Кечагина бизни ўзига муштоқ қилиб, соғинтирган моҳи рамазоннинг сўнги даҳасида турибмиз. Қалбимизда чексиз қувонч билан бирга бизни тарк этаётган ойнинг ҳасрати ҳам бор.
Рукнимизнинг галдаги суҳбатдоши тижоратчи биродаримиз Муҳаммад Саид Иброҳимов.
“Тижоратчи бўлганим сабабми, дунё ташфишлари билан бўлиб, рамазонни қандай келиб қолганлигини сезмай ҳам қолибман. Илк кунидан оилавий рўза тутдик. Саҳарликдан сўнг бомдод намози вақтигача отам Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг “Ҳадис ва ҳаёт”, “Одоблар хазинаси” китобларидан ўқиб берадилар. Диққат билан эшитамиз. Лекин, тонгда яна дўконга бораману қалбимни дунё ишлари эгаллаб олади.
Дўконга ҳар куни ҳар турли одам келади. Базан чарчоқдан, базан жаҳлдан кўплари билан тортишиб қоламиз... Ифторга яқин уйга қайтаман. Яқинда отам навбатдаги мутолаанинг бирида: “Батаҳқиқ, жаҳаннам учун кўплаб жин ва инсларни яратдик. Уларнинг диллари бору тушуна олмаслар. Кўзлари бору кўра олмаслар. Қулоқлари бору эшита олмаслар. Ана ўшалар чорва ҳайвонлари кабидирлар. Балки улардан ҳам баттарроқдирлар. Ана ўшалар ғофилдирлар”, (Аъроф-179. Тафсири ҳилол) ояти ҳамда “Кишининг мол-дунё ва шарафга бўлган ҳирси унинг дини учун, қўйга қўйиб юборилган икки оч бўридан ҳам ҳатарлироқдир”, ҳадисини шарҳлари билан ўқиб берди.
Мени шу онданоқ бир ўй ўзига тортди. Юқоридаги оят ва ҳадис гўё тўғри менга қарата айтилгандек. Эҳтимол шунинг учун қулоғимга насиҳат, оят ва ҳадис кирмаётгандир. Балки шунинг учун қалбимда ҳаловат ва тилимда зикр бўлмаётгандир. Шу сабаб билиб билмай одамларнинг дилига озор бераётгандирман. Туни билан саҳарлик вақтигача тавба қилиб, истиғфор айтиб чиқдим. Аммо, кўнглим тўкис ҳаловат топмади...
Уламолар: “Инсон Аллоҳга осий бўлсаю тавба қилса кечиради. Аммо, банданинг бандадаги ҳаққини Аллоҳ таоло кечирмайди то ўзаро розилашмагунча” дея таъкидлаган эканлар.
Тонгдан кўчага чиқдиму қанча танишим бўлса барчасидан чин қалбдан кечирим сўраб, розилик сўрадим. Мен учун мўжиза содир бўлди. Танишларим, мендан хафа бўлганлар ҳайратга тушишди, ҳатто базилари кўзига ёш олди. Кейин уйга келиб мени ҳафа қилганларни ҳаммасини кечирдим...
Шу ондан қалбимда ором пайдо бўлди. Алҳамдулиллаҳ! Бу йилги рамазон мен учун ўзгача руҳда келди.
Азизлар сиз ҳам одамлардан розилик сўранг ва одамларни кечиринг! Ҳаловат ва ором кўнглингизни ҳушнуд этади.
Саидаброр Умаров суҳбатлашди
Айни дамда “Мотуридийлик – бағрикенглик, мўътадиллик ва маърифат таълимоти” мавзусидаги халқаро анжуман қизғин давом этмоқда.
Тадбир аввалида Қуръон оятлари тиловат қилинди.
Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг халқаро конференция иштирокчиларига табригини Президент маслаҳатчиси Русланбек Давлетов ўқиб эшиттирди.
Табрикда Президентимиз қатнашчиларни улуғ алломалар юртига ташрифи ва нуфузли тадбирдаги иштироки билан қутлаб, буюк ватандошимиз асос солган мотуридийлик мактаби ва таълимоти эътиқод борасида асрлар давомида бағрикенглик, мўътадиллик ва маърифат тимсоли бўлиб келаётганини алоҳида қайд этган.
Шунингдек, мамлакатимизда Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Имом Термизий каби буюк алломаларимиз номлари билан аталадиган халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси фаолият кўрсатаётгани, жумладан, Имом Мотуридийнинг “Таъвилот ал-Қуръон” ва “Китоб ат-тавҳид” китоблари илк марта ўзбек тилига таржима қилиниб, кенг жамоатчилик эътиборига ҳавола этилгани таъкидлаб ўтилган.
Ўз навбатида анжуман иштирокчиларига ўз ҳаётини ана шундай эзгу ишга бағишлаб келаётгани, Имом Мотуридий ва Ўзбекистон заминидан етишиб чиққан бошқа улуғ алломаларимизнинг бой илмий-диний меросини ўрганиш йўлидаги машаққатли меҳнати, изланиш ва тадқиқотлари учун самимий миннатдорлик билдириб, уларга сиҳат-саломатлик, келгуси фаолиятида янги ютуқлар ва конференция ишига муваффақият тилаган.
Анжуман иштирокчилари Президентимизнинг табриги ва илиқ тилакларидан бағоят мамнун бўлишди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати