Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Рамазонда умматимга бошқа умматларга берилмаган бешта хислат берилди: Рўзадорнинг оғзидан келаётган нохуш ҳид Аллоҳ таоло наздида мушк-анбардан ҳам хушбўйроқдир. Уларга фаришталар то оғизларини очгунларича истиғфор айтади. Аллоҳ азза ва жалла жаннатига: “Бандаларим учун тайёрлангин ва безангин. Улардан тезда дунё қийинчиликлари, ташвишлари кетиб, Менинг жаннатим ва зиёфатимга келадилар”, дейди. Рамазонда шайтонларнинг энг қайсарлари кишанланади ва одатда қиладиган ишларини қила олмайди ва Аллоҳ таоло бандаларини Рамазоннинг сўнги кечасида мағфират қилади”, деган эдилар (атрофдагилар): “Ё Расулллоҳ, у Лайлатул қадрми?” дейишди. Шунда у зот алайҳиссалом: “Йўқ, амал қилган агар ишини тўлиқ қиладиган бўлса, ажр-савоб унга тўлиқ қилиб берилади”, дедилар (Имом Аҳмад ривояти).
Аллоҳ таоло бу хислатларни фақатгина “Уммати Муҳаммадия” га берди ва бу билан уларни бошқа умматлардан ажратиб олди.
Биринчиси: Рўзадорнинг оғзидан келаётган нохуш ҳид Аллоҳ таолонинг наздида энг ширин ҳушбўйликдан ҳам афзалдир. Рўзадор киши кун бўйи ҳеч нима емай юрган пайтда оғзидан инсонлар наздида ёқимсиз бўлган нохуш ҳид пайдо бўлади. Лекин бу ҳид Аллоҳ таоло наздида энг ҳушбўй ҳиддан афзалдир. Нима учун? Чунки у бандадаги ҳолат Аллоҳ таолога ибодат қилиш натижасида пайдо бўлган.
Иккинчиси: Рўзадор то оғзини очгунига қадар фаришталар унинг ҳаққига истиғфор айтадилар. Фаришталар ким? Улар Аллоҳ таолонинг энг азиз махлуқотлари. Аллоҳ таоло айтади: “Улар Аллоҳнинг амрига исён қилмаслар ва нимага буюрилсалар, шуни қилурлар” (Таҳрим сураси, 6-оят).
Шундай улуғ ва дуоси ижобат фаришталар рўзадорни мағфират этилишини Аллоҳ таолодан илтижо қилиб сўрайдилар.
Учинчиси: Аллоҳ таоло ҳар куни улар учун тайёрланган жаннатни зийнатланишга буюради ва унга қарата: “Бандаларимдан азият ва қийинчиликлар кетиб, ҳузурингга келишларига оз қолди” - дейди. Шу сабабдан, уни солиҳ бандаларига тайёрлаш ва унга рағабтларини ошириш учун зийнатлайди.
Тўртинчиси: Иблис-шайтонлар кишанбанд қилинади ва натижада рўзадор бандани яхшиликлардан тўсиб, гуноҳ маъсиятга ундаш каби ёмонликларини қила олмайди. Бу эса рўзадор бандаларига берилган Аллоҳ таолонинг ёрдамидир.
Бешинчи: Агар банда Аллоҳ таоло бу ойда фарз қилган амалларни ихлос билан қилса, Аллоҳ таоло ”Уммати Муҳаммадия”ни бу фазилатли ойнинг сўнгги кечасида мағфират қилади. Банда учун бундан катта ютуқ борми?!!
Аллоҳ таоло барчамизни шундай хислатларга эга бўлишимизни ва бу ойдан барча гуноҳлардан покланган ҳолда чиқишимизни насиб қилсин.
Муҳаммад Али МУҲЙИДДИН,
Тошкент Ислом институти 3-босқич талабаси.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Бир куни Набий алайҳиссаломнинг ортларида эдим. У зот: «Эй болакай! Мен сенга калималарни ўргатаман. Аллоҳни(нг буйруғу қайтариқларини) муҳофаза қилгин, шунда У Зот сени муҳофаза қилади. Аллоҳни муҳофаза қилсанг, У Зотни рўпарангда топасан. Сўрамоқчи бўлсанг, Аллоҳдан сўра. Кўмак истамоқчи бўлсанг, Аллоҳдан иста. Билки, агар бутун уммат (маҳлуқотлар) сенга бирор манфаат бериш учун жамланса ҳам, Аллоҳ сенга ёзган нарсадан бошқасини бера олмайди. Агар уларнинг ҳаммаси сенга бирор зарар етказиш учун жамланса ҳам, Аллоҳ сенга ёзган нарсадан бошқасини етказа олмайди. Қаламлар кўтарилган, саҳифалар қуриган», дедилар.
