Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
27 Ноябр, 2024   |   26 Жумадул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:01
Қуёш
07:25
Пешин
12:16
Аср
15:15
Шом
16:59
Хуфтон
18:17
Bismillah
27 Ноябр, 2024, 26 Жумадул аввал, 1446

ҲИЖРАТНИНГ БИРИНЧИ ВА ИККИНЧИ ЙИЛИДАГИ МУҲИМ ҲОДИСАЛАР

1.06.2020   4070   19 min.
ҲИЖРАТНИНГ БИРИНЧИ ВА ИККИНЧИ ЙИЛИДАГИ МУҲИМ ҲОДИСАЛАР

 

ҲИЖРАТНИНГ БИРИНЧИ ЙИЛИДАГИ

МУҲИМ ҲОДИСАЛАР

РАСУЛУЛЛОҲ СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМНИНГ ЯСРИБГА КИРИШЛАРИ

Ансорийлар Авс ва Хазраж қабилаларидан иборат бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг келишларини интизорлик билан кутар эдилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам етиб келганларида кутиб олгани чиқдилар. У зотни жуда катта хурсандчилик билан «Марҳабо!» деб кутиб олдилар ва иззат-икром кўрсатдилар. Шу пайтгача уларнинг ҳаётида ҳали бу каби хурсандчилик бўлмаган эди. Расулуллоҳ еоллаллоҳу алайҳи васаллам Қубога тушиб, тўрт кун турдилар. Ўша ерда Қубо масжидига асос солдилар. Пайғамбарликдан кейин биринчи асос солинган масжид мана шу эди. Сўнг уловларини миниб, Ясриб сари юришни давом эттирдилар. Қабилаларнинг одамлари у зотнинг туяларини юганидан ушлаб олишган эди. У зот эса: «Уни қўйиб юборинглар, унга амр қилингандир», дер эдилар. Туя бориб, Хазраж қабиласи, Бану Нажжор уруғининг бир жойига чўқди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Айюб розияллоҳу анҳунинг хонадонига тушдилар ва унда яшай бошладилар.

 

ЯСРИБНИНГ ЯНГИ НОМИ.

ИСЛОМ ЖАМИЯТИГА АСОС СОЛИШ

Ясриб ўша кундан бошлаб «Мадинатун-набий (Пайғамбар шаҳри)» деб атала бошлади.

Мусулмонлар Маккада алоҳида исломий жамият қуриб яшамаган, у ерда уларнинг сони оз ва кучсиз ҳолда эдилар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинада неча-неча замонлардан буён тарих интизор бўлиб келаётган энг яхши жамиятнинг пойдеворини қўя бошладилар.

 

ЯНГИ ЖАМИЯТНИНГ ЭНГ МУҲИМ АСОСЛАРИ

  1. Набавий масжидни бино қилиш.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг туялари бўлажак масжиднинг ўрнига чўккан эди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларни ўша жойга масжид қуришга буюрдилар ва қурилиш ишларида ўзлари ҳам иштирок этдилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам тошларни, ғиштларни кўтариб ташир эдилар. Ўшанда масжиднинг қибласи Байтул мақдисга қаратилди. Унинг устунлари хурмо дарахти танасидан, шифти эса хурмо дарахтининг шохларидан қилинди. У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жуфти ҳалолларининг ҳужралари масжиднинг ён тарафига қурилди. Қурилишни битириб бўлганларидан кейин, шаввол ойида Оиша розияллоҳу анҳо билан яшай бошладилар. Мусулмонлар ушбу масжидга илм олиш, ибодат қилиш, қозилик ишлари ва турли йиғинлар учун тўпланишар эди. Масжид уларнинг ўзаро яқинлашишларида катта омил бўлиб хизмат қиларди.

  1. Ансорий ва муҳожир саҳобаларнинг оға-ини тутинишлари.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам муҳожир ва ансорий саҳобаларни бир-бирлари билан оға-ини тутинтирдилар. Улар уйларини, мол-мулкларини тақсимлашди. Ушбу биродарлик насаб биродарлигидан кучли эди. Мана шу биродарлик ила Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қабилавий бирлик ўрнига диний бирликни пайдо қилдилар.

  1. Мусулмонлар ва ғайридинлар ўртасида ўзаро ҳамкорлик шартномаси.

Мадинада уч тоифа одамлар яшашарди: мусулмонлар, мушрик араблар ва яҳудийлар. Яҳудийлар Бану Қайнуқоъ, Бану Назир ва Бану Қурайза қабилаларидан иборат эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу тоифалар ўртасида омонлик, тинчлик, ўзаро ҳамкорлик ва бағрикенгликни ўрнатиш мақсадида аҳдномалар туздилар.

  1. Ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий асосларни ўрнатиш.

Ислом дин ва жамиятдан иборатдир. Шунинг учун ҳам янги жамиятда бу нарсаларнинг асосларини қуриш лозим эди. Ўша даврлардаги кўпгина Қуръон оятлари шариат аҳкомларининг ҳамма тарафдан қабул қилиб олиниши учун иозил этилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мазкур ояти карималарни ўз сўзлари ва амаллари билан шарҳлаб, татбиқ қилиб, кишиларга ўргатиб турдилар. Ма-динадаги аҳоли фазилатли ҳаёт кечирди. Улар олий мақом эгаси бўлиб, садоқат биродарлиги билан бирлашдилар. Бу жамиятнинг ҳар бир аъзоси ўзаро тенглик асосида яшар эди. Мана шундай қилиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам биринчи исломий жамиятга асос солдилар.

 

УРУШ ВА ҒАЗОТ ИШЛАРИ

Маълумки, Ислом тинчлик динидир. Исломнинг дастлабки босқичларида нозил бўлган Қуръони Карим оятларида урушга ишора қилувчи бирорта ҳам сўз йўқ. Шунингдек, Ислом тарихининг аввалида бу диннинг куч билан тарқалганини тасдиқловчи ва одамларни динга киритиш ниятида уруш воситаси қўлланган бирорта ҳам ҳодиса бўлмаган. Кейинги пайтлардаги урушларнинг бирдан-бир сабаби эса душманликни қайтариш ва дин эркинлигини ҳимоя қилиш эди.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳижратдан олти ой ўтганда барча ишларни тартибга солиб, ички жабҳани созлаб бўлдилар. Сўнг эътиборни ташқи жабҳага қаратдилар.

 

ҲАРБИЙ ҲАРАКАТ ПОҒОНАЛАРИ

Дастлаб Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларни иложи борича қўлни тийишга ва мушрикларни кечиришга чақирар эдилар. Қачонки мусулмонларнинг шавкати кучайгач, ўзларидан зулмни қайтариш мақсадида жанг қилиш учун уларга изн берилди.

Аллоҳ таоло Ҳаж сурасида шундай марҳамат қилади:

«Ўзларига қарши уруш очилганларга зулм қилингани учун уларга (уруш учун) изн берилди. Аллоҳ уларга нусрат беришга қодир Зотдир» (39-оят).

Ушбу ояти карима ҳижратдан кейин нозил бўлган бўлиб, у мусулмонларга кофирларга қарши уруш қилишга изн берувчи биринчи оятдир. Бунгача ҳатто ўзини ҳимоя қилиш учун ҳам кофирларга қарши жанг қилишга рухсат йўқ эди. Мушриклар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга ва у зотнинг саҳобаи киромларига истаганларича азоб, озор беришар, зулм қилишарди. Саҳобаи киромлардан баъзилари калтакланган, ярадор бўлган ҳолларида келиб, бошларидан ўтган ноҳақлик ва зулмдан шикоят қилсалар, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сабр қилинглар, менга уруш қилиш учун изн берилгани йўқ», дер эдилар.

Ниҳоят ушбу ояти карима нозил бўлди. Бу оятда мусулмонларга уруш қилишга мазлум бўлганлари, азоб-уқубатга қолганлари учун рухсат берилгани очиқ-ойдин айтилмоқда.

«Ўзларига қарши уруш очилганларга зулм қилингани учун уларга (уруш учун) изн берилди».

Демак, Қурайш кофирлари аввал мусулмонларга қарши уруш очишган. Мусулмонлар ҳужумга ва зулмга учраганлар. Энди улар ўзларини ҳимоя қилмасалар бўлмайди. Акс қолда кофирлар уларни йўқ қилиб юборишлари мумкин.

«Аллоҳ уларга нусрат беришга қодир Зотдир».

Сўнг ким уларга қарши уруш очган бўлса, унга қарши уруш очиш фарз қилинди:

«Сизга уруш қилаётганларга қарши Аллоҳнинг йўлида уруш қилинг ва тажовузкорлик қилманг. Аллоҳ тажовузкорларни севмас» (Бақара сураси, 190-оят).

