Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм!
Бугун Сирдарё вилоятидаги юртдошларимиз Сизнинг кўмагингизга муҳтож. Уларга имкон қадар елкадош бўлиш – миллатдош, диндош, юртдош сифатидаги инсоний вазифамиздир.
Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва Дин ишлари бўйича қўмита ташаббуси билан ташкил этилган “Сирдарёликларга кўмак” хайрия акцияси жадал давом этмоқда.
Ёрдамни ташкил этишда вақтни тежаш мақсадида, Сирдарё вилоятидаги «Исо ўғли Мусо» масжиди имом-хатиби Жалолов Авазхон Азизхон ўғлига тегишли қуйидаги “Uzcard” ва “Humo” пластик карталар рақамларига маблағларингизни ўтказишни илтимос қиламиз.
8600 3329 4470 9496 (Uzcard)
9860 0101 2710 3090 (Humo)
Мурожаат учун телефон: +998949190220 ёки ушбу +998906102086 рақамга очилган “Телеграм” канали орқали саволларга жавоб топиш мумкин. Хориждаги ватандошларимиз ҳам мурувват қилишни исташса, ушбу рақамларга боғланишлари мумкин.
Шу вақтга қадар ушбу акция доирасида 85 миллион сўмдан зиёд маблағ жамланди. Яқин кунларда азият чеккан юртдошларимизга энг зарур бўлган озиқ-овқатлар, гигиеник воситалар, кўрпа-тўшаклар, кийим-бошлар, дори-дармонлар етказилади, инша Аллоҳ.
Ёрдамларни ташкил этишда карантин тартиб-қоидаларига тўла амал қилинади.
Хайру эҳсонингизни Ҳақ таоло қабул этсин!
Ушбу эълонни кўпроқ тарқатишга ҳисса қўшинг!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Зулҳижжа ойининг 8 куни “Тарвия куни” дейилади.
“Тарвия” дейилишига сабаб ўша куни ҳожилар зам-зам сувидан қониб-қониб ичадилар.
“Тарвия” – “тафаккур” маъносида ҳам қўлланилади. Чунки зулҳижжанинг саккизинчи кечасида Иброҳим алайҳиссалом тушларида ўғиллари Исмоил алайҳиссаломни қурбонлик қилаётганларини кўрадилар ва бу туш шайтонийми ёки раҳмоний дея ўша кунни тафаккур билан ўтказадилар. Шунга кўра, бу кун “Тарвия – тафаккур куни” дейилади.
Мино луғатда – “орзу, истак” деган маъноларни билдиради. Макка ва Муздалифа оралиғидаги қишлоқнинг номи. Араблар одамлар тўпланган жойни “мино” деб аташади. Мино Масжидул-ҳаром шимолидан 7 км. узоқликда жойлашган.
Бу ерда Иброҳим алайҳиссалом шайтонга тош отганлар, қурбонлик қилганлар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам айнан шу жойда тош отиб, қурбонликларини адо этганлар. Бу муқаддас маконда Наср ва Мурсалот суралари нозил бўлган.
Ҳожилар зулҳижжанинг саккизинчи куни бомдод намозидан сўнг Минога қараб йўл олишади. Минода тарвия кунининг пешин, аср, шом, хуфтон ҳамда арафа кунининг бомдод намозлари ўқилади. Кейин арафотга жўнаб, ўнинчи куни яна Минога қайтишади ва икки кун шайтонга тош отишни давом эттиришади.
Минода бажарилиши зарур бўлган амаллар ҳақида Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: «Ва ўзларига бўладиган манфаатларга шоҳид бўлсинлар. Маълум кунларда уларга ризқ қилиб берган чорва ҳайвонларини (сўйишда) Аллоҳнинг исмини зикр қилсинлар. Бас, улардан енглар ва бечора ва фақирларга ҳам едиринглар. Сўнгра ўзларидаги кирларни кетказсинлар, назрларига вафо қилсинлар ва “Қадимги уй”ни тавоф қилсинлар”, деганимизни эсла» (Ҳаж сураси, 28-29-оятлар).
Ушбу оятда Мино кунлари жамаротда тош отиш, қурбонлик қилиш ва соч олдириб эҳромдан чиқиш каби амалларни адо этиш таъкидланмоқда. Мино кунлари ушбу учта амални мукаммал тарзда бажариш вожибдир.
Аллоҳ таоло қилаётган ва қиладиган барча солиҳ амалларингизни Ўз даргоҳида қабул этсин. Ўзи куч-қувват берсин..
Даврон НУРМУҲАММАД