Аллоҳ таоло Ўз Каломи Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:
“Тақво эгалари учун ваъда қилинган жаннатнинг мисоли-сифати (бу): Унда айнимаган сувдан бўлган дарёлар ҳам, таъми ўзгармаган сутдан бўлган дарёлар ҳам, ичувчилар учун лаззатли, мусаффо асалдан бўлган дарёлар ҳам бордир” (Муҳаммад, 15).
Ривоят қилинишича, у дарёлар ўзансиз оқади. Бу иш ҳам Аллоҳ таолонинг қудратидандир.
Набий соллаллоҳу алайҳи ва салам айтадилар: “Жаннатдаги анҳорлар мушкдан бўлган тепаликлар (ёки тоғлар) остидан оқиб чиқади” (Уқайлий ривояти).
Ҳаким ибн Муовия отасидан ривоят қилади: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Жаннатда сув денгизи, сут денгизи, асал денгизи ва шароб денгизи бор. Сўнг ундан кейин дарёлар оқади” (Термизий ривояти).
Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Сайҳон, Жайҳон, Нил, Фурот, барчаси жаннат дарёларидандир” (Муслим ривояти).
Каъб айтади: “Дажла — жаннат боғ дарёси, Фурот — сут дарёси, Миср (яъни, Нил) — шароб дарёси, Сайҳон — асал дарёси. Бу тўртала дарё Кавсардан оқиб чиқади”.
Имом Бухорий Исро ва Меърож ҳақидаги Анас розийаллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда шундай зикр этади: “У зот дунё осмонига етганиларида, оқиб турган икки дарёни кўрдилар ва: “Эй Жаброил, бу иккиси нима?” деб сўрадилар. Жаброил алайҳиссалом: “Нил билан Фуротнинг унсури”, деди. Сўнгра кейинги осмонга чиқдилар. Унда бошқа бир дарёни кўрдилар. Унда дур ва забаржаддан бўлган қаср бор эди. Қўллари билан урган эдилар, у хушбўй мушк экан. “Бу нима, Жаброил?” деб сўрадилар. “Аллоҳ сизга беркитиб қўйган Кавсар”, деди Жаброил”.
Юқоридаги ривоятларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам зикр қилган Сайҳон ва Жайҳон дарёлари бугунги кунда жонажон юртимиздан оқиб ўтувчи Сирдарё ва Амударё эканлигини уламолар ва тарихчилар таъкидлаб ўтишган.
Имом Қуртубийнинг “Тазкира”си асосида Саййид Аброр тайёрлади
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
1. Кишини чап қўлда ейишидан қайтардилар.
2. Суяниб ейишдан қайтардилар.
3. Қабрларни (гипс билан) сувашдан ва уларнинг устида намоз ўқишдан қайтардилар.
4. Туриб қолган сувга бавл қилишдан қайтардилар.
5. Кишини битта кавушда юришдан қайтардилар.
6. Ҳожат чиқариш ёки бавл қилишда қиблага юзланишдан қайтардилар.
7. (Азада баланд овозда) йиғлашдан қайтардилар.
8. Тасвирлар, суратлар(ни уйга осиш, уни чизиш)дан қайтардилар.
9. Ўтда куйдиришдан қайтардилар.
10. Хўрозни сўкишдан қайтардилар.
11. Аёл киши бошқа аёл билан бир тўшакда кийимсиз ётишдан қайтардилар.
12. Кишининг бошқа кишига “аёлим синглингдир”, дейишдан қайтардилар. Бу ерда мақсуд: маҳрсиз.
13. Аррофга (коҳин, фолбин) га боришдан қайтардилар.
14. Нард ўйнашдан қайтардилар.
15. Ғийбат ва чақимчиликдан қайтардилар.