Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
27 Ноябр, 2024   |   26 Жумадул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:01
Қуёш
07:25
Пешин
12:16
Аср
15:15
Шом
16:59
Хуфтон
18:17
Bismillah
27 Ноябр, 2024, 26 Жумадул аввал, 1446

Муборак васиятлар: ИККИНЧИ ВАСИЯТ (6-қисм)

7.05.2020   2689   22 min.
Муборак васиятлар: ИККИНЧИ ВАСИЯТ (6-қисм)

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Макканинг қон тўкмай фатҳ этилаётганидан шод эдилар, аммо шаҳарнинг пастки қисмида, Холид гуруҳи томонида қиличларнинг ҳавода ялтираганини кўриб, анча хафа бўлдилар. Чунки қон тўкмасликка, уруш қилмасликка буюрган эдилар.

“Эй Холид! Мен сени жанг қилишдан ман этмадимми?” деб сўрадилар. “Ё Расулуллоҳ! Биринчи бўлиб мушриклар ҳужум қилди!” деди Холид ибн Валид. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Бу ҳодиса илоҳий тақдир экан!” дея сукутга чўмдилар.

Фатҳдан бир кун олдин Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳ Макка фатҳини насиб этса, эртага Бани Кинона юртига борамиз. Бани Кинона бир пайтлар бу ерда Қурайш мушриклари билан куфр сояси остида бирлашган эди!” дея марҳамат қилгандилар. Бир кундан кейин Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг байроқлари Бани Кинона юртида тикилди, чодирлари ҳам ўша ерга қурилди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) чодирларида бироз дам олдилар, ғусл қилдилар, янги кийим кийиб, саккиз ракат Зуҳо намози ўқидилар. Яна туяларига миниб, қўшин ёнига келдилар.

Ҳижратнинг саккизинчи йили, Рамазон ойининг йигирманчи (жума) куни эди.

Инсоният тарихида буюк инқилоб рўй берди. Инсонларни ин­сонийликдан маҳрум қилаёзган бутпарастлик маркази Маккага бу шарафни қайтадан юксалтирган, “Ягона илоҳ” эътиқодининг вакили бўлмиш Ислом лашкари ёрқин ва адолатли бир зафар ила кириб келган эди.

Аллоҳнинг энг суюкли қули ва элчиси Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бошларида дубулға, остиларида Қосво лақабли туялари, Фатҳ сурасини ўқиган ҳолда, саҳобалар даврасида Каъба Масжидига келдилар. Рўпараларида буюк Каъба бутун азамати билан намоён бўлди. Гулдурос такбир садоларидан яқин-атрофдаги тоғлар титраб кетгандек бўлди.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) эҳромсиз ҳолда Ҳарами шарифга кирдилар, Каъбани туянинг устида етти марта тавоф қилдилар. Қўлларидаги учи эгри таёқ билан Ҳажарул Асвадни ўпиб, тавоф қилдилар.

Каъба атрофида мушриклар сиғиниб келган уч юз олтмишта бут ҳали турарди. Ҳолбуки, Каъба тавҳид эътиқодининг илк обидаси сифатида қурилган эди.

Бутларнинг энг каттаси инсон шаклида ясалган, “қуёш тангриси” ҳисобланган Ҳубал эди. Қизил ёқутдан қилиниб, Каъба устига қўйилган бу катта бутнинг олдида етти дона ўқ турарди. Ўқларга “Ҳа” ва “Йўқ” ёзувлари ёзилган бўлиб, бутга сиғинувчи араблар бирор иш бошлашдан олдин бу ўқлар ёрдамида фол очар эди.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қўлларидаги таёқ билан туртиб, бутларни шахсан ўзлари йиқита бошладилар. Ҳар бир бут ағдарилиб тушаётганида ушбу оятни ўқирдилар:

﴿وَقُلۡ جَآءَ ٱلۡحَقُّ وَزَهَقَ ٱلۡبَٰطِلُۚ إِنَّ ٱلۡبَٰطِلَ كَانَ زَهُوقٗا٨١

«Яна айтинг: “Ҳақиқат (яъни Ислом) келди ва ботил (куфр) йўқолди. Чунки ботил нарса йўқолувчидир”» (Исро, 81).

