Динимизда ростгўйлик юксак инсоний фазилатлардан ҳисобланади. Ростгўйлик, аҳдга вафо ва омонатдорлик жамият ҳаётида муҳим ўрин тутади. Ростгўйлик йўқ жойда ўзаро ишонч ва садоқат йўқолади. Агар бундай хислатлар ҳаётимиздан йўқолиб бораверса, ўзаро ишончсизлик кучайиб, инсонлар орасига адоват уруғини ташлайди. Натижада жамиятда турли ҳил муаммолар юзага келади. Жамият тараққиёт йўлидан илгарилаб бориши учун уни ташкил этувчи фуқаролар ўзаро ишонч билан, бир-бирини қўллаб-қувватлаб яшаши лозим. Бу хислатлар ҳаётнинг бир маромда давом этишини таъминлайди десак, асло муболаға бўлмайди.
Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло инсониятга юборган пайғамбарларнинг хулқларида кўзга ташланиб турадиган улуғ ҳислатлардан бири ростгўйлик ва садоқат эди. Аксинча, ёлғончилик, ишончсизлик ва хиёнат каби иллатлар пайғамбарларга ёт бўлган.
Аллоҳ таоло: “Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқингиз ва иймонларида ростгўй бўлган зотлар билан бирга бўлингиз”, деб марҳамат қилади. Демак, мўмин-мусулмонлар, аввало Аллоҳ таолодан қўрқишга, сўнгра иймонида ростгўй инсонлар билан бирга бўлишга буюрилмоқда.
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ростгўйлик яхшиликка олиб боради. Яхшилик эса жаннатга олиб боради. Киши рост сўзлаб юради. Ҳаттоки, Аллоҳ ҳузурида сиддиқ (ростгўй) деб ёзилади. Ёлғончилик ёмонликка олиб боради. Ёмонлик эса дўзахга олиб боради. Киши ёлғон сўзлаб юради. Ҳаттоки, Аллоҳ ҳузурида каззоб (ёлғончи) деб ёзилади”, дедилар (Муттафақун алайҳи).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳадиси шарифларида ростгўйлик ва ёлғончиликнинг ўртасини ажратиб бериб, ҳар бирининг олиб борадиган манзилини ҳам таъкидлаб келтирмоқдалар. Ҳар бир мўмин-мусулмон Роббисининг ҳузурида сиддиқ (ростгўй) деб ёзилмоқлиги учун ёлғончиликдек динимизда катта гуноҳ бўлган ишлардан ўзини сақламоқлиги лозим экан.
Ростгўйлик ва садоқат жамият учун ҳам жуда зарур. Қайси жамиятда аҳдга вафо, садоқат ва ростгўйлик кенг ёйилса, ана шу жамият ислоҳ топиб, фуқаролар ўртасида ўзаро ишонч ортади, меҳр-оқибат кучаяди, олди-берди ва савдо-сотиқ ишларида хиёнат ва алдамчилик барҳам топади.
Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло барчаларимизни гуноҳ ишлардан ўзи сақлаб, дунё ва охиратимизга манфаатли бўладиган амалларга йўлласин амин.
М.Муҳаммаджонов,
Учкўприк тумани “Кушки туркон” масжиди имом-ноиби
Манбалар асосида тайёрланди
Яқинда қариндошларникига меҳмонга борганимизда оила бекаси ташвишли кўринди. Суҳбат орасида ёрилди. Бир йил олдин турмушга узатган қизи яқинда фарзандини дунёга келтирибди. У туғуруқхонага қизини кўргани борса, аёл қуда: “Неварам янги бешикда ётишини хоҳлайман, шунга қараб тайёргарлик кўраверасиз-да”, деб писанда қилибди. Бу гап ёлғиз боши билан оиласини зўрға тебратаётган аёлни ғамга ботирибди. Ахир қудасиникига бешикка қўшиб куёвига ва унинг барча оила аъзоларига сарпо-суруқ ҳам кўтариб бориши керак-да.
Ўйлаб қоласан, келин эрига бола, қайнона-қайнотасига невара туғиб берса-ю, яна унинг ота-онаси муттаҳамдек куёви ва қудаларига хушомад қилиб совға улашишга мажбур бўлса…
Тўғри, ҳадя бериш орадаги меҳр-оқибатни мустаҳкамлайди. Лекин бу вазиятда совға аслида кимга берилиши лозим? Барча эҳтиром тўққиз ой ҳомиласини кўтариб юриб, минг оғриқ-азоб ичида чақалоқни дунёга келтирган келинга қаратилиши керак эмасми?
