Рамазоннинг энг қизғин палласи, энг буюк кечасига етиб келдик. ҚАДР кечаси айнан шу кеча эканлигини қатъий айта олмасак-да, ҳадиси шарифларга таянган ҳолда, ЛАЙЛАТУЛ ҚАДР бугун эканлигига умид қиламиз.
Буюк саҳобий Убай ибн Каъб ҚАДР кечаси Рамазоннинг 27 кечаси эканлигига қасам ичиб, ўша тонгда қуёш қизғиш, нури, шуласи заиф ҳолда чиқишининг хабарини берган ҳадис жуда машҳур.
Қанча ҳаёт кечиришимиз бизга номаълум. Балки 40, балки 50, 60, 70 ёки 80 йил...
Фараз қилинг, сиз 80 йил умр кўрдингиз. Бир суткада 24 соат деб ҳисобласак, шунинг қанчасини ибодатга ажратдингиз, 80 йилнинг қанчасини ибодат билан ўтказдингиз?!
Бор-йўғи беш йил ёки ундан ҳам камроқ ибодат қилганингиз келиб чиқади. Буни бир кун – 24 соатга тақсимлангчи! Энди масаланинг яна бир аҳамиятли жиҳатига эътибор берайлик. Хўш, шу 5 йиллик қилган ибодатларимиз тўлиқ ихлос билан адо қилинганми?! Аллоҳ таоло бу ибодатларимизни қабул қилганлигини ишонч билан айта оламизми?!
Ана энди Аллоҳ таолонинг “Қадр кечаси 1000 ойдан яхшироқ”, деб марҳамат қилган оятига диққат қилинг. 1000 ой 83 йилдан салгина кўпроқ дегани. Бу 83 йил умр кечирмасак-да, 83 йилнинг 24 соатида тинмай ибодат қилдик ва айни пайтда ушбу ибодатлар қабул қилиниб, улкан ажру савобларга эришдик демакдир!
Агар 83 йил ибодат қилганлик савобини ҳаётимизга таққосласак, биз ё 1500 ёки 2000 йил яшашимиз лозим бўлади!
Ояти каримага эътибор беринг-а, унда 1000 ой дейилмаяпти, балки 1000 ойдан яхшироқлиги таъкидланмоқда. Унинг миқдори сир сақланмоқда, балки 100, 200, балки ундан ҳам кўпроқ йил тўлиқ ибодат қилганлик савоби берилади. Аллоҳ таоло ҳаммма нарсага қодирдир!
Модомики, Қадр кечаси минг ойдан яхшироқ экан, агар ёз фаслида шомдан тонггача бўлган муддат бор-йўғи 10 соатни ташкил этишини ҳисобга олсак, Қадр кечасидаги 1 соатлик ибодат – бошқа пайтдаги 100 ойлик ибодатдан яхшироқдир.
ҚАДР кечаси 1 соат ибодат қилишингиз – бошқа пайт тўлиқ 8 йил ибодат қилишингиздан афзалроқдир.
ИБОДАТ – зикр, намоз ўқиш, Қуръон тиловат қилиш, Аллоҳ таолони ёд этиш, эътикоф, Умра зиёрати, Каъбани тавоф этиш, қўйингки, Аллоҳ розилигини истаб қилинган барча солиҳ амаллардир .
Аллоҳ таолонинг бундай ғанимат фурсатларни бизга туҳфа қилгани – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматига кўрсатган буюк фазли, марҳамати, карами, эҳсонидир. Шу сабаб аҳли солиҳлар бу кечада ибодатга енг шимариб, қаттиқ киришишган. Расули Акрам алайҳиссалом ҳам ҚАДР кечаси, яъни Рамазоннинг 27 кечасида бошқа кечаларга нисбатан кўпроқ ибодат қилар, бедор бўлардилар. ҚАДР кечасида ибодатларга шўнғиш – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига эргашишдир.
Азизлар, ким мана шу кечани топса, буюк савобларни қўлга киритади. Бу кечада Аллоҳ таолонинг раҳмат эшиклари очилади, бандалар Роббисига яқин бўлади, гуноҳлари мағфират қилиниб, ёмонликлари арийди.
Обид бандалар бу кечани бутун йил давомида интиқлик билан кутадилар. ЛАЙЛАТУЛ ҚАДР итоатгўй бандаларнинг орзуси, тавба қилувчиларнинг умиди ушаладиган кечадир. Зеро, ким бу кечани буюклигию фазлига ишониб, савоб умидида қоим бўлса, гуноҳлари кечирилади. ҚАДР АЛЛОҲнинг раҳмати, мағфирати ёғиладиган кечадир!
Шундай экан, шомдан бошлаб то тонггача ҳар бир лаҳзани ғанимат билайлик! Бекорчи, охиратимизга фойдасиз нарсалар вақтимизни ўғирлаб қўймасин! Аҳлимизга, оила аъзоларимизга ҳам имконият яратишга ҳаракат қилайлик, ахир улар билан ЖАННАТда жам бўлишни истаймиз-ку!
ҚАДР кечасининг ҚАДРИНИ топиш барчамизга насиб этсин!
