Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
15 Январ, 2025   |   15 Ражаб, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:23
Қуёш
07:47
Пешин
12:37
Аср
15:37
Шом
17:22
Хуфтон
18:40
Bismillah
15 Январ, 2025, 15 Ражаб, 1446

Лайлатул Қадр кечаси қачон бўлади?

15.05.2020   6230   3 min.
Лайлатул Қадр кечаси қачон бўлади?

 

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар бўлсин.
Севикли Пайғамбаримизга салавоту дурудлар бўлсин.

 

“Лайлатул Қадр” “белгилаш кечаси” деган маънони беради. Йил давомида қилинадиган турли амаллар, ҳукм, топиладиган ризқ, бир сўз билан айтганда тақдир белгиланадиган кечадир.

Бу кеча ҳақида Аллоҳ таоло: «... минг ойдан яхшироқдир» (Қадр сураси, 3-оят) деб марҳамат қилган.

1000 ой – 84 йилга тенг.

84 йил – 30000 кунга тенг.

 

Лайлатул Қадр кечаси қачон бўлади? Абул Олия розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Бир аъробий севикли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, “Қадр кечаси қачон бўлади?” деб сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қадр кечасини Рамазоннинг илк ва энг сўнгги ҳамда тоқ кечаларидан изланглар!” дедилар (Имом Абу Довуд ривояти).

Онамиз Оиша розияллоҳу анҳо ривоят қилган ҳадисда эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қадр кечасини Рамазон ойининг охирги ўн кунлигидан қидиринглар”, (Имом Бухорий, Имом Муслом ривояти) деганлар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қадр кечаси борасида: “У 27-ёки 29-кечадир. Ушбу кеча ерда фаришталар сони майда тошлардан ҳам кўп бўлади”, дедилар (Имом Аҳмад ривояти).

 

Бу кечанинг қандай аломатлари бор? Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “У очиқ, иссиқ ҳам, совуқ ҳам бўлмаган кеча. Унинг тонгида қуёш қизғиш, заиф бўлиб чиқади”, (Ибн Хузайма ривояти) дедилар.

Бу кеча Аллоҳ таолонинг амри билан фаришталар ҳар бир осмондан ва “Сидратул мунтаҳо”дан (яъни, Жаброил алайҳиссалом масканидан) ерга тушади, тонг отгунча инсонлар ҳақига дуо қилади. Қуръони каримда бундай дейилади: “У (кеча)да фаришталар ва Руҳ (Жаброил) Парвардигорларининг изни билан (йил давомида қилинадиган) барча ишлар (режаси) билан (осмондан ерга) тушарлар. У (кеча) то тонг отгунича саломатликдир” (Қадр сураси, 4–5-оятлар).

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу кечани қандай ўтказар эдилар? Оиша онамиз розияллоҳу анҳо ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазоннинг охирги ўн кунлиги келса, кечалари ухламас эдилар ва уйдагиларни ҳам ибодат қилишга уйғотар эдилар” (Имом Бухорий, Имом Муслом ривояти).

 

Бу кеча гуноҳлар мағфират этилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Лайлатул Қадр кечасини имон ва ихлос билан бедор ўтказса, унинг шу кечагача содир этган барча гуноҳлари мағфират қилинади”, (Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Термизий ривояти) дедилар.

 

Оиша онамиз розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: “Ё Расулуллоҳ агар Қадр кечасини топишга муваффақ бўлсам нима деб дуо қилай?” деб сўрадилар.

Шунда Набий алайҳиссалом ушбу дуони айтишга буюрдилар: "Аллоҳумма иннака афуввун, туҳиббул афва, фаъфу ъанний" (Аллоҳим, албатта, Сен кечирувчисан, кечиришни яхши кўрасан. Гуноҳларимни кечиргин) (Имом Термизий ривояти).

 

Аллоҳ таоло қиёматга қадар келадиган барча мўминларнинг гуноҳини мағфират этсин. Ҳидоятида бардавом қилсин!

