Эсланг, Луқмон ўғлига насиҳат қилиб, деган эди: «Эй, ўғилчам! Аллоҳга ширк келтирмагин! Чунки ширк улкан зулмдир» (Луқмон, 13 оят).
Биз инсонга ота-онасини (рози қилишни) буюрдик. Онаси уни заифлик устига заифлик билан (қорнида) кўтариб юрди. Уни (кўкракдан) ажратиш (муддати) икки йилда (битар). (Биз инсонга буюрдикки) «Сен Менга ва ота-онангга шукр қилгин! Қайтишлик Менинг ҳузуримгадир» (Луқмон, 14).
Эй, ўғилчам! Намозни баркамол адо эт, яхшиликка буюр ва ёмонликдан қайтар ҳамда ўзингга етган (балолар)га сабр қил! Албатта, мана шу пухта ишлардандир (Луқмон, 17).
Одамларга (кибрланиб) юзингни буриштирмагин ва ерда керилиб юрмагин! Чунки, Аллоҳ барча кибрли, мақтанчоқ кимсаларни суймас (Луқмон, 18).
Даврон НУРМУҲАММАД
Савол: Қуръон ўқиётганда фарзандлар шовқин қилиб қолса, уларга жим бўлинглар дейилади-да, кейин яна Қуръон тиловатида давом этиб кетилади. Шунда қайта аъузу ёки бисмиллаҳ айтиладими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Бу ҳолатда "Аъузу биллаҳи минаш-шайтонир-рожийм"ни айтиб тиловатни давом эттириш мустаҳабдир. Чунки Қуръон тиловати асносида қироатга алоқаси бўлмаган гапларни гапирса, қироатни аъузуни айтиб давом эттиради. Агар Қуръон қироатига алоқадор гапларни гапиргандан кейин қироатни давом эттирса, аъузуни айтмасдан давом этаверади. Бу икки ҳолатда ҳам "бисмиллаҳ" айтилмайди (“Ан-нашр фил қироатил ашр” китоби). Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.