Уламолар маърузаларидан
ҒИЁСИДДИН ҲАБИБУЛЛОҲ
эркин таржимаси
Диёримизга улуғ айём кириб келмоқда. Қутлуғ Ийдул Азҳо ватандошларимизни хайру саховат, меҳр-оқибат сари чорлайди. Бу байрам чин маънода одамийлик айёми. Инсонларга меҳр, ўксик кўнгилларга шодлик улашиш фурсати.
Қалблари ҳиммат ва карам неъматидан бобаҳра халқимиз бу муаззам кунларни бой бермаслик учун фурсатни ғанимат биладилар ва савобдан баҳраманд бўлиб қолишга ҳаракат қиладилар.
Динимиз кўрсатмалари, шариат ҳукмларини устивор тутган қодир ватандошларимиз қурбонликлар қилиб, Ҳақни рози қилишга, ҳақдорлар кўнглини олишга интиладилар. Яратганнинг раҳмати ёғилиб турган дамларда дуолар мустажоб бўлади. Аллоҳ таоло ўзининг каломида “Парвардигорингиз учунгина намоз ўқинг ва қурбонлик қилинг”, - деб марҳамат қилади.
Бу борада сарвари коинот саййидимиз ибратлари ўринли. Оила аъзоларимизни йўқлаш, қўшнилар ҳолидан хабар олишда, мискинларни севинтириш-у, хасталар аҳволидан огоҳ бўлишда уларнинг ҳадиси мубораклари бизга нурли йўл, деймиз.
Амаллар кўп. Уларга бериладиган савобларнинг даражаси амалга қараб белгиланади. Энг савоби кўп амал бу фарз ҳисобланса, бошқаларга яхшилик улашиш ундан кейинги ўринда турадиган улуғ ибодатдир!
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак ҳадисларида бошқаларга қилинадиган яхшиликни фарздан кейинги ўринда туришини баён қилиб шундай дедилар: “Фарзларни адо қилишдан кейинги ўринда турадиган Аллоҳга энг суюкли бўлган амал бу мусулмонинг қалбига хурсандчиликни киритишдир”.
Шунинг учун Шайх Абдуллоҳ Ҳошим раҳматуллоҳи алайҳ қозиликдан келган маошнинг тенг ярмига ширинлик сотиб олиб, ўзлари билан олиб юрар ва ҳар доим учратган болага ширинликдан бериб, уни хурсанд қилар эдилар.
Улуғ кунларда турибмиз. Ҳар дамни ғанимат билишлик, бир биримизга саховатда ибрат бўлишимиз савобли амаллар эканини ҳис қилмоғимиз лозим. Бу кунда исрофгарчиликдан холи дастурхонлар ёзиш, боримизни бошқалар билан бўлишишга интилишимиз даркор. Хайрни, яхшиликни гуноҳга алмаштириб қўймаслик учун ҳам уйғоқ кўнгил бўлиш талаб этилади.
Бугун муаззам кунлар оғушидамиз, дедик. Ватандошларимиз улуғ сафарларни ихтиёр этганлар. Айни фурсатларда ҳожиларимиз Мино, Арофат водийларида, Муздалифада – дуолар қабул бўладиган маконларда, замонларда ибодатлар қилиб, элу юртга тинчлик, осойишталик сўрамоқдалар. Бу дуолар баракотидан диёримиз аҳлига қанча яхшиликлар етишади, иншааллоҳ. Ибодатлар ҳузурини тотган одамларнинг қалби салим, эҳсону, мурувватда пешқадам бўлишлари бу энг катта яхшилик аслида. Ҳожиларимиз сафар одобларини тушуниб, улуғ даргоҳлардан насибадор бўлиб қайтадилар. Диёримизга қайтганларидан сўнг эса ёшларимиз маънавиятига камарбаста бўладиган, Ҳақ ва ҳақиқат йўлида сидқидил хизмат қиладиган холис Ҳақ хизматчиларига айланадилар, деган умидимиз бор. Бундай улуғ зиёратлар инсонни қайси ёшда бўлмасин, эзгуликларга хайрихох қилади. Ўзгалар қалбини тушунишга, ватан ва халқ манфаати йўлида саъй-ҳаракатга чорлайди.
Бу кунларнинг Яратган даргоҳидаги ўрни мушарраф. Ҳайит кечаларида дуолар қабул бўлади. Қурбонлик гўштларидан насибадор оилаларга хурсандчилик киради. Бу эҳсонлар ортида ҳам меҳр-оқибат, ўзаро бағрикенглик мақсади мужассам. Биз бу маконда яшарканмиз, турли миллатлар вакиллари ягона Ўзбекистоннинг фуқароларимиз. Ўзаро тенглик, адолат ҳукм сурган юртда биродарлик, яхши қўшничилик анъаналарини қадрлаб яшамоқдамиз. Маҳаллаларда ҳамкорлик билан ободлик сари йўл очиляпти. Ватанимиз кундан- кунга фаровон, халқимиз турмуши чиройли бўлиб боряпти. Бу неъматларга шукрона қилиш, тўғри йўлда собитқадам бўлиш маърифатимиз, маънавиятимиз камолидан дарак беради.
Халқимизга саодат ва сано айёми – Қурбон ҳайити муборак бўлсин! Барчамизни Яратган хайру хурсандчиликлар устида бардавом қилсин. Ватанимиз тинч, юртдошларимизнинг оилалари фаровон бўлсин.
Холмурод МАМАЖОНОВ,
Фарғона шаҳар “Уммул қуро” масжиди имом-хатиби