ЗУҲО СЎЗИ ҚАНДАЙ МАЪНОНИ АНГЛАТАДИ?
Зуҳо сўзи – “чошгоҳ вақти” деган маънони англатади. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «Қасамёд этурман чошгоҳ вақти билан» (Зуҳо сураси, 1-оят).
ЗУҲО НАМОЗИ ҚАЧОН ЎҚИЛАДИ?
Бу намознинг вақти: қуёш чиққандан таҳминан ярим соат ўтиб, завол (қуёш оғишга келган вақт)га бир соат қолгунча давом этади.
ЗУҲО НАМОЗИ НЕЧА РАКАТ?
Зуҳо намози икки ракатдан ўн икки ракатгача ўқилади, энг афзали тўрт ракатдан ўқишдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўпроқ тўрт ракатдан ўқиганлар.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки икки ракаат зуҳо намозини мунтазам ўқиса, гуноҳи денгиз кўпикларича бўлса ҳам, кечирилади”, дедилар (Имом Термизий, Имом Ибн Можа, Имом Аҳмад ривояти).
РАСУЛУЛЛОҲ СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМ ЗУҲО НАМОЗИНИ ҚАНДАЙ АДО ЭТАРДИЛАР?
Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам зуҳо намозини (баъзи кунлар) шундай (узлуксиз) ўқир эдиларки, биз ҳатто, энди бу намозни ҳаргиз тарк қилмайдилар, дердик. Баъзан эса шундай ўқимай ташлаб қўяр эдиларки, биз ҳатто, энди бу намозни ҳаргиз ўқимайдилар, дердик” (Имом Термизий, Имом Аҳмад ривояти).
РАСУЛУЛЛОҲ СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВА САЛЛАМ ЗУҲО НАМОЗИДА ҚАЙСИ СУРАЛАРНИ ТИЛОВАТ ҚИЛГАНЛАР?
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам зуҳо намозида “Шамс” ва “Зуҳо” сураларини ўқир эдилар.
ЗУҲО НАМОЗИНИНГ 5 ФАЗИЛАТИ
Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳар бирингиз бўғин ва суяклар устида тонг оттирганингиз учун бир садақа бор. Ҳар бир тасбеҳингиз – садақа. Ҳар бир тамҳид (Алҳамдулиллаҳ) – садақа, ҳар бир таҳлил (Лаа илаҳа иллаллоҳ) – садақа, ҳар бир такбир – садақа, яхшиликка буюришингиз – садақа, ёмонликдан қайтаришингиз – садақа. Энди буларнинг ҳаммаси учун икки ракат зуҳо намоз ўқишингиз кифоя қилади”, дедилар (Имом Муслим ривояти).
“Ким икки ракат зуҳо намози ўқиса, ғофиллардан деб ёзилмайди. Ким тўрт ракат зуҳо намози ўқиса, қаноатлилардан деб ёзилади. Ким олти ракат зуҳо намози ўқиса, у ўша кун учун унга кифоя қилади. Ким саккиз ракат зуҳо намози ўқиса, Аллоҳ таоло уни обидлардан деб ёзиб қўяди. Ким ўн икки ракат зуҳо намози ўқиса, у одам учун Аллоҳ жаннатда бир уй барпо қилади”.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Менга Халилим соллаллоҳу алайҳи васаллам уч нарсани васият қилганлар: ҳар ойда уч кун рўза тутмоқни; икки ракат чошгоҳ–зуҳо намоз ва ухлашимдан олдин витр ўқимоғимни” (Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Насоий ривояти).
Муоз ибн Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бомдодни жамоат билан ўқиса, сўнгра қуёш чиққунича Аллоҳни зикр қилиб ўтирса, кейин икки ракат намоз ўқиса, унинг учун ҳаж ва умранинг ажри тўлиқ, тўлиқ, тўлиқ берилади”, дедилар (Имом Термизий ривояти).
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Наждга қўшин жўнатдилар. Улар Нажддан кўплаб ўлжаларни қўлга киритиб, тез қайтишди. Қўшин билан Наждга бормаган бир киши: “Бундан олдин оз муддат ичида катта ўлжани қўлга киритиб қайтган тўдани кўрмадик”, деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизларга оз муддат ичида булардан ҳам кўпроқ бойликни қўлга киритиб қайтган қавмнинг хабарини берайми? Улар бомдод намозини жамоат билан ўқиб, қуёш чиққунга қадар Аллоҳни зикр қилиб ўтирган, сўнг ортга қайтган қавм. Ана ўшалар тез ва катта ўлжа билан қайтган қавмдирлар”, дедилар.
Даврон НУРМУҲАММАД
Савол: Мен туш кўрдим ва уйғониб Ибни Сириннинг "Тушлар таъбири" китобини кўрсам ёмонроқ чиқди ва сиқилиб қолдим. Туш таъбири масалаларига мусулмон инсон қандай қараши керак?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Аввало шуни айтишимиз керакки, Ибн Сирийн раҳимаҳуллоҳга нисбат берилган “Тушлар таъбири” китоби у зотга тегишли эмас. Шунинг учун бу китобни у зотга нисбат бериб бўлмайди. Динимизга кўра тушлар уч хил бўлади:
– Аллоҳ таоло томонидан бўлган, таҳорат билан ётилганда, тонгга яқин кўриладиган, солиҳ тушлар.
– Шайтондан бўлган, аниқ эсда қолмайдиган, кайфиятни туширадиган, алаҳсирашга ўхшаш ёмон тушлар.
– Касбига ёки қизиққан нарсасига тааллуқли тушлар.
Динимизда туш кўрганда нима қилиш кераклиги борасида аниқ тавсиялар келган. Агар рост тушлар шариатга мос келса, амал қилиш мумкин, агар зид келса, қатъий амал қилинмайди. Ёмон туш кўрган киши тушини бировга айтмаслиги ва тушнинг ёмонлигидан Аллоҳ таолодан паноҳ сўраши керак. Бу ҳақида Абдуллоҳ ибн Қатода розияллоҳу анҳу отасидан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Рост туш Аллоҳдан, ёмон туш шайтондан. Бирортангиз қўрқинчли туш кўрса, чап томонига туфлаб қўйсин ва тушнинг ёмонлигидан (Аллоҳдан) паноҳ сўрасин. Шунда ёмон туш зарар қилмайди”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Яъни ёмон туш кўрган киши чап томонга енгилгина туфлаб: “Роббим! Кўрган тушимни ёмонлигидан паноҳ сўрайман”, деб қўяди.
Баъзи уламолар имкон бўлса ўрнидан туриб, таҳорат олиб, икки ракат нафл намоз ўқигани ҳамда бироз садақа қилиб қўйгани яна ҳам яхши, дейишган.
Шунингдек, туш инсон тақдирини белгиламайди. Тушга ортиқча баҳо бериб, уни ҳаёт мезонига айлантириш тўғри эмас. Биз динимиз кўрсатмаларига оғишмай амал қилсак, ҳам моддий, ҳам руҳий тарафдан соғлом, иродамиз мустаҳкам бўлади. Валлоҳу аълам!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.