Каъбанинг ичкариси ҳам Қурайш бутларига, деворлари эса, бут расмларига тўла эди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Каъбанинг эшикбони Талҳа ўғли Усмондан Каъбанинг калитини сўрадилар. Каъба эшиги очилиб, кўзлари деворлардаги суратларга, Иброҳим ва Исмоил пайғамбарларнинг тимсоли деб мушриклар эътиқод қилган ҳайкалларга тушди. Ривоятларга кўра, булар бир бут эди. Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) уларни олиб ташлашни буюрдилар (Имом Бухорий ривояти).

Умар дарҳол бутларни ташқарига олиб чиқди. Каъба суратлардан ва бутлардан тозаланганидан сўнг, калити Талҳа ўғли Усмонга берилди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ёнларида Зайд ўғли Усома, Билол, Талҳа ўғли Усмонлар билан Каъбага кирдилар. Икки ракат намоз ўқиб, Байти шарифни айланиб чиқишди.

Ҳамма томондан мусулмонларнинг такбир овозлари келар, Аллоҳга ҳамдлар айтилар эди.

Бу аснода бутун Қурайш Масжиди Ҳаромга йиғилди, ўзи ҳақида бериладиган ҳукмни сабрсизлик билан кута бошлади. Аллоҳнинг охирги элчиси Каъба эшиги остонасида туриб, ушбу машҳур хутбаларини айтдилар. Бу нутқ ила Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) нафақат маккаликларга, балки бутун инсониятга хитоб қилар эдилар:

“Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ, ёлғиз Аллоҳ бор. Унинг ҳеч қандай шериги ва ёрдамчиси йўқ. Аллоҳ ваъдасининг устидан чиқди. Бандасига ёрдам берди. Барча душманларимизни тарқатиб юборди. Шуни яхши билинглар, барча эски удумлар, барча мол ва қон даъволари бугун шу икки оёғим остидадир (яъни бекор бўлди). Фақат Каъба ҳамда ҳожиларга сув улашиш иши эски ҳолича қолдирилди.

Эй Қурайш жамоаси! Аллоҳ сизлардан жоҳилият давридан қолган ғурурни, ота-боболар ва насл-насаб билан кибрланишни кетказди. Барча инсонлар Одамдан, Одам (алайҳиссалом) эса тупроқдан яратилгандир!” дедилар ва шу ерда Қуръондан ушбу оятларни ўқидилар:

﴿يَٰٓأَيُّهَا ٱلنَّاسُ إِنَّا خَلَقۡنَٰكُم مِّن ذَكَرٖ وَأُنثَىٰ وَجَعَلۡنَٰكُمۡ شُعُوبٗا وَقَبَآئِلَ لِتَعَارَفُوٓاْۚ إِنَّ أَكۡرَمَكُمۡ عِندَ ٱللَّهِ أَتۡقَىٰكُمۡۚ إِنَّ ٱللَّهَ عَلِيمٌ خَبِيرٞ١٣

«Эй инсонлар! Дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишингиз (дўст-биродар бўлишингиз) учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила (элат)лар қилиб қўйдик. Албатта, сизларнинг Аллоҳ наздидаги энг ҳурматлироғингиз тақводорроғингиздир. Албатта, Аллоҳ билгувчи ва огоҳдир» (Ҳужурот, 13).

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) нутқларида ҳалол ва ҳаромга доир баъзи ҳукмларни ҳам билдирганларидан сўнг: “Эй Қурайш жамоаси! Сизларга ҳозир қандай муомалада бўлишимни ўйлаяпсиз?” дея сўрадилар.

Мушриклар бараварига: “Яхшилик умид қиламиз. Сиз саховатли ва олижаноб қардошимизнинг ўғлисиз!” дея жавоб қилди.

“Бугун сизлар ўтган ишларингизга жавобгар эмассизлар! Қани энди тарқалинглар!” дея марҳамат қилдилар.

Қурайшликлар ва маккаликлар бу сўзлар билан афвга муяссар бўлди. Уларнинг фикрича, “Уруш Пайғамбари” деб ҳисобланган Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) “Раҳмат Пайғамбари” эканларини яна бир бор кўрсатиб қўйдилар. Маккалик муҳожирлар билан қурайшликлар қучоқлашишди.

