Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
10 Январ, 2025   |   10 Ражаб, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:24
Қуёш
07:48
Пешин
12:36
Аср
15:32
Шом
17:16
Хуфтон
18:35
Bismillah
10 Январ, 2025, 10 Ражаб, 1446

Эҳсон ҳамда садақанинг фойда ва фазилатлари (2-мақола)

12.05.2020   3163   4 min.
Эҳсон ҳамда садақанинг фойда ва фазилатлари  (2-мақола)

 

 

  1. Садақа шундай нарсаки, у мол соҳибидан қоладиган яхшиликдир. Яъни мол-дунё эгаси ўзи билан олиб кетадиган нарсаси бу молидан қилган садақасининг савобидир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Нафақа қилган яхшиликларингиз ўз фойдангизга”, деб марҳамат қилган (Бақара сураси, 272-оят).
  2. Севикли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан: Сўйилган қўйдан нима қолди?” деб сўрадилар. Онамиз: Ундан бир елкаси қолди дедилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бир елкасидан бошқаси қолди”, дедилар. Яъни қилинган эҳсон аслида қолгани дедилар.
  3. Аллоҳ таоло садақа берувчининг савобини кўпайтириб беради. Қуръонда: “Албатта, садақа қилувчи эркагу аёл ҳамда Аллоҳга қарзи ҳасана берувчиларга (савоб) кўпайтириб берилур. Уларга карамли ажр ҳам бор” (Ҳадид сураси 18-оят), дейилган бўлса, бошқа бир оятда эса: “Аллоҳга яхши қарз берадиган ким бор?! Бас, токи У зот унга берганини кўп марта кўпайтириб берса”, дейилган (Бақара сураси 245-оят).
  4. Садақа қилувчи жаннатнинг хос бўлган садақа эшигидан чақирилади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “... Кимки намоз аҳлидан бўлса. Намоз эшигидан чақирилади. Кимки жиҳод аҳлидан бўлса, жиҳод эшигидан чақирилади. Кимки садақа берувчи аҳлидан бўлса, садақа эшигидан чақирилади. Кимки рўза аҳлидан бўлса, Райён эшигидан чақирилади”, дедилар. Ҳазрат Абу Бакр розияллоҳу анҳу: Бу эшикларнинг барчасидан чақириладиган бирор- бир киши борми? деган эдилар, Набай алайҳиссалом: “Ҳа, сен улардан бири бўлишингга умид қиламан”, дедилар.
  5. Садақа ҳадисда айтилгандек яъни рўзадор, жанозада қатнашиш ва касални бориб кўриш билан бир кунда қилинса жаннат вожиб бўлади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бугун рўза тутган ҳолда кунни бошлади? дедилар. Ҳазрат Абу Бакр розияллоҳу анҳу: Мен”, дедилар. Ким бугун жаназага қатнашди? дедилар. Абу Бакр розияллоҳу анҳу: Мен”, дедилар. “Ким бугун касални бориб кўрди?” дедилар. Абу Бакр розияллоҳу анҳу: “Мен”, дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қайси бир кишида ушбу ишшлар жам бўлса, у жаннатга киради”, дедилар.
  6. Садақа бериш билан қалбда роҳат ва таскинлик пайдо бўлади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларида бахил ва инфоқ қилувчи кишини зарбул масал қилдилар: “Гўёки у иккисида жангда кийиладиган темирдан бўлган кийим бор. Инфоқ қилувчи киши инфоқ қилса гўёки ўша кийими унга мос келиб, ҳамма аъзосини ёпиб тургандай кенгайиб кетади. Аммо баҳил киши эса инфоқ қилишни истамайди. Гўёки қўлини бўйнига боғлаб олгандай. Инфоқ қилай деса қўли боғланган. Ҳудди шундай унга кийим сиғмай тор бўлиб қолади”, деган мазмунда айтганлар.
  7. Агар инфоқ қилувчи уламолардан бўлса, Аллоҳнинг ҳузуридаги энг гўзал мақомда бўлади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Дунё тўрт нафар киши учундир. Биринчиси шундай кишики, унга дунё ҳам, илм ҳам берилади. У илми билан Аллоҳдан қўрқади ва дунёсини силаи раҳм қилишга сарф қилади. Бу энг буюк мақомдир”, дедилар.
  8. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам инфоқ қилувчи бой кишини Қуръон билан вақтини ўтказувчи кишининг мақомига тенглаштирдилар. Ҳадисда: “Икки кишига ҳасад қилса бўлади. Бир кишики Аллоҳ унга Қуръонни берган бўлсаю, у кечаю кундуз уни қоим қилса. Яна бир кишики, Аллоҳ унга мол-дунё берган бўлсаю, у кечаю кундуз уни инфоқ қилса”, дейилган. Қани энди Аллоҳ муваффақ қилсаю, бу иккисини ҳам жам қилинса. Аллоҳдан бу борада ўз фазлини сўраймиз.
  9. Садақа банданинг ишончи ва иймонига далилдир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Садақа ҳужжатдир”, деганлар.
  10. Садақа молни покловчидир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй тижорат аҳли, албатта тижоратда бекорчи гаплар ва қасам аралашиб қолади. Уни садақа бериш билан алиштиринглар (пайдо бўлган гуноҳларни садақа бериш билан йўқ қилинглар)”, дедилар.

Яҳё УБАЙДУЛЛОҲ ўғли,

“Шайх Зайниддин” масжиди имом-хатиби.

 

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Бошингизга тушган ғам-ташвишлардан қандай хулоса чиқардингиз?

9.01.2025   3438   4 min.
Бошингизга тушган ғам-ташвишлардан қандай хулоса чиқардингиз?

Бир ўтириб, яшаб ўтган шунча йиллик ҳаётимизда бошдан кечирган ғам-ғуссаларимиз ҳақида фикр юритиб кўрсак, қайғулар икки хил эканини кўрамиз:

Биринчисиўша пайтда кўзимизга катта кўриниб, ҳатто йиғлашимизга сабаб бўлган қайғуларимиз. Лекин вақт ўтиши билан улар аслида оддий нарса экани, йиғлашга арзимаслиги маълум бўлади. Баъзан ўша кунларни эслаганимизда кулгимиз келиб, «Шу арзимас нарса учун ҳам сиқилиб, йиғлаб юрган эканманми? У пайтларда анча ёш бўлган эканмиз-да», деб қўямиз.

Иккинчисиҳақиқатдан ҳам катта мусибатлар. Баъзилари ҳаётимизни зир титратган. Бу қайғулар ҳам ўтиб кетади, лекин ўчмайдиган из қолдириб кетади. Бу излар узоқ йилларгача қалбга оғриқ бериб тураверади. Бу қайғулар баъзан тўхтаб, баъзан ҳаракатга келиб, янгиланиб турадиган вулқонга ўхшайди. Бундай ғам-қайғуларнинг яхши тарафи шундаки, улар ҳаётда ҳам, охиратда ҳам яхшиликларнинг кўпайишига сабаб бўлади. Улар қалбимизда ўчмас из қолдирса, ҳар эслаганда кўзларимизда ёш қалқиса, энг асосийси – ўшанда дуога қўл очиб, сабр билан туриб бера олсак, кўп-кўп яхшиликларга, ажр-савобларга эга бўламиз. Ғам-қайғу янгиланиши билан яхшиликлар ҳам янгиланиб бораверади.

Ғам-қайғусиз ҳаётни кутиб яшаётган қизга «Сиз кутаётган кун бу дунёда ҳеч қачон келмайди», деб айтиш керак.

Аллоҳ таоло «Биз инсонни машаққатда яратдик», деган (Балад сураси, 4-оят).

Бу ҳаёт – ғам-ташвишли, азоб-уқубатли, машаққатли ҳаётдир. Мўмин одам буни жуда яхши тушунади. Бу дунёда қийналса, азоб чекса, охиратда албатта хурсанд бўлишини билади. Инсон мукаммал бахтни фақатгина охиратда топади. Шунинг учун улуғлардан бирига «Мўмин қачон роҳат топади?» деб савол беришганда, «Иккала оёғини ҳам жаннатга қўйганида», деб жавоб берган экан.

Аллоҳнинг меҳрибонлигини қарангки, охират ҳақида ўйлаб, унга тайёргарлик кўриш ҳаётни гўзал қилади, қайғуларни камайтириб, унинг салбий таъсирини енгиллатади, қалбда розилик ва қаноатни зиёда қилади, дунёда солиҳ амалларни қилишга қўшимча шижоат беради, мусибатга учраганларни бу ғам-ташвишлар, азоб-уқубатлар бир кун келиб, бу дунёда бўлсин ёки охиратда бўлсин, барибир якун топишига ишонтиради. Охират ҳақида ўйлаб, фақат солиҳ амаллар қилишга интилиш инсонни бахтли қилади.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: «Кимнинг ғами охират бўлса, Аллоҳ унинг қалбига қаноат солиб қўяди, уни хотиржам қилиб қўяди, дунёнинг ўзи унга хор бўлиб келаверади. Кимнинг ғами дунё бўлса, Аллоҳ унинг дардини фақирлик қилиб қўяди, паришон қилиб қўяди, ваҳоланки дунёдан унга фақат тақдир қилинган нарсагина келади».

Аллоҳ таоло фақат охират ғами билан яшайдиган (охират ҳақида кўп қайғурадиган, ҳар бир амалини охирати учун қиладиган) қизнинг қалбини дунёнинг матоҳларидан беҳожат қилиб қўяди. Қарабсизки, бу қиз ҳар қандай ҳолатда ҳам ўзини бахтли ҳис қилади, ҳаётидан рози бўлиб яшайди. Хотиржамликда, осойишталикда, қаноатда яшагани учун истамаса ҳам қўлига мол-дунё кириб келаверади. Зеро, Аллоҳ таоло охират ғамида яшайдиган, шу билан бирга, ҳаётий сабабларни ҳам қилиш учун ҳаракатдан тўхтамаган кишининг ризқини кесмайди, уни неъматларига кўмиб ташлайди.

Аммо Аллоҳ таоло бор ғам-ташвиши дунё бўлган қизни фақирлар қаторида қилиб қўяди. Бундай қиз мол-дунёга кўмилиб яшаса ҳам, ўзини фақир, бечора ҳис қилаверади. Натижада дарди янгиланаверади, дардига дард қўшилаверади, фикрлари тарқоқ бўлиб, изтиробга тушади. Афсуски, шунча елиб-югургани билан фақат дунёнинг неъматларига эриша олади, охиратда насибаси бўлмайди.

Абдуллоҳ Абдулмуътий, Ҳуда Саъид Баҳлулнинг
“Қулоғим сенда қизим” китобидан Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ,
Абдулҳамид Умаралиев 
таржимаси.