“Мусулмон киши қачон касал дўсти зиёратига борса, то у қайтиб келгунича жаннат боғлари ичра сайр қилиб юрган бўлади” (Имом Муслим ривояти).
Ислом динида касални зиёрат қилиш савобли амаллардан ҳисобланади. Барча эзгу амаллар каби бу ишни ҳам астойдил, ихлос билан адо этиш лозим. Касалларни зиёрат этишнинг ҳам ўз одоблари бор. Уларнинг ҳузурида узоқ қолиб кетмаслик, самимий сўзлар билан кўнглини кўтариш, тузала бошлаганига ишора қилиш, доимий дуода бўлишни сўраш шулар жумласидандир.
Фарзандларни ҳам касални зиёрат қилиш одобига одатлантиришимиз лозим. Шифо ва меҳрга муҳтож кишиларни катталар билан биргаликда зиёрат қилсалар, ёшларнинг қалбида раҳмдиллик сифати шаклланиб, бошқаларнинг дардларини ҳис қилиш каби фазилатларга эга бўладилар. Шубҳасиз, бу фазилатлар уларда атрофдагиларга нисбатан меҳру шафқат уйғотиб, ўзидан кўра ўзгаларни ўйлайдиган, айниқса, ожиз ва заифларни ҳимоя қиладиган ғамхўр, меҳрибон инсонга айлантиради. Оқибатда жамиятимиз янада гўзал ва фаровон бўлади, унинг аъзолари орасида олий хулқ ва баркамол шахслар сафи кенгайиб боради. Ажру савоблари мўл бу улуғ амални Сарвари олам бизларга таълим берганлари боис, ота-боболаримиз касал ва хасталарни бориб кўриш, ёлғиз истиқомат қиладиганларнинг ҳолидан хабар олиш, меҳрга муҳтожларнинг кўнгилларини кўтаришдек амалларни ўзларининг муҳим вазифалари деб билганлар. Бу ажойиб хислатлар ва фазилатли хулқларни фарзандларига сингдириб юборганлар. Чунки Ислом касал кишини кўришга буюрибгина қолмасдан, балки касал зиёратини мусулмоннинг дўсти зиммасидаги ҳақи қилиб белгилаб қўйган.
Баро ибн Озиб (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) касални кўриш, жанозада эштирок этиш, мазлумга ёрдам бериш, чақириққа жавоб бериш ва саломни кенг тарқатишга бизни буюрдилар” (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
رَوَى الشَّيْخَانُ عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: حَقُّ الْمُسْلِمِ عَلَى الْمُسْلِمِ خَمْسٌ: رَدُّ السَّلاَمِ وَعِيَادَةُ الْمَرِيضِ وَإِتْبَاعُ الْجَنَائِزِ وإِجَابَةُ الدَّعْوَةِ وَتَشْمِيتُ الْعَاطِسِ
Абу Ҳурайрадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Мусулмоннинг мусулмондаги ҳақи бештадир: саломга алик олиш, касални бориб кўриш, чақириққа жавоб бериш, жанозада ҳозир бўлиш ва акса урса, унга яхшилик тилаш”, дедилар” (Имом Бухорий ва Имом Муслим).
Шунинг учун ҳам саҳобалар яхшилик қилишда ўзаро мусобақалашардилар, айниқса, касални бориб кўришга бениҳоя ошиқардилар.
Имом Бухорий “Ал-адаб ал-муфрад” асарида Абу Ҳурайрадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) “Сизлардан бугунни ким рўза тутиб ўтказди”, дедилар.
“Мен”, деди Абу Бакр (розияллоҳу анҳу).
“Бугун сизлардан ким касални бориб кўрди?”
“Мен”, деди Абу Бакр (розияллоҳу анҳу).
“Бугун сизлардан ким жанозада иштирок этди?”
“Мен”, деди Абу Бакр (розияллоҳу анҳу).
“Бугун сизлардан ким мискинга таом берди?”
“Мен”, деди Абу Бакр (розияллоҳу анҳу).
“Кимда бу хислатлар жам бўлса, жаннатга киради”.
Касални ўз вақтида кўриш
لِقَوْلِهِ عَلَيْهِ الصَّلاَةُ وَالسَّلَامُ : إذَا مَرِضَ فَعُدْهُ
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Агар касал бўлса, бориб кўр”, деганлар.
Ҳадис далолат қилганидек, касалликнинг бошланишида касални кўриш лозим. Шу билан бирга, касални уч кундан сўнг кўриш лозимлигига далолат қиладиган ҳадислар ҳам бор:
رَوَى ابْنُ مَاجَةَ وَالْبَيْهَقِي قَالَ: كَانَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ لاَ يَعُودُ مَرِيضًا إِلاَّ بَعْدَ ثَلاَثٍ
“Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) уч кундан сўнг касални бориб кўрардилар” (Ибн Можа ва Байҳақий ривояти).
Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади.
“Касални уч кундан сўнг кўриш суннатдир” ва Аъмаший: “Мажлисда ўтирардик, агар бир кишини уч кун кўрмасак, у ҳақда сўрардик, агар у касал бўлган бўлса, бориб кўрардик”, деди (Имом Табароний ривояти).
