Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
27 Ноябр, 2024   |   26 Жумадул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:01
Қуёш
07:25
Пешин
12:16
Аср
15:15
Шом
16:59
Хуфтон
18:17
Bismillah
27 Ноябр, 2024, 26 Жумадул аввал, 1446

Оилада фарзанд тарбияси: ТАЪЗИЯ БИЛДИРИШ ОДОБИ АКСА УРИШ ВА ЭСНАШ ОДОБИ

27.05.2020   6116   19 min.
Оилада фарзанд тарбияси: ТАЪЗИЯ БИЛДИРИШ ОДОБИ АКСА УРИШ ВА ЭСНАШ ОДОБИ

 

ТАЪЗИЯ БИЛДИРИШ ОДОБИ

Ушбу одоб борасида муҳтарам уламоларимиз, устозларимиз битган жуда кўп мўътабар манбалар бор. Бундай ҳолатга  ҳар бир мусулмон фарзанди учраши табиий бир ҳол бўлгани учун ҳам унга бу одобни сингдирмоқ лозим. Инсон ҳаёт экан, ўлим соя солиб туради. Ҳар бир киши ота-онаси, яқини, қадрдони, азизи ёки дўсту биродарини бир кун келиб йўқотади. Шу важдан мусибатзада хонадонга бориб таъзия билдирмоқнинг ўзига хос тартиб-қоида ва одоб-ахлоқлари мавжуд бўлиб, уларни ўрнида қўллаш лозимдир.

 

Мусибат етган ҳолатда

Агар бир киши биродарининг вафот этганини эшитса: «Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун», дейиши керак.

Аҳли мусибатга хоҳ дафндан илгари, хоҳ дафндан сўнг, таъзия изҳор қилиш мустаҳаб. Имом Муҳаммад (раҳматуллоҳи алайҳ) наздиларида, таъзия уч кунгача жоиз. Ундан сўнг макруҳдир.

Тобут олиб кетаётган кишиларга сукут вожибдир. Бу ҳолда зикр ва фикрга машғул бўлиш мустаҳаб. Лекин зикр жаҳрий (баланд) қилинмайди. Аёлларнинг тобут орқасидан чиқишлари макруҳдир.

Аҳли мусибат қуйидагиларни айтади ва сабр қилади: «Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун. Аллоҳумма ажирни фи мусибати ва ахлифли хойрон минҳо».

Аҳли мусибат овоз кўтариб йиғламаслиги лозим бўлади. Ҳадиси шарифда келишича, аҳли мусибатнинг овоз чиқариб йиғлашидан маййит азоб тортади.

Маййитни кўмганидан сўнг ҳар ким ўз ишига кетади. Бир ерда йиғилишиб ўтирилмайди, чунки бу маййит учун ёмондир.

رَوَى ابْنُ مَاجَةَ وَالْبَيْهَقِي عَنْ عَمْرِو بْنِ حِزامٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ  عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: مَا مِنْ مُؤْمِنٍ يُعَزِّي أَخَاهُ بِمُصِيبَةٍ إِلاَّ كَسَاهُ اللهُ عَزَّ وَجَلَّ مِنْ حُلَلِ الْكَرَامَةِ

Ибн Можа ва Байҳақий Амр ибн Ҳизомдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади, Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Мўмин киши мусибат етган биродарига таъзия билдирса, Аллоҳ азза ва жалла уни азизлик либоси билан безайди”, дедилар.

Дафн маросимидан олдин бўладими ёки уч кунлик аза давомида, аҳли маййитларнинг барчаларига таъзия билдириш жоиз бўлади. Аммо имкон қадар эшитиши билан дарҳол таъзия изҳор қилишга шошилиш лозим. Бироқ сафарда ёки шунга ўхшаш сабаблар туфайли кечиккан одам уч кундан кейин ҳам таъзия билдириши мумкин.

Уламолар маййитнинг ёш қизига ва аёлига таъзия билдириш фақат маҳрамларига жоиз деганлар.

 

Таъзия сўзларини айтиш

Имом Нававий “Азкор” номли китобида келтиради:

Таъзия билдиришнинг энг яхшиси Усома ибн Зайддан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади. “Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қизларидан бирига унинг фарзанди вафот этгани ҳақида хабар бериш учун бир кишини юборди. Хабарчига: «Бориб айтгин, албатта, Аллоҳ ўзи бериб, яна ўзи олди, ҳар нарсанинг ўз ажали бордир”, деб уни сабрга буюргин ва у албатта савоб олади...» дедилар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Имом Нававий ҳазратлари айтади:

Таъзия лафзида ман қилинган лафз йўқ, яъни ҳар қандай тасалли берадиган сўз билан таъзия билдириш мумкин.