Аллоҳ таоло ушбу оятда мусулмонларга ўзларига қарши урушаётганлар билан Аллоҳнинг йўлида жанг қилишни амр қилмоқда:

«Сизга уруш қилаётганларга қарши Аллоҳнинг йўлида уруш қилинг».

Бу ерда икки нарсага алоҳида эътибор қаратиш лозим. Биринчиси – қарши урушаётганлар билан жанг қилиш, яъни қарши урушмаётганларга тегмаслик. Иккинчиси – Аллоҳнинг йўлида жанг қилиш, бошқа йўлда эмас.

Сўнг барча мушрикларга қарши уруш фарз қилинди:

«Мушрикларга қарши, улар сизга қарши ёппасига урушаётганларидек, ёппасига уруш қилинг. Ва билингки, Аллоҳ тақводорлар биландир» (Тавба сураси, 36-оят).

Чунки бир тараф уруш қилганда иккинчи тараф жим тура олмайди. Албатта, уруш бирорта инсонга раҳм қилмайди. Унда турли ҳоллар бўлади. Аммо бу сизнинг турли ножоиз ишларни қилишингизга баҳона бўла олмайди. Сиз мусулмонсиз, доимо Аллоҳнинг амрида юришингиз керак.

Шунинг учун

«...билингки, Аллоҳ тақводорлар биландир».

У Зот Ўзига тақво қилувчиларга нусрат беради.

Тарихчиларнинг айтишларича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам 28 та ғазотда[1] иштирок этган бўлсалар, шундан 9 тасида уруш бўлган, холос. Иттифоқ қилинган маълумотга кўра, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам 38 та сарийя[2] юборганлар. Биз ушбу сахифаларда ғазот ва сарийяларнинг Ислом тарихига кўрсатган таъсири ҳақида қисқача тўхталиб ўтамиз.

 

ИСЛОМДАГИ БИРИНЧИ БАЙРОҚ

(ҳижрий 1 йил)

Рамазон ойида ҳазрати Ҳамза розияллоҳу анҳу бошчиликларида ўттиз нафар муҳожирдан иборат саҳобалар тарафидан байроқ кўтарилган, улар Қурайш карвонининг йўлини тўсиб чиқишган эди. Лекин у ерда уруш бўлмади.

Шаввол ойида Убайда ибн Ҳорис розияллоҳу анҳу бошчилигида байроқ тикилиб, яна одамлар юборилди.

Зулқаъда ойида Саъд ибн Абу Ваққос бошчилигида байроқ тикилди.

У пайтларда Қурайш савдо карвонлари йўлини топиб ўтиб кетган, мусулмонлар уларни тутолмай ёки йўлини тўсолмай қолган ҳоллар кўп бўларди.

 

ҲИЖРИЙ ИККИНЧИ ЙИЛДАГИ ҒАЗОТЛАР

Сафар ойида аввал Абво (Ваддон) ғазоти бўлиб ўтди. Бу ғазотда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан иборат бир гуруҳ муҳожирлар Қурайш карвонининг йўлини тўсиб чиқишган эди. Улар ўтиб кетган бўлиб, топа олишмади.

Рабиъул аввал ойида Бувот ва Сафавон ғазотлари уюштирилди.

Жумодус-соний ойида Зул Ушайра ғазоти бўлди.

Муҳожирлар Қурайш карвонларини қўлга тушириш учун чиқишар, лекин улар қочиб қутулишар эди. Баъзи саҳобалар Абу Суфённинг Шом ўлкасидан қайтишини интизор бўлиб кутишарди.

 

АБДУЛЛОҲ ИБН ЖАҲШНИНГ ЮБОРИЛИШИ

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абдуллоҳ ибн Жаҳш розияллоҳу анҳу бошчилигидаги саккиз ёки ўн икки нафар муҳожирни Нахлага – Макка билан Тоиф орасидаги жойга юбордилар. Улар ўша ерда Қурайш карвонини кутишлари керак эди. Кутилмаганда бир карвон муҳожирларнинг олдидан ўта бошлади. Шунда муҳожирлар ўша карвоннинг амири Амр ибн Ҳазрамийни ўлдиришди ва икки кишини асир олиб, карвонга эга чиқишди. Бир киши қочиб кетди.

Мана шу Исломдаги биринчи қатл ва биринчи асирлар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ишни оқламадилар, чунки ҳодиса уруш ҳаром қилинган ражаб ойида бўлган эди. Қурайшликлар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга қарши «У уруш ҳаром қилинган ойни ҳалол қилди», деган гапни тарқатишди. Шунда Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг Бақара сурасидаги қуйидаги оятни нозил қилди:

«Сендан ҳаром ойда уруш қилиш ҳақида сўрарлар. «Унда уруш қилиш катта гуноҳ. Аллоҳнинг йўлидан тўсиш, Унга куфр келтириш, Масжидул Ҳаромдан тўсиш, унинг аҳлини ундан чиқариш Аллоҳнинг ҳузурида ундан-да катта гуноҳдир. Фитна қатлдан каттароқдир», деб айт» (217-оят).

 

БАДР ЖАНГИ

(ҳижрий 2 йил 17 Рамазон; милодий 624 йил март)

Албатта, бир кун келиб Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотнинг саҳобалари билан Қурайш ўртасида тўқнашув бўлиши тайин эди, чунки Қурайшнинг бутларига, уларнинг обрўсига таҳдид солиш юз берган ва бунинг сабабидан уларнинг ўсиб бораётган тижорати пасайиб кетиш эҳтимоли бор эди. Улар Макка ва Шом орасида тижорат қилишарди. Ушбу тижорат ҳам таҳдид остида қолган эди.

Кичик бир ҳодиса ушбу тўқнашувнинг бошланишига сабаб бўлди. Абу Суфённинг карвони Шомдан қайтди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам муҳожир ва ансорлардан иборат 313-317 киши билан уларни тўсиш учун чикдилар. Буни сезган Абу Суфён қурайшликларни ўз карвонларини қутқариб қолишга чақирди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу хабарни эшитганларидан сўнг саҳобалар билан маслаҳат қилдилар. Муҳожирлар яхши сўзларни гапиришди, ансорлар эса уларга ёрдам беражакларини билдиришди.

Саъд ибн Муоз розияллоҳу анҳу: «Бизни қаёққа бошласангиз, шу ёққа юринг. Аллоҳ таолога қасамки, агар биз билан бирга денгизга шўнғийдиган бўлсангиз, бирга шўнғиймиз», дедилар. У кишидан бошқалар ҳам шунга ўхшаш гапларни айтишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юзлари ёришиб кетди. Улар йўлга чиқишди.

Абу Суфён карвоннинг йўлини ўзгартириб, ўтиб кетди. Лекин Абу Жаҳл барибир урушга чиқишга қаттиқ қасд қилди. У 950 нафар мушрик билан келиб, Бадрда лашкаргоҳ қурди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Роббларига нусрат сўраб дуо қилдилар. Ҳис-ҳаяжонга тўла тазарру ила ёлвордилар. Ўша вақтда қилган дуоларининг ичида «Аллоҳим, менга берган ваъдангни Ўзинг рўёбга чиқаргин. Аллоҳим, мен ваъдангдан умидворман. Аллоҳим, агар ушбу гуруҳ ҳалок бўладиган бўлса, Сенга ер юзида ибодат қиладиган ҳеч ким қолмайди», деган дуолари ҳам бор эди.

Аллоҳ таоло Оли Имрон сурасида марҳамат қилади:

«Ҳа (кифоя қилади)! Агар сабр ва тақво қилсангиз, улар шу пайт келиб қолсалар ҳам, Роббингиз сизга белгили беш минг фаришта ила мадад беради» (125-оят).

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Бадр куни фаришталарнинг белгиси оқ салла бўлиб, печини орқаларига тушириб олишган экан.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларини сабр қилишга, собит туришга чақирдилар.

 

УРУШНИНГ БОШЛАНИШИ ВА УНИНГ НАТИЖАЛАРИ

Шундай қилиб уруш бошланди. Аввало яккама-якка олишувлар бўлди. Аллоҳ таоло фаришталарни мўминлар билан бирга уруш қилиш учун тушириб, мусулмонларга нусрат берди. Мушриклардан етмиш киши ўлдирилди ва етмиш киши асир олинди. Қурайш мушрикларининг энг катта бошлиқлари – Абу Жаҳл, Умайя ибн Халаф, Утба, Шайба, Валид ибн Утба ва бошқалар ҳам мана шу жангда ўлдирилди. Мўминлардан эса ўн тўрт киши шаҳид бўлди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тушган ўлжаларни тақсимладилар. Аммо асирлар ҳақида Умар розияллоҳу анҳу маслаҳат бериб: «Уларни ўлдирайлик», дедилар. Абу Бакр розияллоҳу анҳу эса: «Улардан тавон олиб, озод қилайлик», дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг маслаҳатларини қабул қилдилар. Сўнг Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло расулига итоб қилиб, ваҳий нозил этди. Бу ваҳий Умар розияллоҳу анҳунинг фикрларига мос эди.

