Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
09 Январ, 2025   |   9 Ражаб, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:24
Қуёш
07:49
Пешин
12:35
Аср
15:31
Шом
17:15
Хуфтон
18:34
Bismillah
09 Январ, 2025, 9 Ражаб, 1446

Қалб қандай рўза тутиши мумкин? (Танловга)

12.05.2020   2425   9 min.
Қалб қандай рўза тутиши мумкин? (Танловга)

 

Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

﴿ وَمَن يُؤۡمِنۢ بِٱللَّهِ يَهۡدِ قَلۡبَهُۥۚ وَٱللَّهُ بِكُلِّ شَيۡءٍ عَلِيمٞ﴾

  “Кимки имoн кeлтирсa, у унинг қaлбини тўғри йўлгa ҳидoят қилур. Aллoҳ ҳaр нaрсaни билувчидир” (Тағобун сураси, 11-оят).

Қалбнинг ҳидоятланиши бу барча ҳидоятнинг пойдевори, барча муваффақиятнинг асоси, барча умрнинг таянчи ҳамда барча ишнинг негизи ҳисобланади.

Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадиснинг охирида Набий алайҳис салом:

 أَلا وَإِنَّ فِي الْجَسَدِ مُضْغَةً إِذَا صَلَحَتْ صَلَحَ الْجَسَدُ كُلُّهُ وَإِذَا فَسَدَتْ فَسَدَ الْجَسَدُ كُلُّهُ أَلا وَهِيَ الْقَلْبُ

  “Огоҳ бўлинглар! Ҳамманинг жисмида бир бўлак гўшт бўлади. Агар у салоҳиятли бўлса, бутун жасад салоҳиятли бўлади. Агар у фасод (айниса, яроқсиз) бўлиб қолса, бутун жасад фасод бўлади. Огоҳ бўлинг, у қалбдир”, дедилар. 

Қалбингизни салоҳиятли бўлиши бу дунё ва охиратда сизнинг саодатингиздир. Унинг фасод бўлиши аниқ ҳалокат бўлиб, унинг қай даражада ҳалокатга юз тутишини ёлғиз Аллоҳ билади. Аллоҳ таоло айтади:

إِنَّ فِي ذَٰلِكَ لَذِكۡرَىٰ لِمَن كَانَ لَهُۥ قَلۡبٌ أَوۡ أَلۡقَى ٱلسَّمۡعَ وَهُوَ شَهِيدٞ٣٧

 “Aлбaттa, бундa (уйғoқ) қaлб эгaси бўлгaн ёки ўзи ҳoзир бўлиб, қулoқ тутгaн киши учун эслaтмa бoрдир” (Қоф сураси, 37-оят).

Барча махлуқнинг ёлғиз қалби бўлади. Лекин у икки хил:

  1. Нур ила уриб турувчи, иймон ила ёришадиган, ишончга тўла ҳамда тақво ила тирик қалб;
  2. Ўлик, бутунлай сўнган, унда барча харобалик, ҳалокатлик бор бўлган касал қалб.

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло имондан юз ўгирувчиларнинг қалблари ҳақида бир оятда қуйидаги мазмунда марҳамат қилади:

فِي قُلُوبِهِم مَّرَضٌ فَزَادَهُمُ اللّهُ مَرَضاً (البقرة 10)

 “Улaрнинг диллaридa xaстaлик (шубҳa вa кибр кaсaли) бoр. Aллoҳ улaргa (шу) xaстaликни зиёдa қилди” (Бақара сураси, 10-оят).

Яна бошқа бир ояти каримада Аллоҳ таоло бундай дейди:

(وَقَالُوا قُلُوبُنَا غُلْفٌ بَلْ لَعَنَهُم الله بكُفْرِهِم فَقَلِيلاً مَا يُؤمِنُون) (سورة البقرة: الآية 88)

 "Қалблaримиз (ислoм учун) бeрк", - дейдилaр. Йўқ, бaлки куфрлaри сaбaбли улaрни Aллoҳ лaънaтлaгaн. Бинoбaрин, улaрнинг oзчилик қисмигинa имoн кeлтирaдилaр (Бақара сураси, 88-оят).

Аллоҳ таоло айтади:

أَفَلَا يَتَدَبَّرُونَ الْقُرْآنَ أَمْ عَلَى قُلُوبٍ أَقْفَالُهَا? (محمد 24)

 “Axир, улaр Қуръoн (oятлaри) ҳaқидa фикр юритмaйдилaрми?! Бaлки диллaрдa қулфлaри бoрдир?!” (Муҳаммад сураси, 24-оят).

