Мардлик – қўрқувга ёт тушунча. Бугун юртимизнинг ҳамма жойида мардлик кўрсатаётган қаҳрамонларимизни кўришимиз мумкин. Жон ичра жон бўлмиш Ватан мана шу меҳнаткаш миллат сабаб гуллаб-яшнамоқда. Бу тупроққа киндик қони тўкилган ҳар бир инсон ушбу чаманга гуллаб турувчи ниҳол ўтқазади. Бу ишларни амалга ошириш учун албатта соғлом бўлмоқлик шарт. Бизнинг Ватанимизда “COVID-19” деганларини енгишда халқнинг бирдамлиги, Юртбоши раҳбарлигидаги жипслик асосий сабаб-восита эканлигини ҳаёт исботламоқда. Мен Ёзёвоннинг бир қишлоғида яшовчи юрт аёли, бахтли она, пиру бадавлат буви сифатида қаҳрамонларни узоқдан изламай, қишлоғимнинг фидойи фуқаролари тимсолида халқсеварлик, юртсеварлик суратини чизиб бермоқчиман.
Давлатимиз раҳбарининг муборак Рамазон арафасида диёримизда келиб чиққан вазиятлар туфайли “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатини эълон қилишлари халқимиз учун хайрли қадамга бир чақириқдай бўлди. Хайриялар манзилли ташкил этилди, ифторликларга сарф этиладиган ҳаражатларни эҳтиёжмандларга йўналтирилди, бу ишлар жиддий тартиб асосида ташкил этилди. Юртбошимизнинг куюниб: “Буларнинг бари ҳеч бир таъмасиз, бу менинг энг яқин ватандошим, деб меҳр билан қилиниши керак”, деб айтган сўзлари имконияти бор инсонларни саховатга чорлади.
Барча туман ва чекка қишлоқларда ҳам тадбиркор, фермерлар, ташкилотлар аҳолининг кам таъминланган қатламига ёрдамлар кўрсатишмоқда. Бу ишга туман ҳокимлари, сектор раҳбарларининг бош-қош бўлаётгани нур устига аъло нур бўлмоқда. Юртбошимиз бу хайрли йўлда ташкилотчиларни ҳам қўллаб-қувватлашларини, тадбиркор халққа бирни берса, бу синовли кунлар якунида ортиғи билан қайтарилишини айтиб, халқ билан давлат чамбарчас боғлиқлигини таъкидладилар. Президентимиз нутқини тинглар эканман, кўзларимдан шукрона ёшлари сизиб чиқди. Туманимизда кечаётган жараёнлар мен каби нуроний муаллима аёлга юксак ифтихор бағишлади.
Ёзёвонлик бир фермер юзлаб хонадонларга нон тарқатаётгани, яна бир халқнинг фидойиси ун, ёғни арзонлашган нархда кўчма дўконларда одамларга етказиб бераётгани, чевар аёллар ҳам уйда тинч ўтирмай ниқоб тикиб бепул улашаётгани оддий ҳолатга айланиб қолди. Мақолани қоралаш пайтимда тунни тонгга улаб, ойлаб оиласи бағридан узоқда хизмат бурчини бажараётган Республика Ички ишлар вазирлиги Фарғона вилояти Ички ишлар бошқармаси ходимлари томонидан кўмакка мухтож оилаларга озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилгани ҳақидаги хабар келди. Бундай хабарлар тинмай бир-бирига уланмоқда.
Донолардан бири “Жасоратли юрак ҳар қандай мусибатни чил-парчин қилади”, деган экан. Кутилмаганда ҳаётимизга кириб келган бу вазият, мусибатларда имон-эътиқодимиз, сабр-бардошимиз яна бир синовдан ўтаётгандек. Юқоридаги фикр халқимизнинг танти, олижаноб, сабр-бардошли инсонларга қарата айтилгандек. Зеро, эҳсоннинг жавоби эҳсондир.
Илоҳим, ҳимматлилар сафи кенгаяверсин! Рамазон кунларида саховатпешаларнинг савобли амалларини Аллоҳ даргоҳида қабул қилсин.
Ўктамхон СОЛИЕВА
Онлайн хабарни М.УЛУҒОВА ёзиб олди
Бир савдогар бой одам ошқозон-ичак касаллигидан азоб чекиб, кўп муолажа олган, бир неча марта жарроҳлик амалиётини ҳам ўтказган эди. Турли хил муолажалардан сўнг ҳам аҳволи ўнгланмади. Бир куни бу ташвишлардан жуда зерикиб кетди ва машинасига ўтириб боши оққан томонга қараб кетди. Йўл-йўлакай, Нил дарёси бўйида жойлашган кичик бир қишлоқча ёнида тўхтади. Узоқдан бир деҳқонни кўриб қолди. Деҳқон эса ерга тўшалган тупроқда ўтириб, бир нима ейиш билан банд эди. Бой одам машинасидан тушиб, деҳқоннинг овқат еяётганини кузата бошлади.