Аллоҳ таоло Анфол сурасида шундай марҳамат қилади:

«Набий учун ер юзида забардаст бўлмагунича асирлари бўлиши тўғри эмас эди. Сизлар дунёнинг ўткинчи нарсасини ирода қиласизлар. Аллоҳ эса охиратни ирода қиладир. Ва Аллоҳ азиздир, ҳакимдир» (67-оят).

Аллоҳ таоло Анфол сурасида ушбу ғазотни сифатлаб оятлар нозил қилган.

 

БАДР ҒАЗОТИНИНГ АҲАМИЯТИ

Бадр ғазоти мусулмонлар ҳақиқий нусрат топган ғазотлардан ҳисобланади. Бу нусрат масалани ҳал қилувчи нусрат бўлиб, мазкур ғазот эса Исломнинг келажаги учун асос бўлди. Шунинг учун бу ғазотни Қуръони Карим «Фурқон (ажрим) куни» деб атади, чунки ана шу ғазот ҳақ билан ботилнинг орасини ажратди. Ҳақ аҳлини азиз, ботил аҳлини хор қилди. Анфол сураси мана шу ғазот ҳақида нозил бўлди ҳамда Ислом таълимотларининг дақиқ тарафларини ҳам, уруш ҳақидаги таълимотларни ҳам баён қилиб берди. Мисол учун, душман билан мулоқотга тайёргарлик кўриб бориш, сафларни бирлаштириш, ўзаро низо қилмаслик, жанг ва оғир пайтларда собит туриш, Аллоҳ таолонинг Ўзини зикр қилиш кабилар шулар жумласидандир.

Шунингдек, Бадр ғазотига боғлиқ шаръий ҳукмлар ҳам сура қамровида нозил бўлди. Мисол учун, кўпчилик билан маслаҳат қилиш, уруш вақтида моддий мақсадларнинг ортидан тушишдан огоҳлантириш кабилар. Аллоҳ таолонинг каломини юқори қилишга доимо қаттиқ қизиқиш кераклиги уқтирилди, қўлга тушган ўлжаларни тақсимлашдаги шаръий ҳукмлар баён қилинди. Мазкур ҳолатларнинг ҳаммаси учун Бадр ғазотининг аҳамияти жуда катта бўлди.

 

МУНОФИҚЛАРНИНГ ЮЗАГА ЧИҚИШИ

Бадр урушидан сўнг айрим Мадина мушриклари мунофиқлик йўлини тутишди. Уларнинг раҳбари Абдуллоҳ ибн Убай ибн Салул эди. Энди улар Исломга қарши махфий иш юрита бошлашди.

 

КУДРДАГИ БАНУ СУЛАЙМ ҒАЗОТИ

Шаввол ойининг бошида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Бану Сулайм қабиласи яшайдиган Кудр[3] диёрига икки юз отлиқ билан бордилар. Сабаби Бадр жангидан сўнг Бану Сулайм ва Бану Ғатафон қабилаларининг Мадинага ҳужум қилиш учун куч тўплашаётгани ҳақида у зотга хабар етиб келган эди. Мусулмонларнинг келаётганини эшитган қабила аъзолари тум-тарақай бўлиб қочиб қолишди.

 

БАНУ ҚАЙНУҚОЪ ҒАЗОТИ

Бану Қайнуқоъ Мадинага кўчиб келган яҳудий қабилалардан бири эди. Улар аҳдномани бузиб, мусулмонларга таҳдид солишди. Шаввол ойининг ўртаси, шанба куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни қамал қилдилар ва бу қамал ўн беш кун давом этди. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Қайнуқоъ аҳлининг қалбига қўрқинч солди ва улар таслим бўлишди. Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам улардан Мадинадан кўчиб кетишларини талаб қилдилар ва бу иш рўёбга чиқди.