Аммо саҳобалар таъзия билдиришда: “Аллоҳ ажрингни улуғ қилсин, сабрингни гўзал қилсин ва вафот этганни мағфират қилсин”, дейишни мустаҳаб санаганлар.

 

Мусибат аҳлига таом пишириш мустаҳаб

Ислом шариати азадор хонадон аҳлига таом пишириб беришни мустаҳаб ҳисоблайди. Чунки бу амалда кўп яхшиликлар, саховат, меҳру оқибат мавжудлиги боис ўтган салафларимиз ва аждодларимиз одат тусига киргизганлар. Қолаверса, маййит соҳиблари мусибат туфайли толиқишган ва аза кунлари (уч кун) таъзия билдирувчилар ташрифи билан банд бўладилар.

رَوَى  أَبُو دَاوُدَ وَابْنُ مَاجَةَ عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ جَعْفَرٍ قَالَ: “ قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ  عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: اصْنَعُوا لِآلِ جَعْفَرٍ طَعَامًا ،  فَإِنَّهُ قَدْ أَتَاهُمْ  أَمْرٌ يَشْغَلُهُمْ”

Абдуллоҳ ибн Жаъфар (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Жаъфар оиласига таом пиширинглар, чунки бошларига уларни банд қилиб қўядиган иш тушди”, дедилар (Абу Довуд ва Ибн Можа ва Термизий ривояти).

Барча мазҳаб уламолари маййит аҳлларига жаноза ва аза кунларида таъзия билдириш учун ташриф буюрганлар учун таом пиширишнинг макруҳлигига иттифоқ қилганлар.

Жарир (розияллоҳу анҳу): “Маййитни дафн қилганидан сўнг маййит аҳлига йиғилиб туришни ва таом пиширишни  ўлганга дод солиб йиғлашдан деб ҳисоблардик”, деди.

Диёримизнинг кўпгина ҳудудларида ҳали-ҳануз ушбу бидъат амал барҳам топмаяпти. Маййитнинг яқин қариндош-уруғлари йиғилишиб, ўзларича “азадорлик” либосларини кийиб, бир неча кун мобайнида тирикчилигу барча зарур ишларни ташлаб, шу хонадондан кетмайдилар. Бунинг устига давра бўлишиб, аёллардан бири айтиб туриб, бошқалари уввос солиб, жўр бўлиб дод-фарёд этишлари шаккокликнинг бир кўринишидир. Айниқса, шариат қонун-қоидаларини оёқости қилиб, ҳатто ҳали маййитга жаноза ўқилмасдан, қўй-молларни сўйиб, гўёки тўй зиёфатини тайёрлаётганидек, таомлар пиширишни бошлаб юборадилар. Кези келганида айтиб ўтишимиз жоиз, маййит чиққан хонадон “албатта қилиши лозим” маъносида сингиб кетган “уч, етти, йигирма, қирқ, йил оши” каби маъракалар ҳақида бирор китоб ва манбаларда хабар битилмаган. Исломга тааллуқли ҳеч бир ўринда эътироф этилмаган. Бир имом-домла шундай воқеалардан бирини ҳикоя қилди:

Бир йигит олдимга келиб: “Тақсир, фалон куни соат ўн бирда отамга йилоши бермоқчимиз, шуни ўзингиз ўтказиб берсангиз”, деди. Мен унга: “Ука, аввало “йил­оши” деган маърака бидъатдир. Отангиз ёки бирор ўтганларнинг руҳини чин маънода шод этмоқчи бўлсангиз, исрофгарчиликсиз, ихчамгина, шариатимиз кўрсатмаларига мос тарзда, Аллоҳ ризолиги йўлида, савобини ўша ўтганларга ният қилиб бахшида этилади ва Яратгандан дуои илтижолар қилинади. Савоби кўпроқ яна бир йўли бор: қариндош, маҳалладошлар орасида кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилалар, меҳрга муҳтож ёлғиз қариялар бўлса, ана ўшаларга ёрдам қилинса, нур устига нур бўлади. Ният қанчалар холис бўлса, иншааллоҳ, Яратган буни инобатга олиб, даргоҳида қабул бўлади”, деб маслаҳат бердим.

