Аллоҳ Таоло барча ибодатларни бандаларнинг ҳар икки дунё саодатини кўзлаб жорий этади.
Биринчиси ухровий мақсад бўлса, иккинчиси дунёвий мақсаддир. Бу икки сабаб ила Аллоҳ таоло бандаларига бу дунёда осойишта ҳаётни, охиратда эса кўплаб савобларни ёзади.
Ибодатларни жорий бўлишдан ухровий мақсад – мўминлар уни бажариш орқали Аллоҳ таолонинг розилигига эришиш ва унинг марҳамати ила жаннатга кириб, дўзах оловидан омонда бўлишдир.
Унинг жорий бўлишидаги дунёвий мақсад эса инсонларни руҳий ва жисмоний ҳолларини ислоҳ қилишдир. Руҳан ва жисмонан етук мўмин банда эса Аллоҳ таолонинг ҳақларини ҳам, бандаларининг ҳақларини ҳам тўла-тўкис адо этади. Мана шу икки мақсад учун жорий қилинган энг катта ибодатлардан бири – Рамазон рўзасидир. Аллоҳ таоло рўзадорга охиратда ҳисобсиз ажрлар беради.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Аллоҳ таоло Одам боласининг ҳамма амали ўзи учун, фақат рўза Мен учундир ва унинг мукофотини Мен – Ўзим бераман, деди».
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Жаннатнинг бир эшиги бўлиб, Райён, деб номланади. Қиёмат куни рўзадорлар ундан кирадилар, улардан бошқа бирортаси кирмас”, дедилар.
Аллоҳ таоло жаннатга фақатгина рўзадорлар кира оладиган саккизинчи эшик ҳозирлаб қўйгани рўзанинг нақадар улуғ ибодат ва рўзадорлар Аллоҳ таолонинг ҳузурида улуғ мартабага эга эканлигини кўрсатади.
Бундан ташқари, бу ибодат рўзадорларга кўплаб дунёвий фойдаларни ҳам тақдим этади. Булар жисмоний ва руҳий соғломликдир.
“Рўза тутинглар, соғлом бўласизлар” мазмунидаги ҳадис машҳур, унинг санади заиф бўлсада, маъноси саҳиҳ ҳисобланади.
“Рўзанинг кўплаб уҳровий манфаатлари бўлганидек, жуда кўплаб дунёвий фойдалари ҳам бор. Бундан 1400 йил олдин рўза мусулмонларга фарз қилинганда одамлар унинг шифо хусусиятлари ҳақида илмий маълумотларга эга бўлмаган. Ҳатто уни азоб-уқубат ва танага нисбатан ҳақоратдан ўзга нарса эмас деб ҳисоблаганлар ҳам учраб турган. Афсуски, бундайлар ҳозир ҳам учраб туради. Лекин, бугунги замонавий турли илмий тадқиқотлар рўза бутун танага шифобахш таъсир кўрсатишини тасдиқлаяпти. Шу боис ҳам очлик билан даволаш бўйича жуда кўп китоблар ёзиляпти, бу усул тиббиётда кенг қўлланиляпти. Ҳозир очлик билан даволаш урф бўлди. Ҳатто Ғарб мамлакатларида шу усулда хизмат кўрсатувчи махсус шифохоналар бор.
Одам вужуди шундай қурилган: озиқ-овқат етказиш тўхтаган пайтда бутун куч-қувват организмни зарарли микроблар, хаста тўқималар, ўсмалардан тозалашга киришади.
Тадқиқотчи, тиббиёт фанлари доктори Роберт Бартлоу илмий изланишлари, тажрибалари билан рўза организмни тозалашда жуда катта кучга эга экани ва ҳатто бошланғич босқичдаги ўсмаларни йўқота олиши мумкинлигини исботлади (Субҳаналлоҳ).
Очлик билан даволанаётганларни кузатган олимлар уларнинг соғайиб, турли касалликлардан тамоман қутулиб кетганларига гувоҳ бўлишди. Тажрибалар рўза қонда холестерин миқдорининг камайишига, натижада юракда қон лахтаси (тромб) тиқилишининг олди олинишига сабаб бўлишини кўрсатди. АҚШда олиб борилган тадқиқотлар эса рўза қондаги қанд моддаси ва меъда шираси кислотасини ҳеч қандай дори воситаларисиз меъёрда сақлаб туришини исботлади.
