Хайр-саҳоват, меҳр-оқибат, сийлаи-раҳм каби улуғ фазилатлар доимо соҳибига зийнат бўлиб келган. Бундай олийжаноб хислатларни ўзида мужассам эта олган инсонгина эл-юртнинг оғирини енгил қила оладиган фазилатли шахс ҳисобланади.
Хайр-эҳсоннинг яхшиси бу қийинчилик ва муҳтожлик вақтда қилинганидир.
Бугун юртимизда карантин сабабли ана шундай хайр-саҳоват, яхшилик ва эҳсонларни кўпайтиришнинг айни вақтидир. Қолаверса, саҳоват ойи бўлган Рамазони шарифни кириб келгани ҳам хайр-эҳсонни кўпайтиришимизга чорлайди.
Аллоҳ таоло каломида шундай марҳамат қилади: “Ким бир яхшилик қилса, унга ўн баробар қайтарилур. . .”. (Анъом сураси, 160-оят)
Мусулмонларнинг қиладиган яхшиликлари эвазига қилган ёмонликлари ёпилиб кетади. Энг аввало яхшиликни, яхшилик қилган инсонга эмас, балки яхшилик қилмаган инсонга нисбатан амалга оширилса, фазилатли ишни амалга оширган бўлади.
Агар яхшилик қилган инсонга яхшилик қилинса, бу-вафодорлик, Агар яхшилик қилмаган кишига яхшилик қилинса, бу-саҳоватдир. Агар ёмонлик қилган кишига яхшилик қилинса бу-айни мусулмончиликдир!
Толҳа ибн Абдурроҳман ибн Авф ўз замонасида Қурайшнинг энг саҳоватли кишиси эди. Бир куни унга хотини: “Сизнинг биродарларингиздек пасткаш инсонларни кўрмаганман”, деди. У: “Нима учун бундай деяпсан?”, деди. Хотини: Агар сиз бойиб кетсангиз, улар сиздан ажралишмайди, агар сиз камбағал бўлиб қолсангиз, (хабар олиб) келишмайди”, деди. У хотинига қараб: “Аллоҳга қасамки, бу уларнинг мукаррам хулқ соҳиблари эканидандир. Уларга саҳоват кўрсатишга имконимиз бор пайтда келишади, агар уларнинг ҳаққини адо қилишдан ожиз бўлиб қолсак, бизни безовта қилиб, хижолатга қўймаслик учун келишмайди”, деб жавоб берди.
Демак, саҳоватли инсон бой бўлса ҳам, камбағал бўлса ҳам саҳоват қилишга ошиқади. Шу билан бирга менга яхшилик қилгани учун яхшилик қиламан деб кутиб турмайди. Жамиятдаги ҳар бир инсонга нисбатан ёрдамга тайёр бўлади.
Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда: Расулуллох соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб айтадиларки:
“Мусулмон мусулмон кишининг биродаридир, унга зулм ҳам қилмайди ва биродарини душманига топшириб ҳам қўймайди. Ким биродарининг ҳожатида бўлса, Аллоҳ унинг ҳам ҳожатида бўлади.
Кимки мусулмондан ғам ташвишни кетказса, Аллоҳ таоло қиёмат ғам ташвишларидан уни халос этади. Кимки мусулмоннинг айбини беркитса, Аллоҳ таоло қиёматда унинг ҳам айбини беркитади”, дедилар. (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
Мусулмон киши ўзимнинг ташвишим етарли, дея ёнидаги биродарининг ташвишини ёдидан чиқармаслик керак. Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам асҳоблари ва умматларининг ташвишларини ўз ҳолига ташлаб қўйганлари йўқ, балки уларнинг ташвишларини ҳам ўзларининг ташвишлари деб билганлар.
Қолаверса, шароитим йўқ, мен бой эмасман ёки мен эҳсон қила олмайман, дея ўзига тасалли бераётган кишилар оловни ўчирмоқчи бўлган чумолидан ўрнак олсалар яхши бўларди.