 

Даврон НУРМУҲАММАД

Рамазон-2020
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Мўмин банданинг дўзахда абадий қолмаслиги баёни

10.01.2025   12083   12 min.
Мўмин банданинг дўзахда абадий қолмаслиги баёни

 

 - 61وَذُو الإِيْمَانِ لَا يَبْقَى مُقِيمًا بِسُوءِ الذَّنْبِ فِي دَارِ اشْتِعَالِ

Маънолар таржимаси: Мўмин банда гуноҳ зарари туфайли алангаланиб ёниш диёрида муқим ҳолатда боқий қолмайди.


Назмий баёни:

Осий мўмин доимо қолмас абад ҳеч,
Алангали диёрдан чиқар эрта кеч.


Луғатлар изоҳи:

وَذُو الاِيْمَانِ – мубтадо.

لَا – нафий ҳарфи.

يَبْقَى – музориъ феъли. Фоили яширин هُوَ замир бўлиб, ذُو الاِيْمَانِ га қайтади.

مُقِيمًا – муқим деганда бирор маконда доимий қолувчи киши тушунилади.

بِ – “сабабия” маъносида келган жор ҳарфи.

سُوءِ الذَّنْبِ – сифат мавсуфга изофа қилинган, бу жумла, аслида, بِسَبَبِ الذَنْبِ السَّيِّءِ бўлган.

فِي – “зарфият” маъносида келган жор ҳарфи.

دَارِ اشْتِعَالِ – бу калимадан дўзах назарда тутилган. Чунки у абадий алангаланиб ёниб туради. Жор ва мажрур يَبْقَى феълига мутааллиқ.


Матн шарҳи:

Аҳли сунна вал-жамоа мазҳабига кўра гуноҳи кабиралар қилган мўмин киши тавба қилишга улгурмасдан вафот этиб кетган бўлса-да, дўзахда абадий қолмайди. Бундай кишилар қилган осийликларига яраша жазоланиб, сўнгра қалбларида иймон борлиги эътиборидан дўзахдан чиқариладилар. Улар ҳақида ҳадиси шарифда шундай хабар берилган:

حَدَّثَنَا عِمْرَانُ بْنُ حُصَيْنٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُمَا عَنْ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ يَخْرُجُ قَوْمٌ مِنْ النَّارِ بِشَفَاعَةِ مُحَمَّدٍ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَيَدْخُلُونَ الْجَنَّةَ يُسَمَّوْنَ الْجَهَنَّمِيِّينَ. رَوَاهُ الْبُخَارِىُّ

Бизларга Имрон ибн Ҳусайн розияллоҳу анҳумо Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитганини гапириб берди: “Бир қавм Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шафоатлари сабабли дўзахдан чиқиб, жаннатга кирадилар, “жаҳаннамийлар” деб номланадилар”. Имом Бухорий ривоят қилган.

Шарҳ: Имом Бухорий ривоят қилган ушбу ҳадиси шарифга кўплаб шарҳлар ёзилган. Муновийнинг “Тайсир би шарҳи жомиъис соғир” китобида қуйидагича шарҳланган: “Бу ерда ушбу исм ишлатиладиган даражада уларнинг жаҳаннамда узоқ азобланишларига ва ҳатто ундан чиқишларига умид ҳам узилишига ишора бор. Шундан сўнг улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шафоатлари билан ундан чиқариладилар”[1].

Муборакфурийнинг “Туҳфатул Аҳвазий” китобида қуйидагича шарҳланган: “Ушбу ном уларга атоқли от бўлиб, (жаннатга кирганда ҳам) ўзгармаган бўлади”.

Ҳофиз “Фатҳ”да қуйидагиларни келтирган, “Насаий Амр ибн Амрнинг Анас розияллоҳу анҳудан қилган ривоятида: “Жаннат аҳли “анавилар жаҳаннамийлар” дейишганида, Аллоҳ таоло: “Улар Аллоҳнинг озод қилган бандаларидир”, деб айтади”, – дейилган.

 Муслим ушбу ҳадисни бошқа йўлдан Абу Саъиддан ривоят қилган. Ўша ривоятда: “Улар (яъни жаҳаннамийлар деб ном олганлар) Аллоҳга дуо қиладилар, Аллоҳ улардан ушбу исмни кетказади”, лафзлари зиёда қилинган”[2].

