400-CАВОЛ: Бугунги кунда бутун дунёда пандемия шароити, юртимизда ҳам карантин эълон қилинган. Мана шундай вазиятда ҳайит намоз ўқиладими? Агар бунга рухсат берилмаса, уйда оила аъзолар билан бирга ҳайит намозини ўқиш мумкинми?
ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Ҳанафий мазҳабимиз бўйича ҳайит намозини бирор узр сабабли масжидда катта жамоат билан адо этиш имкони бўлмаганда уни уйда алоҳида жамоат билан ўқиш жоиз эмас. Бу ҳақда уламоларимиз алоҳида таъкидлаб ўтишган. Жумладан ҳанафий мазҳабининг мўътабар фиқҳий манбаи “Баҳрур роиқ” китобда шундай дейилади:
(ولم تقضَ إن فاتت مع الإمام): لأن الصلاة بهذه الصفة لم تعرف قربة إلا بشرائط لا تتم بالمنفرد
яъни: “Имом билан бирга ийд намозини адо этиш имкони бўлмаса уни қазо қилинмайди. Чунки шариатимизда ийд намозини маълум шартларга кўра ўқиш маълум бўлиб, ёлғиз ўқувчи киши учун ушбу шартлар мукаммал бўлмайди”
Ҳайит намози дуруст бўлиши учун ҳайит намозини ўқилишига умумий рухсат (изни омма) бўлиши ва ҳайит намозини одамларга муфтий томондан тайинланган киши ўқиб бериши керак. Ҳайит намозини уйда ўқилганда мана шу шартлар топилмайди, натижада намоз дуруст бўлмайди. Бу ҳақида Ибн Обидин раҳимаҳуллоҳ шундай дейдилар:
الْإِذْنُ الْعَامُّ وَهُوَ أَنْ تُفْتَحَ أَبْوَابُ الْجَامِعِ وَيُؤْذَنَ لِلنَّاسِ، حَتَّى لَوْ اجْتَمَعَتْ جَمَاعَةٌ فِي الْجَامِعِ وَأَغْلَقُوا الْأَبْوَابَ وَجَمَعُوا لَمْ يَجُزْ
яъни: “Умумий рухсат – жомеъ масжиди очилиб, одамлар киришига рухсат бўлишидир. Ҳатто, агар масжидда бир жамоат йиғилиб, эшикни ёпиб олиб жума (ёки ҳайит) намозини ўқисалар, намозлари дуруст бўлмайди” (“Раддул муҳтор” китоби).
Бундан умумий рухсат бўлмаганда, ҳатто бир жамоат масжидга кириб, ўзларича жума ёки ҳайит намозларини ўқисалар ҳам, намозлари дуруст бўлмаслиги маълум бўлмоқда.
Айни пайтда аксар мусулмон юртларининг халқаро ва маҳаллий фатво уюшмалари, уламолари мўмин-мусулмонларнинг жонларини омон сақлаш учун масжидларда йиғилмаслик, хавф ўтиб кетгунча ибодатларни уйда адо этиб туриш қарорига келишган. Бунга етарлича асос борлигини ва масала жиддий эканлигини эслатишган. Жумладан, Германия фатво қўмитаси раиси доктор Холид ҳанафий алоҳида фатво эълон қилиб, унда пандемия пайтида ийд намозини уйда ўқиб бўлмаслигини алоҳида таъкидлаган. Шунингдек, Иордания, Покистон, Ҳиндистонлик уламолар ҳам ушбу фатвони қўллаб-қувватлашган.
? Шуни ҳам эслатиб ўтиш лозимки, вазият тақазосидан келиб чиқиб, ҳайит намози адо қилинмаса ҳам, байрам шукуҳини сақлаб қолиш учун Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир суннатларини тирилтириш мақсадга мувофиқдир. Абу Саъид разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда шундай дейилади:
كَانَ رَسُولُ اَللَّهِ صلى الله عليه وسلم لَا يُصَلِّي قَبْلَ الْعِيدِ شَيْئًا، فَإِذَا رَجَعَ إِلَى مَنْزِلِهِ صَلَّى رَكْعَتَيْنِ
(رَوَاهُ اِبْنُ مَاجَهْ بِإِسْنَادٍ حَسَنٍ)
яъни: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ийд намозидан аввал нафл намоз ўқимасдилар. Қачон уйларига қайтсалар икки ракат намоз ўқирдилар” (Имом Ибн Можа ривоятлари).
Мўътабар ҳанафий фиқҳий манбаларидан бири “Мажмаъул анҳур” китобида шундай дейилади:
اعْلَمْ أَنَّ صَلَاةَ الْعِيدِ قَائِمَةٌ مَقَامَ الضُّحَى فَإِذَا فَاتَتْ بِعُذْرٍ يُسْتَحَبُّ أَنْ يُصَلِّيَ رَكْعَتَيْنِ أَوْ أَرْبَعًا وَهُوَ أَفْضَلُ
яъни: “Маълум бўлсинки, ҳайит намози Зуҳо намозининг ўрнига қўйилган. Қачонки, ҳайит намози бирор узр сабабли ўқилмай қолса, икки ёки тўрт ракат нафл намоз ўқиш мустаҳаб бўлади. Тўрт ракат ўқиган афзал”.