Шунда йигит:

  • Домла, тайёргарчилик кўриб қўйганмиз, илтимос, йўқ деманг,– деди.
  • Бўлмаса, иккита шартим бор.
  • Айтинг.
  • Биринчиси, ажратган маблағингизнинг ярмини мен айтган ёрдамга муҳтож кишиларга тарқатасиз. Иккинчиси, “йилоши” эмас, отамнинг руҳини шод этиш учун Аллоҳ йўлида эҳсон, деб ният қилиб, бошқа кунга кўчирасиз. Ана ўша куни бориб, отангиз ва барча хонадонингиздан умидвор бўлган аждодлар руҳига Қуръон тиловати ва дуолар қилиб қайтамиз.
  • Тақсир, биринчи шартингиз майли, аммо иккинчисини бажаришнинг иложи йўқ. Нега десангиз, ўтган йили айнан шу куни отам қазо қилган. Шунинг учун уйдагилар билан маслаҳатлашиб, шу қарорга келганмиз.

Бу ҳозирги кунда рўй бераётган воқеалардан бири, холос. Диёримиз бўйлаб, шукрлар бўлсин, икки мингдан зиёд жоме масжидлар фаолият юритиб, уларнинг ҳар би­рида маълумотли, илмли, савияси юқори имом-хатиб ва ноиби имомларимиз хизмат кўрсатиб турибди. Ушбу имом-домлаларимиз томонидан тушунтириб ва уқтириб борилаётган, бажарилиши лозим бўлган фарз, вожиб, суннат амалларга эътибор ҳам бермасдан, бирор-бир мўътабар китобларимизда зикр этилмаган, илмли инсонлар айтмаган бу каби бидъат амаллар турмушга сингиб кетгани кишини ташвишлантиради. Бугунимиз ва келажагимиз эгалари  бўлган азиз фарзандларимизни шундай тарбия қилайликки, улар бу бидъатлар Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бизларга берган таълимотларига ва Ислом дини одобларига зид эканини қалблари ила англасинлар. Ана шундагина халқимиз бу каби иллатлардан халос бўлади.

 

Таъзия изҳор қилувчининг одоби

Таъзия билдирувчи амал қилиши лозим бўлган одоб қоидалари қуйидагилардир:

– Қуръони карим тиловат қилинаётганида сукутга чўмиб эшитиш;

– таъзия қабул қилувчиларга мусибатга хос сўзлар билан ҳамдардлик билдириб, тасалли бериш;

– жаноза намози ўқилгунга қадар бироз муддат туриш ёки ўтиришни вазият тақозо этса, соҳиблар кўрсатган жойга ўтиб, маъюс қиёфада бўлиш.

Таъзия изҳор қилувчи қуйидаги ҳаракатлардан сақланади:

– кулишдан, табассум қилишдан ёки ҳазил хатти-ҳаракатдан;

– ҳамдардлик билдиришда ноўрин сўзларни айтишдан. “Суянган тоғдан айрилибсизлар”, “Беажал кетибди бечора”, “Аттанг, ўладиган ёшда эмасди” қабилидаги гапларни айтиш шаръан ножоиз, уни айтган киши гуноҳкор бўлади.

– таъзия изҳор қилувчилар аза хонадонида узоқ қолиб кетмайдилар.

Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади.

Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Фотимага (розияллоҳу анҳо): “Эй Фотима, нима сени уйингдан чиқарди?” дедилар. Шунда Фотима (розияллоҳу анҳо): “Бу маййитнинг аҳлига бордим, уларга раҳмат тиладим ва уларга ҳамдардлик изҳор этдим”, деди (Абу Довуд ва Насоий ривояти).

 

Қайтарилган нарсани кўрганида

яхшиликка буюриш

Таъзия изҳор этувчи ногаҳон азадор хонадонда  маййит суратини осиш, Қуръон ўқилиётган пайтда шовқин солиш, тамаки ёки нос чекиш, ғамгин мусиқа чалиш ва ташриф буюрганларга зиёфат ташкил этишга ўхшаш шариатда ман этилган ҳолатни кўрса, ундан маййит аҳлларини қайтариши керак. Бундай вазиятлар бўлса, маййит соҳибларининг қалбларига озор бермасдан, мулойимлик билан динимизга зид амал эканини тушунтириш ва бу бидъатларни бартараф этиш керак.

