Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
19 Июн, 2025   |   23 Зулҳижжа, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:04
Қуёш
04:50
Пешин
12:29
Аср
17:40
Шом
20:02
Хуфтон
21:41
Bismillah
19 Июн, 2025, 23 Зулҳижжа, 1446

Саодатга чақирувчи воиз

12.05.2020   2360   3 min.
Саодатга чақирувчи воиз

Китобхонларга ўзининг “Лаа таҳзан” яъни “Маҳзун бўлма” китоби билан таниш бўлган Доктор Оиз ибн Абдуллоҳ ал-Қорний ҳафизаҳуллоҳ 1959 йил 1 январда, ҳижрий ҳисоб билан 1379 йилда Саудия Арабистонинг Булқорн вилоятида Оли Шурайҳ қишлоғида таваллуд топган.

Доктор Оиз Қорний ёзувчи, шоир, воиз ва даъватчидир. У ўзининг маърузалари билан кўплаб мамлакатларга ташриф буюрди, ўнлаб конференцияларда қатнашди. Саксондан ортиқ китоблар, бир қанча хутбалар, аудио ва видео шаклдаги шеърий кечалар ва адабий йиғинларда ёзилган дарслик ва маърузалар муаллифидир.

Доктор Оиз Қорний 80 га яқин китоблар ёзган бўлиб, Унинг “Лаа таҳзан” номли китоби унинг эришган натижаларининг энг кўзга кўрингани ва уни машҳур бўлишига сабаб бўлган китоби ҳисобланади. Унинг мазкур китоби ўн миллиондан ортиқ нусхада сотилгани ва ўттиздан ортиқ тилга таржима қилингани тилга олинади.[1] Унинг бу китоби бутун дунёга машҳурдир.

Устоз Мубашшир Аҳмад тарафидан “Ўкинма” номи билан ўзбек тилига қайта таржима қилинди. Ушбу китоб сизга: “Хушчақчақ ва бахтли бўлинг, яхшилик томонини изланг ва тинчланинг”, дейди. Ҳаётга ўз ҳолича боқишни, мамнун, қувноқ ва шод яшашни ўргатади. Йўналишлар, одамлар, замон ва маконлар билан муомала қилишда фитратга зид хатоларни тузатади[2]

Бундан ташқари “Табассум қилинг”[3], “Қалблар тизгини”[4] китоблари ҳам ўзбек тилига таржима қилиниб китобхонлар орасида машҳурдир. Ҳозирда муаллифнинг “Дунёдаги энг бахтли аёл” ҳамда “Бахтли бўлмоқ учун” китоблари ҳам Саидхон Махсум қори томонидан нашрга тайёрланиб, чоп этилиш арафасида.

Доктор Оиз Қорний “Дунёдаги энг бахтли аёл” номли китобида аёлларнинг бахтли саодатли ҳаёти учун қайғуради. Маълумки Ислом дини келиб аёлнинг қадрини кўтарди. У ўзини жамиятда бахтиёр ҳис қилиб яшашини таъминлади. Доктор Оиз Қорний ўзининг бу китобида аёлларга тўғридан-тўғри хитоб қилиб, уларнинг жамиятдаги улуғ мақомини кўрсатиб берган, мана шуларни ҳис этган ҳолда чинакам бахтга сазовор бўлиб ҳаёт кечиришларида керакли тавсияларини берган.

Доктор Оиз Қорний бир қанча телекўрсатувларда ҳам қатнашган, жумладан:

“Рисолат”, “Иқро”, “Дубай” каби қатор каналларда Рамазон суҳбатларида қатнашиб туради.

Ҳулоса ўрнида айтсак, Доктор Оиз Қорний жамият тараққиёти, фаровонлиги, мўмин-мусулмонларнинг икки дунёда саодатли ҳаёти учун тиним билмай фаолият олиб бораётган замонамиз олимларидандир.

 

Фозилхон АБДУЛЛАЕВ,

Тошкент ислом институти талабаси.

 

 

 

[1] Wikipedia.org/wiki/ عاءض القرني

[2] https://www.facebook.com/eHilol/posts/1534790136598605/

[3] Фахриддин М. Раҳматуллоҳ А. ва бошқалар. Табассум қилинг. – Тошкент. Sano-standart, 2018.

[4] Алибоев Б. Қалблар тизгини. – Тошкент. Qaqnus software, 2018.

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Масжидул ҳаромда ухласа, таҳорати синмайдими?

16.06.2025   5226   1 min.
Масжидул ҳаромда ухласа, таҳорати синмайдими?

Савол: Масжидул ҳаромда намозларни жамоат билан ўқиб, кейинги намоз вақтини кутиб ўтирганимизда, айрим ҳожиларимиз ётган ҳолда ухлаб қолиб, кейинги намозга азон айтилганда, таҳорат қилмай намоз ўқишаётганига гувоҳ бўлдим.

Бунинг хукми динимизда қандай? Чунки ухлаш таҳоратни бузади деб ўқиганмиз ва шунга амал қиламиз. Ёки масжидул ҳаромда айрим ҳукмлар ўзгарадими?


Жавоб: Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Ҳанафий мазҳабига кўра, бирор нарсага суяниб, ёки ёнбошлаган ҳолда ухлаш таҳоратни синдиради. Бу ҳукм масжидул ҳаромга ҳам тегишли. Сиз айтган ҳожилар ерга ёнбошлаган ҳолда ухлаган бўлсалар, таҳоратлари синади. Лекин кўзини юмиб, ухламасдан, зикр қилиб ётадиганлар ҳам бўлади. Агар шундай қилган бўлсалар, табиийки таҳоратлари синмайди.

Масжидул ҳаромда дунёнинг турли нуқтасидан келган зиёратчилар ибодат қилади. Уларнинг ичида илмли инсонлар билан бир қаторда ибодатга энди кирган, шаръий ҳукмларни яхши ўзлаштирмаганлар ҳам бўлади. Уларнинг қилаётган ишини кўриб, анавилар қиляпти-ку, демак, нотўғри эмас эканда, деб қилиб кетавермаслик керак.

Қолаверса, у ерда турли мазҳаб одамлари ибодат қилади. Айрим мазҳабларда ухлаш, бадандан қон чиқиш каби ишлар таҳоратни синдирмайди. Аммо бизнинг мазҳабимизда ҳар иккиси ҳам таҳоратни бузади ва бунга уламоларимиз бир қанча ҳадисларни далил ўлароқ келтирганлар.

Шу боис, улуғ маконларга ибодатга отланаётган одамлар: хоҳ эркак, хоҳ аёл киши бўлсин, шаръий ҳукмларни билиб олиши ёки биладиган одам ҳамроҳлигида бориши мақсадга мувофиқ бўлади. Акс ҳолда ибодат қиламан деб, гуноҳга ботиши ҳеч гап эмас. Валлоҳу аълам.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.