 

ҲИЖРИЙ ИККИНЧИ ЙИЛДА БЎЛИБ ЎТГАН БОШҚА ҲОДИСАЛАР

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам орзу қилиб юрган иш содир бўлди: ражаб ойининг ўртасида Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло мусулмонларнинг қибласини Масжидул Ақсодан Масжидул Ҳаромга бурди.

Бу ҳақда Аллоҳ таоло Бақара сурасида баёнот берган:

«Гоҳо юзингнинг осмонга тез-тез қайрилганини кўрурмиз. Сени ўзинг рози бўлган қиблага бурурмиз. Юзингни Масжидул Ҳаром томон бур. Қаерда бўлсангиз ҳам, юзингизни у томон буринг» (144-оят).

Бу иш яҳудийларга ёқмади. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қарши турли гапларни тўқишди, иғво тарқатишди. Шунда Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Бақара сурасидаги кейинги оятни нозил қилди:

«Агар китоб берилганларга барча ҳужжатларни келтирсанг ҳам, сенинг қиблангга эргашмаслар. Сен ҳам уларнинг қибласига эргашувчи эмассан. Ва улар бир-бирларининг қибласига эргашувчи эмаслар» (145-оят).

Бу йилда рўза ва закот ибодатлари фарз қилинди.

Шунингдек, ҳаддлар – шаръий жазоларни амалга оширишни йўлга қўйиш бошланди.

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ҳалол ва ҳаромни ажратишн фарз қилди.

 

КЕЙИНГИ МАВЗУЛАР:

ҲИЖРИЙ УЧИНЧИ ЙИЛДАГИ МУҲИМ ҲОДИСАЛАР:

Уҳуд ғазоти ваунинг сабаблари;

Уҳуд ғазоти ҳақида мулоҳазалар;

Ҳамроул Асад ғазоти.

ҲИЖРИЙ ТЎРТИНЧИ ЙИЛДАГИ МУҲИМ ҲОДИСАЛАР:

Ҳузайл қабиласининг адабини бериш;

Абу Салама сарийяси. Ражийъ фожиаси;

Биъру Маъуна ҳодисаси;

Бану Назир ғазоти;

Ваъдалашилган Бадр ғазоти;

 

[1] Ғазот – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага кибор саҳобалардан бирини ўринбосар қилиб қолдирганларидан сўнг ўзлари ҳарбий қўшинга бош бўлиб, бирор ерга бир мақсад билан боришлари (унда жанг бўлган-бўлмаганидан қатъи назар).

[2] Сарийя – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайхл васаллам бирор мақсадни кўзлаб, бир саҳоба бошчилигида юборган махфий жанговар гуруҳ (унда жанг бўлган-бўлмаганидан қатъи назар).

[3] Мадинанинг жануби-шарқий тарафида, 8 барид (177 км) узоқликда жойлашган.

Кутубхона
Бошқа мақолалар

Қиш мавсумида иммунитетни қандай мустаҳкамлаш керак?

25.11.2024   1834   4 min.
Қиш мавсумида иммунитетни қандай мустаҳкамлаш керак?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Кўпчиликгимиз узоқ вақт соғлом бўлиб юриш учун дорихоналардан “мўъжизавий таблетка” сотиб олишга кўплаб пул сарфлаймиз. Бу дорилар иммунитетимизни кучли қилишини ва яқинларимизни томоқ оғриғи, бронхит, гриппнинг ҳар қандай турлари ва бошқа касалликлардан ҳимоя қилади деган ишончдамиз.

Лекин, бугунги кунда фармацевтика саноати қанчалик муваффақиятларга эришган бўлишидан қатъи назар, мустаҳкам иммунитетга эга бўлиш учун уларнинг ўзи етарли эмас десак муболаға бўлмайди. Албатта, дори-дармоннинг инсон саломатлиги учун аҳамияти катта эканлигини инкор қилиб бўлмайди.

Соғлом организмли бўлиш учун дорихоналар билан бирга динимизда тарғиб қилинган, инсон саломатлигига фойдали бўлган табиий ўсимлик ва маҳсулотларга мурожаат қилиш ҳам самаралидир. Бу маҳсулотлар иммунитет тизимини ҳимоя қилишда мустаҳкам девор вазифасини ўтайди.