Абу Саид Худрий (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади. «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Киши ўзини таҳқирламасин”, дедилар. “Ё Аллоҳнинг расули, киши ўзини қандай таҳқирлайди?” дейишди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “У айтиш керак бўлган нарсани кўриб, айтмайди. Шунда Аллоҳ таоло қиёмат куни: “Менинг йўлимда шундай, шундай дейшингдан сени нима қайтарди?” дейди. У эса: “Одамлардан қўрқиш”, дейди. Аллоҳ таоло: “Мендан қўрқишинг ҳақли эди”, дейди”, дедилар» (Ибн Можа ривояти).

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) асҳобларини итоат этишга ва ҳар муслимга насиҳат қилишга байъат қилдирдилар.

Жарир (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади.

“Мен Пайғамбарга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) итоат қилишга ва ҳар бир мусулмонга насиҳат қилишга байъат қилдим”,  деди (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Жарир ибн Абдуллоҳдан ривоят қилади.

«Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким гуноҳ қилаётган қавм ичида бўлиб, уни ўзгартиришга қодир бўлиб, ўзгартирмаса, Аллоҳ уларга ўлмасдан туриб, азобини етказади”, деди» (Абу Довуд ривояти).

Албатта, яхшиликка буюриш ширинсуханлик, чиройли мавъиза ва ҳикматли услубда бўлиши керак. Шунинг учун кишиларнинг номақбул, турли фитналарни қамраб олган ишларини тузатишда ҳам қўполлик қилмасдан, уларнинг дилларини оғритиб қўймасдан, ақлли ва тадбирли бир йўл топайлик, натижада у одамлар нотўғри йўлдан қайтарган кишидан нафратланмасдан, аксинча, таъсирланиб, ўша инсонга нисбатан янада меҳри товлансин. Бол каби тотли, сув каби мулойим ва шамшир мисол ўткир ҳикматли сўзлар бор, бундай жозибали сўзлар эшитувчини тамоман бошқа инсонга айлантиради. Айни масалада ҳам салафларимизнинг ибратли ҳаётларига назар соламиз.

Мўғуллар истилоси пайтида Боязид Бистомий ҳазратлари йўлда кетаётсалар, қаршиларидан мўғул зобитларидан бири чиқиб қолди. Бистомий ҳазратларига: “Йўлимдан қоч, эй ит”, деб ҳақорат қилди. Шунда Боязид Бистомий ҳазратлари йўл четига оҳиста ўтдилар-да, Ислом аҳлининг етук намояндаларига хос бўлган назокату фасоҳат билан: “Тўғри айтасиз, агар инсонда Ислом бўлмаса, сиз айтган итдан ҳам баттар бўларди”, дедилар. Зобит тўрт-беш қадам ташлади-да, дод солиб ўзини отдан ерга ташлаб, Боязид Бистомий ҳазратлари рўпараларига келди ва: “Бунчалар ёқимли гап, яна бир бора айтинг”, деб ёлворди. Ҳазрат кўрдилар, унинг юзларида бир муддат олдин акс этган ёвузликдан асар ҳам йўқ, ўрнида энди балқимоқчи бўлаётган нур янглиғ ҳолат пайдо бўлган эди. Боязид Бистомий ҳазратлари айтган гапларини такрорладилар. Зобит тиз чўкиб ўтирган кўйи бир муддат ўйланиб, сўнгра кўзларига ёш келиб: “Менга динингиздан хабар беринг”, деди ва мусулмон бўлди.   

Дарҳақиқат, Боязид Бистомий ҳазратларининг юзларини мунаввар қилиб порлаб турган имон нурларию мукаммал имонлари ила лиммо-лим бўлган латиф қалбларидан отилиб чиққан, ҳикматга йўғрилган бу нафис сўзлар зобитнинг қалбига бемисл ёғду олиб кирди. Бу имон ёғдуси шуъла сочиб, куфр, залолат, зулм ва Ислом аҳлига бўлган чексиз адоватни парча-парча қилди.