Бу “Фатҳ нутқи” билан Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам):

  1. Тавҳид (Якка худолик) эътиқодидан сўз юритдилар. Чунки тавҳид эътиқоди Ислом динининг асосидир.
  2. Арабларнинг жоҳилият даври (эски) одатларини, қон ва мол даъволарини бекор қилдилар.
  3. Ўзларини ҳаққа, адолатга, тенгликка чақирган Аллоҳнинг охирги элчисига нисбатан узоқ йиллар мобайнида ҳар хил ёмонликларни қилиб келган маккалик мушрикларни Фахри коинот бир йиғилишдаёқ афв этдилар. Бу афвдан фойдалана олиш учун “мусулмон бўлиш” мажбурияти ҳам йўқ эди. Ҳатто, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мушриклардан муҳожирларнинг молларини ҳам талаб қилмадилар. Ҳолбуки, муҳожирлар Мадинага кўчгандан сўнг моллари маккалик мушриклар томонидан талон-тарож қилинган эди.
  4. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Қуръон ояти билан ижтимоий тенгликни билдирдилар. Инсонлар орасида ҳар ким фақат ва фақат ўз ҳаракати билан юксала олишини тушунтирдилар.

Бу хутбадан кейин Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Масжиди Ҳаромга кирдилар. Замзам суви тарқатиш ишини яна аввалгидай Аббосда, Каъба хизматини Талҳа ўғли Усмонда қолдирдилар.

Пешин пайти ҳабашлик муаззин ҳазрат Билол Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) амрлари билан Каъбанинг устига чиқди ва азон айтди. Бу қандай муаззам бир инқилоб эди, бир куннинг ўзида Каъбада бир қанча бутларга сиғинилган бўлса, пешин вақти Билолнинг баланд ва ёқимли овози (“Ла илаҳа иллаллоҳ” калимаси орқали) Аллоҳнинг ягоналигини барча мушрикларга эълон қилар, исломий ўзгаришнинг довруғини бутун Макка уфқларига ёяр эди.

Намоздан кейин Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Сафо тепалигига чиқдилар. Энг баланд жойига ўтирдилар. Бу ерда қурайшликлардан байъат қабул қилдилар. Бир пайтлар (Мадина даврида, Ақоба тепалигида) мадиналиклардан худди шундай байъат олган эдилар. Энди навбат маккаликларга келди. Олдин эркаклардан, сўнгра аёллардан байъат қабул қилинди.

Ойша (розияллоҳу анҳо) қилган ривоятга кўра, бирорта аёлнинг байъати мусофаҳа (қўл сиқиш) шаклида бўлмади. Булардан баъзиларининг байъати оғзаки, баъзилариники Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қўлларини ботирган сув идишига қўлларини ботириш билан амалга оширилди.

Абу Суфённинг хотини ва Муовиянинг волидаси Ҳинд кимлигини билдирмаслик мақсадида юзини ёпиб, байъат учун хотинлар орасига қўшилди ва Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) олдиларига келганида, бундай деди: «“Аллоҳга ширк келтирмаймиз!” дея қасам ичишимизни истаяпсиз! Биз буни қабул қиламиз. Ўғрилик қилмайсиз, деб айтяпсиз. Мен баъзан эримнинг ҳамёнидан бир неча дирҳам олиб тураман. Бунга ҳам рухсат йўқми? Болаларни ўлдирманглар, дедингиз. Болаларимизни ёшлигидан ўстириб вояга етказдик. Катта бўлишгач, уларни сизлар ўлдирдиларингиз!»

Аммо мушриклар ичида шундай қотиллар бор эди, улар умумий афвдан мустасно тутилиб, қонлари ҳалол қилинди.

Қонлари мубоҳ бўлганлардан бир қисми фатҳ вақтида Маккадан қочганларида, ушланган жойларида ўлдирилди. Кўплари яна кечирилди. Ўлдирилганлар бор-йўғи тўрт киши бўлгани ривоят қилинган. Бироқ Имом Бухорийга кўра, Макка фатҳидан кейин биттагина одам қатл қилинган, у ҳам бўлса Ибн Ҳата эди. Ибн Ҳата мусулмон бўлганидан сўнг озод қилган бир қулини ўлдириб, мусулмонликдан чиққан (муртад бўлган), кейин жорияси билан унинг ўртоғини Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га қарши ҳажвия айтишга ташвиқ қилган эди.

Қонлари ҳалол қилинганидан кейин афв бўлганлар орасида Абу Жаҳлнинг ўғли Икрима, Саъд ўғли Абдуллоҳ, Сафвон, Ҳамзанинг қотили Ваҳший, Ҳамзанинг жигарини тишлаган Ҳинд, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қизлари Зайнабни яралаган ва охирида ўлимига сабабчи бўлган Ҳаббор, машҳур шоир Зуҳайр ўғли Каъблар бор эди. Инсофсиз душманларга нисбатан Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) кўрсатган бундай юксак шафқат намунаси инсоният тарихида бошқа такрорланмаган!

Ҳабашлик Билолнинг азон товушини эшитганлардан Усаййид ўғли Аттоб бундай деб бақирган: “Минг шукр, отам ўлиб, муқаддас Каъба томида шу қора одамнинг овозини эшитмади. Тирик бўлсайди, бунга чидай олмасди!”

Лекин сал фурсатдан кейин, умумий афв эълон этилганини эшитиб, Аттоб ҳаяжон билан олдинга отилиб чиқди ва: “Мен Усаййиднинг ўғлиман. Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигига ва сиз Аллоҳнинг элчиси эканингизга ишондим. Буни тасдиқлайман!” деб Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларида мусулмонлигини билдирди. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Жуда яхши! Мен ҳам сени Маккага волий этиб тайинладим!” дея янги мусулмон бўлган ёш қурайшликка Маккани бошқариш вазифасини топширдилар.

Макка фатҳининг иккинчи куни эди. Хузоаликлар бир мушрикни ўлдириб қўйишди. Бу ҳодисадан хафа бўлган Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳ таоло осмонлар ва Ерни яратаётганида Макка муҳитини ҳам ҳурматга лойиқ қилиб яратди. Маккада қон тўкишни ҳаром қилган Аллоҳдир. Буни инсонлар ҳаром қилишгани йўқ. Аллоҳ то қиёматгача Маккани ҳаром қилди. Аллоҳга ва охират кунига ишонган кишига Макка ичида қон тўкиш ҳалол эмас. Бу ерда ҳатто дарахт ҳам кесилмайди. Агар биров сизга: “Расулуллоҳ бу ерда жанг қилди!” деса, “Аллоҳ таоло фақат пайғамбаргагина рухсат берган, сизларга эмас”, деб айтинг. Менга ҳам Раббим фақат бир куннинг маълум саотидагина изн берди. Кейин яна кечаги ҳаромлиги бугун қайтди. Ушбу сўзимни бу ерда бўлганлар бўлмаганларга етказсин!” деб марҳамат қилдилар.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) умумий афв эълон қилиш билан маккаликларнинг қалбларини ишғол этдилар, халқни тамоман ўзларига боғлаб олдилар.

Макка фатҳи мусулмонлик ҳеч қачон қилич кучи билан ёйилмаганини кўрсатувчи энг ишонарли ва кучли далил бўлди. Ҳолбуки, агар мажбуран Ислом динини ҳар кимга қабул қилдириш мумкин бўлганида, бунинг учун Макка фатҳи муносиб бир фурсат эди. Бироқ бундай йўл тутилмади, фатҳ асносида ҳеч бир одамга мусулмонлик мажбуран қабул қилдирилмади.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Маккада ўн беш кун турдилар. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) яна Мадинага қайтармиканлар ёки туғилиб ўсган Макка шаҳрида ўрнашиб қолармиканлар, дея мадиналик ансорлар хавотирда эди. Аллоҳнинг элчиси бу ҳолни эшитиб: “Эй ансорлар! Мен Аллоҳнинг қули ва расулиман. Юртингизга ҳижрат қилдим. Ҳаётим ҳаётингиздир, ўлимим ҳам сизнинг ёнингиздадир!” дея марҳамат қилдилар ва ансорларнинг хавотирларини кетказдилар.

Макка фатҳи туфайли йигирма йилдан бери давом этиб келган “Ислом ва ширк” муносабатлари якун топди. Ислом динининг мушриклар устидан ғалабаси ҳақнинг ботилдан устун келиши билан тугади.

Мўмин киши Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ҳар бир васиятларига амал қилса, хотиржам яшайди. Васиятда айтилгани каби: “Емайдиган нарсаларингизни йиғиб ташламанг”, сўзига тўлиқ амал қилиш лозим. Бу васиятда мол дунёга боши билан шўнғиб кетиб, ибодатларни унутиб қўйган кишилар учун ажойиб бир эслатма бор. Сабаби, киши қанчалик елиб-югурса ҳам пешонасида борини олади, ундан ортиғига эриша олмайди. Мусулмон киши дунё фарзанди эмас, балки охират фарзанди бўлиши керак. Ҳар бир бола ўз онасига эргашгани каби мўмин банда ҳам ҳақиқий роҳат-фароғат ҳаёти бўлган охиратга талпиниши керак.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) уларнинг гапларига қўшимча қилган яна бир васиятлари “Ўзингиз яшамайдиган иморатларни қуриб ташламанг” сўзи бўлиб, бу билан дунёнинг зебу зийнатларига ҳаддан ортиқ берилиб кетмасликни тавсия қилмоқдалар. Мўмин – бу дунёда охират ҳовлисини қура олган кишидир. Шоир айтганидек:

Ўлимдан сўнг киши учун на ҳовли бор ва на уй,

Фақат у яшар дунёда нима қурган бўлса, шу кўй!

Шеърдаги ташбеҳ шуки, инсон бу дунёда тоат-ибодатлари ва солиҳ амаллари билан охират учун манзил тайёрлайди.

Ҳақни ботилдан устун билган, ҳақиқий имон эгаси дунёга қаттиқ боғланиб қолмайди. Чунки Аллоҳ ва Унинг Расулига имон келтирганлар дунёдаги энг қалби бой кишилар ҳисобланади. Имони унинг барча нарсаларни тўғри англашига сабабчи бўлади ва оқибатда дунёнинг арзимас нарса – матоҳ эканини кўради.

Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади:

﴿ٱعۡلَمُوٓاْ أَنَّمَا ٱلۡحَيَوٰةُ ٱلدُّنۡيَا لَعِبٞ وَلَهۡوٞ وَزِينَةٞ وَتَفَاخُرُۢ بَيۡنَكُمۡ وَتَكَاثُرٞ فِي ٱلۡأَمۡوَٰلِ وَٱلۡأَوۡلَٰدِۖ كَمَثَلِ غَيۡثٍ أَعۡجَبَ ٱلۡكُفَّارَ نَبَاتُهُۥ ثُمَّ يَهِيجُ فَتَرَىٰهُ مُصۡفَرّٗا ثُمَّ يَكُونُ حُطَٰمٗاۖ وَفِي ٱلۡأٓخِرَةِ عَذَابٞ شَدِيدٞ وَمَغۡفِرَةٞ مِّنَ ٱللَّهِ وَرِضۡوَٰنٞۚ وَمَا ٱلۡحَيَوٰةُ ٱلدُّنۡيَآ إِلَّا مَتَٰعُ ٱلۡغُرُورِ٢٠

«Билингизки, бу дунё ҳаёти фақат ўйин, эрмак, зийнат, ўзаро фахрланиш ва мол-дунё ҳамда фарзандларни кўпайтиришдан иборатдир. (У) бамисоли бир ёмғирки, унинг (сабабидан униб чиққан) гиёҳ кофирларни таажжубга солур. Сўнгра у қуригач, уни сарғайган ҳолда кўрасиз. Сўнгра у ўтин бўлиб қолур. Охиратда эса (қай бирларингиз учун) қаттиқ азоб, (қай бирларингиз учун) Аллоҳ томонидан мағфират ва ризолик бордир. Дунё ҳаёти фақат алдов матоҳидир» (Ҳадид, 20).

Дунё вақтинчалик озгина фурсат эканига ишора қилиб Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганлар: “Менинг наздимда дунё гўё ёз иссиғида бир отлиқ йўловчи бир дарахт соясида озгина дам олиб, сўнгра кетгани кабидир” (Абул Лайс Наср ибн Муҳаммад ибн Аҳмад Самарқандий тафсирида келтирган).

Аллоҳ таоло Иброҳим ва Мусо (алайҳимассалом)га туширган саҳифаларда барча пайғамбарлар ва уларнинг умматларига ибрат бўлиши учун дунёга шундай хитоб қилиб дейди: “Эй дунё! Солиҳ кишиларга зийнатли кўринсанг ҳам, лекин уларнинг наздида қадринг қанчалар паст. Мен уларнинг қалбларида сенга нисбатан ғазаб ва сабрни жойлаштирдим. Мен сендан ҳақир бошқа нарса яратмадим. Мен сенга шундай кун тақдир қилдим, у кунда сен ҳеч кимга ярамайсан ва ҳеч ким сенда қолмайди”.

Демак, дунёнинг ҳақирлиги Қуръони каримдагина эмас, балки барча илоҳий китоблар ва саҳифаларда зикр қилинган.

Ҳадиси Шарифда бундай дейилади:

عَنْ سَهْلِ بْنِ سَعْدٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ: جَاءَ رَجُلٌ إلَى النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَقَالَ: “يَا رَسُولَ اللَّهِ، دُلَّنِي عَلَى عَمَلٍ إذَا عَمِلْته أَحَبَّنِي اللَّهُ وَأَحَبَّنِي النَّاسُ” فَقَالَ: “ازْهَدْ فِي الدُّنْيَا يُحِبَّك اللَّهُ وَازْهَدْ فِيمَا عِنْدَ النَّاسِ يُحِبَّك النَّاسُ”

Саҳл ибн Саъд (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Бир киши Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) олдиларига келиб: “Ё Расулуллоҳ, менга шундай бир амални ўргатинг, уни қилсам Аллоҳ ҳам, инсонлар ҳам мени яхши кўрсин”, деди. “Дунёдан юз ўгир (унга берилма), Аллоҳ сени яхши кўради. Инсонлардаги нарсалардан беҳожат бўл, улар сени яхши кўради”, дедилар» (Ибн Можа).

Зоҳидлик жуда ҳам улуғ иш бўлиб, кишини ориятли, ҳамиятли қилади ва шу билан бирга, одамлар орасида обрўси ортишига сабаб бўлади. Олимлар айтади: “Молу дунёси кўп одам зоҳид эмас, балки Қорун каби бой-бадавлат бўлса ҳам, молу дунё унинг қалбини ўғирламаган бўлса, ўша зоҳиддир”.

Мўмин киши ҳаётнинг ҳар бир жабҳасида ғайрат ва шижоат билан меҳнат қилиши ва натижани фақат Аллоҳдан кутиши лозим.

Бу ҳақда Қуръони каримда бундай дейилади:

﴿وَقُلِ ٱعۡمَلُواْ فَسَيَرَى ٱللَّهُ عَمَلَكُمۡ وَرَسُولُهُۥ وَٱلۡمُؤۡمِنُونَۖ وَسَتُرَدُّونَ إِلَىٰ عَٰلِمِ ٱلۡغَيۡبِ وَٱلشَّهَٰدَةِ فَيُنَبِّئُكُم بِمَا كُنتُمۡ تَعۡمَلُونَ١٠٥

«Айтинг: “Амаллар қилинг! Албатта, Аллоҳ, Расули ва мўминлар амалларингизни кўражак. Шунингдек, албатта, ғойиб ва ошкора (ишлар)ни билувчи (Зот) ҳузурига қайтарилурсиз. Бас, (ўшанда) сизларга қилган ишларингиз хабарини берур”» (Тавба, 105).

Меҳнат қилиш кишини чиниқтиргани каби, унинг ҳалол ризқ топиб ейиши учун асосий омил ҳамдир. Мўмин киши Аллоҳ ва унинг Расули (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га имон келтириб, тоат-ибодатларини ўз ўрнида бажариб юрса, унинг ҳар бир иши ибодат ўрнига ўтади. Ҳаттоки, кун бўйи оила, бола-чақа боқаман деб ишлаб, кечаси ухлаши ҳам ибодатдир. Эл-юрт учун, ватан равнақи йўлида тинмай хизмат қилиш эса, энг шарафли ишлардан ҳисобланади.

Ислом арконларини ўз вақтида бажариш, ўзи ёлғиз қолганда ҳам, омма олдида ҳам бир хил кўринишда ва ҳар бир ишимни Аллоҳ кўриб турибди-ку, деган эътиқодда бўлиш кишининг ҳалоллиги учун етарли. Чунки у ҳеч кимга хиёнат қилмайди. Ватанини, элини ўйлаб ҳаракат қилади.

Инсон ўзининг пешона тери билан топган мол-дунёси қанчалар тотли экани, уни истеъмол қилиш билан роҳатланса, оиласи, қариндошлари ва ёру дўстлари даврасида ҳурмати яна ҳам ошади.

Инсон ўткинчи ҳаётга эмас, балки абадий қоладиган жойига интилиши ва шунга яраша солиҳ амаллар қилиши керак. Чунки у кунда киши бу дунёда қилиб ўтган барча ишларини кўради.

