Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
24 Декабр, 2024   |   23 Жумадул сони, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:21
Қуёш
07:47
Пешин
12:28
Аср
15:18
Шом
17:02
Хуфтон
18:22
Bismillah
24 Декабр, 2024, 23 Жумадул сони, 1446

Оилавий ажримлар нега кўпаймоқда

8.05.2020   3679   11 min.
Оилавий ажримлар нега кўпаймоқда
Юртимизда азалдан оила муқаддас қўрғон сифатида эъзозланган. Зеро, инсон қалбида аҳиллик, меҳр-оқибат туйғулари, илм-маърифатга ошно бўлиш кўникмаси, аввало, шу азиз даргоҳда шакллана бошлайди. Бош қомусимизда оила жамиятнинг асосий бўғини, деб белгиланганлиги замирида ҳам ана шу миллий қадриятларимиз мазмуни мужассам. Оилани давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, уларни ҳар томонлама жамиятнинг асосий бўғини сифатида барқарорлигини таъминлаш ҳар бир мамлакатнинг доимий эътиборда бўладиган устувор йўналишлардан бири саналади.
 
Оила тинч, мустаҳкам, ҳалол-пок бўлса, жамият ҳам осойишта ва фаровон бўлади. Жамият равнақи оила равнақи билан чамбарчас боғлиқ. Оилани давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, уларни ҳар томонлама жамиятнинг асосий бўғини сифатида барқарорлигини таъминлаш ҳар бир мамлакатнинг доимий эътиборда бўладиган устувор йўналишлардан бири саналади.
 
Турмушимиз тобора фаровонлашаётган пайтда оилалар мўртлашаётгани, оилавий ажримларнинг бирмунча кўпайиб бораётганлиги ташвишланарли ҳолат. Бунинг оқибатида қанчадан қанча оилаларнинг обрўси тўкилмоқда. Ўртадаги фарзандлар тирик етим бўлиб, бечора фарзандлар ушбу ҳолатдан сарсон ва саргардон бўлиб, нима қилишни билмай қолмоқда. Отасига борай деса она норози, онасига борай деса ота рухсат бермайди. Бола икки ўтни орасида қолиб, бир қанча машаққатларга дуч келмоқда. Натижада эса боланинг тарбияси бузилмоқда. Ота-она ажрими аксар ҳолларда фарзандни ноқобил бўлиб вояга етишига сабаб бўлмоқда. Руҳий изтироблар боланинг соғлом вояга етишига салбий таъсир қилади. Қалби бутун умрга кемтик бўлиб қолади. Афсуски, қаровсиз қолаётган, ота-онаси бор баъзи болаларни меҳрибонлик уйларига топшириш ҳолатларига ҳам дуч келинмоқда.
 
Оилавий ажримларнинг юқоридаги ҳолатлардан бошқа ҳам бир қанча зарар ва зиёнлари мавжуд. Бир оила бузилиши сабабли кўплаб мусулмонларнинг ўрталарида душманчилик пайдо бўлади. Шунинг учун ҳам Шайтонни энг хурсанд қиладиган иш — оила бузилишидир. Бу ҳақда ҳадисда шундай келади: Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Иблис ўз тахтини сув устига қуради ва ўз лашкаридан гуруҳларни юборади. Уларнинг энг кўп фитначиси, унга энг яқинидир. Бириси келиб “ундоқ қилдим, бундоқ қилдим” дейди. У бўлса “ҳеч нарса қилмабсан!” дейди. Кейин бошқа бири келиб “уни қўярда қўймай хотини билан орасини буздим” дейди. У эса ўшани ўзига яқинлаштириб “Ҳа! Балли! Қандай ҳам яхшисан!” дейди”, дедилар (Имом Муслим ривояти).
 