Зеро, Қуръони каримда ҳам бундай таълим берилган:

ٱدۡعُ إِلَىٰ سَبِيلِ رَبِّكَ بِٱلۡحِكۡمَةِ وَٱلۡمَوۡعِظَةِ ٱلۡحَسَنَةِۖ وَجَٰدِلۡهُم بِٱلَّتِي هِيَ أَحۡسَنُۚ

«(Эй Муҳаммад!) Раббингизнинг йўли (дини)га ҳик­мат ва чиройли насиҳат билан даъват этинг! Улар билан энг гўзал услубда мунозара қилинг!..» (Наҳл, 125).

 

АКСА УРИШ ВА ЭСНАШ ОДОБИ

Ушбу одоб қоидаларини ўз ичига олган ҳадиси муборак билан батафсил танишамиз.

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Бирор киши акса урса, “Алҳамдулиллаҳ” десин, уни эшитган киши “Ярҳамукаллоҳу” десин. Агар акса урган кишига “Ярҳамукаллоҳу” деса, у “Яҳдикумуллоҳу ва юслиҳ балакум” десин», дедилар (Имом Бухорий ривояти).

Бу ҳадислардан акса урувчи “Алҳамдулиллаҳ” ёки “Алҳамдулиллаҳи Раббил оламин” ёки “Алҳамдулиллаҳи ала кулли ҳол” дейиши лозим бўлади. Дўст унга “Ярҳамукаллоҳ” дейиши керак. Унга аксирган биродари “Яҳдикумуллоҳу ва юслиҳ балакум” ёки “Яғфираллоҳу лан ва лакум” дейиши, мусулмон киши бу сўзларни ёдлаб олиши лозим.

 

Акса урувчи ҳамд айтмаса, унга ташмит айтмаслик

Абу Мусо (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Бирор киши акса урса ва Аллоҳга ҳамд айтса унга яхшиликни тиланглар. Агар Аллоҳга ҳамд айтмаса, бас, унга яхшиликни дуо қилманглар”, дедилар (Имом Муслим ривояти).

Анас (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) икки кишининг бирига яхшиликни дуо қилдилар ва иккинчисига дуо қилмадилар. Яхшилик дуо қилинмагани “Нега фалончига яхшиликни дуо қилдингиз, менга дуо қилмадингиз?” деди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “У Аллоҳга ҳамд айтди ва сен айтмадинг”, дедилар» (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Акса урувчига ҳамд айтишни эслатиш учун унинг  ҳузурида ҳамд айтишнинг зарари йўқ.

 

Қўл ёки рўмолча билан овозни пасайтириш

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) агар акса урсалар, оғизларига қўлларини ёки кийимларининг бир учини қўярдилар ва овозларини пасайтирардилар ёки беркитардилар” (Абу Довуд ва Имом Термизий ривояти).

 

Уч марта ташмит тилаш

Агар акса урувчи кетма-кет кўп акса урадиган бўлса, уч мартагача акса урганга яхшиликни дуо қилиш суннатдир.

Салама ибн Аква (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Бирор киши акса урса, ёнида ўтирган унга яхшилик тиласин. Агар у учтадан зиёд акса урса, бас, у шамоллагандир. Учтадан сўнг ташмит айтилмайди”, деганлар (Имом Муслим ва Абу Довуд ва Термизий ривояти).

Кўп уламолар ёнида ўтирган биродари уч мартадан сўнг тинчлик ва соғликни тилаб дуо қилишини мустаҳаб дедилар.

 

Мусулмон бўлмаганга ташмит айтилмайди

Абу Мусо Ашъарий (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларида яҳудийлар акса урарди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) “Ярҳамукаллоҳу” дейишни умид қилардилар. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) уларга “Яҳдикумуллоҳу ва юслиҳ балакум”, дердилар (Абу Довуд ва Имом Термизий ривояти).

 

Бегона аёлга ташмит айтилмайди

Кўп аҳли илм ва мужтаҳидлар бегона ёш аёл ёки қиз бола акса урса, унга ташмит айтишни макруҳи таҳрима деганлар. Кекса аёлга айтиш макруҳ эмас. Қизга айтишнинг макруҳлиги фитнанинг олдини олиш учундир.

Ибн Жавзий айтади: Имом Аҳмад ҳузурида бир обид киши бор эди. Имом Аҳмаднинг хотини акса урди. Обид унга: “Ярҳамукаллоҳ” деди. Шунда Имом Аҳмад: “Обид жоҳилдир”, деди ва бегона аёлга ташмит айтиш макруҳлигини билмаганини назарда тутди.

