Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ёсин сурасида Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақиқий пайғамбар эканлари, Исо алайҳиссалом томонидан Антокия шаҳрига юборилган элчилар кўрган-кечиргани, Ҳабиб Нажжор исмли киши иймон йўлида жонини фидо қилиши, қуёш, ой, юлдузлар илоҳий қонуният асосида ҳаракатланиши баён этилган. Шунингдек, жаннат ва дўзах аҳлларининг қиёмат кунидаги ҳолатлари, тавҳид масаласи, қайта тирилиш ҳақлигига далолат қилувчи оятлар келтирилган.
Ёсин сураси фазилатлари тўғрисида кўп ҳадиси шарифлар ривоят қилинган. Уларда айтилишича, кимда-ким бу сурани ихлос билан ўқиса, ҳожати раво бўлади, хавф-хатарда бўлса хотиржамлик топади, камбағал бўлса бойликка эришади, маҳбус бўлса озодликка чиқади, қарздор бўлса қарзини осон узади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Ёсин Қуръоннинг қалбидир. Ким уни Аллоҳ (розилиги)ни, охират кунини истаб тиловат қилса, гуноҳлари кечирилади. Уни ўликларингизга ўқинглар” (Имом Насоий, Имом Аҳмад ривояти).
Бошқа ҳадисда севикли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қайси бир маййит ҳузурида Ёсин сураси ўқилса, Аллоҳ унга енгил қилади”, деганлар.
Қайси бир банда тонг отганида Ёсин сурасини ўқиса, Аллоҳ унинг гуноҳларини кечиради. Бундан ташқари Қуръонни ўн марта хатм қилиш савобини олади, барча ҳожатлари раво этилади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким кун аввалида Ёсин сурасини ўқиса, ҳожатлари раво этилади”, деб айтганлар.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: “Ким Ёсин сурасини тунда ўқиса, ўша кечада гуноҳлари мағфират этилади”, дейилган.
Демак, бошига ташвиш тушган, оғир аҳволда қолган киши Ёсин сурасини ўқиса, Аллоҳ унга нажот беради, мурод-мақсадига етади.
Яҳё ибн Абу Касир раҳимаҳуллоҳ айтади: “Ким тонг отганда Ёсин сурасини ўқиса, кечгача хурсандчиликда бўлади. Ким уни кеч кирганда ўқиса, тонг отгунча хурсандчиликда бўлади”.
Уламолар Қуръон тиловатининг савоби дунёдан ўтганларга етади деганлар. Ҳанафий мазҳабининг имомларидан Абу Жаъфар Таҳовий “Ақидату Таҳовия” китобида: “Тирикларнинг дуо ва садақаларидан ўлганларга манфаат бордир”, деб келтиради.
“Рўза, намоз, Қуръон қироати ва зикр каби баданий ибодатларни қилиб ўтганларга бағишласа савоби етадими, йўқми” деган масалада бироз ихтилоф бор. Имом Абу Ҳанифа, Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ва жумҳур уламолар “Баданий ибодатнинг савоби ўлганларга етади”, деганлар.
Ибн Ҳож “Мадҳал” китобида: “Ким қироати ҳеч хилофсиз майитга етишини хоҳласа, шу ишини “Эй Аллоҳ! Қироатимнинг савобини фалончига бергин”, деб дуога айлантирсин”, дейди.
Ибн Ҳож агар Қуръон тиловатидан кейин дуо қилиб, унинг савоби марҳумга бағишланса, бу ерда ихтилоф қолмайди, демоқдалар. Юртимизда урф бўлган маросимларда ҳам худди мана шундай йўл тутилади ва бу амал шаръан жоиз ҳисобланади.
Динимизда инсон ўлиши билан унут бўлмайди, уларнинг тириклар зиммасида ҳақлари бўлади. Шунинг учун ҳам Исломда ўтганларнинг ҳақларига дуо қилишга тарғиб этилган. Қуръони каримда ўтганларнинг ҳақига мағфират сўраб дуо қилган мўминлар зикр қилинади.
Аллоҳ таоло Ҳашр сураси 10‑оятда шундай марҳамат қилади: “Улардан кейин келган зотлар айтурлар: «Эй Раббимиз! Ўзинг бизларни ва биздан илгари имон билан ўтганларни мағфират этгин ва қалбларимизда имон келтирган зотларга нисбатан гина пайдо қилмагин! Эй Раббимиз! Албатта, Сен меҳрибон ва раҳмли зотдирсан!”.
Ушбу илоҳий таълим асрлар оша мусулмон оламида амалда жорий бўлиб келган. Шу билан бирга, ўтганларнинг номидан яхши амаллар қилиб, савобини уларга бағишлаш ҳам бевосита Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тавсиялари билан жорий қилинган амалдир. Бу мавзуга оид таълимотларни чуқур ўрганган уламолар Қуръон тиловат қилиб, савобини ўтганларнинг ҳақига бағишлаш ҳам мазкур шаръий кўрсатма остига дохил эканини таъкидлайдилар.
Хулоса шуки, бир қанча манбаларда Қуръон қироатининг савоби вафот этганларга етиб бориши айтилган. "Ҳидоя", "Бадоиъ", "Баҳр" ва бошқа китобларда бу ҳақда етарлича маълумотлар топилади. Шундай экан, бу борадаги ҳар хил нотўғри фатволарга эътибор бермаслик керак.
Тўрақўрғон тумани "Яндама" жоме масжиди
имом хатиби Абдурахим Суроббаев
Манба: http://t.me/Softalimotlar