Оила мустаҳкамлиги жамият мустаҳкамлигининг гарови экан, бу борада оилавий ажримларга етакловчи омилларни таҳлил этишнинг ҳаётий аҳамияти бор. Оилавий ажримларнинг салбий оқибатларини кўпчилик, айниқса, катта ёшдагилар яхши тушунади. Шу боис ҳар бир инсоннинг суянчи саналувчи бу муқаддас даргоҳга дарз етмасин, деймиз.
Кези келганда оилавий ажримларнинг яна бошқа омиллари ҳақида ҳам фикр-мулоҳаза юритсак. Айтайлик, оилаларнинг бир-бирига мос эмаслиги (лўнда қилиб айтганда, тенг тенгини топмаганлиги) ҳам ажримларни юзага келтиради. Яъни куёвнинг оиласидаги ҳаёт тарзи келинникига умуман ўхшамайди. Уларнинг ҳаётга муносабати, дунёқараши, фикрлаши, моддий имкониятлари бутунлай фарқ қилади. Охир-оқибат келишмовчилик, ўзаро жанжал, дилхираликлар рўй беради ва бу ҳолат ажрим билан якунланиши ҳам ҳеч гап эмас. Бундай вазиятда ота-онанинг бир умр йиққан-терганлари, тўйга қилган харажатлари, ҳаттоки, шириндан-шакар фарзандлар ҳам кўзга кўринмай қолади.
 
Урф-одатлар, қайнонанинг келинга солиқ солиши, куёвнинг эса келин томондан мулк таъма қилиши, келинларнинг ота уйига “гап ташиши”, телефон ва ижтимоий тармоқлар, ёшларнинг на фикрлаш, на пул топиш борасида мустақил эмаслиги, йигитларнинг ўз сўзини ўтказишга ҳаракат қилиши, қизларнинг эса “хўп”дан йироқлиги, диний билимдан бехабарлик, ўзаро ҳурмат тушунчасининг йўқолиши, бесабрлик, айбини тан олмаслик кабилар ҳам кўп ҳолларда ажримларга сабаб бўлаётганини ҳам таҳлиллар кўрсатмоқда.
 
Айрим эркаклар ҳеч қаерда ишламайди. Рўзғорнинг бутун ташвишларини аёлининг зиммасига юклаб қўяди. Фарзанд тарбиясига ҳам қарашмайди. Бу аёлни ҳам маънан, ҳам жисмонан толиқтиради.
 
Эр ёки хотиннинг узоқ муддат чет давлатлар­­да бўлиши ҳам орага совуқчилик тушиши, оилаларга дарз кетишига олиб келмоқда. Ҳаддан ташқари рашк қилиш, бир-бирига ишончсизлик ҳам ажралиш сабабларидан бири.
 
Ёшлар келин-куёвлик ҳақ-ҳуқуқлари, бурч ва масъулиятларини яхши билмасликлари, оилавий маданиятни тушунмасликлари, умуман олганда ёшларнинг оила муносабатларига тайёр эмасликлари оила бузилишига асосий сабаб ҳисобланади. Оила қуриш, уни юритиш қандай амалга оширилиши, оила аъзоларининг бир-бирларига муносабати қай тарзда бўлиши ҳақида муқаддас динимиз таълимотларидан хабардор бўлиш оила мустаҳкамлигининг омилидир. Албатта, ҳар бир нарсани билиб, унинг мазмун-моҳиятига тушуниб етиб, билим асосида олиб борилиши кўп яхшиликларга сабаб бўлади. Оила муносабатлари жуда нозик ва мураккаб бўлиб, ниҳоятда эҳтиёт бўлиш, унга жиддий қараш лозим. Фарзандларимизнинг фақат моддий жиҳатлари эмас, балки маънавий дунёсига кўпроқ эътибор беришимиз зарур.
 
Аллоҳнинг ароқхўрликни ҳаром қилишида жуда ҳикмат кўп. Кўпинча, эр ароқхўрликни касб қилади, маст бўлиб оилада жанжал кўтаради, охири талоқ вужудга келиб, оила пароканда бўлади. Аммо бугунги кунда аёллар ўртасида ҳам ичкиликбозлик бўлаётгани мусибат устига мусибат. Эр тул, хотин бева, болалар эса тирик етимга айланади. Гуноҳ устига гуноҳ, оила бузилиши қариндошлар нотинчлиги, жамият заифлашувига олиб келади. Кейинги пайтларда гиёҳвандлик балоси авж олиб, ҳатто уни “аср вабоси” дейиш даражасига етди. Унинг зарари, хатарли оқибатлари ҳақида қанча кўп гапирмайлик барибир, кўпайиб кўплаб одамлар, оилалар ҳаётига зомин бўлмоқда.
 
Оиланинг бузилишига энг кўп сабаб бўладиган иллатлардан бири бу – зинокорликдир. Аслида никоҳланиш ва оила қуришдан кўзланган энг катта мақсад ҳам зинодан сақланиш. Яъни, жинсий майилни ҳалол йўл билан қондиришдир. Аммо, эрлар ёки аёлларнинг зинога боришлари бу ачинарли ҳолат. Чунки, зино жамият таназзулига сабаб бўладиган офатдир. Бу разил иллат барча динлар, халқлар, тузумларда энг жирканч иш, ор-номуснинг топталиши ва ифлослик бўлиб ҳисобланади. Бугунги кунда ана шу иллат кўпайиши натижасида қанчадан қанча оилалар бузилиб, болалар тирик етимга айланмоқда. Ачинарлиси шундаки, зино насл-насабнинг бузилишига, оилалар парчаланишига, инсоний ахлоқ ёмонлашувига, турли касалликлар тарқалишига сабаб бўлади. Лекин, жамиятда ана шу иллатга ва унга олиб борувчи йўлларга қарши биргаликда қаттиқ ҳаракат қилмасак келажак таназзулга юз тутиши муқаррар.
 
Эру-хотинларнинг ўзаро муносабатларида сабр ва бағрикенгликнинг етишмаслиги оила бузилишига сабаблардан биридир. Ҳаёт жуда мураккаб жараён бўлиб, унда турли ҳолатлар учраб туради. Гоҳи шодлик, гоҳи ғам деганларидай оилада эр ва хотин ўртасида ҳам турли сабаблар ила келишмовчиликлар бўлиб туради. Шошқалоқлик, жаҳлнинг тез чиқиши, қаноатсизлик, манманлик, тирноқ остидан кир қидирмоқлик оилавий муносабатларга путур етказади. Шуни айтиб ўтиш жоизки, эр хотинининг бир ёмон хулқидан норози бўлса, унинг бошқа яхши томонлари ҳам бор эканлигини унутмасин. Аёл ҳам ўрни келганда ғазабини ютиши, гарчи ёқмасада, оилавий ҳурмат юзасидан баъзи нарсаларга чидашга одатланиши лозим.
 
Маънавий жиҳатдан бир-бирига сабр қилиш лозим бўлганидай, моддий жиҳатдан ҳам қаноатли ва сабрли бўлиш жуда муҳимдир. Чунки, оилада кўпгина келишмовчиликлар етишмовчиликдан келиб чиқади. Оила аъзоларига ҳурмат, қайнота-қайнонанинг дуолари деган нарсаларга эътибор камайиб кетаётгандай гўё. Ҳар қандай вазиятда ҳам оила муқаддас эканлиги, унинг шу даражага етишида ота-оналарнинг машаққатли меҳнатлари, ҳаракату харажатлари ва энг асосийси вақт сарф бўлганини унутмаслик керак.
 
Ёш оилаларнинг бузилишига жиддий сабаблардан яна бири унга ота-оналарнинг ноўрин аралашувидир. Бизга яхши маълумки, қадимдан туркий халқларда ота-оналар ёшлар тарбиясига ва оилалар мустаҳкамлигига гаров бўлиб келишган. Агар оилада бироз келишмовчилик бўлса, насиҳат қилиб, дарров йўлга солишган. Сабрга ва бағрикенгликка ўргатишган. Нимагадир бугунги кунга келиб, ота-оналар, қайнота-қайноналарнинг ёш оилаларга ноўрин аралашуви ёки ҳаддан зиёд ақл бовар қилмайдиган ишларни содир қилиши кўпайиб бормоқда.
 
Динимиз таълимотида ота-онага бўлган муносабат қай даражада юқори экани ҳаммамизга яхши маълум. Аммо, ҳар бир нарсада чегара бўлгани каби ота-онага бўлган муносабатда ҳам ўзига яраша чегара бор. Исломда иложи борича оилани мустаҳкамлашга амр қилинган. Бировнинг агар ўша биров ота-она бўлса ҳам, хоҳишига биноан оила бузишга рухсат йўқ. Хотинни талоқ қилиш ота-онага яхшилик қилиш эмас.
 
Тўғри, оилавий ажримларнинг яна бир асосий омили бор, бу – фарзандсизликдир. Бунда кўпинча томонлар ўзаро келишиб, бир-бирларини тушуниб ажрашишади. Ўртада гина-кудурат ёки ортиқча миш-миш ва ғийбатларга ўрин қолмайди.
 
Оилалар пароканда бўлишига жиддий сабаблардан яна бири бу – молпарастликдир. Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай марҳамат қиладилар: “Ҳар бир умматнинг фитнаси (синови) бор. Умматимнинг фитнаси молдир”. Ҳадисга эътибор беринг. Молу дунё бизга берилган синов экан. Мана шу синовда келажагимиз бўлган ёшларнинг ҳаётини барбод қилиш, уларни бебахт қилиш яхшимикан? Арзимаган матоларни деб фарзандларини бахтсиз қилиб қўяётган ота-оналар афсуски, кун сайин кўпайиб бормоқда. Ахир бахту саодат, оилавий фароғат дегани фақат молу дунё билан ўлчанмайдику. Иқтисодий имконият кенг бўлгани билан маънавий жиҳатдан инсон қашшоқ бўлса нақадар хунук.
 
Халқимизда “Бир кун жанжал чиққан уйдан қирқ кун барака кетади”, деган мақол бор. Баракаси, хотиржамлиги ариган оилада эса тинчлик, фаровонлик бўлмайди. Бир оиланинг равнақи мамлакат тараққиётига дахлдор экани ҳам шундан.
 
Хулоса ўрнида шуни айтиш лозимки, жамиятимизнинг келажаги оилаларнинг мустаҳкамлигига боғлиқ. Оила никоҳ асосида вужудга келадиган фароғат маскани бўлмоғи даркор. Уни юритишда илоҳий таълимотларга амал қилинадиган бўлса, у ҳақиқатда мустаҳкам ва бардавом бўлади. Бу борада ҳар биримиз бир ёқадан бош чиқариб, оилаларнинг мустаҳкамлиги, жамиятимизнинг соғломлиги ҳамда фарзандларимизнинг порлоқ келажаги йўлида ўстираётган ўғил-қизларимизга тўғри тарбия бериб бормоғимиз лозим.
 
Рахматуллоҳ домла Усмонов,
Ўзбекистон мусулмонлар идорасининг
Қашқадарё вилоятидаги вакили,
вилоят бош имом хатиби
Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Фарзандимиз ёш, катта бўлгач ўқир

23.12.2024   1241   3 min.
Фарзандимиз ёш, катта бўлгач ўқир

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 

أَلْعِلْمُ فِى الصِّغَرِ كَالنَّقْشِ فِى الْحَجَرِ

Ёшликда олинган билим тошга ўйилган нақш кабидир.

Илм олиш учун энг афзал давр бу инсоннинг ёшлик чоғидир. Чунки ёшликда боланинг хотираси кучли бўлади. Бу вақтда олинган илм бола хотирасида узоқ вақтгача сақланиб қолади. Шунингдек, ёшликда ҳар хил ташвиш ва юмушлардан узоқ бўлган боланинг фикри фақат ўқишда бўлиб, натижада у илмни яхши ўзлаштиради. Катта бўлиб, ишлари кўпайгач, фикри бўлинади ёки илм олишга вақт ажратолмай қолади.

Афсуски, аксарият болалар айни илм олиш пайти келганда ҳам ўйин-кулги ва бекорчи машғулотлар билан овора бўлиб юраверадилар. Ота-оналари ҳам: “Ҳали фарзандимиз ёш, катта бўлгач ўқир”, дея бунга бепарво қарайдилар. Аслида бола тахминан 3-4 ёшларида хотираси энг яхши ишлайдиган давр бўлади. Ўша пайтдан бошлаб, болани секин-аста илмга жалб қилиш яхши натижа беради.

Сўзимизни далили сифатида бир мисол келтирамиз. Машҳур аллома бобомиз Абу Али ибн Сино 4 ёшида Қуръони каримни тўлиқ ёд олган. Бундан ташқари, тарих, фалсафа, тиббиёт, мантиқ ва бошқа фанларни чуқур ўзлаштирган. Ўн саккиз ёшигача ҳаётида керак бўладиган барча илмларни мукаммал ўрганиб, машҳур олим, табиб даражасига кўтарилган. Бундан келиб чиқадики, ота-оналар фарзандларини ёшлик давридан унумли фойдаланиб, керакли илмларни эгаллашлари учун қулай шароитларни таъминлаб беришлари лозим.

 

مَنْ لَمْ يَتَعَلَّمْ صَغِيرًا لَمْ يَتَقَدَّمْ كَبِيرًا

Ким ёшлик чоғида илм олмаса, катта бўлганида юксалмайди.

Ушбу мақолни икки хил маънода тушуниш мумкин:

1. Ким ёшлик чоғини ғанимат билиб, илм эгалламаса, катта бўлганида бунга илож топа олмайди. Кишининг ёши кексайган сари унинг хотираси пасайиши ҳам бор ҳақиқат.

2. Ким ёшлигида илм олмаса, катта бўлганида бирон поғонага кўтарила олмайди, инсонлар орасида ҳам энг кейинги ўринда туради, чунки унинг илм-маърифати йўқ. Илм инсонни юксалтиради ва равнақ топишига ёрдам беради. (Лекин, ўрни келганида шуни ҳам айтиб қўйиш лозимки, илм фақат бирон мартабага эришиш учунгина ўрганилмайди).

 

يُطَيَّبُ القَلْبُ لِلْعِلْمِ كَمَا تُطَيَّبُ الأَرْضُ لِلزِّرَاعَةِ

Ер экин экиш учун тозалангани каби қалб ҳам илм учун тозаланади.

Илмнинг макони қалбдир. Маълумки, илм эзгулик ва нурдир. Киши илмни пухта эгаллаш учун қалбини турли хил маънавий иллатлар, жумладан кибр, ҳасад, гина, кудурат, ғийбат ва шу кабилардан тозалаши лозим. Ушбу камчиликлар бор қалбга илм яхши ўрнашмайди, тезда унутилади ёки бирон манфаат келтирмайди. Шунинг учун илм олишга киришаётган киши биринчи навбатда қалбини тозалаши, сўнгра яхши ният билан илм таҳслига ўтиши керак.

Бола ёшлигида хотираси кучли, қалби тоза ва беғубор бўлади. Бундай пайтда олинган илм ҳар тарафлама пишиқ ва мустаҳкам бўлади. Демак, ота-оналар бу борада масъулиятлироқ бўлсалар, фарзандларининг камолга етиб, олим бўлиб, дини ва юртига фойдасига тегадиган чин инсон бўлишида ҳисса қўшган бўладилар.

 

Одилхон қори Исмоилов

 

Мақолалар