Қуръони каримда айтилади:

﴿إِنَّآ أَنذَرۡنَٰكُمۡ عَذَابٗا قَرِيبٗا يَوۡمَ يَنظُرُ ٱلۡمَرۡءُ مَا قَدَّمَتۡ يَدَاهُ وَيَقُولُ ٱلۡكَافِرُ يَٰلَيۡتَنِي كُنتُ تُرَٰبَۢا٤٠

«(Эй Макка кофирлари!) Дарҳақиқат, Биз сизларни яқин (да воқе бўладиган) азобдан огоҳлантирдик. У кунда (ҳар бир) киши ўзи қилиб ўтган нарсаларни (яъни барча яхши-ёмон амалларни) кўрар ва кофир кимса: “Эҳ, кошки, тупроқ бўлиб кетсам эди!” дер» (Набаъ, 40).

Оятидаги “яқин (да воқе бўладиган) азоб”дан мурод, қиёмат куни азобидир. Чунки “Ҳар бир келувчи яқиндир” қоидасига биноан, у куннинг келиши яқиндир. Ўша кун келганида бандалар бошига турли савдолар тушар (“Тафсири Насафий”, 2-жилд).

Қуръони каримдаги кўплаб оятлар пайғамбарлар воситасида инсонларни шиддатли азобдан огоҳлантириш учун нозил бўлган.

Абу Қатода оятдаги “яқин азоб”ни гуноҳкорнинг азоби, чунки у азобга яқин, деган.

Муқотил (раҳимаҳуллоҳ) эса: “Бадр уруши куни мушрикларнинг мағлуб бўлиши”, деб тафсир қилган.

Оятдаги “киши” сўзи аёлни ҳам, эркакни ҳам ўз ичига олади. Чунки эркакларга айтилган хитоб аёллар учун ҳамдир.

Ато (раҳимаҳуллоҳ): “Оятдаги кишидан мурод, кофирдир”, деган.

Шайтон (алайҳилаъна) қиёмат куни Одам (алайҳиссалом) зурриётининг бошига тушган бу савдоларни кўриб хурсанд бўлади. Кофирлар эса, тупроққа айланиб қолишни орзу қилади. Шайтон асли оловдан, одам эса тупроқдан яратилган. Бу дунёда шайтонга малай бўлиб хизмат қилган кофир ва мунофиқлар охиратда шайтоннинг асл манбаи олов эмас, аксинча, одамнинг асли бўлмиш тупроққа айланишни хоҳлайди (“Руҳул маъоний” тафсири, 29–30 поралар, 21–22-бетлар).

Аллоҳ таоло бу дунёда ҳам, охиратда ҳам барчамизнинг юзимизни ёруғ қилсин. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтиб кетган муборак васиятларга ҳаётимизнинг барча соҳаларида тўлиқ амал қилиб боришни насиб айласин.

Аллоҳнинг инояти ва фазли-карами билан иккинчи китоб ниҳоясига етди.

 

КЕЙИНГИ МАВЗУ:

УЧИНЧИ КИТОБ:

Учинчи васият...

Кутубхона
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Imom Abu Abdulloh Halimiy

25.11.2024   1524   4 min.
Imom Abu Abdulloh Halimiy

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Har bir inson o’zining atrofidagi zamon va muhitning ta’siri ostida ulg’ayadi. Abu Abdulloh yashagan davr hamda muhit olimning hayotiga va ilmiy faoliyatiga katta ta’sir ko’rsatdi. Olim tug’ilgan Jurjon shahri tarixda iqtisodiy markazlardan biri bo’lib, shahar o’rtasidan yuk tashuvchi kemalar harakatlanadigan keng daryo o’tgan. Geografik qulay vodiyda joyda joylashgan Jurjon shahri tarixiy ipak yo’li savdosining quruqlik va daryo transporti uchun muhim o’tish nuqtasi hisoblangan.

Imomning to’liq ismi Imom, hofiz, faqih Abu Abdulloh Husayn ibn Hasan ibn Muhammad ibn Halimiy, Jurjoniy  Shofeiy bo’lib, hijriy 338-390-yilda (milodiy 949-950) Kaspiy[1] dengizining janubi-sharqida joylashgan Jurjon shahrida tug’ilgan. Ba’zi manbalarda Buxoroda tug’ilgan deyiladi. Katta bobosiga nisbatan Halimiy, tug’ilgan joyiga nisbatan Jurjoniy deb ataladi. Buxoroda o’sib, mashhur bo’lgani uchun Buxoriy nisbati ham beriladi. Uning otasi mashhur faqih, muhaddis Abu Muhammad ibn Halim ibn Ibrohim ibn Maymun Halimiy, Marvaziy bo’lgan.

