Cавол: Мен жамоат намозига боришни энди бошладим. Мен намозни секин ўқийман. Гап шундаки, кўпинча мен салавотни ўқиётганимда имом икки тарафга салом бераётган бўлади. Шу ҳолада мен салавотни тугатиб, кейин дуо ўқиб сўнг салом беришим керакми ёки имом билан баробар салом беришим керакми?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Сиз бу ҳолатда имом билан биргаликда салом берасиз. Зеро, салавот ўқиш суннат, имомга эргашиш эса вожиб амал саналади. Вожиб амал суннат амалдан юқори бўлгани сабабли сиз вожиб бўлган амални бажарасиз. Агар ташаҳҳуд (“Ат-таҳийёт...”) дуосини ўқиётганингизда имом салом бериб қолса, сиз ташаҳҳуд дуосини тугатиб, кейин салом берасиз. Чунки ташаҳҳуд дуосини ўқиш вожиб амал ҳисобланади. Бу ҳақда фиқҳий китобларимизда бундай дейилади: “Имомга иқтидо қилган киши салавотни ўқиётган вақтида имом салом берса, у ҳам имомга эргашиб салом беради. Чунки намознинг охирида салавот айтиш суннатдир” (“Фиқҳул ибодат” китоби).
Аллома ибн Обидин раҳимаҳуллоҳ бундай дейдилар: “Фарз ва вожиб амалларда кечиктирмасдан имомга эргашиш вожиб саналади. Аммо имомга эргашиш билан бошқа вожиб амал тенг келиб қолса, “имомга эргашиш керак” деб вожибни тарк қилмайди, балки аввал вожибни бажариб, кейин имомга эргашади. Масалан, имомга иқтидо қилган киши ташаҳҳудни тугатишдан аввал имом учинчи ракатга турса, иқтидо қилган киши аввал ташаҳҳудни тугатиб, кейин ўрнидан туриб, имомга эргашади (Чунки иккиси ҳам вожиб бўлиб, бирини бажараман деб бошқасини тарк қилмайди).
Агар имомга эргашиш билан суннат амал тенг келиб қолса, юқоридагидек қилмайди. Масалан, (сажда ёки рукуда) имомга иқтидо қилган киши тасбиҳни уч марта айтишидан аввал имом бошини кўтарса – фуқаҳоларимиз энг тўғриси дея айтган гапга кўра - имомга эргашади. Чунки суннатни тарк қилиш вожибни кечиктиришдан кўра устундир” (“Раддул муҳтор” китоби).
Хулоса қилиб айтганда, сиз салавот ёки ундан кейингги дуоларни ўқиётган пайтингизда имом салом бериб юборса, сиз имомга эргашиб, салом берасиз. Бу ўринда салавот ёки дуоларни охирига етказмайсиз. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Савол: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам барча мусулмонларнинг ҳаққига дуо қилганлар. У зот биз ҳақимизда ўзимиздан кўра кўпроқ қайғурганлар ва бизни ўзимиздан ҳам кўпроқ севганлар. Бироқ, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам алоҳида дуо қилган мўминлар тоифаси бор. Улар кимлар ва нима учун уларнинг ҳаққига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам 3 марта дуо қилганлар?
Жавоб:
عَنِ الْعِرْبَاضِ بْنِ سَارِيَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ أَنَّ النَّبِيَّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم كَانَ يُصَلِّي عَلَى الصَّفِّ الْأَوَّلِ ثَلَاثًا وَعَلَى الثَّانِي وَاحِدَةً. )رَوَاهُ النَّسَائِيُّ.(
Ирбоз ибн Сория розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам биринчи сафга уч марта, иккинчи сафга бир марта салавот айтар эдилар” (Имом Насоий ривояти).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг салавот айтишлари бу – дуо қилишлари. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам биринчи сафдагиларнинг ҳаққига 3 бора, иккинчи сафдагиларни эса 1 марта дуо қилганлар.
عَنِ الْبَرَاءِ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم قَالَ: إِنَّ اللهَ وَمَلَائِكَتَهُ يُصَلُّونَ عَلَى الَّذِينَ يَصِلُونَ الصُّفُوفَ الْأُوَلَ، وَمَا مِنْ خَطْوَةٍ أَحَبَّ إِلَى اللهِ مِنْ خُطْوَةٍ يَمْشِيهَا الْعَبْدُ يَصِلُ بِهَا صَفًّا .)رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالنَّسَائِيُّ.(
Баро розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, Аллоҳ таоло ва Унинг фаришталари биринчи сафларни тўлдирувчиларга салавот айтадилар. Аллоҳ таоло учун банданинг сафни тўлдириш учун босган қадамидан кўра маҳбуброқ қадам йўқдир”, дедилар (Абу Довуд, Насоий ривояти).
Аллоҳ таолонинг салавоти бу – раҳмат, фаришталарники эса, истиғфордир. Қолаверса, биринчи сафни тўлдириш учун ташланган қадамлар – Аллоҳга энг севимли қадам саналади. Биринчи сафга бундан ортиқ тарғиб бўлмаса керак.
Демак, биринчи ёки иккинчи сафда бўлишга ҳаракат қилиш лозим экан.
Даврон НУРМУҲАММАД