Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Рамазон ойида ўзининг вақтини ва молини Аллоҳнинг тоатига сарфлаган ақлли мусулмон ўзига энг муҳим саволни бериши керак, бу ҳам бўлса «Рамазон ойидан сўнг нима қиламан?» деган саволдир.
Эй биродар билингки, Аллоҳ таоло яхшилик эшикларини йил давомида осон ва енгил ҳолда очиб қўяди. Бахтли инсон бу яхшиликлардан ўз насибасини олишга шошилган инсондир. Шунинг учун Аллоҳдан муваффақият сўраган ҳолда қуйида ўзимга ва биродарларимга Рамазондан кейинги баъзи яхшилик эшикларини эслатиб ўтишни хуш кўрдим:
Кечалари қоим бўлишни давом эттириш
Намоз бу банда ва унинг Роббиси ўртасидаги риштадир. Агар мусулмон таровеҳ намози ва Рамазоннинг охирги ўн кунлигидаги ибодатларга одатланган бўлса Рамазондан кейин ҳам кечалари намоз ўқиш унга осон бўлади. Кечаси банда ўз Роббиси билан ёлғиз қолади. Бундан фойдаланиб унга истиғфор айтади ва Аллоҳдан дунё ва охират ҳожатларини сўрайди. Эй биродар, агар кечаси тура олмасангиз уйқудан аввал бир неча ракат намоз ўқинг ва билингки кечаси ибодат қилиш солиҳлар ва Аллоҳга мухлис бўлган зотлар одатидур. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: “Уларнинг ёнбошлари ўрин-жойларидан йироқ бўлур (яъни, тунларни ибодат билан ўтказишиб, оз ухлайдилар). Улар Парвардигорларига қўрқув ва умидворлик билан дуо-илтижо қилурлар ва Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан инфоқ-эҳсон қилурлар”. (Сажда сураси, 16-оят).
Ва яна бир оятда: “Албатта тақводор зотлар (у Кунда) Парвардигор ўзларига ато этган нарсаларни (ажр-мукофотларни) қабул қилган ҳолларида жаннатлар ва чашмалар устида (бўлурлар). Зеро, улар бундан илгари (яъни, ҳаёти дунёдалик чоғларида) чиройли амаллар қилгувчи эдилар. Улар кечадан озгина (фурсатгина) кўз юмар эдилар. Ва саҳарларда улар (қилган саҳву-хатолари учун Парвардигордан) мағфират сўрар эдилар. (Ваз-Зориёт сураси 15-19 оятлар).
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
Албатта Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам оёқлари қаваргунча кечаси қоим бўлардилар. Шунда Оиша розияллоҳу анҳо: Эй Расулуллоҳ нега ундай қиласиз ахир Аллоҳ сизнинг олдингию кейинги гуноҳларингизни мағфират қилганку – деди. у зот, шукр қилувчи банда бўлмишни яхши кўрмайманми» дердилар. Ёшлари улғайганда ўтириб ўқирдилар, рукуъ қилишни ҳоласалар ўрниларидан туриб рукуъ қилардилар.
Бухорий ва Муслим ривоят қилган.
Яна бир ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Саломни таратинг, таомни тарқатинг, инсонлар ухлаб ётганда кечаси намоз ўқинг, саломатлик-ла жаннатга кирурсиз”.
Термизий ривоят қилган.
Яхши-ёмон кунларда кўп дуо қилиш.
Рамазон ойида ифтор вақтида дуо қилишга ўрганган мусулмон Рамазондан кейин ҳам йил давомида дуони канда қилмаслиги керак. Шунингдек ҳар-бир мусулмон банда Аллоҳ таолога холисона яхши-ёмон кунларда қилинган дуоларни қайтармаслигини билиши керак. Бу нарсани Аллоҳ таоло қуйидаги сураларда баён қилди: “(Эй Муҳаммад алайҳиссалом), бандаларим сендан мен ҳақимда сўрасалар, мен (уларга) яқинман. Менга дуо қилган пайтларида дуогўйларнинг дуосини ижобат қиламан. Бас, улар ҳам менинг даъватимга жавоб қилсинлар ва менга иймон келтирсинлар. (Шунда) шояд тўғри йўлни топсалар”. (Бақара сураси 186 – оят). “Ёки музтар-ночор одам дуо-илтижо қилган вақтида (дуосини) ижобат қиладиган ва (унинг) мушкулини осон қиладиган ҳамда сизларни ернинг халифа-эгалари қиладиган Зотми?! Аллоҳ билан бирга яна бирон илоҳ борми?! Камдан-кам эслатма-ибрат олурсизлар!” (Намл сураси 62 – оят). “(Эй инсонлар), Парвардигорларингиз: "Менга дуо-илтижо қилинглар! Мен сизларга (қилган дуоларингизни) мустажоб қилурман. Албатта Менга ибодат қилишдан кибр-хаво қилган кимсалар яқинда бўйинларини эгган ҳолларида жаҳаннамга кирурлар", деди.” (Ғофир сураси 62 – оят).
Нуъмон ибн Башийр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Дуо бу ибодатдур”- дедилар. саҳиҳ Абу Довуд.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Банда Аллоҳга сажда ҳолатида энг яқин бўлади, (шу ҳолатда) дуони кўпайтиринглар”- дедилар.
Муслим ривоят қилган.
Қуръон тиловати ва уни ёд олиш.
Рамазонда Қуръонни тиловат қилиб унинг баъзи қисмларини ёд олишни одат қилган биродарим, бу ишингизга йилнинг бошқа даврида ҳам амал қилинг. Ўзингизга Қуръонни маълум қисмини тиловат қилиб унинг баъзи қисмини имконингиз қадар ёд олишни белгилаб олинг. Аллоҳ таоло бу амалнинг фазилати ҳақида Қуръони каримда шундай дейди:
“Албатта Аллоҳнинг Китобини (Қуръонни) тиловат қиладиган, намозни тўкис адо этадиган ва Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан махфий ва ошкора инфоқ-эҳсон қиладиган зотлар ҳаргиз касод бўлмайдиган олди-сотдидан (яъни, улардан яхши амал ва инфоқ-эҳсон, Аллоҳдан ижру-мукофот бўлишидан) умидвордирлар, зеро, (Аллоҳ) уларнинг ажрларини комил қилиб берур ва Ўз фазлу-карамидан уларга яна зиёда (мукофотлар) ҳам берур. Албатта У Мағфиратли ва ўта Шукр қилгувчидир (яъни, озгина яхши амал учун кўп мукофот ато қилгувчидир)”. (Фотир сураси, 29-30 оятлар).
Абу Умома Ал-Боҳилийдан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни - “Қуръонни ўқинглар, чунки у қиёмат куни эгасига шафоатчи бўлиб келади” деганларини эшитдим. Муслим ривоят қилган.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Кимда ким Аллоҳ таоло китобидан бир ҳарф ўқиса битта яхшилик ёзилади ва бу яхшилик ўн мислига кўпайтирилади, Алиф Лом Мийм харф демайман, лекин Алиф харф, Лом харф, Мийм харф” дедилар.
Термизий ривоят қилган.
(Давоми бор)
Манба: islamtoday.net
Муҳаммадали таржимаси
Манба: https://islom.uz
Муҳтарама синглим! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларида юз берган энг оғир, у зотга энг кўп қайғу келтирган мусибат ҳақида ўқишдан олдин фикрингизни бир жойга жамлаб, яхшилаб ўйлаб, қуйидаги саволларга жавоб бериб кўринг:
Ҳаётингизда қандай ҳолатлар сизни қайғуга солган?
Уларнинг сабаби ҳақида ўйлаб кўрганмисиз?