Бу ҳадислардан хулоса қилсак, агар касал оғир бўлса, зудлик билан бориб кўриш керак. Аммо хаста киши оғир аҳволда бўлмаса, унда ҳадисга мувофиқ уч кундан сўнг бориб кўриш мақсадга мувофиқдир.
Касалнинг ҳолига қараб ёнида ўтириш
ёки тезда туриш
Агар касалнинг хасталиги жиддий ва у қаровчига муҳтож бўлганида ёки касал аёл киши бўлса, унинг ёнида узоқ ўтирмасдан, тез кетиш лозим.
Мабодо касалнинг касаллиги оғир бўлмаса ва ҳузурида кимдир ўтиришини, суҳбатлашишни хоҳласа, агар у толиқиб қолмайдиган бўлса, касал кўргани борганлар ёнида кўп ўтиришининг зарари йўқ.
Касални ҳар куни эмас, кунора бориб кўриш афзалдир.
Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Кунора зиёрат қил, муҳаббат зиёда бўлади”, дедилар (Байҳақий, Табароний ва Баззоз ривояти).
Касални дуо қилиш
Ойша (розияллоҳу анҳо) ривоят қилади.
«Пайғамбар (алайҳиссалом) касалларни бориб кўрардилар ва: “Ё Аллоҳ, инсонларнинг Раббиси, касалликни кетказгин, шифо бергин, ўзинг шифо берувчисан, ўзингнинг шифоингдан ўзга шифо йўқ, касални ташлаб қўймайдиган шифо беришни сўрайман”, деса, Аллоҳ унинг бу касаллигига шифо беради, дедилар» (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Оғриётган жойга қўлни қўйиб, дуо қилишни эслатиш
رَوَى مُسْلِمٌ عَنْ أَبِي عَبْدِ اللهِ عُثْمَانَ بْنِ أَبِي الْعَاصِ أَنَّهُ شَكَا إِلَى رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ وَجَعًا يَجِدُهُ فِي جَسَدِهِ، فَقَالَ لَهُ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: ضَعْ يَدَكَ عَلَى الَّذِي يَأْلَمُ مِنْ جَسَدِكَ وقُلْ: بِسْمِ اللهِ ثَلاثًا وَقُلْ سَبْعَ مَرَّاتٍ: أَعُوذُ بِعِزَّةِ اللهِ وَقُدْرَتِهِ مِنْ شَرِّ مَا أجِدُ وَ أُحَاذِرُ
Имом Муслим ривоят қилади.
Абу Абдуллоҳ Усмон ибн Абу Ос баданидаги оғриқдан Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шикоят қилди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Қўлингни оғриётган жойга қўйгин ва “Бисмиллаҳи” деб уч марта айт ва етти марта “Аъузу би иззатиллаҳи ва қудратиҳи мин шарри ма ажиду ва уҳазиру” (маъноси: Аллоҳнинг иззати ва қудрати билан топган ёмонликдан ва хавфсираган нарсамнинг ёмонлигидан паноҳ сўрайман) дегин», дедилар.
Касал ҳақида унинг аҳлидан сўраш мустаҳаб
Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) касал ётган уйдан Али ибн Абу Толиб чиқди. Одамлар ундан: “Эй Абу Ҳасан, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қандай тонг оттирдилар?” деб сўрадилар.
Ҳазрат Али (розияллоҳу анҳу): “Алҳамдулиллаҳ, шифо топган ҳолда тонг оттирдилар”, деди (Имом Бухорий ривояти).
Касалнинг бош томонида ўтириш мустаҳаб
Имом Бухорий “Ал-адаб ал-Муфрад” асарида Ибн Аббосдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади.
Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) касал кўргани борардилар. Сўнгра етти марта: “Улуғ арш Раббиси улуғ Аллоҳдан сенга шифо беришини сўрайман”, дердилар.
Узоқ умр кўриши ва соғайиб кетишини айтиб касални хушнуд этиш
Абу Саид Худрий (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади.
Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Агар касалнинг олдига кирсангизлар, унга умри ҳақида тасалли берингизлар. Чунки у бирон нарсани қайтармайди ва касални хушнуд этади”, дедилар (Имом Термизий ва Ибн Можа ривояти).
Маълумки, хаста одам, айниқса, анча муддат ётган бўлса, инжиқтабиат, кўнгли жуда нозик бўлиб қолади. Бундай ҳолга тушган киши мулойимлик ва ширин сўзга эҳтиёжманд бўлиб қолиши табиий. Инчунин, касал зиёратига борган киши мазкур одоблардан бохабар бўлмоғи шарт. Аксинча бўлса, касал дилини чилпарчин қилади. Ушбу ўринда бир йигитнинг хонадонида бўлиб ўтган воқеани шундай ҳикоя қилганди:
«Аллоҳ раҳматига олсин, отам бундан ўн йилча муқаддам дунёдан ўтиб кетдилар. Етмиш саккиз ёшни қаршилаган отам жисмонан бақувват, ёшлигидан ибодатда, ичиш ва чекиш каби иллатлардан узоқда бўлганлиги учунми, ҳарқалай, руҳан тетик, юзларида ажиндан асар ҳам йўқ, анордек қип-қизил эди.
Нима ҳам бўлди-ю, бир дард келди. Елкаларининг шундоққина тепасида пайдо бўлган холга ўхшаш яра кундан-кун катталашиб, дастлабки муолажалар ёрдам бермагач, вилоят марказий шифохонасига ётқизишга мажбур бўлдик.
Хуллас, амалиёт бўлиб ўтди, бироқ бу дард бутун аъзоларига инфекция тарқатиб бўлган экан. Уйга олиб кетишдан ўзга чора йўқ эди. Ўз уйига келган отамнинг чиройи анча очилган, кайфияти яхши эди. Айниқса, онажонимнинг куну тун ёнларида бўлишлари, ака-ука, опа-сингилларим ва набиралари, барчанинг хизматга шай бўлиб турганини кўриб отам руҳан тетикланиб, ҳатто ўзи ташқарига чиқадиган, бирпас бўлса-да, ҳовлини айланадиган бўлди. Неча кунлик, неча сониялик умри қолганини Яратгандан бошқа ҳеч ким билмайди. Бечора падари бузрук тетикланиб қолганидан ҳар ҳолда жуда хурсанд эди. Ана шундай кунларнинг бирида...
Отамнинг ёшлигида отасидан етим қолган жияни бор эди. Эрининг вафотидан кейин аммам бошқа турмуш қилмаган, бир неча фарзандлари билан отамнинг қарамоғида қолиб, болалари вояга етган эди. Уларнинг уйланиб, уйли-жойли бўлишларигача отамнинг хизматлари сингган. Ана шу жиянлари бир ой давомида шифохонада эканида бориб кўрмай, уйга келганларидан ўн кунча ўтганидан сўнг ногаҳон пайдо бўлиб қолди. Ўз фарзандидек севикли жиянини кўриб, отам суюнди. Суҳбат асносида нима билан оғриганию қандай муолажалар қилинганини сўраган жиянига отам батафсил сўзлаб бердилар. Бемеҳр жиян эса тап тортмай: “Яқинда бизнинг қишлоқда бир киши худди шу касал билан оғриб, униям операция қилишган эди. Аммо бир неча кундан кейин ҳалиги киши вафот этди, бечора. Сиз ҳам эҳтиёт бўлинг-да, тоға, ҳар тугул ёшингиз бир жойга бориб қолган одамсиз, ўғилларингизга айтинг, узоққа кетишмасин”, деган гапни айтса бўладими. Буни эшитган отамнинг аҳволи нима бўлди билмайман-у, аммо менинг бошимдан бир челак муздай сув ағдарилгандек бўлди. Танимда титроқ туриб, карахт аҳволга тушиб қолдим. Шу аснода нима мақсадда бу гапни айтганини ўзи ҳам билмайдиган “меҳрибон” жиян аста ўрнидан туриб жўнаворди. Мисоли бир азим чинорни қулатиб, умидвор қалбни синдириб, парчалаб кетди. Ўзим билмаган ҳолда, карахтлик билан ташқарига чиқиб кетибман. Қанча вақт ўтганини билмайман, бир маҳал отамнинг кўнгилларини кўтариш мақсадида хоналарига кирсам, онам ёнларида ўтирибдилар. Не кўз билан кўрай, шунча оғир дардни, қийинчиликларни бошларидан ўтказган, оғир дамлардаям қадди букилмаган, сабру бардошда матонатли бўлган меҳрибонимнинг икки кўзларидан дув-дув ёш тўкиларди. Юпатаман, далда бераман деб кирганман, лекин отамнинг бу хокисор, эгилган бошию кўздаги ёшини кўриб, нима қилишни билмай қолдим. Ёнларига чўкиб, қўлларини қўлимга олиб: “Отажон, йиғламанг, дард бошқа, ажал бошқа, Худо хоҳласа, тез кунларда яхши бўлиб кетасиз”, дедим. Шунда отам бошларини кўтариб: “Болам, ҳар бандага Яратганнинг ўлчаб берган ризқи бор. Агар ажалим шу дард туфайли бўлса, мен шундай таслим ва розиман, фақат сўраганим Раббим имонимни ҳамроҳ қилсин. Аммо мени йиғлатган бу нарса эмас, жигаримнинг фарзандини йиллар мобайнида ўз бағримда тарбия қилиб, қалбига меҳрни сингдира олмаган эканман, инсон қадр-қимматини ўргата олмаган, юмшоқ қалб этиб тарбиялай олмаган эканман. Раббим ҳузурида нима деб жавоб бераман, шу мени йиғлатмоқда”, дея кўзёшларини тия олмасди. Шу кундан бошлаб тўшакка михланган отам бир неча кун ўтиб омонатни топширдилар», деб йигит сўзини тўхтатди.