Очлик таъсирларини ўрганган германиялик олимлар камида уч ёки тўрт ҳафта мобайнида 10-15 соат ҳеч нарса истеъмол қилмай енгил иш билан шуғулланиш соғлик учун жуда фойдали деган хулосага келдилар. Доктор Билл Шернбер ҳар йили бир ой рўза тутиш тетиклик ва ёшлик асоси эканини таъкидлайди.
Одесса университети олимлари ўтказган тажрибалар очлик танадан заҳарларни ҳар қандай дори-дармондан кўра яхшироқ чиқариб ташлашини кўрсатди. Масалан, рўза пайтида аммиакнинг чиқарилиши 100 баробарга кучаяди.
Одамлар одатда фан тасдиқлаган, амалда исботини топган нарсаларга кўпроқ ишонади. Бироқ, рўзанинг ҳали фан аниқлолмаган фойдалари бўлиши шубҳасиз. Бу фойдалар аста-секин ўз исботини топади”[1].
Бизни мусулмонлардан қилган Аллоҳ таолога ҳамдлар бўлсин.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг “Ҳадис ва ҳаёт китобларидан фойдаланилди.
Муҳаммад Али МУҲЙИДДИН,
Тошкент Ислом институти 3-курс талабаси.
[1] Орифжон Мадвалиев
Муҳаррам ойи қандай ой?
Муҳаррам ойи – мусулмонлар тақвимининг биринчи ойидир. Бу ой Аллоҳ таоло уруш, қон тўкишни ҳаром қилган (Зулҳижжа, Зулқаъда, Муҳаррам, Ражаб) тўрт ойнинг бири бўлиб, унинг ўнинчи куни яъни, ашуро куни алоҳида фазилатларга эга.
Ашуро қандай кун?
Бу кун ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бу шундай яхши кундирки, бу кунда Аллоҳ Бани Исроилни душманларидан қутқарган. Шу боис Мусо алайҳиссалом бу кунда рўза тутган. Мен Мусога кўпроқ (яқин бўлишга) ҳақлироқман”, дедилар ва у кунда рўза тутиб, одамларни ҳам унинг рўзасини тутишга буюрдилар” (Имом Бухорий ривояти).
Ашуро куни рўза тутиш ўтган бир йиллик гуноҳларга каффорат бўлади.
Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ашуро кунининг рўзаси – Аллоҳдан умид қиламанки – бир йил олдинги гуноҳларга каффорат бўлади”, деганлар (Имом Муслим ривояти).
Бу кун яқинларга кенгчилик қилиш, бир йиллик кенгчиликка сабаб бўлади.
Абу Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Ашуро куни аҳли аёлига кенглик яратса, Аллоҳ унга йил бўйи кенглик яратади”, дедилар (Имом Байҳақий ривояти).
Ашуро кунини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қандай ўтказардилар?
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу кунни ўтказиб юбормаслик учун қаттиқ ҳаракат қилардилар, унинг савобига эришиш учун бу куннинг келишини интиқлик билан кутардилар. Бу ҳақда Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни Ашуро куни рўзасини Рамазон ойи рўзасини кутиб соғингандек, бошқа кун ва ой рўзасини кутганларини кўрмадим” (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ашуро куни рўзасини тутиб, одамларни ҳам бу куннинг рўзасини тутишга буюрганларида, саҳобалар: “Ё, Расулуллоҳ! Бу кун яҳудий ва насронийлар улуғлайдиган кун-ку!” дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ хоҳласа келаси йил тўққизинчи куни ҳам тутамиз”, дедилар. Аммо, келаси йил келмасидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этдилар (Имом Муслим ривояти).
Аллоҳ таоло ушбу ойнинг фазилатларидан барча мўмин-мусулмонларни тўлиқ баҳраманд этсин. Ўзининг розилигини топадиган амалларда бардавом қилсин.
Даврон НУРМУҲАММАД