Ўша ҳолатларда ўзингизни қандай тутгансиз?
Уларнинг қайси бирини энг оғир мусибат деб билгансиз?
Бу саволлар ҳақида кенгроқ фикр юритиб жавоб берган бўлсангиз, келинг, энди Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларида юз берган энг оғир мусибат билан танишамиз.
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жуфти ҳалоллари Оиша розияллоҳу анҳо бундай деганлар:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга «Бошингизга Уҳуд кунидан ҳам оғирроқ кун келганми?» дедим. У зот шундай дедилар: «Ҳа, бу қавм менга кўп озорлар етказди. Аммо уларнинг энг оғири Ақаба куни бўлган. Ўшанда Ибн Абду Ялил ибн Абдукулолга мени ҳимояга олишни таклиф қилган эдим. Лекин у мен истаган нарсани қабул қилмади. Мен ташвишланиб, бошим оққан томонга қараб юриб кетдим. Бир жойга келганда ўзимга келиб, бошимни кўтардим. Қарасам, тепамда бир булут менга соя солиб турибди. Разм солсам, унинг устида Жаброил бор экан. У менга шундай нидо қилди: «Аллоҳ қавмингнинг сенга айтган гапини, сенга нима жавоб қайтарганини эшитди. У Зот ҳузурингга тоғ фариштасини юборди, уларни нима қилишни истасанг, буюришинг мумкин», деди. Шу пайт тоғ фариштаси менга салом бериб, «Эй Муҳаммад! Нима десангиз, шуни қиламан. Истасангиз, уларнинг устига Маккадаги иккита катта тоғни тўнтариб ташлайман», деди».
Оиша розияллоҳу анҳо Уҳуд жангида Расулуллоҳнинг қанчалар маҳзун бўлганларини кўрган эдилар. Бу жангда етмишта энг забардаст саҳоба шаҳид бўлган. Ўша жангда мушриклардан бири Расулуллоҳнинг юзларига қилич билан урганида юзлари қонаб кетган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам юзларидаги қонни арта туриб, «Аллоҳга даъват қилаётган пайғамбарининг юзига жароҳат етказиб, тишини синдирган қавм қандай нажот топади?» деб, куйинган эдилар. Жанг тугагач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шаҳид бўлганларни бирма-бир кўздан кечира бошладилар. Амакилари Ҳамза ибн Абдулмутталибнинг жасади қаршисида тўхтаб қолдилар. Ҳамза у зот учун энг суюкли, қариндошлари ичида энг қадрли инсон эди. Мушриклар Ҳамзанинг қорнини ёриб, ички аъзоларини чиқариб ташлашибди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам буни кўриб, қаттиқ изтироб чекдилар, «Энди менга сизнинг фироқингиздан оғир мусибат йўқ», дедилар.
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Ҳамза ибн Абдулмутталибга йиғлаганларидек қаттиқ йиғлаганларини кўрмаганмиз. У зот амакиларини қибла тарафга қўйиб, жанозасини ўқишга турганларида йиғидан ўзларига сиғмай кетдилар».
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларига, саҳобаларига етган мусибатларни дуо билан, сабр билан енгар эдилар.
Убайд ибн Рифоъа Зуроқий отасидан ривоят қилади:
Уҳуд жанги куни кўз ёшлари қонларига аралашиб, ниҳоятда оғир мусибат етиб турган лаҳзаларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тутган йўллари энг тўғри йўл эди. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларининг олдида туриб, Аллоҳ таолога дуо қилиб, уларнинг қалбидаги иймонни янада мустаҳкамладилар. Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло берган нарсани тўсувчи йўқ, У Зот тўсганини эса берувчи йўқ.
Абдуллоҳ Абдулмуътий, Ҳуда Саъид Баҳлулнинг
“Қулоғим сенда қизим” китобидан Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ,
Абдулҳамид Умаралиев таржимаси.