Етмиш беш кун. Бу кунлар давомида замин аҳли қатори бизнинг юртимизда ҳам мусибат – пандемия “булут”лари халқимиз саломатлигига хавф солиб турибди ва афсуски бу давом этмоқда.
Бир муддат мутахассислар ва шифокорлар талабига биноан уйда қолдик, тозаликка жиддий эътибор қаратдик, ўзимизни турли нафсимиз буюрган истаклардан тийган эдик Аллоҳ таоло мушкулотимизни бироз енгиллатиб, вабони йироқлатгандек бўлди. Аммо, енгилликларни нотўғри тушунгандек, гўё касаллик тугади дегандек бепарво бўлдикми...
Сўнги хафта давомида касалликка чалинганлар сони яна орта бошлади. Сергак торттирадиган томони шундаки касаллик маҳаллий аҳоли орасида ҳам аниқланмоқда.
Карантин. Бу сўз айни дамда ҳаётимизнинг бир қисмига айланиб улгурди. Кичик ёшдаги фарзандингиз кўчага чиқаиб ўйнайлик деса, карантин деб жавоб берасиз. Аёлингиз бозорга бориайлик деса карантин дейсиз. Ўғлингиз ўртоқларининг ёнига чиқайин деса яна карантин дейсиз. Хуллас, оилангиз ва ўзингиз учун карантин анчагина чеклов бўлмоқда. Бундай ҳол дилингизни хира қилиши аниқ. Лекин, бир ўйлаб кўрсак карантин бизнинг саломатлигимиз, ҳаётимиз учун сув билан ҳаводек ўта зарур нарса эканлигини ҳис этамиз.
Сабр. Шу дамда биз учун фақатгина сабр ёрдамчи ва нажот йўли бўла олади. Чунки, мусулмон учун сабр Аллоҳ таоло мақтаган ва Пайғамбар алайҳиссалом тавсия этган хислатларнинг энг аълосидир.
Уламолар айтади:
Демак, биз яхши кунларимизда бўлгани каби мусибат чоғларида хам сокинлик ила, тафаккур ва тадаббур билан сабр қилмоғимиз лозим.
Сабрнинг ўзи етарлими? Йўқ албатта. Асосий қиладиган ишимиз Аллоҳдан балоларни тезроқ аритиши учун ёрдам сўрашимиз керак. Зеро, Аллоҳ таоло Ўз Каломи Қуръони каримнинг Бақара сураси 45 оятида мушкул вазиятда нима қилишимиз ҳақида таъкидлаган:
“Сабр ва намоз ила ёрдам сўранг. Ва, албатта, у нафси синиқлардан бошқаларга жуда катта ишдир”.
Демак, Аллоҳдан ёлвориб, ибодатларимизда юртимизга тинчлик ва халқимизга офият сўраб дуо қилишимиз керак экан.
Шундан сўнг ҳам синов-имтиҳон давом этса, бунинг ҳикмати борлигини идрок қилиб, ҳамма нарса Аллоҳнинг хоҳиши билан бўлишига иймон келтирамиз. Аллоҳнинг раҳмати ва офияти етишини кутамиз.
Аллоҳ таоло “Луқмон” сурасининг 17 оятида шундай марҳамат қилади:
“Эй ўғилчам, намозни тўкис адо қил, яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтар ва ўзингга етган мусибатга сабр қил. Албатта, булар азм этилажак ишлардандир”.
Ҳадиси шарифлардан бирида эса Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳеч кимга сабрдан кўра яхшироқ ва кенгроқ ато берилмаган”, дедилар”. Бешовлари ривоят қилган.
Азизлар! Давлатимиз раҳбари бошчиликларида халқимиз саломатлиги ва пандемия шароитидаги ижтиомий-иқтисодий ҳолатларини яхшилаш бўйича туну-кун ҳукумат томонидан турли тадбирлар амалга оширилаётган бир пайтда, бизнинг ҳавойи нафсимиз ва истакларимизга қулоқ солиб, зерикишни баҳона қилиб, кўча-кўйда заруратсиз юришимиз, ошна-оғайингарчилик, сайру-саёҳат, чигал ёзди, ўйин-кулгуларга берилишимиз нечоғлик тўғри бўлар экан?
Ахир ким кафолат беради ёнимиздаги шеригимизнинг вирусга чалинмаганига ёки кўча кўйда вирус юқтириб олмаслигимизга...
Яна бир муддат САБР қилайлик! Инша Аллоҳ ҳаммаси изига тушади. Бутун дунё шу қаторда бизнинг давлатимиз ҳам мазкур вабога қарши жиддий курашмоқда. Биздан эса фақат уйда қолиш, ортиқча кўчага чиқишдан тийилиш ва нафсимизга кўпам қулоқ солмаслик талаб этиляпти холос!
“Амал қилгувчиларнинг ажри қандай ҳам яхши! Улар сабр қилган ва Роббиларигагина таваккул қиладиган зотлардир” (Анкабут сураси 58-59 оятлар)
Манбалар асосида Саидаброр Умаров тайёрлади
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
"Аллоҳ сиздан енгиллатмоқни ирода қиладир. Ва инсон заиф яратилгандир".