Дарҳақиқат, инсон қалбини забт этиш қанчалар қийин бўлса, қалбни синдириш шунчалар осондир. Юқоридаги воқеада бўлганидек, бағритош инсонларнинг ўйламасдан, киши дилини авайламасдан айтган ўткир тиғли гаплари нафақат касалнинг, балки соппа-соғ инсоннинг қалбини ўлдиришга қодир. Фарзандларни шундай тош қалб эгасига айланиб қолишларидан асрай билиш ва эҳтиёт қилиш энг муҳим вазифалардандир.
Касал ҳолини сўраш
Беморнинг ҳоли касаллик турига қараб сўралмайди, яъни киши дўстларидан қайси бири қандай касал бўлишидан қатъи назар, бориб кўриши керак.
Касалнинг олдига кирганда, қуйидагиларга амал қилинади:
– очиқ чеҳра ва чиройли муомала билан мулоқот қилиш;
– янги либос билан ҳам ва кир либос билан ҳам кирмаслик;
– табассум билан кириб, бошига яқинроқ ўтириш;
– касалнинг юзига тез-тез қарамаслик;
– кўп ва баланд овозда сўзламаслик;
– қўлини касалнинг пешонаси, юзи ё қўлига қўйиб ҳолини сўраш;
– касални ҳар куни эмас, орада бир-икки кун ўтказиб зиёрат қилиш лозим.
Касалдан кўнгли нима тилаши сўраб кўрилади, агар изҳор қилса, ўзи ё беморнинг аҳлу аёлига айтиб бўлса ҳам, ўша нарса муҳайё қилинади. Мабодо касалликка даво истаса, истаги ароқ ва шунга ўхшаш ҳаром нарсалардан бўлмаса, олиб келиш мумкин.
Касалнинг одоби
Касал қурбат ва шикоят важҳидан эмас, балки суннат жиҳатидан гоҳ-гоҳ нола қилади. Баъзан оғриқлари енгил тортиши учун бошини бир нарса билан боғлаб, Ҳақ субҳонаҳу ва таолонинг балосидан паноҳ сўрайди, чунки Унинг балосига ҳеч ким тоқат қилолмас.
Бош оғриғи бўлса, “вораъсо”, яъни “вой бошим” демоқ суннатдир.
Бемор дард ва алами кучайганида шукр қилади. Ўзига ўлим тиламайди.
Бемор гуноҳларидан тавба қилиши ва хотимаси хайрли бўлиши учун жаноби Ҳақ субҳонаҳу таолонинг мағфиратига умидвор бўлиб, яхши гумонда бўлиши лозим.
Қуръон ўқиши ва кўп зикр айтмоғи лозим. Агар Қуръон ўқишга ўзининг қуввати етмаса, бировнинг ўқиганини эшитиши ҳам жоиздир.
Касал кўрувчи касалдан дуо қилишини
сўраши мустаҳаб
Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади.
رَوَى ابْنُ مَاجَةَ وابْنُ السُّنِّي عَنْ عُمَرَ بْنِ الْخَطَّابِ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: إذَا دَخَلْتَ عَلَى مَريضٍ فَمُرْهُ فَلْيَدْعُ لَكَ : فإِنَّ دُعَاءَهُ كَدُعَاءِ الْمَلاَئِكَةِ
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Агар касал олдига кирсанг, ҳақингга дуо қилишини сўра, чунки касалнинг дуоси фаришталар дуосидек”, дедилар (Ибн Можа ва Ибн Сунний ривояти).
Касал ўлим тўшагида ётган бўлса,
“Ла илаҳа иллаллоҳ”ни эслатиш
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Ўлим тўшагида ётганларга “Ла илаҳа иллаллоҳ”ни айтиб туринглар», дедилар (Имом Муслим ривояти).
Муоз ибн Жабал (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Кимнинг охирги сўзи “Ла илаҳа иллаллоҳ” бўлса, жаннатга киради”, дедилар (Абу Довуд ва Ҳоким ривояти).
Касални зиёрат қилиш одобларини Аллоҳ қодир қилганича баён этдик. Шояд, фарзанд тарбиялаш жараёнида муҳтарам мураббийларимизнинг илм ва тажрибаларига бу кўрсатмалар озгина бўлса-да фойда берса, камина улардан дуо ва Улуғ Раббимиздан улкан ажру савоблар умид қилиб қоламан.
КЕЙИНГИ МАВЗУЛАР:
ТАЪЗИЯ БИЛДИРИШ ОДОБИ:
Мусибат етган ҳолатда;
Таъзия сўзларини айтиш;
Мусибат аҳлига таом пишириш мустаҳаб;
Таъзия изҳор қилувчининг одоби;
Қайтарилган нарсани кўрганида яхшиликка буюриш.
АКСА УРИШ ВА ЭСНАШ ОДОБИ:
Акса урувчи ҳамд айтмаса, унга ташмид айтмаслик;
Қўл ёки рўмолча билан овозни пасайтириш;
Уч марта ташмит тилаш;
Мусулмон бўлмаганга ташмит айтилмайди;
Бегона аёлга ташмит айтилмайди;
Қурби етса, эснашни қайтариш;
Эсашда қўлини оғзига қўйиш;
Эснаш вақтида овозни баланд чиқармаслик;
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
46 - وَمَنْ يَنْوِ ارْتِدَادًا بَعْدَ دَهْرٍ
يَصِرْ عَنْ دِيْنِ حَقٍّ ذَا انْسِلاَلِ
Маънолар таржимаси:
Кимки бирор замондан сўнг муртад бўлишни ният қилса, (шу лаҳзанинг ўзидаёқ) ҳақ диндан пинҳона чиқиб кетганга айланади.