Яна бошқа бир ояти карима қуйидаги мазмунда келган:

وَقَالُوا قُلُوبُنَا فِي أَكِنَّةٍ مِمَّا تَدْعُونَا إِلَيْهِ وَفِي آذَانِنَا وَقْرٌ? [فصلت: 5]

  “Улaр дедилaр: “Диллaримиз сeн бизлaрни дaъвaт қилaётгaн нaрсaдaн тўсилгaн, қулoқлaримиздa эсa  oғирлик (кaрлик) бoрдир” (Фуссилат сураси, 5-оят).

Демак, қалблар касал бўлиши, муҳрланиб қолиши, қулфланиши ҳамда ўлиши ҳам мумкин экан.

Тўғри, исломдан бош тортадиганларнинг кўксиларида қалблари бор. Лекин у қанақа қалб? Бу ҳақда қуйидаги мазмундаги ояти карима мавжуд: 

وَلَقَدْ ذَرَأْنَا لِجَهَنَّمَ كَثِيرًا مِنَ الْجِنِّ وَالْإِنْسِ لَهُمْ قُلُوبٌ لَا يَفْقَهُونَ بِهَا وَلَهُمْ أَعْيُنٌ لَا يُبْصِرُونَ بِهَا وَلَهُمْ آذَانٌ لَا يَسْمَعُونَ بِهَا أُولَئِكَ كَالْأَنْعَامِ بَلْ هُمْ أَضَلُّ أُولَئِكَ هُمُ الْغَافِلُونَ [الأعراف/179]

 “Жинлaр вa инсoнлaрнинг кўпчилигини жaҳaннaм учун ярaтгaнмиз. Улaрдa қaлблaр бoр, (лeкин) улaр билaн "aнглaмaйдилaр". Улaрдa кўзлaр бoр, (лeкин) улaр билaн "кўрмaйдилaр". Улaрдa қулoқлaр бoр, (лeкин) улaр билaн "эшитмaйдилaр". Улaр ҳaйвoнлaр кaбидирлaр. Бaлки, улaр (янaдa) aдaшгaнрoқдирлaр. Aнa ўшaлaр ғoфиллaрдир” (Аъроф сураси, 179-оят).

Ушбу ояти каримада Аллоҳ таолонинг марҳамати, ҳидоятидан бенасиб бўлган ҳақиқий ғофил бандалар ҳақида айтиляпти. Уларнинг ҳам қалблари бор. Лекин бу қалблари билан улар ҳақиқатни англай олмайдилар.

Имом Бухорийнинг ал-Адаб ал-Муфрад номли китобларининг 683-сонли ҳадисда:

 حدثنا الحسن بن الربيع قال حدثنا أبو الأحوص عن الأعمش عن أبي سفيان ويزيد عن أنس قال : كان النبي صلى الله عليه و سلم يكثر أن يقول اللهم يا مقلب القلوب ثبت قلبي على دينك.

 Анас розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Эй қалбларни айлантирувчи Зот, қалбимни Ўз динингда собит қил”, деб кўп дуо қилардилар”(Имом Бухорий ривояти).

Мўминнинг қалби нафақат рамазон ойида, балки бошқа ойларда ҳам рўза тутади.

Қалбнинг рўза тутиши бу – қалбнинг ҳалок қилувчи ширк амаллардан, бузуқ эътиқоддан, ёмон васвасадан, ёвуз, жирканчли ниятлардан ҳамда ғамга ботган лаҳзалардан фориғ бўлишидир.

Мўминнинг қалби доимо Аллоҳ таолога бўлган муҳаббат ила тирик туради. Аллоҳ таоло Қуръони каримда қандай Ўзини сифатлаган бўлса, бу қалб Роббисини, худди шундай исми-сифатлари билан танийди. Бу қалб ақл кўзи билан Роббисининг исми-сифатлари сатрларини, У Зотнинг бу борлиқдаги қудрати саҳифаларини мутолаа қилади. Ҳамда махлуқотларни яратиши ҳақидаги дафтарларни ўқийди.