Инсонни Аллоҳ таолонинг Ўзи яратган. У Зот Ўз бандасининг хусусиятларини яхши билади. Шунинг учун ҳам инсонга фақат Аллоҳ таолонинг кўрсатмаларигина тўғри келиши мумкин. Ушбу оятда Аллоҳ таоло инсоннинг заиф ҳолда яратилганини таъкидламоқда. Яратувчининг Ўзи «заиф яратилган», деб турганидан кейин, шу заиф инсонга йўл кўрсатишда У Зот оғирликни хоҳлармиди? Йўқ, У Зот енгилликни хоҳлайди.
Ислом шариати, умуман, енгиллик устига бино қилингандир. Бу ҳақда кўплаб оят ва ҳадислар бор. Ҳаммаси ўз ўрнида баён қилинади. «Нисо» сурасининг бошидан муолажа қилиб келинаётган масалалар, хусусан, эркак ва аёл, оила, никоҳ масаласига келсак, ушбу оятда бу масалаларда ҳам Аллоҳ Ўз бандаларига енгилликни исташи таъкидланмоқда. Зоҳирий қаралганда, диний кўрсатмаларни бажариш қийин, шаҳватга эргашганларнинг йўлларида юриш осонга ўхшайди. Исломда ҳамма нарса ман қилинган-у, фақат биргина йўлга рухсат берилганга ўхшайди. «Номаҳрамга қарама», «У билан ёлғиз қолма», «Уйланмоқчи бўлсанг, олдин аҳлининг розилигини ол», «Маҳр бер», «Гувоҳ келтир» ва ҳоказо. Ҳаммаси қайдлаш ва қийинчиликдан иборат бўлиб туюлади. Шаҳватга эргашганлар эса «Ёшлигингда ўйнаб қол, гуноҳ нима қилади», дейишади. Бу эса содда ва осон кўринади. Ҳақиқатда эса ундай эмас. Натижага қараганимизда бу нарса яққол кўзга ташланади. Дунё тарихини кузатадиган бўлсак, оила масаласига енгил қараган, жинсий шаҳватга берилган халқлар, давлатлар ва маданиятлар инқирозга учраган. Қадимий буюк империяларнинг шармандаларча қулашининг асосий омилларидан бири ҳам шу бўлган.
Бизнинг асримизга келиб, Ғарбда, ўзларининг таъбири билан айтганда, жинсий инқилоб бўлди. Жинс борасида олимлар етишиб чиқдилар. Улар «Жинсий ҳуррият бўлмагунча, инсон тўлиқ ҳур бўла олмайди. Агар жинсий майллар жиловланса, инсонда руҳий тугун пайдо бўлиб, унда қўрқоқлик ва бошқа салбий сифатлар келиб чиқишига сабаб бўлади», каби ғояларни тарқатишди. Оқибатда жинсий инқилоб авжига чиқди.
Натижасини – ҳар хил бало-офатлар буҳронини ҳозир ўзлари кўриб-татиб туришибди. Ахлоқий бузуқлик, оиланинг ва жамиятнинг парчаланиши, ҳаётга қизиқишнинг йўқолишидан ташқари, сон-саноғига етиб бўлмайдиган муаммолар пайдо бўлди. Жинсий инқилоб оқибатида тараққий этган ғарб давлатларининг туб аҳолиси даҳшатли суръатда камайиб бормоқда. Кўз кўриб, қулоқ эшитмаган таносил касалликлари келиб чиқди, ҳар йили сон-саноқсиз одамлар шу касалликлардан ўлмоқда. Насл бузилиб, одамлари заифҳол ва касалманд бўлиб бормоқда. Турли ақлий ва руҳий касалликлар урчиди. Охири келиб, касалликларга қарши инсондаги табиий монеликнинг йўқолиши (ОИТС) касаллиги пайдо бўлди. Бу касаллик ҳақли равишда, XX аср вабоси деб номланди. Унинг давоси йўқ. Бу дардга чалинишнинг сабаби зинодир. У билан касалланган одам тез муддатда ўлади. Ҳамма даҳшатда. Бу дардга чалинмасликнинг йўллари ахтарилмоқда, бу йўлда беҳисоб маблағлар сарфланмоқда, мазкур вабога чалинмасликнинг турли чоралари таклиф этилмоқда. Қонунлар чиқарилмоқда, идоралар очилмоқда.
Лекин шаҳватга эргашганлари сабабли улар энг осон, энг ишончли битта йўл – Аллоҳнинг йўлига қайтишни хаёлларига ҳам келтиришмаяпти. Ақалли ушбу дарднинг бевосита сабабчиси бўлмиш зинони ман этувчи қонун чиқаришни ҳеч ким ўйлаб ҳам кўрмаяпти. Чунки шаҳватга эргашганлар шаҳватга қарши чиқа олмайдилар. Уларнинг ўзлари шаҳватга банда бўлганлари учун унга эргашганлар. Ўзларини зоҳирий енгил кўринган ишга уриб, энди оғирликдан бошлари чиқмай юрибди. Зоҳирий оғир кўринган бўлса ҳам, Аллоҳ кўрсатган йўлга юрган бандалар бошида мазкур оғирлик ва машаққатларнинг бирортаси ҳам йўқ. Улар мутлақ енгилликда, фаровон турмуш кечирмоқдалар.
"Тафсири Ҳилол" китобидан