 

Жазо соқит қилинишига сабаб қилиб қўйилган ишлар

Дунёда баъзи бир ишлар борки, Аллоҳ таоло бу ишларни гуноҳкор бандалардан дўзах азобини соқит қилишга сабаб қилиб қўйган. Булар:

1. Тавба. Қилган гуноҳларига астойдил тавба қилган ва иймонга келиб солиҳ ишларни қилган инсонларга жаннат ваъдаси берилган. Зеро, тавба қилиш деганда маъсиятларни тарк қилиб таоатга қайтиш тушунилади.

“Илло, иймон келтириб, эзгу ишларни қилган зотларгина (бундан мустаснодир). Бас, улар жаннатга кирурлар ва уларга бирор нарсада ноҳақлик қилинмас”[3].

2. Истиғфор. Аллоҳ таоло истиғфор айтган бандаларни азобламаслигини хабар берган:

“Улар истиғфор айтиб (кечирим сўраб) турган ҳолларида ҳам Аллоҳ уларни азобловчи эмас”[4].

“Мағфират сўраш, яъни гуноҳларнинг зараридан сақлашни ва уларни бекитишни сўраб ёлвориш – истиғфор дейилади”[5].

Қуйидаги калималар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таълим берган энг машҳур истиғфорлардан бири ҳисобланади:

أَسْتَغْفِرُ اللَّهَ الَّذِي لَا إِلَهَ إِلاَّ هُوَ الْحَيَّ الْقَيُّومَ وَأَتُوبُ إِلَيْهِ

“Аллоҳдан мағфират сўрайман, Ундан ўзга илоҳ йўқдир, У абадий барҳаёт ва бутун борлиқни тутиб тургувчидир, Унга тавба қиламан”.

3. Яхши ишлар. Аллоҳ таоло яхши ишлар ёмонликларни кетказишини айтган:

“Кундузнинг икки тарафида ва кечанинг бир бўлагида намозни тўкис адо қил! Албатта, яхшиликлар ёмонликларни кетказади. Бу эса, эсловчиларга эслатмадир”[6].

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ёмон иш содир бўлиб қолса, дарҳол уни ўчирадиган яхши ишни қилишга буюрганлар:

عَنْ أَبِي ذَرٍّ الْغِفَارِيِّ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ اتَّقِ اللَّهَ حَيْثُمَا كُنْتَ وَأَتْبِعِ السَّيِّئَةَ الْحَسَنَةَ تَمْحُهَا وَخَالِقِ النَّاسَ بِخُلُقٍ حَسَنٍ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ

Абу Зар Ғифорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қаерда бўлсанг ҳам Аллоҳга тақво қил, ёмон ишга уни ўчирадиган яхши ишни эргаштиргин, инсонларга гўзал хулқлар билан муомала қилгин”, – дедилар”. Имом Термизий ривоят қилган.

4. Дунёвий мусибатлар. Дунёда мўмин киши бирор мусибатга учраса, шу мусибатлари сабабли Аллоҳ таоло унинг олдин қилган хатоларини ювиб юборади.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ وَأَبِي سَعِيدٍ الْخُدْرِيِّ أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ مَا يُصِيبُ الْمُؤْمِنَ مِنْ وَصَبٍ وَلاَ نَصَبٍ وَلاَ هَمٍّ وَلاَ حَزَنٍ وَلاَ أَذًى وَلاَ غَمٍّ حَتَّى الشَّوْكَة يُشَاكُهَا إِلاَّ كَفَّرَ اللَّهُ مِنْ خَطَايَاهُ. رَوَاهُ اَحْمَدُ

Абу Ҳурайра ва Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳумолардан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мўминга бирор касалликми, кулфатми, ғамми, ташвишми, хафаликми етса, ҳатто тикан кириб оғритса ҳам, албатта, Аллоҳ хатоларига каффорот қилади”, – дедилар”. Имом Аҳмад ривоят қилган.