Назмий баёни:
Кимки муртадликни ният-қасд этар,
Шу ондаёқ пинҳона ҳақ диндан кетар.
Луғатлар изоҳи:
مَنْ – шарт исм.
يَنْوِ – шарт феъли. Охиридаги ي си ҳазф қилиниши билан мажзум бўлиб турибди. Ният ташдидли نِيَّةٌ ва ташдидсиз نِيَةٌ шаклларида келади, луғатда “қасд қилиш”, “азму қарор қилиш” маъноларини англатади.
اِرْتِدَادٌ – луғатда “орқага қайтиш”, “тарк этиш” маъноларини англатади. Шу маънода Ислом динидан қайтган киши муртад дейилади.
بَعْدَ – зарф.
دَهْرٍ – калимаси “замон”, “аср”, “узун умр” маъноларини англатади.
يَصِرْ – жавоб шартликка кўра жазм бўлиб турибди.
عَنْ – жор ҳарфи مِنْ маъносида келган.
حَقٍّ دِيْنِ– музоф, музофун илайҳ. Ҳақ дин деган сўз билан Ислом динининг сифати баён қилинган.
انْسِلاَلِ – бу масдар бирор жойдан билдирмасдан чиқиб кетишга нисбатан ишлатилади.
Матн шарҳи:
Ушбу матнда Ислом динидан қайтишни ният қилган кимсанинг муртад бўлиши баён қилинган. Бу масала ўта нозик бўлганидан матнда келган ҳар бир калимани диққат билан атрофлича ўрганиб чиқишни тақозо қилади. Муртад бўлишни ният қилса, дейилди. Ният қалбнинг иши бўлганидан аввало қалбда ниятгача бўлган босқичлар ҳам борлигини билиб олиш лозим.
Қалбнинг бирор нарсага қандай боғланиши ҳақида Ибн Ҳажар раҳматуллоҳи алайҳ Ибн Аби Жамрадан қуйидаги ривоятни келтирган: қалбга келадиган нарсалар қуйидаги тартибда бўлади:
1. اَلْهَمَّةُ (кўнгилга келиш);
2. اَللَّمَّةُ (истак пайдо бўлиш);
3. اَلْخَطَرَةُ (ўй-фикр келиш);
4. اَلنِّيَّةُ (ният қилиш);
5. اَلاِرَادَةُ (қасд қилиш);
6. اَلْعَزِيمَةُ (азму қарор қилиш).
Яъни дастлаб бирор маъно кўнгилга келади, сўнгра ўша маъно кучаяди, кейин эса у ҳақида турли ўй-фикрлар келади. Ушбу учта босқич банданинг ихтиёридан ташқарида бўлгани учун улар ҳақида банда масъул қилинмайди.
Аммо булардан кейинги ният, қасд қилиш ва азму-қарорлар банданинг ихтиёри билан вужудга келгани учун булар ҳақида банда жавобгар бўлади.
Демак, қайси бир мўмин киши миссионерлар таъсирига тушибми ё бошқа бир сабаблар туфайлими, маълум бир муддатдан кейин қисқа вақт бўлсин ёки кўпроқ вақт бўлсин, ўз ихтиёри билан Исломдан чиқишини ният қилса (Аллоҳ сақласин), келажакда муртад бўлишни ният қилаётган бўлса-да, ўша ондаёқ диндан чиқиб кетган ҳисобланади. Чунки Исломни дин деб қабул қилиб, охиратга ишонган ҳар бир мўмин бандага келтирган иймонида собит туриш буюрилган:
“Эй, иймон келтирганлар! Аллоҳга, Пайғамбарига, (шу) Пайғамбарига нозил қилган Китоб (Қуръон)га ҳамда илгари нозил қилган Китобга иймон келтирингиз!”[1].
Яъни иймон келтирганларга қарата яна иймон келтиринг, дея буюрилиши, эй иймон келтирганлар, келтирган иймонингизда собитқадамлик билан бардавом бўлинглар маъносини англатади. Чунки ишонган нарсаси тўғрисида қатъи эътиқодда туриш иймон тақозосидир. Агар банда ушбу қатъи эътиқодига қарши боришни ният қилса, бу нияти қалбидаги тасдиқни йўққа чиқаради, тасдиқни йўққа чиқаришга рози бўлиш эса ўзининг куфрга кетишига рози бўлишдир. Куфрга рози бўлиш эса куфр бўлади. Шунинг учун билиб-билмасдан бундай ишга дучор бўлган кимса дарҳол калимаи шаҳодат қайтариб, тавбага шошилиши лозим бўлади.
