Мана бир неча кунлардан буён Аллоҳ таоло барча мусулмонларга фарз қилган улуғ бир ибодатни адо етмоқдамиз. Бу ойда барча мусулмон умматига ўзи учун савоб бўлиб ёзиладиган ишларни қилмоқлиги фарздир. Шунинг учун ҳар бир одам ўзига кунлик қиладиган вазифаларини жадвал тарзида белгилаб олиши мақсадга мувофиқ ишлардан ҳисобланади. Мана шундай жадваллардан баъзиларини келтириб ўтамиз:
Қуръони каримни қироат қилишда маъноларини ҳис етган ҳолда, тадаббур, тафаккур билан уни қироат қилишга бериладиган улуғ бир ажрни ҳам ҳис етган ҳолда қироат қилиш лозимдир. Сабаби бу ойда Қуръони карим нозил бўла бошлаган, ҳар сафар Жаброил алайҳиссалом Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келганларида у зотга Қуръони каримни ўқиб берганлар.
Аллоҳ таоло бандаларига беш вақт намозни ўз вақтида адо этишни фарз қилган. Бу ойда намозга янада мустаҳкамроқ туриб, фарз намозларидан ташқари нафл ибодатларни ҳам адо этишга банда ҳарис бўлмоғи лозимдир. Сабаби бу ойда қилинган нафл ибодатга Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг муборак ҳадисларида зикр қилинганидек, фарзнинг савобичалик савоб берилади.
Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Қуръони каримнинг бир неча оятларида Ўзига ибодат қилиш билан бирга ота-онага ҳам яхшилик қилишга буюрган. Бу улуғ бир фазилатли иш ҳисобланиб, инсоннинг кейинги ҳаёт йўли фаровон ва бахтли тарзда кечиши учун ота-онанинг дуоси ва уларга қилинган яхшиликлар сабабчи бўлади.
Бу ойда иложи борича сахийлик кўрсатиб, бева-бечора, етим-есир ва муҳтожларга хайр-эҳсон қилинг. Ҳаттоки бир дона хурмо садақа қилиб бўлса ҳам ўзингизни дўзахдан озод қилиб қолинг!
Аллоҳ таоло Қуръон каримнинг бир неча оятида кўпроқ дуо ва зикр қилишга буюрган. Ҳар кунлик зикрларни режа асосида тартиблаб олиш лозим. Бу қилинган зикрлар ўз навбатида инсоннинг гуноҳларини кечирилишига сабаб бўлиши билан бирга энг асосиси инсонни қалбан Аллоҳ таоло билан мулоқотини янада яқинлаштиради. Кўп зикр қилган инсон ҳеч қачон Аллоҳ таоло қайтарган ишларни қилмайди ва инсонларга ҳам ёмон, қўпол муомолада бўлмайди. Демак, бундай инсон фақатгина яхши ишларни қилиб, ёмон сўзлашдан ҳам тийилади.
Севикли Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Рўза тутувчи инсоннинг ифтор вақтида қабул бўладиган дуоси бор”, деганлар (Имом Абу Довуд ривояти).
Демак, ҳар бир инсон мана шу келтирилган ҳадисга амал қилган ҳолатда ифтор вақтида Аллоҳ таолодан ҳожатларини сўраб дуо қилиши керак экан. Бу албатта дуолар қабул бўладиган вақтлардан бири ҳисобланади. Банда ҳеч қачон дуо қилишдан умидини узмаслиги лозим.
Бугунги каратин шароитида вақтни зое қилмасдан устозлар берган топшириқларни ўз вақтида адо қилиб бориш керак. Ота-оналар ҳам ўз навбатида фарзандларига дарс тайёрлашда ёрдамлашиши керак. Дарс тайёрлаш асносида фарзандига: «Ўғлим, агар сен ҳозирдан ўзинг учун керакли билимларни эгалласанг, келажакда улар сенга ас қотади. Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг: “Ким илм олишда бардавом бўлса, Аллоҳ таоло унга жаннатнинг йўлини енгил қилиб қуяди”, деган ҳадисларини ўргатинг. Шунда фарзандингиз ота-онасининг ҳам ва ватанининг ҳам корига ярайдиган инсон бўлиб камолга етади.