5. Мўминларнинг тириклигида ва вафотидан кейин орқасидан истиғфор айтишлари:

“Улардан кейин (дунёга) келганлар: “Эй Роббимиз, бизни ва биздан аввал иймон билан ўтган биродарларимизни мағфират қилгин, иймон келтирганларга (нисбатан) қалбларимизда нафрат (пайдо) қилмагин. Эй Роббимиз, албатта, Сен шафқатли ва меҳрибонсан”, – дерлар”[7].

6. Ўлимидан кейин унинг номидан садақа ё ҳаж қилиш каби ишлар:

Инсон вафотидан сўнг унинг ортидан у учун қилинган садақанинг савоби тегишига ушбу ҳадис далилдир:

أَخْبَرَنَا ابْنُ جُرَيْجٍ قَالَ أَخْبَرَنِي يَعْلَى أَنَّهُ سَمِعَ عِكْرِمَةَ يَقُولُ أَنْبَأَنَا ابْنُ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُمَا أَنَّ سَعْدَ بْنَ عُبَادَةَ تُوُفِّيَتْ أُمُّهُ وَهُوَ غَائِبٌ عَنْهَا فَقَالَ يَا رَسُولَ اللَّهِ إِنَّ أُمِّي تُوُفِّيَتْ وَأَنَا غَائِبٌ عَنْهَا أَيَنْفَعُهَا شَيْءٌ إِنْ تَصَدَّقْتُ بِهِ عَنْهَا قَالَ نَعَمْ قَالَ فَإِنِّي أُشْهِدُكَ أَنَّ حَائِطِيَ الْمِخْرَافَ صَدَقَةٌ عَلَيْهَا. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ

Бизларга Ибн Журайж хабар берди у Икриманинг шундай деяётганини эшитган экан: “Бизга Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо хабар берди: “Саъд ибн Убода розияллоҳу анҳунинг онаси вафот этди. Ўша пайт у онасининг ёнида эмас эди. Шунда у: “Эй Аллоҳнинг Расули, онам вафот этди, мен унинг ёнида йўқ эдим, агар мен унинг номидан бирор нарса садақа қилсам унга наф берадими?” – деди. У зот: “Ҳа”, – дедилар. Шунда у: “Мен сизни гувоҳ қиламанки, мевали боғим унинг номидан садақадир”, – деди”. Имом Бухорий ривоят қилган.

Инсон вафотидан сўнг унинг ортидан у учун қилинган ҳажнинг савоби тегишига ушбу ҳадис далилдир.

عَنْ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُمَا أَنَّ امْرَأَةً مِنْ جُهَيْنَةَ جَاءَتْ إِلَى النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَقَالَتْ إِنَّ أُمِّي نَذَرَتْ أَنْ تَحُجَّ فَلَمْ تَحُجَّ حَتَّى مَاتَتْ أَفَأَحُجُّ عَنْهَا قَالَ نَعَمْ حُجِّي عَنْهَا أَرَأَيْتِ لَوْ كَانَ عَلَى أُمِّكِ دَيْنٌ أَكُنْتِ قَاضِيَةً اقْضُوا اللَّهَ فَاللَّهُ أَحَقُّ بِالْوَفَاءِ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Жуҳайна қабиласида бир аёл Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларига келди ва: “Онам ҳаж қилишни назр қилган эди, ҳаж қилишга улгурмасдан вафот этди. Унинг номидан ҳаж қилсам бўладими?”, – деди. У зот: “Ҳа, унинг номидан ҳаж қил, айтгинчи, онангнинг зиммасида қарз бўлганида адо қилармидинг?! Аллоҳнинг қарзини адо этинглар, Аллоҳ вафога энг ҳақлидир”, – дедилар”. Имом Бухорий ривоят қилган.

7. Шафоат қилувчиларнинг шафоати:

Шафоат қилувчиларнинг шафоатларига сазовор бўлиш сабабидан ҳам Аллоҳ таоло бандадан дўзах азобини соқит қилади. Шафоат ва шафоат қилувчилар ҳақида 28-байтнинг шарҳида батафсил баён қилинди.

