Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар бўлсин.
Севикли Пайғамбаримизга салавоту дурудлар бўлсин.
“Лайлатул Қадр” “белгилаш кечаси” деган маънони беради. Йил давомида қилинадиган турли амаллар, ҳукм, топиладиган ризқ, бир сўз билан айтганда тақдир белгиланадиган кечадир.
Бу кеча ҳақида Аллоҳ таоло: «... минг ойдан яхшироқдир» (Қадр сураси, 3-оят) деб марҳамат қилган.
1000 ой – 84 йилга тенг.
84 йил – 30000 кунга тенг.
Лайлатул Қадр кечаси қачон бўлади? Абул Олия розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Бир аъробий севикли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, “Қадр кечаси қачон бўлади?” деб сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қадр кечасини Рамазоннинг илк ва энг сўнгги ҳамда тоқ кечаларидан изланглар!” дедилар (Имом Абу Довуд ривояти).
Онамиз Оиша розияллоҳу анҳо ривоят қилган ҳадисда эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қадр кечасини Рамазон ойининг охирги ўн кунлигидан қидиринглар”, (Имом Бухорий, Имом Муслом ривояти) деганлар.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қадр кечаси борасида: “У 27-ёки 29-кечадир. Ушбу кеча ерда фаришталар сони майда тошлардан ҳам кўп бўлади”, дедилар (Имом Аҳмад ривояти).
Бу кечанинг қандай аломатлари бор? Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “У очиқ, иссиқ ҳам, совуқ ҳам бўлмаган кеча. Унинг тонгида қуёш қизғиш, заиф бўлиб чиқади”, (Ибн Хузайма ривояти) дедилар.
Бу кеча Аллоҳ таолонинг амри билан фаришталар ҳар бир осмондан ва “Сидратул мунтаҳо”дан (яъни, Жаброил алайҳиссалом масканидан) ерга тушади, тонг отгунча инсонлар ҳақига дуо қилади. Қуръони каримда бундай дейилади: “У (кеча)да фаришталар ва Руҳ (Жаброил) Парвардигорларининг изни билан (йил давомида қилинадиган) барча ишлар (режаси) билан (осмондан ерга) тушарлар. У (кеча) то тонг отгунича саломатликдир” (Қадр сураси, 4–5-оятлар).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу кечани қандай ўтказар эдилар? Оиша онамиз розияллоҳу анҳо ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазоннинг охирги ўн кунлиги келса, кечалари ухламас эдилар ва уйдагиларни ҳам ибодат қилишга уйғотар эдилар” (Имом Бухорий, Имом Муслом ривояти).
Бу кеча гуноҳлар мағфират этилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Лайлатул Қадр кечасини имон ва ихлос билан бедор ўтказса, унинг шу кечагача содир этган барча гуноҳлари мағфират қилинади”, (Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Термизий ривояти) дедилар.
Оиша онамиз розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: “Ё Расулуллоҳ агар Қадр кечасини топишга муваффақ бўлсам нима деб дуо қилай?” деб сўрадилар.
Шунда Набий алайҳиссалом ушбу дуони айтишга буюрдилар: "Аллоҳумма иннака афуввун, туҳиббул афва, фаъфу ъанний" (Аллоҳим, албатта, Сен кечирувчисан, кечиришни яхши кўрасан. Гуноҳларимни кечиргин) (Имом Термизий ривояти).
Аллоҳ таоло қиёматга қадар келадиган барча мўминларнинг гуноҳини мағфират этсин. Ҳидоятида бардавом қилсин!
Даврон НУРМУҲАММАД
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ҳамду сано оламлар Парвардигори, биз яшираётган ва ошкора қилган нарсаларимизни билувчи Аллоҳ таолога бўлсин. Ундан ҳеч нарса махфий эмас — ерда ҳам, осмонда ҳам. Уни шукр ва ҳамдлар билан ёд этамиз. Кимки ўз айблари билан машғул бўлса, бошқаларнинг айбларига қарамайди. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга, У зотнинг оила аъзолари ва саҳобаларига Аллоҳнинг салому дуолари бўлсин.
Эй мусулмонлар! Аллоҳдан қўрқинглар ва ўзингизни ғийбат ва чақимчилик ҳалокатига ташламанглар. Чунки бу икки иллат биродарлик алоқалари ва исломий бағрикенглик учун катта хавф солувчи, жирканч сифатлардандир. Улар қайси жамиятда кенг тарқалса, ўша жамиятнинг бирлиги парчаланади, диллар орасида муҳаббат ўрнига адоват пайдо бўлади, душманга қарши мададсиз қолинган бўлади.
Чақимчилик — бир одамнинг гапини бошқасига етказиб, улар ўртасини бузишга ҳаракат қилишдир. Бу иллат қанча фалокатлар келтириб чиқарган, қанча дўстликни парчалаган, муҳаббатни нафратга айлантирган! Шундан келиб чиқиб уламолар буни сеҳр деб атаганлар.
Чақимчиликдан сақланайлик! У пасткаш инсонларнинг одатидир. У ёмонликларни тарқатади, сирларни фош қилади, катта исёнларга сабаб бўлади. Кимки сизга чақимчилик қилса, билингки, у сиз ҳақингизда ҳам бошқаларга чақимчилик қилади.
Ғийбат — биродарингизни уни йўқлигида ўзининг ёқтирмайдиган нарсалари билан тилга олишдир — унинг хулқи ёки қиёфаси ҳақида бўлса ҳам. Ҳатто ўша нарса унда ҳақиқат бўлса ҳам, бу — ғийбат. Агар унда бўлмаса, бу туҳмат бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ғийбат ҳақида сўралганда: Ғийбат — биродарингизни у ёқтирмайдиган ҳолатда тилга олишингдир, дедилар. — Агар мен айтганим у кишида бўлса-чи? — деб сўралди. — Агар айтганинг унда бўлса, ғийбат қилгансан. Агар бўлмаса, унга туҳмат қилгансан, — дедилар.
Ғийбатдан сақланайлик! Бу гуноҳни кичик деб билмайлик. Оиша розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Сафия онамиз ҳақида бир сўз айтганлар, яъни — “У пакана”, деганлар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сен ҳозир шундай сўз айтдингки, агар уни денгиз сувига аралаштирсанг, уни булғашга етар эди!”, деганлар.
Ғийбат ва чақимчилик — қабр азобининг сабабларидандир. Расулуллоҳ алайҳиссалом айтдилар: «Мени меърожга олиб чиқишганида, тирноқлари мисдан бўлган инсонларни кўрдим, ўз юзлари ва кўкракларини тирнар эдилар. Жаброилдан сўрадим: “Булар кимлар?” Жаброил: “Булар инсонларнинг гўштини еганлар ва уларнинг шарафларига тажовуз қилганлардир”, дедилар».
Бошқа мусулмонларнинг обрўларини ҳурмат қилайлик! Расулуллоҳ алайҳиссалом Хажжатул Вадоъда: “Албатта, сизларнинг қонларингиз, молларингиз ва обрўларингиз — бир-бирингизга ҳаром, бу кун, бу ой, ва бу шаҳарингизнинг ҳурмати каби” деб айтдилар.
Аллоҳ бундай дейди: “Албатта, мўминлар орасида фаҳш ишлар тарқалишини хоҳлайдиганларга дунё ва охиратда аламли азоб бўлади. Аллоҳ билади, сизлар билмайсизлар”.
Аллоҳ таоло бизларни Қуръони карим ва Расулининг суннатларига мувофиқ ҳаёт кечиришимизни насиб этсин.
Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