Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
28 Декабр, 2024   |   27 Жумадул сони, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:23
Қуёш
07:48
Пешин
12:30
Аср
15:20
Шом
17:04
Хуфтон
18:24
Bismillah
28 Декабр, 2024, 27 Жумадул сони, 1446

Рамазон ойида мен нима қилишим керак? (Танловга)

12.05.2020   2757   4 min.
Рамазон ойида мен нима қилишим керак? (Танловга)

Мана бир неча кунлардан буён Аллоҳ таоло барча мусулмонларга фарз қилган улуғ бир ибодатни адо етмоқдамиз. Бу ойда барча мусулмон умматига ўзи учун савоб бўлиб ёзиладиган ишларни қилмоқлиги фарздир.  Шунинг учун ҳар бир одам ўзига кунлик қиладиган вазифаларини жадвал тарзида белгилаб олиши мақсадга мувофиқ ишлардан ҳисобланади. Мана шундай жадваллардан баъзиларини келтириб ўтамиз:

  1. Қуръон қироат қилиш:

Қуръони каримни қироат қилишда маъноларини ҳис етган ҳолда, тадаббур, тафаккур билан уни қироат қилишга бериладиган улуғ бир ажрни ҳам ҳис етган ҳолда қироат қилиш лозимдир. Сабаби бу ойда Қуръони карим нозил бўла бошлаган, ҳар сафар Жаброил алайҳиссалом Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келганларида у зотга Қуръони каримни ўқиб берганлар.

  1. Намозларда мустаҳкам туриш:

Аллоҳ таоло бандаларига беш вақт намозни ўз вақтида адо этишни фарз қилган. Бу ойда намозга янада мустаҳкамроқ туриб, фарз намозларидан ташқари нафл ибодатларни ҳам адо этишга банда ҳарис бўлмоғи лозимдир. Сабаби бу ойда қилинган нафл ибодатга Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг муборак ҳадисларида зикр қилинганидек, фарзнинг савобичалик савоб берилади.

  1. Ота-онага яхшилик қилиш:

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Қуръони каримнинг бир неча оятларида Ўзига ибодат қилиш билан бирга ота-онага ҳам яхшилик қилишга буюрган. Бу улуғ бир фазилатли иш ҳисобланиб, инсоннинг кейинги ҳаёт йўли фаровон ва бахтли тарзда кечиши учун ота-онанинг дуоси ва уларга қилинган яхшиликлар сабабчи бўлади.

  1. Рамазон ойида хайр-эҳсон қилиш:

Бу ойда иложи борича сахийлик кўрсатиб, бева-бечора, етим-есир ва муҳтожларга хайр-эҳсон қилинг. Ҳаттоки бир дона хурмо садақа қилиб бўлса ҳам ўзингизни дўзахдан озод қилиб қолинг!

  1. Дуо ва зикрларда бардавом бўлиш:

Аллоҳ таоло Қуръон каримнинг бир неча оятида кўпроқ дуо ва зикр қилишга буюрган. Ҳар кунлик зикрларни режа асосида тартиблаб олиш лозим. Бу қилинган зикрлар ўз навбатида инсоннинг гуноҳларини кечирилишига сабаб бўлиши билан бирга энг асосиси инсонни қалбан Аллоҳ таоло билан мулоқотини янада яқинлаштиради. Кўп зикр қилган инсон ҳеч қачон Аллоҳ таоло қайтарган ишларни қилмайди ва инсонларга ҳам ёмон, қўпол муомолада бўлмайди. Демак, бундай инсон фақатгина яхши ишларни қилиб, ёмон сўзлашдан ҳам тийилади.

Севикли Пайғамбаримиз алайҳиссалом: Рўза тутувчи инсоннинг ифтор вақтида қабул бўладиган дуоси бор”, деганлар (Имом Абу Довуд ривояти).

Демак, ҳар бир инсон мана шу келтирилган ҳадисга амал қилган ҳолатда ифтор вақтида Аллоҳ таолодан ҳожатларини сўраб дуо қилиши керак экан. Бу албатта дуолар қабул бўладиган вақтлардан бири ҳисобланади. Банда ҳеч қачон дуо қилишдан умидини узмаслиги лозим.

  1. Вақтни зое кетказмаслик:

Бугунги каратин шароитида вақтни зое қилмасдан устозлар берган топшириқларни ўз вақтида адо қилиб бориш керак. Ота-оналар ҳам ўз навбатида фарзандларига дарс тайёрлашда ёрдамлашиши керак. Дарс тайёрлаш асносида фарзандига: «Ўғлим, агар сен ҳозирдан ўзинг учун керакли билимларни эгалласанг, келажакда улар сенга ас қотади. Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг: Ким илм олишда бардавом бўлса, Аллоҳ таоло унга жаннатнинг йўлини енгил қилиб қуяди, деган ҳадисларини ўргатинг. Шунда фарзандингиз ота-онасининг ҳам ва ватанининг ҳам корига ярайдиган инсон бўлиб камолга етади.

Аллоҳ таоло барчамизни Рамазон ойини ғанимат вақтларнинг қадрига етиб, ҳар бир олган нафасимизда қалбимиздан Аллоҳ таолони зикр қилишимизни барчамизга Ўзи насиб қилсин!

Ҳайтмурат ЕРЕЖЕПОВ,

Имом Бухорий номидаги

Тошкент Ислом институти

2-курс талабаси.