Термизий ривоят қилган ва бу ҳадис ҳасан, саҳиҳдир, деган.
Термизийдан бошқаларининг ривоятида:
«Аллоҳни(нг буйруғу қайтариқларини) муҳофаза қилгин, шунда У Зотни рўпарангда топасан. Аллоҳни фароғатда танисанг, У сени қийинчиликда танийди. Билки, сени четлаб ўтган нарса сенга етмайди. Сенга етган нарса сени четлаб ўтмайди. Билки, сабр ортидан ютуқ, ғам-ғусса ортидан кушойиш келади. Ва албатта, қийинчилик билан енгиллик бордир», дейилган.
Шарҳ: Бир куни Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг хачирларига мингашиб олиб, у зотнинг ортларида кетаётган эдилар. Шунда Набий алайҳиссалом у кишига бутун Ислом умматига зарур бўлган ушбу ҳадиси шарифдаги гапларни айтдилар:
«Аллоҳни(нг буйруғу қайтариқларини) муҳофаза қилгин, шунда У Зот сени муҳофаза қилади».
Аллоҳнинг динидаги амр ва наҳийларга қатъий риоя қилсанг, Аллоҳ таоло сени, аҳли оилангни ва дину дунёингни муҳофаза қилади. Зотан, У Зотдан ўзга муҳофаза қилувчи йўқ.
«Аллоҳни муҳофаза қилсанг, У Зотни рўпарангда топасан».
Банда Аллоҳ таолонинг динига оғишмай амал қилса, дуоси тўхтовсиз қабул бўладиган даражага ҳам эришар экан. Ушбу жумладан англанадиган ҳақиқат шудир.
«Сўрамоқчи бўлсанг, Аллоҳдан сўра».
Чунки барча нарса У Зотнинг ихтиёридадир. У Зотдан ўзга берувчи йўқ. Бошқа зоҳирий берувчилар ҳам У Зотнинг амри ила У Зотнинг берганидан берадилар. Шунинг учун орага бошқани қўшмай, тўғридан-тўғри ҳақиқий берувчининг Ўзидан сўраш керак.
«Кўмак истамоқчи бўлсанг, Аллоҳдан иста».
Чунки ҳақиқий кўмакчи – У Зотнинг Ўзидир. Бошқаларнинг барчаси кўмакка муҳтож.
«Билки, агар бутун уммат (маҳлуқотлар) сенга бирор манфаат бериш учун жамланса ҳам, Аллоҳ сенга ёзган нарсадан бошқасини бера олмайди. Агар уларнинг ҳаммаси сенга бирор зарар етказиш учун жамланса ҳам, Аллоҳ сенга ёзган нарсадан бошқасини етказа олмайди. Қаламлар кўтарилган, саҳифалар қуриган».
Фойда ҳам, зиён ҳам Аллоҳдандир. Аллоҳнинг дунёдаги барча махлуқотлари жамланиб, сенга заррача фойда ёки зиён етказмоқчи бўлса ҳам, Аллоҳ тақдирингга битган нарсадан бошқаси бўлмайди. Шунинг учун ҳаммани қўйиб, фақат Аллоҳ таолонинг Ўзигагина таваккул қил.
Ушбу ривоятдан олинадиган фойдалар:
1. Болаларга хуш муомалада бўлиб, уларга таълим-тарбия бериш;
2. Аллоҳнинг буйруғу қайтариқларига бўйсуниш У Зотнинг муҳофазасига сабаб бўлиши;
3. Талаб-истакларни фақат уларни бажо келтирувчи Зотдан – Аллоҳдан сўраш кераклиги;
4. Кўмак ва ёрдамни ҳақиқий кўмак берувчи Зотдан – Аллоҳдан сўраш кераклиги;
5. Фойда ҳам, зиён ҳам Аллоҳдан экани;
6. Барча махлуқотлар жамланиб, бир инсонга заррача фойда ёки зиён етказмоқчи бўлса, Аллоҳ тақдирда битган нарсадан бошқаси бўлмаслиги;
7. Банда фароғат пайтида Аллоҳни ёдга олиб, тоат-ибодатда бўлса, қийинчиликка йўлиққан пайтида У Зот уни ёрдамсиз ташлаб қўймаслиги;
8. Сабр ортидан ютуқ, ғам-ғусса ортидан кушойиш, қийинчилик ортидан енгиллик келиши.
«Ҳадис ва Ҳаёт» китоби асосида
Муҳаммад Али Муҳаммад Юсуф тайёрлади