Айтишларича, Аллоҳнинг пайғамбари Иброҳим алайҳиссаломни оловда
ёқмоқчи бўлишганда чумолилардан бири оғзида сув ташиб, оловни ўчирмоқчи бўлибди, шунда бошқа ҳайвонлар таажжуб билан: “Сен шу сувинг билан оловни ўчираман деб ўйлаяпсанми?”-дейишди. Чумоли: “Йўқ, бунга ишончим йўқ, мен умид ҳам қилмайман, лекин харакат қиламан... Чунки, Аллоҳнинг олдида жавоб бермоғим бор...
Аллоҳ: Менинг пайғамбаримни ёқишганида сен нима қилдинг?!”- деб сўраса нима дейман. Қолаверса, мен ким томонида эканлигимни билдириб қўйишим керак,- деган экан чумоли.
Пайғамбар алайҳиссалом марҳамат қиладилар: “Ким хайру саҳоват кўрсатиб, кийимга муҳтож одамни кийинтириб, хурсанд қилса, Аллоҳ уни жаннат кийимлари билан кийинтиради. Ким бир кишини тўйдирса, овқатлантирса, жаннатдаги таомлардан насибадор бўлади”. Бошқа ҳадисда садақа ҳақида Пайғамбаримиз бундай деганлар: “Ҳар куни тонгда инсонлар уйқудан уйғонганида ер юзига иккита фаришта тушади. Улардан бири: “Эй, Аллоҳ, инфоқ-эҳсон қилган инсоннинг моли ўрнини тўлдиргин” деса, иккинчиси: “Эй, Аллоҳ, зиқна одамнинг молига талафот етказгин”, деб дуо қилади” (Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Демак, моддий имкониятга эга бўлган киши садақа қилиш, муҳтожларга ёрдам беришдан сира қўрқмаслиги, балки хайру эҳсон билан улкан савобларни қўлга киритишга ошиқмоғи зарур.
Абдулазиз Бобамирзаев
“Ҳидоя” ўрта махсусислом
билим юрти мудири
Раддия: Исломда пешволикни даъво қиладиган гуруҳ ва оқимлар диндаги айрим тушунча ва сўзларни ғаразли мақсадлари йўлида бузиб, нотўғри талқин қилиши ҳаммага маълум. Улар шу орқали мусулмонлар ҳиссиётига тегиниш, ўзларига тобеларни кўпайтириш, диндор ва илмли бўлиб кўринишга ҳаракат қилади. “Тоғут” сўзи улар кўп ишлатадиган, инсонларни, айниқса ҳукмдорларни айблашда қўллайдиган тушунчалардан бири. Аслида у нима? Қандай маъноларда ишлатилади? Кимлар тоғут бўлиши мумкин?
“Тоғут” лафзи “туғён” сўзи билан ўзакдош бўлиб, Аллоҳ белгилаб қўйган чегарадан чиқишга, куфрда ҳаддан ошишга, исён қилишга нисбатан ишлатилади. Исломда Аллоҳнинг йўлидан бошқа йўл “тоғут” дейилади. Тоғутнинг каттаси Шайтондир.
“Тоғут” калимаси Қуръони каримнинг саккиз жойида зикр қилинган бўлиб, уламоларимиз уни турлича тафсир қилган. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу, Имом Шаъбий, Имом Заҳҳок “Тоғутдан мурод – Шайтон” деган. Имом Абу Олия ва Муҳаммад ибн Сирин тоғут сеҳргар ва фолбин эканини айтган.