Афсус, ҳозирги кунда қиз узатган ота-онанинг боши узоқ вақт сарфу харажатдан чиқмайди. Тўйда қилинган келин сеплари, сарпо-суруқлар, мебеллар билан қутулса кошкийди. Невара кўришса, бешик тўйи қилиб беришлари, қуданикида ўтказиладиган оилавий тадбирларга совғалар, суннат тўйида маълум одамларга бошоёқ сарполар, маиший жиҳозлар олиб боришлари урфга айланган. Совғалар бироз камтарона бўлиб қолса, келин ва ота-онасининг боши маломатдан чиқмайди. Юқоридаги мисол айрим куёвларнинг нафақат шаръий ҳукмларни билмаслиги, балки орсизлиги, жоҳила онасининг измидан чиқмаслиги ва у билан бу масалада ҳамфикрлигини ҳам кўрсатади.
Булар – ҳали урфга айлангани учун келин томоннинг елкасига ортиладиган мажбуриятлар. Аянчлиси, хотинининг ота-онасидан турли нарсаларни очиқдан-очиқ тама қилувчи эркаклар ҳам учрамоқда. Аёлига: “Машина сотиб олмоқчиман, отанг ёрдам берворсин”, “Уй қураман, қурилиш материаллари олиб берсин” қабилида талаблар қўяётган боқиманда эрларни ким деб аташ мумкин?
Бир танишимнинг айтишича, келин бўлиб тушганига икки йилча бўлган синглисини эри ва қайнона-қайнотаси ёз бўйи томорқасида ишлатиб, бемор бўлиб қолгач, “қизингиз касалманд экан” деб ота уйига олиб келиб ташлашибди. Мақсад – хотинни даволатишга кетадиган сарф-харажатни унинг ота-онаси зиммасига юклаш. Ахир динимиз аёлни нафақа, бошпана билан таъминлаш, касал бўлса, даволатиш ва бошқа тасарруфларини эрнинг вазифаси этиб белгилаган-ку.
Аллоҳ таоло таълим беради: “Эркаклар хотинлар устидан (оила бошлиғи сифатида доимий) қоим турувчилардир. Сабаб – Аллоҳ уларнинг айримлари (эркаклар)ни айримлари (аёллар) дан (баъзи хусусиятларда) ортиқ қилгани ва (эркаклар ўз оиласига) ўз мол-мулкларидан сарф қилиб туришларидир…” (Нисо сураси, 34-оят).
Эркак киши оила раҳбари бўлгани учун аҳли аёли, фарзандларини ҳимоя қилишга, уларнинг моддий таъминотига масъулдир. Унинг ҳалол йўл билан бола-чақасини боқиши ибодат бўлиб, бунинг учун ажру савобга эришади.
Омир ибн Саъддан, у отасидан ривоят қилади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Албатта, сен аҳлингга ҳар қандай нафақа қилсанг, унга ажр оласан. Ҳаттоки, аёлингнинг оғзига тутган луқмага ҳам”» (Имом Аҳмад ривояти). Демак, ҳалол меҳнат қилиб, оиласига ризқ олиб келадиган эркак дангасалик, боқимандалик оқибатида содир бўладиган гуноҳдан сақланиш билан бирга, ажр-савобга ҳам эришади.
Юқоридаги ҳолатларда эса эркаклар ўзининг оилада раҳбарлигини аёлига ёки фарзандларига ғамхўрлик эмас, зулм қилиш деб тушунмоқда. Улар тезда ўзларини ислоҳ қилмасалар, золим банда сифатида катта гуноҳ орттириб, охиратда мазлумларнинг ҳақини топтагани учун жавоб беришларига тўғри келади.
Исломда нима учун оила раҳбарлиги эркакка берилган? Бу саволга ушбу ояти каримада жавоб берилади: “Aллоҳ баъзиларини баъзиларидан устун қилгани ва молларидан сарфлаганлари учун эркаклар аёлларга раҳбардирлар” (Бақара сураси, 34-оят).
Ояти каримада эркаклар аёлларга нисбатан жисмонан кучли, оғир-босиқ табиатли этиб яратилгани, шу билан бирга, оиласига нафақа ажратганлари учун уларга раҳбар эканлари айтиляпти. Демак, раҳбарлик учун фақат жисмоний ва ақлий устунлик эмас, олийҳимматлик ҳам зарур. Мухтасар айтганда, эркак киши оиладаги бурчини шариатга мувофиқ адо этса, дунёда ва охиратда яхшиликларга эга бўлади. Масъулиятсизлик эса унга фақат ва фақат бахтсизлик, пушаймонлик олиб келади.
Азимжон АЛИМЖОНОВ,
Тошкентдаги “Иброҳим ота” жоме масжиди имом-хатиби
“Ислом нури” газетасининг 2026 йил 2-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws