Бугунги эпидемиологик вазиятдан келиб чиққан ҳолда, юртимизнинг барча ҳудудларида бу йил 9 май – Хотира ва қадрлаш кунида оммавий тадбирлар ўтказиш тақиқланди. Ушбу байрамни фақат оила даврасида нишонлаш тавсия этилди. Бу ҳақда Республика махсус комиссияси ахборотида маълум қилинди.
Ҳозирги кунда дунё халқларини қамраб олган коронавирус (COVID-19) пандемияси сабабли барча юртларда карантин жорий қилинган. Жумладан, юртимизда эълон қилинган карантин эса давом этмоқда.
Маълумки, 9-май “Хотира ва қадрлаш куни”да мўмин-мусулмонлар қабристонларга бориб, вафот этган яқинларининг қабрларини зиёрат қилиб, ҳақларига Қуръон тиловат қилиш анъанага айланган.
Динимиз кўсатмаларига кўра, қабристонга бориб, зиёрат қилишдан асосий мақсад охиратни эслаш, марҳумларнинг ҳақларига Қуръон тиловат қилиш, савобини уларга бағишлаш ва руҳларини шод қилишдир.
Ҳозирги кундаги карантинни инобатга олиб, марҳумларнинг ҳақлари қилинадиган хайрли амалларни ўзаро оила даврасида қилсак, шариатимиз қонун-қоидалари ҳамда карантин талабларига амал қилган бўламиз.
Абу Саъид Худрий разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Зарар бериш ва зарар кўриш ҳам йўқ” деганлар (Имом Ибн Можа ривояти). Демак, инсон ўзига ёки ўзгаларга зарар келтирадиган сабаблардан узоқ бўлиши керак экан.
Мўътабар фиқҳий китобларимизда: “Зарарни даф қилиш фойдани жалб қилишдан олдинга қўйилади”, “Машаққат енгиллатишни талаб этади” каби фиқҳий қоидалар келтирилган. Шулардан келиб чиқиб, шариъат инсонга зарар етиш эҳтимоли кучайган пайтда ўз кўрсатмаларини енгил тарзда бажаришга рухсат беради. Қолаверса, марҳумлар ҳақига қаерда бўлишидан қатъий назар Қуръон тиловат қилиниб, савоби бағишланса, уларнинг руҳларига, албатта, етиб боради.
Республика махсус комиссиясининг 9 май – Хотира ва қадрлаш куни байрамини ўтказиш бўйича тавсияларига риоя қилиб, бу йил ҳар бир инсон ўзи, оиласи ва яқинларининг ҳаётини асраш мақсадида қабристонларга бормай, уйларида ўзаро оила даврасида марҳумларнинг ҳақларига Қуръон тиловат қилиб, савобини уларга бағишлаб, руҳларини шод қилишлари мақбул саналади.
Барчамиз мазкур тавсияларга амал қилсак, ҳам шариат кўрсатмалари, ҳам ҳукуматимиз тарафидан чиқарилган қарорларни бажарган бўламиз.
Айни вазиятда имом-хатиблар, аҳли илм ва зиёли кишиларимиз бу чеклов тадбирларини тўғри тушуниб, карантин, санитария ва гигиена қоидаларига қатъий амал қилиб, халқимиз соғлиғини ҳимоя қилиш учун барча бирдек масъул эканини етказишлари жуда муҳим.
Аллоҳ таоло барча марҳумларнинг руҳларини шод айлаб, беморларга шифо берсин, юртимиз ва бутун дунёдан ушбу юқумли касалликни тез кунларда аритсин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати
Ота-оналар ўғилларига Муҳаммад деб исм қўйишни афзал кўрадилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак исмлари саҳобалар давридан бошлаб ҳозиргача У зот алайҳиссаломга муҳаббат юзасидан фарзандларга қўйиб келинади. Қолаверса, бир қанча ҳадиси шарифларда, уламоларнинг сўзларида бу муборак исмни фарзандларга қўйиш тавсия қилинган ва мақталган. Жумладан Имом Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Исмимни қўйинглар, аммо куням билан куняланманглар”, деганлар.
Имом Молик разияллоҳу анҳу айтадилар: “Мадина аҳли шундай дер эди: “Муҳаммад исмли кишиси бор ҳеч бир оила йўқки, унга кўплаб яхшиликлар берилмаган бўлса”.
Аммо, “қасамки, кимки сенинг исминг Муҳаммад билан аталса, ҳеч қачон дўзах ўти унга тегмайди”, “Қиёмат куни, эй исми Муҳаммад бўлган банда, жаннатга кириш учун ўрнингда тур, деб нидо қилинади” каби уйдирма ҳадислар кўплаб учрайди. Мазкур муборак исмга оид бир қанча уйдирма ҳадислар китобларга кириб қолганини уламолар аниқлаган ва мусулмонларни огоҳ этиш учун уйдирма ҳадисларга оид ёзган китобларига киритганлар.
Муҳаммад исми дўзахдан асраши, қиёматда фойда бериши каби фазилатлар баён қилинган юқорида зикр этилган ҳадислар ҳақида Имом Шомий асарида бундай деган: “Муҳаммад исми бандага фойда келтириши ҳақида биронта саҳиҳ ҳадис йўқ”.
Бакр Абу Зайд айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан Муҳаммад ёки Аҳмад исмли кишини мақтагани ёки бировни бу икки исм билан чақиришни ман қилгани ҳақидаги ҳар қандай ҳадис саҳиҳ эмас” (“Тасмиятул мавлуд”, 17-бет).
Яна бир муҳим жиҳат, бу исм шарафли исмлардан, аммо исм инсонга одамлар орасида афзаллик бермайди. Агар бу исмни бирор инсонга қўйилса, ўша инсоннинг исми ҳисобланади. Бу инсонни чақирилса ёки исми айтилса, унга саловат айтиш каби Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламга оид ҳукмлар қилинмайди.
Асосий ва муҳим жиҳат Муҳаммад деб номланиш эмас, балки У зотга эргашиш эканлигини уламолар таъкидлаганлар. Инсонга солиҳ амаллари ва Аллоҳдан қўрқиши дунё ва охиратда фойда беради.
Пўлатхон Каттаев,
ТИИ Ҳадис ва Ислом тарихи фанлари кафедраси
катта ўқитувчиси.