Аллоҳга беҳисоб шукрлар бўлсин, фазилатли рамазоннинг биринчи ярми ҳам деярли ортда қолди. Бу ойнинг ўзига хос хислатларидан бири бу хайру саҳоват ва меҳр-оқибатнинг жонланишидир.
Рукнимизнинг бу галги суҳбатдоши бир нечта диний-маърифий интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқлардаги каналлар муаллифи, “Меҳр улаш” хайрия гуруҳи ташкилотчиларидан бири, ижодкор, журналист, блоггер ва тарғиботчи, Тошкент шаҳридан Жамшид ака Назаров. Жамшид ака Рамазонни қандай ўтказаётганлигини биз билан бўлишди.
“Барча мўмин-мусулмонлар қатори биз ҳам ҳар йили рамазон ойини оилавий интизорлик билан кутамиз. Бу йилги рўза кунлари бутун дунёда таралган вирус пандемияси вақтига тўғри келгани биз каби хайрия гуруҳи ташкилотчиларнинг елкасига янада кўпроқ масъулият юклади. Биз ҳар йили рамазонни масжидларни тўлдириб таробеҳ ўқиш ва қориларнинг қироатини интернет орқали медиа оламига тарқатиш билан машғул бўлар эдик.
Карантиннинг ҳам ўз ҳикмати бор экан. Ўтган йиллар давомида ижод билан бўлиб ота-онам ва оилам билан деярли ифторлик ва саҳарлик қилмаган эканмиз. Шундай бахтларга ҳам мушарраф бўлдик!
Рўзанинг илк кунлариданоқ рамазон режасини тузиб олдик.
Ота-онам, ака-укаларим билан ёнма-ён қўшни бўлиб яшаганимиз сабаб, саҳарликни ота-онам билан бирга қиляпмиз. Саҳарликдан сўнг бироз суҳбатлашиб бўлгач отам, акам, укам ва биз (фарзандларим билан) оилавий катта жамоа бўлиб бомдод намозини адо этамиз. Бомдоддан сўнг соат ўнларгача сайт ишлари билан шуғулланаман. Ундан сўнг фарзандларимнинг онлайн дарслари билан машғул бўламан.
Яна бир ҳурсанчилик, ҳар куни muslim.uz сайти ва ижтимоий тармоқлардаги каналлари орқали бериб борилаётган рамазон суҳбатлари ва мақолалар, хусусан “Топишмоқли 40 ҳадис” рукнини қолдирмасдан кузатиб, ўрганиб боряпмиз, айниқса болаларим катта қизиқиш билан ўрганяпти.
Аср вақтига келиб яна жамоа бўлиб намозни адо этамиз. Аллоҳ таоло бизга ошпазликни ҳам юқтирган, беҳисоб шукр. Шу сабаб асрдан сўнг ота-онам учун махсус ифторликка атаб таом пишираман. Дуоларини олиш биз учун шараф.
Ифторлик ва шом намозидан сўнг то хуфтон вақтигача яна бир бор сайт ишларига қарайман.
Хуфтон ва таровеҳ намозини жамоат бўлиб ўқиймиз. Алҳамдулиллаҳ катта ўғлим билан бига ҳар куни бир порадан хатм қилиб боряпмиз. Кичик ўғлим тасбеҳ айтиб туради ва сўнгидаги дуони отажоним қилиб, юртга халққа тинчлик, фаровонлик ва мусибатлардан тезроқ чиқишни Аллоҳдан сўраб илтижо қиламиз.
Ҳафтада 2-3 кун режага асосан шериклар билан хайрия ишларини ҳам амалга оширамиз. Аллоҳ қабул қилсин!
Аллоҳга беҳисоб шукрлар бўлсинки бу йилги рамазон ҳам ўзига хос ҳикмат билан келди. Оилавий бирдамлик, силайи раҳм ва оқибат янада тикланди. Етказганига шукр!
Барча ватандошларимизни Рамазон билан чин қалбдан табриклайман!
Саидаброр Умаров суҳбатлашди
"Ли ийлафи қурайш" сураси, Қурайш қабиласига берилган неъматларга урғу беради.
Бу суранинг нозил бўлиши сабабини ўрганганда, Аллоҳдан янада қўрқиш ҳисси пайдо бўлади. Бу сура ҳаётдаги муҳим муаммолардан бири - неъматга одатланиб, уни қадрсизлантириш ҳақидадир.
Аллоҳ қурайшликларни икки мавсум - қиш ва ёздаги савдо сафарлари орқали тирикчиликларининг яхши кетишига одатланиб қолганликлари, лекин улар бу неъматларнинг ҳақиқий Эгасини тан олиб, шукр қилмаганларини айтади.
Жоҳилият даврида Қурайш қабиласи фақирлик ва очарчиликда яшаган, ҳаётлари жуда ночор ва қийин бўлган. Ҳаттоки, қашшоқлик кучайганида, баъзилар ўз оиласини олиб, “хубо” деб аталган жойга боришар ва ўша ерда очликдан ҳаммаси ҳалок бўлгунига қадар қолишарди. Бу одат жоҳилият даврида “иътифар” деб номланар эди.
Макканинг катта тожирларидан бўлган Ҳошим ибн Абдуманофга бир куни Бани Маҳзум қабиласининг барча аъзолари жуда қаттиқ очликда қолиб, ҳалок бўлиш арафасида экани ҳақидаги хабар етади. У Аллоҳнинг байти Каъбанинг хизматида турган одамларнинг шундай қашшоқлик ва ўта жоҳилона аҳволда эканликларидан ўкинди ва қаттиқ ғазабланди.
Шу сабабдан Ҳошим ибн Абдуманоф бу ёмон одатни ўзгартиришга қарор қилди ва қуйидагиларни амалга оширди:
– Сизлар Аллоҳнинг байтини хизматида бўлатуриб бутун арабларга ўзингизни шарманда қиладиган ёмон одатларни жорий қилгансизлар, деди ва бир қабилани бир нечта уруғларга бўлиб ташлади. Ҳар бир уруғдаги бой кишилардан ўз қариндошлари билан мол-мулкини тенг бўлишишни талаб қилди. Шундай қилиб, камбағал ҳам бой билан тенг бўлди.
Шундан кейин у Қурайш қабиласига тижорат усулларини ўргатди ва уларни йилда икки марта тижорат сафарига чиқиш йўлларини белгилаб берди. Ёзда мева-сабзавотлар савдоси учун Шомга, қишда эса, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари савдоси учун Яманга сафарларини ташкил қилди.
Шундай қилиб, Шом ва Яманнинг баракаси Маккага олиб келинди ва қурайшликларнинг иқтисодий ҳолати яхшиланди. Шу билан бирга, “иътифар” одати ҳам йўқ бўлди. Бироқ, вақт ўтиши билан Қурайш қабиласи Аллоҳнинг бу неъматларига шукр қилиш ўрнига, уларга одатланиб қолди ва неъматни қадрламай қўйди. Неъматга ношукурлик қилиш – бу унга одатланиб, уни неъмат деб билмасликдир.
Қурайш қабиласи Аллоҳ томонидан туширилган неъматларга одатланиб, уни қадрсизлантиргани учун Аллоҳ уларга бу сурани туширди: "Мана шу Байт (Каъба)нинг Парвардигорига (шукрона учун) ибодат қилсинлар. Зеро, У уларни очликдан (қутқариб) тўйдирди ва хавфу хатардан омон қилди".
Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