Аммо ушбу масаланинг тескариси бундай эмас. Яъни кофир одам бир муддатдан сўнг мўмин бўламан, деб ният қилса, то иймон келтирмагунича куфрдан чиқмайди. Чунки воз кечиш ниятнинг ўзи билан ҳосил бўлади, иш-ҳаракат эса ниятнинг ўзи билан ҳосил бўлмайди. Бунинг мисоли муқимлик билан сафарга ўхшайди, мусофир киши муқимликни ният қилишнинг ўзи билан муқимга айланади, чунки муқимлик сафардан воз кечишдир. Воз кечиш ниятнинг ўзи билан ҳосил бўлади. Муқим киши эса ёлғиз ниятнинг ўзи билан мусофирга айланмайди, у яшаб турган жойидан ажралиб чиққанидан кейин мусофирга айланади. Чунки сафар иш-ҳаракатдир, иш-ҳаракат ёлғиз ниятнинг ўзи билан ҳосил бўлмайди. Ислом иш-ҳаракатдир, шунга кўра мусофир ниятнинг ўзи билан муқимга айланиб қолганидек, мусулмон киши ҳам куфрни ният қилишнинг ўзи билан кофирга айланади. Кофир эса, муқим киши сафарга чиқмагунича, ниятнинг ўзи билан мусофирга айланиб қолмаганидек, то иймонга иқрор бўлмагунича, мўминга айланмайди...”[2].
Бепарволикнинг аянчли оқибати баёни
47 - وَلَفْظُ الْكُفْرِ مِنْ غَيْرِ اعْتِقَادٍ بِطَوْعٍ رَدُّ دِيْنٍ بِاغْتِفَالِ
Маънолар таржимаси:
Эътиқод қилмасдан (бўлса-да) ўз ихтиёри билан куфр (сўз)ни талаффуз қилиш ғафлат билан динни рад этишдир.
Назмий баёни:
Эътиқодсиз ихтиёр-ла куфрни айтиш,
Демишлар: ғафлат-ла ҳақ диндан қайтиш.
Луғатлар изоҳи:
لَفْظُ – мубтадо. Лафз луғатда “чиқармоқ”, “талаффуз қилмоқ” каби маъноларни англатади. Истилоҳда икки хил таъриф берилган:
1. Инсон талаффуз қилган нарса;
2. Талаффуз қилган ё қилмаганидан қатъи назар унинг ҳукмидаги нарса.
الْكُفْرِ – музофун илайҳ.
مِنْ – “табйиния” (фарқлаш) маъносида келган жор ҳарфи.
غَيْرِ– сифат.
اعْتِقَادٍ – жор мажрур لَفْظُ га мутааллиқ.
بِ – “сабабия” маъносидаги жор ҳарфи.
طَوْعٍ – жор мажрур لَفْظُ га мутааллиқ. طَوْعٍ масдари луғатда ихтиёрий равишда бўйунсуниш маъносини ифодалаш учун ишлатилади.
رَدُّ – хабарликка кўра раф бўлиб турибди. Луғатда “қайтариш”, “инкор қилиш” маъноларини англатади.
دِيْنٍ – музофун илайҳ. Дин калимаси луғатда “тоат”, “мукофот” маъноларини англатади. Истилоҳда эса “ақл эгаларини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларидаги нарсани қабул қилишга ундайдиган илоҳий қонун – дин деб аталади”.
Ислом дини ва Ислом миллати ўртасидаги фарқ қуйидагичадир:
– Унга итоат этилиш жиҳатидан дин деб номланади, яъни итоат этиладиган илоҳий ҳукмлар Ислом дини дейилади;
– Унга жамланиш жиҳатидан миллат деб номланади, яъни Ислом дини ҳукмларига итоат этувчилар Ислом миллати дейилади.
بِ – “мусоҳаба” (бирга бўлмоқ) маъносидаги жор ҳарфи.
اغْتِفَالِ – жор мажрур رَدُّ га мутааллиқ. اِغْتَفَلَ феъли ғофил ҳолатда эътиқод қилишга нисбатан ишлатилади.
Матн шарҳи:
Халқимизда “Ўйнаб гапирсанг ҳам ўйлаб гапир” деган ҳикматли сўз бор. Сўфи Оллоҳёр бобомиз тилга ўта эҳтиёт бўлиш лозимлиги ҳақида шундай насиҳат қилган:
Ёмон тил икки оламда зарардир,
Гоҳи исён, гоҳи хавфу хатардир.
* * *
Ёмон тил шумлиғи ки, жонга урғай,
Гоҳи жондин ўтиб иймонға урғай.
Яъни ёмон тил дунё-ю охиратда кишига зарар етказади. Унинг ёмонлиги гоҳида эгасининг бошига етса, гоҳида диндан чиқишига сабаб бўлади. Эътиқодга тааллуқли сўзларни яхши билмасдан гапириш мумкин эмаслигини ҳар бир мусулмон киши яхши англаши лозимдир. Ўший раҳматуллоҳи алайҳ ихтиёрий равишда куфр сўзини талаффуз қилиш диндан қайтиш эканини айтган. Ушбу баҳсга алоқадор масалалардан бири куфр калимасини мажбуран айтган кишининг иймони тўғрисидаги сўзлардир. Мажбурдан куфр калимасини айтган кишилар ҳақида турли хил қарашлар бор. Қалби иймонга тўлиқ бўлгани ҳолда, рўпарасидаги аниқ ўлимдан қутулиш учунгина ўзини иймондан қайтган қилиб кўрсатиш куфр бўлмаслиги ояти карима билан собит бўлган:
“Ким Аллоҳга иймон келтирганидан кейин (яна қайтиб) кофир бўлса (ҳолига вой!) Лекин кимнинг қалби иймон билан хотиржам ҳолда (куфр калимасини айтишга) мажбур қилинса, у мустаснодир. Аммо кимки кўнгилни куфрга очса, бас, у (каби)ларга Аллоҳ (томони)дан ғазаб ва улкан азоб бордир”[3].