Аллоҳ таоло барчамизни Рамазон ойини ғанимат вақтларнинг қадрига етиб, ҳар бир олган нафасимизда қалбимиздан Аллоҳ таолони зикр қилишимизни барчамизга Ўзи насиб қилсин!
Ҳайтмурат ЕРЕЖЕПОВ,
Имом Бухорий номидаги
Тошкент Ислом институти
2-курс талабаси.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Уч тоифадан бўлишга интилинг
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Қиёмат куни жаҳаннамни кўрмайдиган, Аллоҳ таоло жаҳаннам азобидан қутқарадиган кўзлар ҳақида шундай деганлар: «Уч тоифа инсон борки, уларнинг кўзи жаҳаннамни кўрмайди: Аллоҳ йўлида соқчилик қилган кўз; Аллоҳдан қўрқиб ёш тўккан кўз; Аллоҳ ҳаром қилган нарсалардан тийилган кўз».
Рекламаларни томоша қилиш ва уларнинг таъсири
Бир қиз айтади:
«Бир куни овқатланиб ўтирсак, телевизорда «Дўмбоқ жўжа» деган таомнинг рекламаси бўлиб қолди. Ҳозиргина онам берган овқатни емай, хархаша қилаётган кичкинтой укам рекламани кўриб, «Ойи, қорним очди...» деб қолди. Ана шунда рекламалар бизни қанчалар ўйинчоқ қилиб, ўзига тобе қилиб олаётганини тушуниб қолдим. Овқат егиси келмаётган бола биргина рекламани кўриб, бир зумда қовурилган жўжа ейман деб жанжал қила бошлади-я! Бу каби рекламаларнинг салбий таъсирларидан бири – инсонни ўз ҳаётидан нолиб, ундан норози бўлиб яшайдиган қилиб қўяр экан. Натижада инсон қаноатнинг ҳаловатини йўқотиб, Аллоҳ берган неъматларни кўра олмайдиган бўлиб қолар экан».
Энди шу саволга жавоб беринг:
«Сиз ҳам рекламанинг ҳис-туйғуларингизга, ўй-хаёлларингизга, хотиржамлигингизга, бутун ҳаётингизга қандай таъсир қилишини сезганмисиз?»
Қизларнинг реклама борасидаги тажрибалари
Жуда кўп қизлардан «Реклама бўйича бирор тажрибангиз борми?» деб сўраб, ажойиб жавоблар эшитганмиз. Келинг, улардан баъзиларини ўқиб кўринг.
Бир қиз айтади: «Қизларга хос нарсаларнинг рекламаси мени жинни қилишига сал қолди. Олдинига кийим-кечак (айниқса ички кийим), кейин сочни, терини парваришлайдиган воситалар, сўнгра парфюмерия маҳсулотлари, атир-упалар... Минг афсуслар бўлсинки, мен шундай рекламаларнинг асирасига айланиб қолибман. Ўсмирлик пайтимда яна ҳам чиройли бўлиш учун рекламани битта ҳам қолдирмай кўрардим. Кўрганимга, эшитганимга ишонаверардим. Ким нима тавсия қилса, ўшани сотиб олиб, синаб кўрардим. Лекин натижа қандай бўлса ҳам, ҳеч биридан кўнглим тўлмас эди, шунинг учун реклама қилинган бошқа нарсаларни сотиб олиб, синаб кўришга ҳаракат қилардим. Шундай қилиб, йиллар давомида ундан бунга сакраб юравердим. Мақсадим – рекламадагидек чиройли бўлиш, гўзал қизга айланиш эди. Йиллар давомида танани ёшартирувчи, сочни бақувват, жозибали қилувчи, юзни оқартириб, теримни текис, майин қилувчи кремларни синаб кўравериб, ўзимни ўзим тажриба қуёнчаси қилиб қўйибман. Лекин афсуски, рекламада кўрсатилган қизлардек гўзалликка эриша олмадим.
Бир куни эрталаб уйғониб, ойнага қарадим-да, ўзимга ўзим «Қачондир мен ҳам чиройли бўлармикинман?» деб савол бердим. Сўнг «Ҳеч қачон…» деб, йиғлаб юбордим. Шу кундан бошлаб чиройли, бетакрор бўлишдан умидимни уздим. Тушкунликка, умидсизликка тушиб қолган бўлсам ҳам, гўзалликка бу каби нарсалар билан эришиб бўлмаслигини тушуниб етдим. Шундагина ўша рекламаларни кўрмасликка қарор қилдим, ҳатто ойнага ҳам қарамай қўйдим.