Мўминнинг қалбида зулматлик қолдирмайдиган ёрқин нури бўлади. Бу нур Пайғамбардан, самовий таълимотлардан ҳамда Раббоний шариъатдан бўлган нурдир. Ушбу нур Аллоҳ таоло бандасига ато қилган фитрат нурига қўшилиш натижасида иккита улкан нурга айланади. Қуръони каримда ушбу мазмунда оят бор:

 نُورٌ عَلَى نُورٍ يَهْدِي اللَّهُ لِنُورِهِ مَنْ يَشَاءُ وَيَضْرِبُ اللَّهُ الأَمْثَالَ لِلنَّاسِ وَاللَّهُ بِكُلِّ شَيْءٍ عَلِيمٌ {35}النور

   “Нур устигa нур (бўлур). Aллoҳ ўзининг (бу) нуригa ўзи xoҳлaгaн кишилaрни ҳидoят қилур. Aллoҳ oдaмлaр (ибрaт oлишлaри) учун (мaнa шундaй) мaсaллaрни кeлтирур. Aллoҳ бaрчa нaрсaни билувчидир” (Нур сураси, 35-оят).

Мўминнинг қалби чироқ каби чарақлайди, қуёш каби нур сочади, тонг каби ярақлайди. Мўмин қалбининг Қуръони каримни эшитиши ила имон нури, тафаккур қилиши ила ишончи ҳамда атроф-муҳитга ибрат назари билан боқиши ила ҳидояти зиёдалашади.

Мўминнинг қалби кибр қилишдан рўза тутади. Чунки кибр – қалб рўзасини бузади. Шунинг учун ҳам кибр мўминнинг қалбидан жой олмайди. Чунки кибрланиш инсонга хос эмас. Аслида кибрнинг жойлашадиган ўрни қалб ҳисобланади. Мабодо кибр қалбдан жой олса, бу қалб эгаси эси паст аҳмоққа, ваҳший ҳайвонга айланади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси қудсийда Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бундай дейди:

قَالَ اللَّهُ عَزَّ وَجَلَّ الْكِبْرِيَاءُ رِدَائِى وَالْعَظَمَةُ إِزَارِى فَمَنْ نَازَعَنِى وَاحِدًا مِنْهُمَا قَذَفْتُهُ فِى النَّارِ

 “Кибрлилик менинг ридомдир. Улуғворлик менинг изоримдир. Ким шулардан бирортасини мендан тортиб олмоқчи бўлса, уни жаҳаннамга улоқтираман”.

Мўминнинг қалби ужубдан рўза тутади. Ужуб – инсон ўз нафсини комил бўлди, деб тасаввур қилиши, ўзини бошқалардан афзал кўриши ва ўзида бошқаларда бўлмаган яхшиликлар бор деб ўйлаши. Бу эса айни ҳалокатнинг ўзидир. Анас ибн Моликдан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:

 عن انس بن مالك عن النبي صلى الله عليه و سلم ثلاث مهلكات شح مطاع وهوى متبع واعجاب المرء بنفسه من الخيلاء.

 “Учта ҳалок қиладиган нарса бор: Итоат қилинадиган бахиллик. Эргашиладиган ҳавойи нафс. Инсоннинг кибр туфайли ўз-ўзидан ажабланиши”. Бу ужубланиш касаллигининг даъвоси – инсон ўз айбига, кўплаб камчиликларига, унутиб қўйган минглаб ёмонликлари-ю хатоларига назар ташламоғи. Шунингдек, бу нарсаларнинг Роббиси ҳузуридаги ҳеч ҳам ёзишликда адашмайдиган ва унутиб ҳам қўймайдиган китобда сақланиб турганини ҳис қилмоғи.  

Мўминнинг қалби ҳасад қилишдан рўза тутади. Чунки ҳасад инсоннинг солиҳ амалларини беҳудага совуради. Унинг қалбидаги нурини ўчиради. Ҳамда доимо Аллоҳ сари қиладиган саъй-ҳаракатларини пучга чиқаради. Аллоҳ таоло “Нисо” сурасининг 54-оятида бундай мазмунда марҳамат қилади:

أَمْ يَحْسُدُونَ النَّاسَ عَلَى مَا آتَاهُمُ اللَّهُ مِنْ فَضْلِهِ (54)

 “Ёки Aллoҳ Ўз фaзлидaн бeргaн нeъмaтлaри учун oдaмлaргa ҳaсaд қилaдилaрми?”.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий алайҳиссалом:

 عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ ، أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم ، قَالَ : لا تَحَاسَدُوا وَلا تَبَاغَضُوا ، وَلا تَنَاجَشُوا وَلا تَدَابَرُوا ، وَلا يَبِيعُ بَعْضُكُمْ عَلَى بَعْضٍ   ...    