Деҳқон уни кўриб қолиб: "Меҳмон бўлинг, овқатдан енг, чой ичинг!" деб чақирди. Бой одам ўзининг овқат ея олмаслигини тушунтирмоқчи бўлди, аммо деҳқон унинг баҳонасига қарамай, уни таклиф қилишда давом этди. Ахири бой одам ерга тўшалган жойга ўтирди. Унинг олдига овқат тўла патнис қўйилди. Унда бутун помидорлар, бодринг, кўкатлар, салат барги, пиширилган бедана тухумлари, нон ва кўмирда қайнатилган чой бор эди.
Бой одам деҳқонни хафа қилмаслик учун бир дона помидорни олиб оғзига солмоқчи бўлди. Деҳқон унга: "Бисмиллоҳ" деб егин, деди. Бой "бисмиллоҳ"ни айтиб помидорни оғзига солди. Бироқ зум ўтмай қорнида қаттиқ оғриқ пайдо бўлиб, ерга йиқилди. Деҳқон қўрққанидан оиласи билан уни уйига олиб кириб, ётоқхонага ётқизишди. Бой одам ўзининг дори-дармонларини олиб, оғриқни босишга уриниш билан овора бўлди.
Шу кеча деҳқон уйидаги намозхонада қоим бўлиб, бой одам учун Аллоҳдан шифо сўраб, тинмай дуо қилди. Саҳарга яқин, бой одам деҳқоннинг “Аллоҳим, эчкининг ҳаққи билан!” деб қўлларини дуога очганини кўриб қолди. Ҳайратда қолган бой, деҳқондан сўради: "Бу "эчкининг ҳаққи" нима дегани?".
Деҳқон шундай жавоб берди: "Бу Аллоҳ билан менинг орамдаги бир сир".
Бой одам деҳқондан бу сирни очишни сўради ва ҳоли жонига қўймаганидан кейин деҳқон ҳикоя қила бошлади: "Ёшлигимда ишчи бўлиб ишлардим, олган маошимни тўплаб, уйланиш учун сақлардим. Уйланишим учун менга 100 жунайҳ миқдорида маблағ зарур эди. Бир куни қўшнимнинг қизи икки эгизак бола туғиб, онаси вафот этиб қолди. Қўшнимнинг боши қотган, болаларни эмизадиган она керак. Аммо қишлоқда эса, ўзини боласига қўшиб яна икки болани эмизадиган аёл йўқ. Болаларнинг очликдан йиғлашлари менга эшитилган сари юрак-бағрим эзилиб кетади. Шундан кейин мен тўйим учун йиғиб юрган 35 жунайҳ пулни олиб, бозорга бордим. Болалар учун кийим-кечак ва уй учун керакли буюмлар сотиб олдим ва қўшнимга сездирмай нарсаларни унинг ҳовлисига киритиб қўйдим. Қўшним нарсаларни кўриб хурсанд бўлди, аммо яна бу билан қўшнимнинг муаммоси ҳал бўлмаслигини билар эдим.
Бир кеча тушимда бир шайх келиб: "Қўшнингнинг ҳовлисига эчки боғла", деди.
Эрталаб туриб, қолган пулимга янги болалаган эчки сотиб олдим. Қўшнимнинг ҳовлисига олиб кириб боғладим. Шундан кейин қўшнимнинг уйида болаларнинг чинқираб йиғлаган овози тинди. Қўшним эса ҳар куни “Эчкини олиб келган одамга Аллоҳнинг раҳмати бўлсин!” деб дуо қилар эди. Мен учун бу эчки Аллоҳ билан орамдаги бир сир бўлиб қолди. Ҳар қачон шу дуо билан Аллоҳдан сўрасам, Аллоҳ қабул қилади. Бу кеча эчкининг ҳаққи билан сенга шифо сўраб Аллоҳга дуо қилдим. Иншааллоҳ, Аллоҳ сенга шифо беради, деди. Бой одам деҳқоннинг ҳакоясини эшитдию, аммо унга унчалик эътибор қилмади.
Лекин шу воқеадан кейин яна бир марта шифокорнинг ҳузурига таҳлил учун борганида шифокорнинг хулосасини эшитиб ҳайратдан қотиб қолди. Чунки унга бир неча йиллардан бери оғриқ азобини бериб келаётган ошқозон ва ичакларидаги дардидан асар ҳам қолмаган эди.
Бой одам бу гапни эшитгач, шошилганча деҳқоннинг ҳузурига борди ва унинг қўлларини ўпиб миннатдорчилик билдирди ва унга ҳам шундай савобли ишлар қилишни ўргатишини сўради. Деҳқон эса уни қишлоқ бўйлаб олиб юриб, фақир ва муҳтожларнинг уйларини кўрсатди ва ҳар бир фақирнинг уйини олдида бир тўхтаб, унга: "Аллоҳ билан савдо қил!" деди. Бой одам: - Қандай қилиб Аллоҳ билан савдо қилиш мумкин? деб сўради. Шунда деҳқон: "Аллоҳ билан савдо қилишнинг йўллари кўп. Энг муҳими ихлос бўлсин. Шунда бир оғиз ширин сўзинг ҳам садақа ҳисобида бўлади".
Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