Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар омонликда бўлсангиз ўзингизни хавфга ташламанг” деган маънодаги ҳадисни айтгандилар, саҳобалар розияллоҳу анҳум: “Қандай қилиб, ё Расулуллоҳ?” дейишди. Шунда Набий алайҳиссалом: “Қарз (олиб)”, деб жавоб бердилар.
Қарз
Қарз инсон ҳаловатини ва тинчини бузади. Кечалари ташвишга, кундузлари эса, хорликка сабаб бўлади. Шунинг учун мусулмон банда имкон қадар қарз олишдан сақланмоғи лозим. Қарздорлик оғир масъулият ва жавобгарликдир. Жобир розияллоҳу анҳу айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам зиммасида қарзи бўла туриб вафот этган одамга жаноза намози ўқимас эдилар. Бир маййит олиб келинди. Шунда у зот алайҳиссалом:
“Унинг зиммасида қарз борми?” дедилар.
“Ҳа, икки динор”, дейишди.
“Соҳибингизга ўзингиз жаноза ўқинг. Зиммасида қарзи бор одамга жаноза ўқимайман”, дедилар.
Бу ишдан саҳобалар қаттиқ ҳайратландилар. Шу пайт саҳобалардан бири: “Ўша икки динор менинг зиммамга, ё Аллоҳнинг Расули”. Кейин Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам у(маййит)га жаноза ўқидилар.
Аллоҳ таоло фатҳлар ато этганидан кейин, мусулмонлар бойликларга эга бўлишгач Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мен ҳар бир мўмин учун унинг ўзидан ҳам яқинман. Ким қарз қолдирса, уни адо этиш менинг зиммамда”, деганлар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларининг қарзларини тўлашда ҳам отамиздан кўра меҳрибонроқ эдилар.
Набавий огоҳлантириш
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар бир нарсани ўз номидан бошқа ном билан аташдан қайтарганлар. Бугунги кунда рибо бошқа ном билан, қарз эса бўлиб тўлаш, яна қайндайир хайрия ташкилотлари каби номлар билан аталмоқда. Лекин қандай аталмасин қарз бу – мажбурият, инсоннинг зиммасидаги оғир масъулиятдир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қарздорликдан паноҳ сўрардилар
Ақлли инсон имкон қадар агар ўта муҳтож ёки зарур бўлмаса қарз олмайди. Афсуски бугунги кунда эса қарз олиш одатий ҳолатга айланди. Қарз бериш осонлашди, унинг турлари кўпайди. Ҳар қадамда, кўчаларда, ОАВ, ҳатто қўл телефонингизда ҳам “Ҳашаматли уйга, янги машинага эга бўлинг деган” қарз олишга тарғиб қилувчи рекламалар тўлиб-тошди. Аммо унутмангки, қарз фақатгина муҳтож бўлинган ҳолатда олинади. Лекин баъзи одамлар ортиқча нарсалар, ҳаттоки дам олиш, сайёҳатлар учун ҳам қарз олишмоқда. Инсон буларнинг барчасидан эҳтиёт бўлиши лозим.
Инсон имкон қадар борига қаноат қилмоғи лозим. Масалан, эҳтиёжини қондирадиган машинани ҳайдасин. Қимматбаҳо машинани қарзга олиш шарт эмас. Кейин зиммасидаги қарзларни узолмай қийналиб юради.
Агар қарздор бўлсангиз, уни узишга шошилинг!
Агар бир инсон қарз олишга ўта мажбур бўлиб қолса, қарз олаётганида узиш ниятида бўлиши шарт. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки бировдан қайтариб бериш ниятида қарз олса, Аллоҳ унга қарзини узишга ёрдам беради. Кимки молига талофат етказиш мақсадида олса, Аллоҳ унинг ўзига талофат етказади”, деганлар. Шунинг учун, қарздор қарзни яхши ниятда олиши лозим. Зиммасида қарзи бор одам Исломнинг рукни бўлган – ҳаж амалини адо этишга қарз олиб, эътибор беринг, ҳатто фарз ибодатни бажаришга динимиз буюрмаган. Балки қарзни узиш ёки қарз олган одамдан рухсат сўраш талаб этилади.
Бой одамнинг қарзни узмаслиги зулмдир
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бой (қодир) бўлатуриб қарзни кечиктириш зулмдир”, деганлар.
Ким қарзни қайтаришга имкони бўла туриб, қарзини узмасдан, қарз берган одамни “Худа хоҳласа бераман” деб сарсон қилса, унга зулм қилган бўлади. Бундай ҳолатлар бугунги кунда нафақат инсонлар, балки йирик ташкилот ва муассасалар ўртасида ҳам кўп кузатилмоқда.
Даврон НУРМУҲАММАД
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ҳазрати Муовиянинг даврларида икки одам жанжаллашиб қолди. Жанжал асносида бири бошқасининг тишини уриб синдирди. У синган тишини олиб, Муовия розияллоҳу анҳунинг ҳузурларига борди ва: «Тишнинг қасоси тиш бўлади, шунинг учун қасос олиб беринг», деди.
Ҳазрати Муовия: «Тўғри, сенинг ҳаққинг бор, лекин нима фойда? Сенинг тишинг-ку синиб бўлди. Уникини ҳам синдирайликми? Унинг ўрнига тишингнинг хунини ол, хун эвазига муроса қил», дедилар.
У киши: «Мен айнан ўша тишини синдириб қасос оламан», деди. Муовия розияллоҳу анҳу унга яна қайта тушунтирдилар. Лекин у кўнмади. Ҳазрати Муовия кейин: «Ундоқ бўлса юр, унинг ҳам тишини синдирамиз», дедилар.
Йўлда машҳур саҳоба Абу Дардо розияллоҳу анҳу ўтирган эдилар. У зот шундай дедилар: «Биродар! Қара, сен-ку қасос оляпсан. Лекин бу гапни ҳам эшитиб кет. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Ким бировга азият етказса ва азият етган кимса уни кечириб юборса, Аллоҳ таоло уни афвга энг кўп муҳтож бўладиган кунда (яъни охиратда) афв қилади», деганларини эшитганман».
Боягина ғазабга миниб, хун ҳақи олишга ҳеч рози бўлмай турган одам ушбу ҳадисни эшитгач: «Сиз бу ҳадисни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитганмисиз?» деб сўради. Абу Дардо розияллоҳу анҳу: «Ҳа, эшитганман, менинг мана шу қулоқларим эшитган», дедилар.
«Насиҳатлар гулдастаси» китобидан