Abu Abdulloh bolaligini Jurjonda o’tkazdi. Ammo u bu yerda biroz vaqt turgandan keyin Buxoroga yo’l oladi va u yerda ta’limni davom ettiradi. Yosh olim bu yerda, Asha’riy va Shofeiy ulamolarining suhbatida bo’lib, ulardan tahsil olgan. Halimiy tug’ilgan uy ilm-fan, adabiyot va fiqhning markazi sifatida tanilgan. Faqat otasi emas, balki ukasi Abul-Fazl Hasan ibn Hasan ibn Muhammad ibn Halimiy ham ilm bilan band edi. Otasi bir paytlar Sulton Sanjar saroyida fatvo berish (muftiylik) vazifasini bajargan. Oxirgi paytlarda otasi uyini Qur’on va xayr ahillarining yig’ilish maskani qilgan.

Yoshlik chog’ida Halimiyning otasi uni zamonasining yirik ilm-fan markazlaridan biri bo’lgan Buxoroga olib keladi. O’sha paytda, Buxoro shahri insonlarni o’ziga rom etadigan go’zal tabiati va manzarasi bilan ajralib turardi. Bundan tashqari ko’plab olimlar va adabiyot ahillari, faylasuf va kalomchilar, muhaddis va faqihlarni o’zida jamlagandi. Savdo-sotiq rivojlangan, davlat amirlari olimlar bilan uchrashadigan ilm o’chog’i edi. Shahar masjidlarida mutafakkir olimlar uzoq davom etadigan ilmiy bahs va munozaralar qilishar, ba’zida buunday bahs va munozaralarga ko’chalarda ham duch kelish mumkin edi. Halimiy ham shunday ilmiy muhitda o’sdi.

Movarounnahr mintaqasining katta olimlaridan dars olgan Halimiy, Ash’ariyya muhim olimlaridan Abu Bakr al-Qaffol Shoshiy va Abu Bakr al-Uvdaniy darslariga qatnashib kalom va fiqh ilmlarini o’rgangan. Halimiy hadis ilmiga oid dars olgan yana bir ustozi Sayrafiy bo’lgan. U zot Abu Bakr Muhammad ibn Ahmad ibn Hanbal va Abu Ahmad Bakr ibn Muhammad as-Sayrafiydan hadis eshitib, ularni rivoyat qilgan.

Mashhur muhaddis Hakim an-Naysaburiy va Abu Zakariya Abdurrahim ibn Muhammad al-Buxoriy u zotdan hadis rivoyat qilganlar.

Halimiy tahsilni tugatgach, dastlab Buxoroda, so’ng boshqa joylarda qozilik qildi. Hukmdorlar va viloyat rahbarlarining oldidagi olimning nufuzi baland bo’lgan, shu sababli, vaqti-vaqti bilan elchilik vazifasini unga topshirishgan. Samoniylar hukmdori Nasr ibn Nasr tomonidan Nishopurga (385/995) va Xuroson  hukmdorining iltimosi bilan Jurjon amirligiga elchi qilib (389/999) yuborilgan.

Halimiyning hayotini va ilmiy merosini o‘rganilgan manbalarda uning ko‘plab asarlari mavjudligi qayd etilgan bo‘lsa-da, bizgacha yetib kelgan, ma’lum bo‘lgan yagona asari – “al-Minhaj fi shu’abil iymon” hisoblanadi. Bu yirik asar aqoid (e’tiqod), fiqh (islom huquqi) va axloq masalalarini o‘z ichiga oladi va Hilmi Muhammad Fuda tomonidan tahqiq qilinib, uch jildda nashr etilgan (Bayrut, 1399/1979). Ibn Imod “Shajaratu az-Zahab"da, Hoji Xalifa “Kashfuz-zunun”da “Ayatus-sa’a va Ahvalul-qiyama” asari Halimiyga nisbat berganlar, lekin Halimiyning hayotini tadqiq qilgan Metin Yurdagur esa, bu asarlarni “al-Minhaj”ning bo’limlarni ifoda qiluvchi tushunchalar deb aytgan.

Halimiy hijriy 403-yil Robi’ul-avval (1012-yil oktyabr) yoki Jumadil-avval (1012-yil dekabr) oyida Buxoroda vafot etgan.

TII 4-kurs talabasi Luqmonjonov Absulbosit

[1] Jurjon dengizi ham deyiladi.

Мақолалар