8. Шафоатсиз ҳам, энг меҳрибон Зот Аллоҳ таолонинг авф этиши:

عَنْ عَبْدِ اللَّهِ قَالَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ إِنِّي لَأَعْلَمُ آخِرَ أَهْلِ النَّارِ خُرُوجًا مِنْهَا وَآخِرَ أَهْلِ الْجَنَّةِ دُخُولًا رَجُلٌ يَخْرُجُ مِنْ النَّارِ كَبْوًا فَيَقُولُ اللَّهُ اذْهَبْ فَادْخُلِ الْجَنَّةَ فَيَأْتِيهَا فَيُخَيَّلُ إِلَيْهِ أَنَّهَا مَلْأَى فَيَرْجِعُ فَيَقُولُ يَا رَبِّ وَجَدْتُهَا مَلْأَى فَيَقُولُ اذْهَبْ فَادْخُلِ الْجَنَّةَ فَيَأْتِيهَا فَيُخَيَّلُ إِلَيْهِ أَنَّهَا مَلْأَى فَيَرْجِعُ فَيَقُولُ يَا رَبِّ وَجَدْتُهَا مَلْأَى فَيَقُولُ اذْهَبْ فَادْخُلِ الْجَنَّةَ فَإِنَّ لَكَ مِثْلَ الدُّنْيَا وَعَشَرَةَ أَمْثَالِهَا أَوْ إِنَّ لَكَ مِثْلَ عَشَرَةِ أَمْثَالِ الدُّنْيَا فَيَقُولُ تَسْخَرُ مِنِّي أَوْ تَضْحَكُ مِنِّي وَأَنْتَ الْمَلِكُ فَلَقَدْ رَأَيْتُ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ ضَحِكَ حَتَّى بَدَتْ نَوَاجِذُهُ وَكَانَ يَقُولُ ذَاكَ أَدْنَى أَهْلِ الْجَنَّةِ مَنْزِلَةً. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ

Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Мен дўзахдан энг охири чиқадиган ва жаннатга энг охири кирадиган кишини аниқ биламан, у дўзахдан ранглари ўчиб чиқиб келади. Аллоҳ таоло унга бор: “Жаннатга кир”, – дейди. У жаннатнинг ёнига келади, унга жаннат тўлиб кетгандек туюлади. У қайтади ва: “Эй Роббим, у лиқ тўла”, – дейди. У зот: “Бор, жаннатга кир”, – дейди. У яна жаннатнинг ёнига келади, унга жаннат тўлиб кетгандек туюлади. У қайтади ва: “Эй Роббим, у лиқ тўла”, – дейди. У зот: “Бор, жаннатга кир, (у ерда) сенга дунёча келадиган ва яна унинг ўн бараварича келадиган, ёки сенга дунёнинг ўн бараварича келадиган жой бор”, – дейди. У: “Сен подшоҳ бўла туриб мени масхара қиляпсан, ё менинг устимдан куляпсан”, – дейди. Шунда мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг озиқ тишлари кўринадиган даражада кулганларини кўрганман. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ўша киши жаннатдан энг кам жой олган кишидир”, – дедилар”. Имом Бухорий ривоят қилган.

Шулардан кўриниб турибдики, қалбида иймони бор одам дўзахда абадий қолмайди, албатта, бир куни ундан чиқиб, жаннатга киради.

Ўший раҳматуллоҳи алайҳ шу ергача Аҳли сунна вал-жамоанинг асосий эътиқодий қарашларини баён қилган ва энди сўзларини якунлашга киришган.


Кейинги мавзу:
Гўзал назмий баён.

 

[1] Муновий. Тайсир би шарҳи жлмиъис-соғир. “Мактабатуш шомила”. – Б. 618.
[2] Муборакфурий. Туҳфатул Аҳфазий. “Матабатуш шомила”. – Б. 318.
[3] Марям сураси, 60-оят.
[4] Анфол сураси, 33-оят.
[5] Доктор Аҳмад Фарид. Баҳрур-роиқ. – Искандария: “Дорул Мажд”, 2009. – Б. 100.
[6] Ҳуд сураси, 114-оят.
[7] Ҳашр сураси, 10-оят.

Мақолалар