Яъни кимки иймон келтирганидан сўнг куфр калимасини тилга олса, кимки куфрга рози бўлиб, унга кўксини очса, ундайларга жаҳаннамнинг қаттиқ азоби етади. Аммо қалби иймонга лимо-лим бўла туриб куфр калимасини айтишга мажбурланганларга бундай азоб бўлмайди. Муфассирлар ушбу ояти каримани Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳу ҳақида нозил бўлган, – дейишган. Мушриклар у зотни тутиб азоблашганида у зот қаттиқ зўрланганидан улар хоҳлаётган нарсани мажбур ҳолатда айтиб қўйган. Шунда инсонлар: “Аммор кофир бўлди”, дейишган. Аммор розияллоҳу анҳунинг ўзлари ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларига йиғлаб келганда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: “Қалбингни қандай ҳис қиляпсан, деганлар. У иймонга лимо-лимлигини айтган. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: “Агар улар қайтарсалар, сен ҳам қайтаргин”, – деганлар.
Шу ўринда улуғ саҳобалардан бири бўлган Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳунинг таржимаи ҳоли билан танишиб чиқиш фойдадан холи бўлмайди.
Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳунинг таржимаи ҳоли
Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳу Арабистон яриморолидаги Тиҳома номли жойда ҳижратдан 54 ёки 57 йил олдин туғилган. Насаблари Аммор ибн Ёсир ибн Омир ибн Молик ибн Кинона ибн Қайс бўлган.
Бу зот Исломни энг аввал қабул қилганлардан бири бўлиб дастлаб Исломга кирганларнинг еттинчиси ҳисобланади.
Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг энг яқин саҳобаларидан бўлган. Уҳуд, Аҳзоб, Хайбар, Макка фатҳи ва Ҳунайн ғазотларида иштирок этган.
Отаси Ёсир Ямандан Маккага иш билан келиб шу ерда қолиб кетади. Абу Ҳузайфа ибн Муғийра Махзумийнинг чўриси Сумайяга уйланади ва ундан Аммор розияллоҳу анҳу туғилади.
Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳу узун бўйли, кенг елкали киши бўлган.
Онаси Сумайя бинти Хоййат Исломдаги энг аввал шаҳид бўлган аёл ҳисобланади.
Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳу “Дорул Арқам”да Исломни қабул қилган. Бу зот Исломга кирганидан сўнг отаси Ёсир, онаси Сумайя ва укаси Абдуллоҳлар ҳам мусулмон бўлганлар. Бу оила Исломни қабул қилганлари сабабли Қурайш мушриклари томонидан жуда қаттиқ қийноқларга солинган. Қурайшлик зодагонлар бу оилани қийнаш билан бошқа янги мусулмон бўлганларни ҳам қўрқитиб қўйишмоқчи бўлишган. Махзумийларнинг Ёсир розияллоҳу анҳунинг оиласига қилган қийноқлари ҳақида турли ривоятлар келган. Ҳатто Абу Жаҳл Исломдан қайтишдан бош тортгани учун Сумайяга найза санчади. Ёсирни ҳам ўлдирадилар. Шунга кўра Аммор розияллоҳу анҳунинг ота-онаси Исломдаги дастлабки шаҳидлардан бўлганлар. Уларнинг Аммор розияллоҳу анҳуга қилаётган қийноқлари шу даражага етганки, у қийноқнинг зўридан нима деётганини идрок қила олмайдиган даражага етган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу оила ҳақида “Сабр қилинглар, Ёсир оиласи, сизларга жаннат ваъда қилинган”, – деганлар. Мазкур қийноқлардан қолган оловнинг излари Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳунинг юзларида умрининг охиригача билиниб турган. Бу зот ҳақида қуйидаги оят нозил бўлган:
“Ким иймондан сўнг Аллоҳга куфр келтирса, – қалби иймон ила ором топа туриб зўрланганлар бундан мустасно – ким кўксини куфрга очса, бас, уларга Аллоҳдан ғазаб бор. Уларга улкан азоб бор”[4].
Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳу икки марта ҳижрат қилган. Қибла ўзгартирилишдан олдин намозни Байтул мақдисга қараб ўқиган саҳобалардан бири бўлган.
Бадр, Уҳуд ғазотларида қўшиннинг олдинги сафида туриб жанг қилган. “Байъатур ризвон”да ҳам қатнашган. Ямома ғазотида қулоқлари кесилиб кетган.
Кейинчалик Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу бу зотни Куфага волий қилиб тайинлаган.
Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламнинг Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳу ҳақларида айтган айрим сўзлари:
– “Аммор бошидан оёғигача иймон билан тўлдирилган, иймон унинг гўшти ва қонларига аралашиб кетган”;
– “Жаннат уч кишига муштоқдир: Алига, Амморга ва Салмонга”;
– “Сумайянинг ўғли икки иш ўртасидан албатта тўғрироғини ихтиёр қилади, шунинг учун унинг изидан юринглар”.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этганларидан сўнг доимо Али ибн Аби Толиб розияллоҳу анҳунинг ёнларида бўлган.
Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳу ҳижрий 37 йилда Сиффин жангида Али розияллоҳу анҳунинг қўшини сафида жангга кирган ва Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳунинг қўмондонларидан бири бўлган Абу Ғония Жуҳаний томонидан шаҳид этилган.
Сиффин жангида тўқсон ёшдан ошган Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳунинг ўлдирилишлари кўплаб мусулмонларнинг ҳақиқатни англаб етишларига ва Али розияллоҳу анҳунинг ёнларига қайтишларига сабаб бўлган. Чунки жангда қатнашганлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳу ҳақида “Амморни ўлдирадиган боғий гуруҳнинг ҳолига вой, бу уларни жаннатга чақиради, улар эса уни дўзахга чақиришади”, деган сўзларини билар эдилар. Али розияллоҳу анҳу бу зотнинг жасадларини кўтариб олиб чиқади ва кўпчилик жамоат билан жанозасини ўқиб, кийимлари билан дафн қиладилар.
Аллоҳ таоло бу зотни Ўз раҳматига олиб ётган жойларини жаннат боғларидан қилган бўлсин.
Куфрга мажбурланиш ҳақида сўз кетар экан, мажбурлаш даражалари ва мажбурланган кишининг ҳолатлари борасидаги баҳсларни ўрганиб чиқиш зарур бўлади. “Фатовои Қозихон” китобида “Мажбурланган кишига рухсат берилган ва ман этилган ишлар” мавзусида мажбурланган кишиларнинг ҳолатлари ҳақида батафсил маълумотлар берилган.
Мажбурланган кишига рухсат берилган ва ман этилган ишлар
“Мажбурланган кишига рухсат берилган ва ман этилган ишлар тўрт қисмдир:
1. Мажбур қилинган амалдан бош тортишдан кўра уни бажариш тўғрироқ ҳисобланадиган, бош тортиш сабабли гуноҳкорга айланадиган ишлар;
Масалан, ўлимтик ейишга ё шу каби бирор ҳаром нарсани истеъмол қилишга мажбур қилиниб, агар буюрилган нарсани бажармаса, ўлдирилиши, ё қўли кесиб олиниши, ёки юз қамчи урилиши билдирилса, мажбурланган ишни қилиб ўзини талофатдан қутқариб қолиши тўғрироқ бўлади. Агар мажбурланган ушбу ишни бажармаса ҳалок бўлиши аниқлигини била туриб, бош тортса гуноҳкор бўлади. Аммо билмаса гуноҳкор бўлмайди.
2. Мажбур қилинган амалдан бош тортиш тўғрироқ бўлган, қилмаслик туфайли савобга эга бўладиган, аммо қилиш сабабли гуноҳкор ҳам бўлмайдиган ишлар;
Масалан, Аллоҳ таолога куфр келтиришга мажбур қилиниб, агар куфр келтирмаса ўлдирилиши ё бирор аъзосига талофат етказилиши билдирилса, тил учида айтиб ҳалокатдан қутулиб қолишга рухсат борлигини билса ҳам, бу ишни ўзига эп кўрмасдан бош тортса, савобга эга бўлади. Шунингдек, қутулиб қолиш учун тил учида айтса ҳам гуноҳкор бўлмайди. Аммо ўлдириш ё бирор аъзосига талофат етказиш эмас, кишанлаб қўйиш ё қамаб қўйиш билдирилганда агарчи қалби иймонга лимо-лим бўлиб турган бўлса-да, тил учида ҳам куфр келтириш мумкин эмас.
3. Мажбур қилинган амалдан бош тортиш туфайли савобга эга бўладиган, уни бажариш сабабли гуноҳкор бўладиган ишлар;
Масалан, мусулмон кишини ўлдиришга ё зино қилишга мажбур қилиниб, агар бажармаса ўлдирилиши билдирилса, жонини берса ҳам бу ишдан ҳазар қилиши туфайли савобга эга бўлади, жонини қутқариш учун шу ишни қилиб қўйса, гуноҳкор бўлади.
4. Мажбурланган ишни қилиш ва қилмаслик баробар бўлган ишлар.
Масалан, бошқанинг молига талофат етказишга мажбурланса, бундай ҳолатда иккала тарафи ҳам баробар бўлиб қолади.
Баён қилинганларнинг барчасида мажбурланаётган киши билдирилаётган нарсанинг қўрқитиш ва пўписа учун айтилмаётганига, амалга ошиши аниқ эканига ишонсагина, мажбурланган ҳукмида бўлади, акс ҳолда бу ҳукмда бўлмайди”[5].