Хулоса ўрнида айтамизки, ҳозирги шароитда ҳаммамиз иттифоқ бўлиб, шариатимиз кўрсатмаларига амал қилишимиз, Аллоҳ таолонинг синов-имтиҳонларидан гўзал суратда ўтишга ҳаракат қилишимиз лозимдир. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво ҳайъати. @diniysavollar
Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ Роббига осийлик қилаётган бир жамоани кўрдилар ва уларга қарата бундай дедилар: “Аллоҳ таолонинг наздида хор бўлишди ва У Зотга осий бўлишди. Борди-ю, улар Аллоҳ учун қадрли бўлганларида, Аллоҳ уларни гуноҳдан сақлаган бўлур эди”.
Демак, Аллоҳ таоло қайси бандасини яхши кўрса, уни гуноҳлардан сақлаб қўяр экан. Бирортамиз гуноҳ қилиб, Аллоҳни унутиб, Роббининг наздида ҳақир банда бўлишни истаймизми?! Албатта, йўқ!
Нафсингиз сизни гуноҳга чорлаган пайтда қилаётган ишингизнинг оқибати ҳақида ўйланг ҳамда Аллоҳ таоло сизни кўриб турганини ҳис этинг. Ўзингизга ўзингиз шу саволни беринг: “Сени ҳурматлаб эъзозловчи бирор ким шу ҳолингда кўриб қолса, ундан уялган бўлармидинг?! Қандай қилиб Роббинг бўлмиш Аллоҳ таолодан уялмайсан?!”.
Нафсингизга: “Сен эртага бошингга бу гуноҳларнинг балоси уриши ва шарманда бўлишдан омондамисан?” денг. Бир нарсани ёдингиздан чиқармангки, сиз қандай гуноҳ қилишингиздан қатъи назар, Аллоҳнинг ато этган неъматларидан фойдаланган ҳолингизда гуноҳга қўл урган бўласиз. Аллоҳ таоло сизга берган, сиз у билан ҳаромга назар ташлаётган кўзингизнинг ўзи қанча неъмат?! Ҳаромга чўзаётган қўлингизнинг ўзи аслида қанча неъмат?! Қанчадан-қанча талаффузи ҳалол бўлмаган нарсаларни тилингизда айлантирасиз. Ато этилган неъматлар ила гуноҳ қилишингиз неъмат ато этгувчи Зотга нисбатан миннатдорчиликми, шукрми?!
Зимистон тунда тош остидаги чумолини кўра олган Зот сизни ҳам кўриб турибди, буни ёдингиздан чиқарманг!
Ҳикоят. Бир куни бир эркакка бегона аёл билан бирга хилватда қолишни шайтон зийнатли қилиб кўрсатибди. Аёлнинг ёнига кирганида кўзлари олайганича унга қараб: “Бизни ҳеч ким кўрмаяптими?” – дебди. Аёл: “Йўқ, Аллоҳдан бошқаси кўрмаяпти”, дебди. Шу пайт эркакнинг кўзлари ёшланиб: “Худо ҳаққи, кўраётганлар ичида Роббим буюкдир! Мабодо мени бирор кичикроқ бола кўриб турган бўлса-да, унинг олдида бунақанги иш қилишга журъатим етмайди-ю, қандай қилиб оламлар Рабби бўлган Зот кўриб турган бўлса, мен бу каби гуноҳ ишни қила оламан?!” – дебди ва аёлнинг уйидан чиқгани ҳолда Аллоҳ таолонинг: «(Аллоҳ) кўзларнинг хиёнатини (яъни, қараш ман этилган нарсага ўғринча кўз ташлашни) ҳам, диллар яширадиган нарсаларни (ёмон ниятларни) ҳам билур»[1], деган каломини эслабди.
Шоир айтади:
Хилват бир гўшада қолсанг-да юз йил,
Ҳолинг кўриб турган Худо бор, билгил.
Ошкору яширин – баридан воқиф,
Аллоҳ ҳеч ишингдан эмасдир ғофил.
Гуноҳкорга қилаётган иши қанчалик кичик, арзимасдек кўринса-да, Аллоҳнинг наздида қилган гуноҳи катталашиб бораверади.
Муҳаммад ибн Абу Бакр раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Банданинг гуноҳни кичик деб ҳисоблаши – бу унинг Аллоҳга бўлган журъатидан. Боиси, банда маъсиятни кичик деб ҳисобласа, гуноҳга беписанд қарайди, қалбида уни енгил қабул қилади ва гуноҳларининг кўпайишидан парвоси фалак ҳам бўлмайди”.
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ҳам бу борада шундай дейдилар: “Мусулмон одам бир тоғнинг остида турибман-у, мана шу тоғ бошимга қулаб кетай деяпти, дея гуноҳларини тасаввур қилган одамдир. Фожир эса гуноҳларни бурнига қўниб, кейин тезда учиб кетган пашша дея ҳисоблайди”.
Ҳассон Шамсий Пошонинг
“Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар” номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.
[1] Ғофир сураси, 19-оят.