 

 

 

 

 

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Мўъжиза сотиб оламан

26.12.2024   1555   4 min.
Мўъжиза сотиб оламан

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракатуҳу

Бугун сизларга 6 ёшли бир қизалоқ ҳақида сўзлаб бераман. Қизалоқнинг исми Тесси бўлиб, у камбағал оилада яшарди. Уйларининг биринчи қаватида дорихона жойлашган эди. 
Қизалоқ кунларнинг бирида ота-онасига билдирмасдан шу дорихонага борди. Дорихоначи узоқ йил кўришмаган чикаголик бир дўсти билан суҳбат қурарди. Улар дорихонага кирган қизалоқни пайқамай, гаплашишда давом этардилар. Охири Тесси столни тақиллатиб, қўлидаги бир долларни сотувчининг олдига қўйди-да: “Илтимос менга мўъжиза бериб юборинг” деди.

Сотувчи ҳайрон бўлиб: “Сенга нима керак қизалоқ?” деди.
Қизалоқ: “Мана бир доллар, менга мўъжиза керак” деди.
“Биз мўъжиза сотмаймиз” деди сотувчи.

Қизалоқ бу гапни эшитиши билан йиғлаб юборди. “Илтимос қиламан, менда яна 11 сент ҳам бор, менга мўъжиза топиб беринг”.
Сотувчи: “Менда сен излаётган нарса йўқ. Кечирасиз, лекин мен сенга ёрдам беролмайман”, деди.
Дорихоначининг олдида турган дўсти тиз чўкиб, қизалоқдан сўради: “Сиз қандай мўъжиза сотиб олмоқчисиз?”.

“Укам, укам.... касал. У юқори қаватдаги уйимизда аҳволи оғир ҳолатда ётибди. Ҳозиргина шифохонадан келди. Лекин миясидаги шишни даволаб бўлмаяпти. У ўлиб қолади, укам яшаши учун менга мўъжиза керак” деди жажжи қизалоқ кўзлари ёшга тўлиб.

Ҳа, қизча мўъжизани сотиб олса бўладиган нарса деб ўйларди. Чунки у шифокорнинг укаси оғир касал экани, бунинг учун катта маблағ кераклиги ҳақида айтган сўзларини эшитганди. Шифокорнинг бу сўзларидан кейин Тесси кўзлари ёшга тўлган отасининг умидсизлик билан айтган ушбу сўзларини ҳам эшитганди: “Энди...энди ўғлимизни фақат мўъжиза қутқара олади”.
Шунинг учун қизалоққа мўъжиза жуда зарур эди.

“Сизда неча пул бор?” деб сўради ҳалиги чикаголик одам.
“Бир долларим ва яна ўн бир сентим бор”, деди Тесси.
“Қандай ҳам яхши, менинг мўъжизам учун айнан шунча керак бўлади” деб жилмайди ва жажжи муштига пулларини қисиб олган қизчанинг қўлидаги пулни олиб, “Қани менга уйингни кўрсат-чи, укангни кўрмоқчиман” деди.
Маълум бўлишича, бу одам таниқли нейрохирург шифокор Карлтон Aрмстронг экан. У дунёдаги энг яхши нейрохирурглардан бири эди.
Шифокор қизалоқ билан бирга уйга борди ва Тессининг укасини кўриб: “Мен сизнинг фарзандингизни мутлақо бепулга даволайман”, деди. Тессининг оиласи бундан ниҳоятда хурсанд бўлишди. Мўъжиза содир бўлаётганига ишонишмасди.
Шифокор Армстронг жарроҳлик амалиётини муваффақиятли амалга оширди ва унинг бу амалиётда қўллаган услуби бутун дунё тиббиёт мактабларида ўргатиладиган бўлди.
Тез орада Тессининг укаси бутунлай соғлом ҳолда уйга қайтди. “Сизнинг ўз оёқларингиз билан уйимизга келиб қолишингиз бу – ҳақиқий мўъжиза. Пулимиз ҳам йўқ эди. Наҳотки, бепулга шундай мураккаб амалиётни қилиб берган бўлсангиз”, деди қизалоқнинг отаси. Бу гапларни қизалоқ Тесси эшитиб қолиб, югуриб келди: “Йўқ, кечириб қўясиз ҳеч бепул эмас. Мен бу мўъжиза учун 1 доллар ва 11 сент тўлаганман”, деди. Қизалоқнинг ота-онаси ҳайратланиб: “Йўғе, бу сенинг ишингми?” дейишди. Шифокор: “Ҳа, ҳаммасига шу жажжи қизалоқ сабабчи”, деди.


Ушбу ҳикоядан ўзимизга қандай фойдаларни олишимиз мумкин:

Аввало, ёш болаларнинг беғуборлиги, соф табиат экани. Бир нарсага шак-шубҳасиз ишонишлари.
Иккинчидан, Аллоҳ таолонинг раҳмати кенглиги. 
Учинчидан, агар бир нарсага чин қалбдан ишонсак ва унга эришиш учун астойдил ҳаракат қилсак, албатта мўъжиза биздан узоқ эмаслигига гувоҳ бўламиз.
Қиссада гувоҳи бўлганингиздек, қизалоқнинг қатъий ишончи сабабли Аллоҳ таоло шифокорни юборди. Натижада, қизалоқнинг укаси тузалиб кетди, мўъжиза содир бўлди. Бунинг учун бор йўғи 1 доллару 11 сент сарфланди.

Даврон НУРМУҲАММАД

Мақоланинг видеолавҳа шакли
 

Мақолалар