Ҳар бир мусулмон қиладиган кундалик ибодатлар нафақат савоб, балки саломатлик калити ҳамдир. Таҳоратнинг юрак-қон томир тизими учун фойдали эканлиги ва бундан ташқари, у рефлексологик усулларни ўзида мужассам этгани олимлар томонидан исботланганига анча йиллар бўлди. Совуқ сув билан таҳоратда юз-қўлни ювиш танани мукаммал даражада чиниқтиради. Оғиз ва бурунни мунтазам ювиш инфекцияларнинг ривожланишига тўсқинлик қилади. Умуман олганда, ҳаммаси оддий, таҳорат қилинг ва соғлом бўлинг!

Занжабил антибактериал, яллиғланиш ва микробларга қарши, антисептик, бактерицид хусусиятлари билан машҳур. Занжабил уйимизда доимо, айниқса куз ва қиш мавсумида бўлиши керак бўлган маҳсулотдир. Бу аччиқ илдиз соғлиқ учун C, Б витаминларига бой ва инсон организмидаги зарарланган ҳужайраларни даволаш ва янгилаш қобилиятига эга бўлган ретинол моддасини ўз ичига олади. Асал занжабилнинг фойдали хусусиятларини мукаммал равишда тўлдиради.

7 полезных свойств имбиря: от укрепления иммунитета до похудения

Қуръони каримда зикр қилинган шифобахш егуликлардан бири асалдир. У иммунитетимиз учун ажралмас маҳсулотдир. Эътибор берсак, инсон қони ва асалнинг кимёвий таркиби жуда ҳам ўхшаш. Инсон қони 24 микроэлементни ўз ичига олади, табиий асали эса 22 тани.

Асал — инсонлар учун шифодир

Танани иссиқ тутиш, совуқдан ҳимоя қилиш учун табиий асалнинг ёнғоқ билан аралашмаси самаралидир.

Қора седана кучли табиий иммуномодулятор бўлиб, у организмга табиий ва юмшоқ таъсир кўрсатади. Ўсимликнинг фаол моддаси тимокинон бўлиб, тана иммунитет мудофаасини таъминлайди ва касалликларга чидамлилигини оширишда катта рол ўйнайди.

Тананинг ҳимоя хусусиятларини рағбатлантириш учун қора седана ёғини эрталаб оч қоринга, тушликда овқатдан бир соат олдин ва кечқурун ётишдан олдин ичиш тавсия этилади. Катталар учун 1 ош қошиқ меъёр ҳисобланади.

Вазн камайтириш учун қора седана ёғини қанча ва қандай ичиш керак? — Дарё  Янгиликлари

Табиблар, агар одамлар ҳелбанинг қанчалик фойдаси борлигини билганда эди, уни олтин нархига сотиб олишарди, дейишган. Олимларнинг саъй-ҳаракатлари туфайли бу ажойиб ўсимликнинг фойдалари ҳақида жуда кўп маълумот айтилган, лекин негадир кўпчилик неча асрлардан буён фойдаланиб келинаётган уруғларга соғлиқни тиклаш учун эътибор бермай қўйдилар.

Хельба - Чайная Гавань

Шундай қилиб, ҳелба уруғлари шамоллаш, иситма ва вирусли инфекцияларнинг оқибатларидан халос бўлишга ёрдам беради. Юмшатувчи хусусиятлари туфайли бу ўсимлик шамоллашни даволашда, яллиғланишга қарши ва экспекторан сифатида ишлатилади. Бу балғамни юмшатиш ва эритиш ва лимфа тизими орқали токсинларни олиб ташлашга кўмаклашади. Шунинг учун ярим литр сувга бир ош қошиқ ҳелба уруғи солиб ичилса, шамоллашни даволайди. Бундан ташқари, қўшимча витаминлаш таъсирини таъминлаш учун кўпинча ичимликка клюква ёки лимон шарбати қўшилади.

Клюква — нима сабабдан уни иммунитет учун энг фойдали мева ...

Мақолада баён қилинган маҳсулотлар соғлиқни мустаҳкамлаш учун самарали ҳисобланади. Шифобахш маҳсулотларни истеъмол қилиш билан бирга фаол ҳаёт тарзини олиб бориш, меъёрида овқатланиш ва ибодатларни кўпайтириш ҳам керак.

 

Пўлатхон Каттаев,
ТИИ Ҳадис ва ислом тарихи фанлари кафедраси катта ўқитувчиси.