Ассалому алайкум азиз биродарлар. Барчамизга ойлар султони Рамазон муборак бўлсин. Барчамизга Аллоҳ бу ойларда эзгу амаллар қилиб савоб деган ҳуржунимизни тўлдириб, гуноҳ деган ҳуржунимизни бўшатиб олишни Ўзи муяссар айласин.
Бежизга бу ой “Ойлар султони” деб ном олмади. Бунинг биринчи сабаби бу ойда Қуърони карим нозил бўлди. Шунинг ўзи уни ойлар султони деб номлашга етарлича сабаб бўлади. Бу ой раҳмат ойи, меҳр-мурувват ойи, эзгу амалларни ҳар доимгиданда кўпроқ қилиш ойи. Чунки бу ойда қилинган эзгу амалларнинг ажри ошириб берилади. Мана ҳозир барчамиз уйдамиз. Бу каронавирус деган бало, Аллоҳни синовли кунларида уйдамиз. Бу кунлар бизга кўп нарсаларни исботлаб берди. Чунки одам боласини бошига келган ҳар қандай иш ўзи қилган амали сабабидан келади. Шахсан мен ўзим рамазон ойида масжидда хатми Қуръонлар бўлмаган жамоат бўлиб таровеҳ намозлари ўқилмаган ойни эслай олмайман. Биз одамлар мусулмонларни орасида меҳр деган занжир узилиб бораётган эди. Ота-онамиз, яқин қариндошларимиз билан алоқаларимиз узилиб бораётган эди. Аллоҳ энди истасак ҳам бора олмайдиган қилиб қўйди, масжидларда жамоатни қадрига етмадик, жамоатга зор қилиб қўйди, бу сабаблар кўп. Ҳозир уларни санасам охири тугамайди…
Мен сизларга ажиб бир суҳбатни ҳавола қилмоқчиман. Бу суҳбат мавзуимизга алоқадор. Юқорида бу ойда эзгу амаллар қилишимиз керак дедик. Бу амалларимизда энг кераклиси ихлос, Аллоҳ розилиги бўлиши керак. Чунки амалда ихлос бўлмаса у қанчалар катта бўлмасин инсонга фойда бермайди. Бугунги суҳбатдошим ўз нафсим. Менга маломатчи нафс берган Аллоҳга ҳамд айтиш билан бошлайман. Ҳамма қатори мен ҳам уйда ибодатлар қилмоқдаман, озми копми. Бир куни одатим бўйича хуфтон намозидан кейин таровеҳ ўқиш учун намозни бошладим. Қуръонни тўлиқ ёд олмаганман. Ўзим билган суралар билан имкон қадар ўқийман. Шунда намоз ўрталарида кўчада маҳалламиз болаларини стол тенниси ўйнаётган овози эшитилди. Шунда ўзимдан “Ҳа, кўрдингми бу пайтда баъзи инсонлар кўчада. Лекин сен ибодат билан оворасан, барака топ”, деган ғурурланиш ҳисси ўтди. Шунда виждоним “Эй, шошма! Ўзингга кел”, деб бир шапалоқ тортгандай бўлди. “Сен ожизона ибодатинг билан ғурурга кетяпсанми, намозда кўчадаги овозни эшитаётганингни ўзи етарлича қайғу эмасми?!” деди. Яна нафсим “Билмайсанми Аллоҳ розилиги учун қилинмаган амал ҳар қанча катта бўлмасин, бефойдаку! Аслида сен ва сенга ўхшаганлар сабабидан бу балолар келмадимикин”, деган саволларни берди. Саволга жавоб беришим қийин. Чунки бу ҳол кўп бўлар эди менда. «Ҳа», дедим, тўғри айтдинг, деб сергак тортдим. Кейинги икки ракатни Аллоҳдан ихлос беришини сўраб дуо қилиш билан бошладим.
Баъзилар учун бу суҳбат жуда қисқа, оддий ва содда туйилиши мумкин. Лекин суҳбатдан ҳисса шуки, аввало ниятларимиз тўғри бўлсин. Бу синовли кунлардан эсон-омон чиқиб олишни Аллоҳ насиб қилсин. Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ.
@muslim666J
1. Ким бомдод намозини ўз вақтида ўқиса, энг афзал амални адо этган бўлади. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан “Энг афзал амал қайси?” деб сўраганларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ўз вақтида ўқилган намоз”, деганлар.
2. Ким бомдод намозини ўз вақтида ўқиса, шайтон қулоғига бавл қилмайди. Пайғамбаримиз алайҳиссаломга тонг отганда ухлаб ётиб, намозга турмаган бир киши ҳақида айтишганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Унинг қулоғига шайтон бавл қилибди”, деганлар.
3. Ким бомдод намозини ўз вақтида ўқиса, ўша кунги ризқига барака киради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳим! Умматимнинг эрта тонгдаги ишларини баракотли қилгин”, деб дуо қилардилар.
4. Ким бомдод намозини ўз вақтида ўқиса, Аллоҳнинг зиммасида бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бомдод намозини ўқиса, Аллоҳнинг аҳди ва омонида (зиммасида)дир. Аллоҳ сизларни ҳаргиз аҳдини зое қилган ҳолда топмасин”, дедилар.
5. Ким бомдод намозини ўз вақтида ўқиса, жаннатга киради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бомдод ва аср намозларини адо этса, жаннатга киради”, деганлар.
6. Ким бомдод намозини ўз вақтида ўқиса, мунофиқликдан узоқ бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мунофиқларга энг оғир намоз хуфтон ва бомдод намозларидир”, деганлар.
7. Ким бомдод намозини ўз вақтида ўқиса, бу дунё ва ундаги нарсалардан энг яхшиси эга бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бомдоднинг икки ракати дунё ва ундаги нарсалардан яхшидир”, дедилар.
Даврон НУРМУҲАММАД