنة نبيه
“Сизга икки нарсани қолдирдим. Агар, уларни маҳкам тутсангиз, ҳеч адашмайсиз: Аллоҳнинг Китоби ва Набиййининг суннати” (Молик ривояти), деганлар.
Шу сабабдан ҳадисларнинг ислом жамиятидаги ўрни ҳар доим ҳaм юқори бўлиб келган. Зеро, ҳадисларда ислом динининг фарз, вожиб, суннат, мустаҳаб, ҳaлoл, ҳаром, мубоҳ, макруҳ каби ҳукмлар ёритилган. Ундан ташқари ҳар қандай жамият учун зарур бўлган, маънавий комил инсонларни тарбиялашга хизмат қиладиган, юксак фазилатларга чорловчи қоидалар мажмуаси ҳам ўз ифодасини топган. Шу ақидадан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, ҳозирги пайтда ҳам ҳадисларнинг жамиятимиз учун тарбиявий ва амалий аҳамияти беқиёс ҳисобланади. Мўминлар Қуръони каримнинг кўпгина оятларида аввало, Аллоҳ таолога итоат қилишга амр қилинади, сўнгра Ўзининг Пайғамбарига итоат қилишга амр қилинганлар. Аллоҳ таоло айтади:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا أَطِيعُوا اللَّهَ وَأَطِيعُوا الرَّسُولَ
“Эй иймон келтирганлар Аллоҳга итоат этинглар ва Расулига итоат этинглар” (Нисо, 59-оят).
Аллоҳга итоат қилиш Қуръони каримдаги буйруқ ва қайтариқларга итоат қилиш билан бўлади. Расулига итоат эса, у зотнинг тирикликларида ўзларига итоат этиш билан бўлган бўлса, вафотларидан кейин эса суннатларига амал қилиш билан бўлади. Аллоҳга итоат ва Расулига итоат қилиш алоҳида-алоҳида нарса эмас, балки бир хил тушунча эканнини англаш керак. Чунки Пайғамбаримиз алайҳиссалом доимо Аллоҳ итоатида бўлганлар. Аллоҳнинг итоатидан ташқари нарсага ҳеч қачон, ҳеч кимни буюрмаганлар.
Қуръони карим лафз ва маъно жиҳатидан Аллоҳнинг каломи. Уни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга юборган ваҳийси. Суннат ва ҳадис эса моҳиятан Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг шахсий фикрлари эмас балки, Аллоҳдан нозил бўлган ваҳийларнинг у зотнинг иборалари билан тақдим этилиши ҳисобланади.
Исломнинг биринчи кунидан бошлаб мусулмонлар ҳар бир катта-ю кичик нарсани Пайғамбаримизидан ола бошладилар. Улар илоҳий дастур – Қуръони карим оятларидан тортиб ҳожатхонада қандай ўтиришгача бўлган нарсаларни қабул қилиб олар эдилар.
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳаётларининг ҳеч бир лаҳзаси саҳобаларнинг диққат-эътиборларидан четда қолмас эди. Чунки у зотнинг оғизларидан чиққан ҳар бир сўз, ўзларидан содир бўлаётган ҳар бир ҳаракат шариат ҳукми, ўрнак, ҳикмат ва насиҳатдан иборат эди. Дунё тарихида ҳаёти бунчалик очиқчасига оммавий равишда ўрганилган шахс яккаю ягона Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бўлганлар. У Зотнингнг ҳатто ўта нозик ва хос ҳаётлари бугунги кун атамаси билан айтганда шахсий оилавий ҳаётлари ҳам тўлалигича ўрганилиб ривоят қилинган. Чунки ислом дини мукаммал дин бўлгани сабабидан инсон ҳаётининг барча соҳаларини қамраб олган. Буларнинг ҳаммаси Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шахсий ўрнаклари бўлган.
Бир сўз билан айтганда, у зот Қуръони каримни ўз шахсларида татбиқ қилиб, инсонларга кўрсатишлари керак эди. Шунинг учун ҳам саҳобаи киромлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ортларидан узлуксиз бирга юришар, у зотдан содир бўлган ҳар бир нарсани ўта аниқлик билан ёдлаб олишар ва ривоят қилишар эди. Ҳатто ўз ишлари билан машғул бўлган вақтларида бошқа кишилардан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида эътибор билан туришни, у зотдан содир бўлган нарсаларни яхшилаб ўзлаштириб олишни илтимос қилар эдилар. Қайтиб келганларида эса дарҳол ўзлари тайинлаб кетган одамларидан сўраб, ўрганиб олар эдилар. Умар розияллоҳу анҳу ўз қўшнилари билан келишиб олиб навбат ила Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларида туришлари ҳақида у кишининг ўзидан ривоят қилинганлиги маълум ва машҳур. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан содир бўлган заррача нарса ҳам саҳобаларнинг эътиборидан четда қолган эмас. Буни душманлар ҳам тан олганлар. Ҳижратнинг олтинчи йили Ҳудайбия ҳодисасида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бошчилигида бир минг тўрт юз саҳобаи киромлар Мадинаи мунавварадан эҳром боғлаб Каъбатуллоҳни тавоф қилиб, умра қилмоқчи бўлиб йўлга чиқадилар. Ҳудайбия деган жойда туриб қолганларида мушриклардан вакил бўлиб келган ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан музокара олиб борган кишилардан бири ўз қавмига қайтиб бориб: “Аллоҳга қасамки, ҳеч ким Муҳаммадни шериклари ҳурмат қилгандек ҳурмат қилмайди. У туфласа туфуги ерга тушмаяпти, саҳобалари қўллари ила илиб олмоқдалар”, деб айтган эди.
Мушрикнинг таъбирича туфуги ерда қолмаган зотнинг гап-сўзлари, ваъз-насиҳатлари, ҳукму васиятлари ерда қолармиди?! Уларнинг ҳаммаси ниҳоятда катта эътибор ва аниқлик билан ўрганилган. Таъкидлаш лозимки, саҳобалар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан содир бўлган нарсаларни ҳою ҳавас ёки билим, маданий савия кабилар учун қабул қилмаганлар. Балки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан содир бўлган ҳар-хил ҳукмларга амал қилишни кўзлаб қабул қилганлар. Қолаверса, уларни бошқаларга ҳам етказиб, амалга чорлашни мақсад қилганлар.
Ойбек Ҳошимов,
Ҳадис илми мактаби ўқитувчиси.