 “Бир-бирингизга ҳасад қилманглар. Бир-бирингизни ёмон кўрманг. Ўзаро тортишманглар. Бир-бирингизга душманчилик қилманг. Бирларингиз бошқа бирларингизнинг савдоси устидан савдо қилмасин”, деб айтдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаридан бир кишини уч марта жаннат аҳлидан эканининг хабарини бердилар. Шунда ана шу кишидан “Жаннатга кириш бахтига нима билан эришдингиз”, деб сўралганида у киши: “Мен қалбимда бирор мусулмонга нисбатан ҳасад ё гина-адоват ё ғилли-ғашлик бўлмаган ҳолимда тунайман”, деб жавоб берган экан.

 

Манбалар асосида

Муҳаммад ал-Беруний ўрта махсус

ислом билим юрти мударриси

Ғиёсиддин ҲАБИБУЛЛОҲ

тайёрлади.

 

 

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Вақт ва ёшлик қадри (2 қисм)

7.01.2025   2863   6 min.
Вақт ва ёшлик қадри (2 қисм)

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Мамлакатимиз аҳолисининг 64 фоизини ёшлар ташкил этади. Фарзандларимизнинг илмли, ахлоқли бўлиб камолга етишларига уйда ота-оналар, ўқув юртларида эса муаллим ва устозлар астойдил жон куйдиришлари керак. Ўғил-қизларимизни илм-маърифатга ошно қилишдан ҳеч ким четда турмаслиги лозим. Жадидчи алломаларимиздан бирлари: “Фарзанд тарбиясига лоқайд қараган миллат инқирозга маҳкумдир”, деб бежизга айтмаган.

Исломда болалар тарбияси ота-онанинг энг масъулиятли ва узоқ давом этадиган бурчларидир. Бошқа бурчлар баъзи ишларни қилиш ёки мулкни сарфлаш билан охирига етади. Аммо тарбия масъулияти бардавом бўлади. Зотан, ота‑онанинг фарзанд неъматига ҳақиқий шукрлари ҳам айнан тарбия масъулиятини шараф билан адо этиш орқали юзага чиқади. Амалий шукр – берилган неъматни неъмат берувчи зотни рози қиладиган тарзда тасарруф қилиш билан бўлади. Бинобарин, фарзанд неъматига амалий шукр қилиш ўша фарзандни Аллоҳ таолога итоат қиладиган банда қилиб тарбиялаш билан юзага чиқади. Фарзанд тарбиясида ота-онанинг ўрни қанчалар катта эканини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги ҳадиси шарифларидан билиб оламиз.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳар бир туғилган бола фақат фитрат (соф табиат) ила туғилади. Бас, ота-онаси уни яҳудий ёки насроний ёки мажусий қилади. Бу худди ҳайвоннинг бус-бутун ҳайвон туғишига ўхшайди. Сиз унда қулоқ-бурни кесилганини ҳис қилганмисиз?» дедилар.

Сўнгра Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу «Агар хоҳласангиз: «(Бу) Аллоҳ одамларни яратган асл фитратдир. Аллоҳнинг яратганини ўзгартириб бўлмас. Ушбу тўғри диндир», деган оятни ўқинг», дер эди» (Тўртовлари ривоят қилишган).

Ушбу муборак ҳадиси шарифда Аллоҳ таоло инсонларни яратиш пайтида соф табиат билан яратса ҳам, кейинчалик инсонлар, хусусан, ота-она тарбияси сабабли бу софликка футур етиши, унинг бузилиши ҳақида сўз кетмоқда.

“Фитрат” соф табиат, динни тўғри қабул қилишга бўлган қобилият деганидир. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дунёда туғиладиган ҳар бир бола соф табиат билан, Аллоҳ таолонинг динини қабул қилиш қобилияти билан туғилиши ҳақида хабар бермоқдалар.

Демак, Аллоҳ таоло ҳеч кимни аввалдан сен яҳудий бўласан, сен насроний бўласан, сен мажусий бўласан, деб мажбур қилмайди. Одамларнинг турли динга мансуб бўлишига сабаб бор:

«Бас, ота-онаси уни яҳудий, насроний ёки мажусий қилади».

Яъни, ота-оналар болаларини ўз динларида тарбиялашлари оқибатида болаларнинг соф табиати бузилиб, яҳудий, насроний ва мажусий бўлиб қоладилар.

Шу жойда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу маънони тўлиқроқ тушунтириш мақсадида саҳобаи киромларга ҳиссий бир мисол келтирмоқдалар.

«Бу худди ҳайвоннинг бус-бутун ҳайвон туғишига ўхшайди. Сиз унда қулоқ-бурни кесилганини ҳис қилганмисиз?».

Яъни ҳар бир ҳайвон боласи онасидан бус-бутун туғилади. Бирортасининг қулоғи ёки бурни кесилмаган бўлади. Аммо, эгалари белги қўйиш мақсадида ва яна бошқа ниятда уларнинг қулоқларини, бурунларини кесадилар ва ҳоказо. Шунга ўхшаб, инсон ҳам онадан соф табиат билан туғилади, у яҳудий, насроний ёки мажусий бўлиб туғилмайди. Ота-онасининг тарбияси туфайли яҳудий, насроний ёки мажусий бўлади.

Аллоҳ таоло бу дунёдаги нарсаларни сабабият қонуни ила бир-бирига боғлаб қўйган. Оч инсон таом емаса, қорни тўймайди. Ота-она қўшилмаса, бола туғилмайди. Худди шунингдек, тарбия бўлмаса, инсон тарбия кўрган бўлиб вояга етмайди. Шунинг учун ҳам Исломда бола тарбиясига алоҳида эътибор берилади.

Тарбия ҳақида Имом Ғаззолийнинг «Иҳёу улумуд-дин» китобида бундай дейилади: “Бола ота-она қўлида бир омонатдир. Қалби турли нақш ва расмлардан пок, нима нақш солинса, қабул қилади, нимага мойил қилинса, мойил бўлаверади. Агар яхшиликка ундалса ва ўргатилса, унинг устида ўсаверади, дунё ва охиратда саодатли бўлади, ота-онаси ҳамда одоб, таълим-тарбия берганлар барчаси савобига шерик бўлишади. Агар ёмонликка ундалса ва ҳайвон каби бўш қўйилса, ёмонликка учрайди, ҳалок бўлади ва унга қараб турган киши зиммасига гуноҳкорлик тушади”.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Авлодларингизни, биринчидан: “Аллоҳни севадиган қилиб тарбияланглар...” Чунки Аллоҳ таоло уни йўқдан бор этиб, ота-онани унинг дунёга келишига сабабчи қилди. Ва уларнинг қалбларига фарзанд меҳру муҳаббатини солди. Агар Аллоҳ таоло фарзанд муҳаббатини қалбга солмаганида, уни бағрига босмасди, раҳм-шафқат қилмасди, кўчага ташлаб кетган бўларди. Шунинг учун фарзанд Аллоҳ таолони севиб, унга шукрлар қилиши лозим.

Иккинчидан: “Аллоҳнинг Расулини севадиган қилиб тарбияланглар”. Чунки Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни халқ орасидан танлаб олиб, халққа Пайғамбар қилиб юборган. Қуръони каримнинг Анбиё сураси 107-оятида ул зотни “Биз сизни (бутун) оламларга раҳмат қилиб юборганмиз”, дейилган. Пайғамбаримиз инсонларга ота-онасидан ҳам меҳрибонроқ бўлган, дунёдаги барча яхшиликларни ўргатган зот, бутун дунё аҳлининг устози саналади.

Учинчидан: “Аллоҳнинг Китобини севадиган қилиб тарбияланглар...”. Чунки бу Китоб инсониятни ҳидоятга чорлайди.

Бу учта талаб инсон фарзандига ўргатилиши лозим бўлган қоидалардан саналади.

Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоху алайхи васаллам айтдилар: “Ота-она ўз боласига гўзал одобдан кўра афзал нарса бера олмайди”.

Албатта, фарзанд илмли ва одобли бўлса ота–она ҳурматини ва ҳақ-ҳуқуқларини яхши адо қилади. Оилада яхши тарбия топган фарзанд яхши ва ёмонни фарқлай олади. Қайси оилада, қайси маҳаллада ёшлар тарбияси яхши йўлга қўйилар экан, ўша оила, ўша маҳалла, ўша юрт  гуллаб яшнайди. Бу эса жамиятнинг равнақ топишига олиб келади.

Давоми бор...

Муҳаммад Қуддус АБДУЛМАННОН,
Хўжаобод тумани “Етти чинор” жоме масжиди имом ноиби.