 

Қурби етса, эснашни қайтариш

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади. Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Агар сизларнинг биронтангиз эснаса, қурби етганча уни қайтарсин, чунки эснаса, шайтон кулади”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).

 

Эснашда қўлини оғзига қўйиш

Абу Саид Худрийдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қили­нади.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Сизларнинг биронтангиз эснаса, қўлини оғзига қўйсин (оғзини ёпсин), чунки шайтон (оғиздан) киради”, дедилар (Имом Муслим ривояти).

Кўп аҳли илм ва ижтиҳод аҳли намоз ичида ва намоздан ташқарида эснаганида қўли билан оғзини ёпишни мустаҳаб санашди.

 

Эснаш вақтида овозни баланд чиқармаслик

Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Албатта, Аллоҳ акса уришни яхши кўради. Агар сизларнинг бирортангиз эснаса, “ҳоҳ” демасин. Чунки у шайтондан, кулади”, дедилар (Имом Муслим ва Имом Аҳмад ва Имом Термизий ривоят қилади).

Абдуллоҳ ибн Зубайр (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳ азза ва жалла эснаш ва акса уришда овозни баланд қилишни ёмон кўради”, дедилар (Ибн Сунний ривояти).

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳаётлари давомида ҳеч қачон эснамаганлар. Аллоҳ изни билан эснаш у кишини тарк этган.

Юқорида айтилганлар акса уриш ва эснаш одобларининг Исломга оид энг муҳим қоидаларидир. Мураббийлар юқоридаги одобларни фарзандларга, аҳлига таълим берсинлар, токи улар ҳаётларида ва инсонлар билан ўзаро муомалада шуларни одат қилсинлар.

Мусулмон киши овқатланиш, чанқоқ босиш, салом бериш, изн сўраш, табриклаш, таъзия билдириш, акса уриш, эснаш одобларини билиб, уларга амал қилган сайин унинг хулқи камолга етиб боради. Булар Ислом дини барча мусулмонларга шарт қилган одоблардир.

Мураббийлар бугунги кунда бутун куч-қувватларини жамлаб, ўзларини, ғайрат ва қасдларини сафарбар этиши, ўсиб келаётган ёш авлодни шу одоблар асосида тарбиялашлари шарт бўлади. Тарбия фарзандлар гўдаклигиданоқ бошланса, чиройли натижа ва афзал самара беради. Агар бу масъулиятни адо қилсалар, Аллоҳ уларга бу дунёда яхшиликлар ва охиратда савоблар беради.

 

КЕЙИНГИ МАВЗУЛАР:

АҚЛИЙ ТАРБИЯ МАСЪУЛИЯТИ:

Мажбурий таълим масъулияти;

Аёлларнинг илм ўрганишдаги насибаси қандай?

Ақлан соғлом қилиб тарбиялаш масъулияти;

Тортинчоқлик;

Кутубхона
Бошқа мақолалар

Қиш мавсумида иммунитетни қандай мустаҳкамлаш керак?

25.11.2024   1818   4 min.
Қиш мавсумида иммунитетни қандай мустаҳкамлаш керак?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Кўпчиликгимиз узоқ вақт соғлом бўлиб юриш учун дорихоналардан “мўъжизавий таблетка” сотиб олишга кўплаб пул сарфлаймиз. Бу дорилар иммунитетимизни кучли қилишини ва яқинларимизни томоқ оғриғи, бронхит, гриппнинг ҳар қандай турлари ва бошқа касалликлардан ҳимоя қилади деган ишончдамиз.

Лекин, бугунги кунда фармацевтика саноати қанчалик муваффақиятларга эришган бўлишидан қатъи назар, мустаҳкам иммунитетга эга бўлиш учун уларнинг ўзи етарли эмас десак муболаға бўлмайди. Албатта, дори-дармоннинг инсон саломатлиги учун аҳамияти катта эканлигини инкор қилиб бўлмайди.

Соғлом организмли бўлиш учун дорихоналар билан бирга динимизда тарғиб қилинган, инсон саломатлигига фойдали бўлган табиий ўсимлик ва маҳсулотларга мурожаат қилиш ҳам самаралидир. Бу маҳсулотлар иммунитет тизимини ҳимоя қилишда мустаҳкам девор вазифасини ўтайди.

