Мардлик – қўрқувга ёт тушунча. Бугун юртимизнинг ҳамма жойида мардлик кўрсатаётган қаҳрамонларимизни кўришимиз мумкин. Жон ичра жон бўлмиш Ватан мана шу меҳнаткаш миллат сабаб гуллаб-яшнамоқда. Бу тупроққа киндик қони тўкилган ҳар бир инсон ушбу чаманга гуллаб турувчи ниҳол ўтқазади. Бу ишларни амалга ошириш учун албатта соғлом бўлмоқлик шарт. Бизнинг Ватанимизда “COVID-19” деганларини енгишда халқнинг бирдамлиги, Юртбоши раҳбарлигидаги жипслик асосий сабаб-восита эканлигини ҳаёт исботламоқда. Мен Ёзёвоннинг бир қишлоғида яшовчи юрт аёли, бахтли она, пиру бадавлат буви сифатида қаҳрамонларни узоқдан изламай, қишлоғимнинг фидойи фуқаролари тимсолида халқсеварлик, юртсеварлик суратини чизиб бермоқчиман.
Давлатимиз раҳбарининг муборак Рамазон арафасида диёримизда келиб чиққан вазиятлар туфайли “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатини эълон қилишлари халқимиз учун хайрли қадамга бир чақириқдай бўлди. Хайриялар манзилли ташкил этилди, ифторликларга сарф этиладиган ҳаражатларни эҳтиёжмандларга йўналтирилди, бу ишлар жиддий тартиб асосида ташкил этилди. Юртбошимизнинг куюниб: “Буларнинг бари ҳеч бир таъмасиз, бу менинг энг яқин ватандошим, деб меҳр билан қилиниши керак”, деб айтган сўзлари имконияти бор инсонларни саховатга чорлади.
Барча туман ва чекка қишлоқларда ҳам тадбиркор, фермерлар, ташкилотлар аҳолининг кам таъминланган қатламига ёрдамлар кўрсатишмоқда. Бу ишга туман ҳокимлари, сектор раҳбарларининг бош-қош бўлаётгани нур устига аъло нур бўлмоқда. Юртбошимиз бу хайрли йўлда ташкилотчиларни ҳам қўллаб-қувватлашларини, тадбиркор халққа бирни берса, бу синовли кунлар якунида ортиғи билан қайтарилишини айтиб, халқ билан давлат чамбарчас боғлиқлигини таъкидладилар. Президентимиз нутқини тинглар эканман, кўзларимдан шукрона ёшлари сизиб чиқди. Туманимизда кечаётган жараёнлар мен каби нуроний муаллима аёлга юксак ифтихор бағишлади.
Ёзёвонлик бир фермер юзлаб хонадонларга нон тарқатаётгани, яна бир халқнинг фидойиси ун, ёғни арзонлашган нархда кўчма дўконларда одамларга етказиб бераётгани, чевар аёллар ҳам уйда тинч ўтирмай ниқоб тикиб бепул улашаётгани оддий ҳолатга айланиб қолди. Мақолани қоралаш пайтимда тунни тонгга улаб, ойлаб оиласи бағридан узоқда хизмат бурчини бажараётган Республика Ички ишлар вазирлиги Фарғона вилояти Ички ишлар бошқармаси ходимлари томонидан кўмакка мухтож оилаларга озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилгани ҳақидаги хабар келди. Бундай хабарлар тинмай бир-бирига уланмоқда.
Донолардан бири “Жасоратли юрак ҳар қандай мусибатни чил-парчин қилади”, деган экан. Кутилмаганда ҳаётимизга кириб келган бу вазият, мусибатларда имон-эътиқодимиз, сабр-бардошимиз яна бир синовдан ўтаётгандек. Юқоридаги фикр халқимизнинг танти, олижаноб, сабр-бардошли инсонларга қарата айтилгандек. Зеро, эҳсоннинг жавоби эҳсондир.
Илоҳим, ҳимматлилар сафи кенгаяверсин! Рамазон кунларида саховатпешаларнинг савобли амалларини Аллоҳ даргоҳида қабул қилсин.
Ўктамхон СОЛИЕВА
Онлайн хабарни М.УЛУҒОВА ёзиб олди
Ватан – бу инсоннинг туғилиб ўсган ери, унинг гўдаклик чоғиданоқ меҳр қўйган ўчоғи, маҳалласи ва қишлоғи билан таърифланади. “Ватан” сўзи араб тилида туғилиб ўсган жой, она юрт маъносини англатади. Ватанга муҳаббат юксак инсоний фазилат. Бу борада: “Ватанни севмоқ иймондандир” ҳикматини эсга олишнинг ўзи кифоядир. Бизга маълумки, Ватанга бўлган муҳаббат жой, макон ва вақт танламайди. Бу туйғу инсон туғилиши билан вужудга келиб, вафот этиши билан ўз поёнига етади.
Ватанга меҳр эса она сути билан қалбга сингади. Шу ўринда Имом Бухорий, Имом Термизий, Бурҳониддин Марғилоний, Қаффол Шоший, Фаробий, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Ал-Хоразмий, Мирзо Улуғбек, Аҳмад Фарғоний каби буюк алломаларимиз Ватанга бўлган кучли муҳаббатлари туфайли кўплаб асарларини юрт номи билан боғлаганлари тарихдан маълум.
Буюк аждодларимиз Нажмиддин Кубро Ватан ҳимоячиси қандай бўлишига ёрқин мисол бўла олади. Минглаб муридларга эга бўлган бу тариқат пешвоси мўғуллар бостириб келганлигидан хабар топгач, биринчилардан бўлиб Ватан ҳимоясига отланади. Мўғул ҳукумдорлари Нажмиддин Кубронинг халқ орасидаги обрў-эътиборини кўриб, унга шаҳарни ташлаб, ўзи ихтиёр қилган тарафга кетишини таклиф қилади. Бироқ, ватанини ўз жонидан устун билган Нажмиддин Кубро босқинчиларга қарши жангга киришади, лашкарларни олға чорлаб бораётганида шаҳид бўлади. Жалолиддин Мангубердининг эса моҳир лашкарбошилиги, жасорати ва мардлиги мўғул империяси ҳукмдори Чингизхонни лол қолдиргани тарих саҳифаларидан маълум. У Жалолиддиннинг шаънига мақтов сўзларини изҳор этиб: “Отадан дунёда ҳали бундай ўғил туғилмаган. У саҳрода шер каби ғолиб жангчи, дарёда эса наҳанг (акула) каби ботирдир”, дейди ва ўғилларига юзланиб: “Отага шундай ўғил зарурки, у икки гирдоб – олов ва сув гирдобидан озодлик майдонига чиқа олади”, деб таърифлаши унинг мардлигини тан олганини англатади.
Бир сўз билан айтганда, минг йиллар давомида юртимизга кўплаб босқинчилик ҳужумлари бўлган. Барча замонларда ўз юрти ҳимояси учун босқинчиларга қарши озодлик байроғини баланд кўтарган ватанпарвар йўлбошчилар, миллат қаҳрамонлари душманлар билан тинимсиз кураш олиб борган.
Ватанни севиш уни ҳимоя қилиш савобли иш. Унга хиёнат қилиш эса кечирилмайдиган катта гуноҳ бўлса-да, айрим кишилар ўз ватанини ташлаб ўзга юртларда ватангадолик қилиб юрганликларига нима дейиш мумкин.
Боболаримиздан мерос бўлиб келаётган “Ўзга юртда шоҳ бўлгунча ўз юртингнинг гадоси бўл” деган ҳикматли сўзга кўра, бу инсонларда на ватан, на инсонийлик, на ота-онага бўлган ҳурмат, ака-ука, опа-сингилга бўлган меҳр, қавму қариндош ва қўни қўшничиликка нисбатан оқибатни акс этмаганини кўришимиз мумкин. Уларнинг айримлари эса турли радикал диний-экстремистик ташкилот ва оқимларга қўшилиб кетаётгани кишини ажаблантиради. Улар ўзга айрим манфаатдор ёвуз кишиларнинг найрангига учиб ўз ватанидан, оиласидан ҳатто ота-онасидан ҳам воз кечиб кетмоқда… Бундай хислат инсонийлик меъзонига хам тўғри келмайди. Зеро, инсон ўз ватани равнақи учун фидоийлик кўрсатиши, бу йўлда керак бўлса, жонини ҳам беришга тайёр бўлиши лозимдир.
Донишмандлардан бирининг айтишича: “Ватан бир боғдир, Ватаннинг содиқ фарзандлари бу боғни ўз юрак қонлари ила суғармаклари даркордир”. Ўзини ватан фарзанди деб ҳисобловчи инсон бутун тану-жони билан юрак қони ила ватан боғини яшнатиш учун хизмат қилиши керак. “Ватан остонадан бошланади”, деганидек ватан ҳар бир кишининг қалбидан, виждонидан бошланади.
Маъруфхон Алоходжаев,
Наманган шаҳар “Абдулқодир қори” жоме
масжиди имом-хатиби