“Тафсири Жалолайн”да тоғут сўзи тафсирига мурожаат қилайлик: “Ким тоғутга куфр келтириб, Аллоҳга иймон келтирса, батаҳқиқ узилмайдиган мустаҳкам тутқични ушлаган бўлади” (Бақара сураси, 256) ва “Куфр келтирганларнинг дўстлари тоғутлардир. Уларни нурдан зулматларга чиқарурлар” (Бақара сураси, 257) оятларида тоғутлар – бут-санамлар ва Шайтон, “Китоб (Таврот)дан насибадор бўлганларнинг “Жибт” ва “Тоғут”га сиғинишларини ва кофирларга “Шулар мўминлардан кўра тўғрироқ йўлдадир” дейишларини кўрмадингизми?!” (Нисо сураси, 51) оятида – Жибт ва Тоғут Қурайш қабиласидагиларнинг икки санами, “Ўзларини, Сизга нозил қилинган (Қуръон) ва Сиздан олдин нозил қилинган (илоҳий китоблар)га иймон келтирган, деб ҳисоблайдиганларнинг ҳукм сўраб, Тоғут ҳузурига боришни хоҳлаётганларини кўрмадингизми?” (Нисо сураси, 60) оятидаги тоғут куфрда ҳаддан ошган, туғёнга кетган Каъб ибн Ашраф, “Кофирлар (эса) Тоғут йўлида жанг қиладилар” (Нисо сураси, 76-оят) ва “Ким Аллоҳнинг лаънатига учраган, ғазабига дучор бўлган, маймун ва чўчқага айлантирилган ва тоғутга ибодат қилган бўлса, ана ўшалар ёмон мартабадаги ва тўғри йўлдан бутунлай адашган кимсалардир” (Моида сураси, 60) оятларида улар Шайтон, “Батаҳқиқ, Биз ҳар бир умматга: “Аллоҳга ибодат қилинг ва тоғутдан четланинг” деб пайғамбар юборганмиз” (Наҳл сураси, 36-оят) ва “Тоғутдан, унга ибодат қилишдан четда бўлганларга ва Аллоҳга қайтганларга хушхабар бор” (Зумар сураси, 17-оят) оятларида ҳам улар Шайтон деб назарда тутилган.
Аллома Ибн Атийя айтади: “Баъзи олимлар: “Аллоҳдан ўзга ибодат қилинадиган ҳар қандай нарса тоғутдир”, деган”. Фиръавн, Намруд ва ўзини илоҳ деб эълон қилганлар ва ибодат қилинадиган бут-санамлар тоғут дейилади.
Муқотил розияллоҳу анҳу “Куфр келтирганларнинг дўстлари тоғутлардир” оятидаги тоғутни Каъб ибн Ашраф ва Ҳуяй ибн Ахтаб деб тафсир қилган. У иккиси ислом ва мусулмонларга адовати чексиз, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга кўп азият берган, мусулмонларга қарши урушга жуда кўп даъват қилган яҳудийлардан эди.
Имом Нававий айтади: “Лайс, Абу Убайда, Кисоий ва кўпчилик тилшунослар: “Тоғут – Аллоҳ таолодан бошқа ибодат қилинадиган нарса”, деган”.
Шайх Муҳаммад Амин Шинқитий: “Ҳақиқат шуки, Аллоҳдан ўзга ибодат қилинадиган ҳар қандай нарса тоғут, энг катта тоғут эса Шайтондир”, дейди.
Тоғут сўзининг маъноси ҳақида буюк муфассир Имом Табарий “Жомиъул баён” тафсирида: “Фикримча, тоғут ҳақида тўғри гап шуки, тоғут Аллоҳга туғён қилиб, Уни тарк этиб, Ундан ўзгага ибодат қилинган нарсадир. Ўша маъбуд инсон, шайтон, бут ва бошқа нарсалар бўлиши мумкин”, дейди.
Муфассир олим Ҳасан Таҳсин Файзли “тоғут” сўзини “Аллоҳдан узоқлаштирадиган, унинг амрларини бажаришни ман этадиган кимсалар”, деб изоҳлаган.
Демак, саҳобаи киромлар, тобеинлар ва уламоларимизнинг сўзларидан тоғут калимаси шайтон, сеҳргар, фолбин ва Аллоҳдан бошқа ибодат қилинадиган ҳар қандай нарса экани маълум бўлмоқда.
Афсуски, ҳозирги кунда баъзи тоифалар мусулмон раҳбарларни тоғут деб атаб, уларни осонгина кофирга чиқармоқда. Уларнинг услуби хаворижларникига ўхшайди. Улар арзимас нарсалар туфайли иймонли одамни кофирга чиқариб, қонини ҳалол ҳисоблаб, қанчадан-қанча беайб мусулмонлар умрига зомин бўлмоқда, исломнинг пок номига доғ тушириб, асл моҳият ва тамойилларини ёт ва бузғунчи ғоялардан иборат фитналар соясига тушириб қўймоқда.
Ўткирбек Собиров
Ўзбекистон мусулмонлари идораси бўлим бошлиғи,
Тошкент ислом институти ўқитувчиси