Орадан бир неча ой ўтди: қизларга хос рекламаларни кўрмадим, ойнага ҳам қарамай қўйдим. Бир куни бир дугонам «Юзинг роса тиниқлашиб, чиройли бўлиб кетибди-я. Қанақа крем ишлатяпсан?» деб сўраб қолди.
Мен бўлса жаҳл билан «Мени масхара қиляпсанми?» дедим.
«Вой ўлай, нега масхара қиламан?! Ростдан айтяпман, сен роса чиройли бўлиб кетибсан! Ойнага қарагин!» деди у.
Бир неча ойдан бери биринчи марта ойнага қарадим. Дугонам тўғри айтган экан, юзим тиниқлашиб, чиройли бўлиб қолибди.
Дугонам: «Тўғри айтибманми? Энди менга қанақа крем суртганингни айт!» деди.
Мен шундай дедим: «Бир неча ойдан бери умуман ҳеч қанақанги косметиканинг рекламасини кўрмаяпман. Кремларни ҳам, бошқа нарсаларни ҳам, ҳаммасини йиғиштирдим. Умуман, чиройли бўлишдан умидимни узиб, ойнага ҳам қарамай қўйдим. Ҳозир эса шундай хулосага келдим: реклама кўришни тўхтатганимда бери хотиржам бўлиб, юзимдан нур ёғила бошлабди. Демак, ҳақиқий гўзалликни рекламадан қидирмаслик керак экан!».
Яна бир қиз айтади:
«Реклама деса, мазам қочади, чунки шуни деб бошимга жуда ёмон кунлар тушган. Бу нарса ўн уч ёшимдан бошлаб бугунги кунгача давом этяпти. Ҳаммаси юзга суртиладиган крем билан тиш пастасининг рекламасидан бошланган. Рекламадаги қизларнинг ҳаммаси юзи оппоқ қизлар эди, битта ҳам буғдой ранглиси йўқ. Шунинг учун юзимга қараб, ўзимни ўзим ёмон кўриб кетганман. Бир неча ой ойнага қарамадим. Ҳар сафар рекламани, уларда роль ўйнаган қизларни кўрганимда ўзимни баттар ёмон кўриб кетардим. Бир куни айнан менга керак бўлган, юзни оқартирадиган кремни реклама қилиб қолишди. Эртаси куниёқ ўша кремни сотиб олиб, юзимга сурдим. Ҳар куни ўн марталаб ойнага қараб, юзимга тикиламан. Ҳар соатда ойнага қарайвериб, чарчаб ҳам кетдим. Кремим тугаши билан янгисини олардим. Бир неча ойдан кейин даҳшатли фожиа юз берди. Кремни ҳаддан ташқари кўп ишлатиб юборганимдан, юзимнинг териси қорайиб, тошмалар тошиб кетди. Тери шифокорига борсам, «Юзингни нима қилдинг? Териси бутунлай заҳарланиб кетибди-ку! Ишқилиб, саратон орттириб олмаган бўлсанг бўлди», деб роса уришди.
Унинг сўзлари ҳар қанча аччиқ бўлса ҳам, мени ғафлат уйқусидан уйғотди. Қилган ахмоқлигим учун роса йиғладим. Мен ақлимни ахлат қутиси қилиб олган эканман, рекламачилар эса унга хоҳлаган нарсасини ташлаб юраверган экан. Ақлимни рекламага сотибман, лекин эвазига ҳеч нарсага эга бўлмабман. Фақатгина пулимни, тинчимни ва соғлом теримни йўқотганим қолибди. Узоқ муолажалардан кейин юзим бироз ўзига келди. Лекин реклама ваъда қилганидек, юзим оқармади. Қанчалик алданганимни тушунишим учун уч йил керак бўлди. Шу уч йилда ўқишни ҳам ташлаб қўйдим, ҳаётдан розилик деган нарсани унутдим. Бир неча бор ўз жонимга қасд қилишни ҳам ўйладим, лекин Аллоҳ сақлади».
Абдуллоҳ Абдулмуътий, Ҳуда Саъид Баҳлулнинг
“Қулоғим сенда қизим” китобидан Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ,
Абдулҳамид Умаралиев таржимаси.