Ҳар бир мусулмон қиладиган кундалик ибодатлар нафақат савоб, балки саломатлик калити ҳамдир. Таҳоратнинг юрак-қон томир тизими учун фойдали эканлиги ва бундан ташқари, у рефлексологик усулларни ўзида мужассам этгани олимлар томонидан исботланганига анча йиллар бўлди. Совуқ сув билан таҳоратда юз-қўлни ювиш танани мукаммал даражада чиниқтиради. Оғиз ва бурунни мунтазам ювиш инфекцияларнинг ривожланишига тўсқинлик қилади. Умуман олганда, ҳаммаси оддий, таҳорат қилинг ва соғлом бўлинг!

Занжабил антибактериал, яллиғланиш ва микробларга қарши, антисептик, бактерицид хусусиятлари билан машҳур. Занжабил уйимизда доимо, айниқса куз ва қиш мавсумида бўлиши керак бўлган маҳсулотдир. Бу аччиқ илдиз соғлиқ учун C, Б витаминларига бой ва инсон организмидаги зарарланган ҳужайраларни даволаш ва янгилаш қобилиятига эга бўлган ретинол моддасини ўз ичига олади. Асал занжабилнинг фойдали хусусиятларини мукаммал равишда тўлдиради.

7 полезных свойств имбиря: от укрепления иммунитета до похудения

Қуръони каримда зикр қилинган шифобахш егуликлардан бири асалдир. У иммунитетимиз учун ажралмас маҳсулотдир. Эътибор берсак, инсон қони ва асалнинг кимёвий таркиби жуда ҳам ўхшаш. Инсон қони 24 микроэлементни ўз ичига олади, табиий асали эса 22 тани.

Асал — инсонлар учун шифодир

Танани иссиқ тутиш, совуқдан ҳимоя қилиш учун табиий асалнинг ёнғоқ билан аралашмаси самаралидир.

Қора седана кучли табиий иммуномодулятор бўлиб, у организмга табиий ва юмшоқ таъсир кўрсатади. Ўсимликнинг фаол моддаси тимокинон бўлиб, тана иммунитет мудофаасини таъминлайди ва касалликларга чидамлилигини оширишда катта рол ўйнайди.

Тананинг ҳимоя хусусиятларини рағбатлантириш учун қора седана ёғини эрталаб оч қоринга, тушликда овқатдан бир соат олдин ва кечқурун ётишдан олдин ичиш тавсия этилади. Катталар учун 1 ош қошиқ меъёр ҳисобланади.

Вазн камайтириш учун қора седана ёғини қанча ва қандай ичиш керак? — Дарё  Янгиликлари

Табиблар, агар одамлар ҳелбанинг қанчалик фойдаси борлигини билганда эди, уни олтин нархига сотиб олишарди, дейишган. Олимларнинг саъй-ҳаракатлари туфайли бу ажойиб ўсимликнинг фойдалари ҳақида жуда кўп маълумот айтилган, лекин негадир кўпчилик неча асрлардан буён фойдаланиб келинаётган уруғларга соғлиқни тиклаш учун эътибор бермай қўйдилар.

Хельба - Чайная Гавань

Шундай қилиб, ҳелба уруғлари шамоллаш, иситма ва вирусли инфекцияларнинг оқибатларидан халос бўлишга ёрдам беради. Юмшатувчи хусусиятлари туфайли бу ўсимлик шамоллашни даволашда, яллиғланишга қарши ва экспекторан сифатида ишлатилади. Бу балғамни юмшатиш ва эритиш ва лимфа тизими орқали токсинларни олиб ташлашга кўмаклашади. Шунинг учун ярим литр сувга бир ош қошиқ ҳелба уруғи солиб ичилса, шамоллашни даволайди. Бундан ташқари, қўшимча витаминлаш таъсирини таъминлаш учун кўпинча ичимликка клюква ёки лимон шарбати қўшилади.

Клюква — нима сабабдан уни иммунитет учун энг фойдали мева ...

Мақолада баён қилинган маҳсулотлар соғлиқни мустаҳкамлаш учун самарали ҳисобланади. Шифобахш маҳсулотларни истеъмол қилиш билан бирга фаол ҳаёт тарзини олиб бориш, меъёрида овқатланиш ва ибодатларни кўпайтириш ҳам керак.

 

Пўлатхон Каттаев,
ТИИ Ҳадис ва ислом тарихи фанлари кафедраси катта ўқитувчиси.