Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
22 Январ, 2025   |   22 Ражаб, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:20
Қуёш
07:43
Пешин
12:40
Аср
15:46
Шом
17:30
Хуфтон
18:47
Bismillah
22 Январ, 2025, 22 Ражаб, 1446

Тақво аҳлидан бўлинг

6.05.2020   2360   14 min.
Тақво аҳлидан бўлинг

Оламларни тарбият қилувчи Аллоҳ таолога беадад, гўзал ва муборак ҳамд бўлсин.Унинг Зоти азаматига ва салтанатининг буюклигига қандайин ҳамд сазовор бўлса, шундай ҳамду санолар бўлсин!

Ва Пайғамбаримиз Муҳаммад (алайҳиссалом)га, у зотнинг аҳли хонадонларига, асҳобларига ва барча издошларига салоту саломлар бўлсин!

Аллоҳ таоло Қуръони каримда буюради:

 «Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар ва (ҳар бир) жон эрта (Қиёмат куни) учун нимани (яъни қандай эзгу амални) тақдим этганига қарасин. Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта, Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир». 

Дарҳақиқат, инсон охират учун нима ҳозирламоқда? Дунёда қилган барча яхши ва ёмон амаллари охиратдаги ҳаётини белгилайди. Ифторлик садақа, закот берган, масжид қурган, рўза тутган, намоз ўқиган, умрага борган, ҳаж қилган, ибодат қилган бўлса, буларнинг савоби қаерга кетади? Охиратга кетади. Инсон дунёдалик вақтидаёқ қилган амалларини охиратга юборади. Аксинча, гуноҳ ишлар қилган бўлса, ароқ ичган, қимор ўйнаган, зулм, ҳақсизлик, зино, номуссизлик қилган бўлса, хуллас, Аллоҳ севмайдиган нимаики ишларга қўл урган бўлса, улар ҳам ҳаммаси охиратга кетади. 

«Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта, Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир!» 

Яна бошқа бир ояти каримада Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: 

«Эй мўминлар, Аллоҳдан ҳақ-рост қўрқиш билан қўрқинглар ва фақатгина мусулмон бўлган ҳолларингда дунёдан ўтинглар!» 

Ҳазрати Али: «Эй Раббим! Сен мен хоҳлаганимдек Парвардигорсан, сенга ҳамд бўлсин! Мени ҳам Ўзинг хоҳлаганинг каби қул қилгин», деган эканлар. Аллоҳ хоҳлагандай қул қандай бўлади? Бундай қул тақво аҳли бўлиши керак... Тақводор қул бўлгандан кейин Аллоҳ хоҳлаганидек қул бўлади. Бундай зотларни атрофимизда учратишимиз мумкин. Ҳеч кимни ранжитмайди, қўлида тасбеҳ, тилида зикру дуо, феъли гўзал, зариф, ширин сўз, яхшиликни севадиган, фариштадек... Бундай инсонлар ҳақида сўз кетганда: «Бу одам тақводордир», деймиз. Хўш, тақво нима дегани ўзи? 

Тақво, бу арабчада сақланмоқ, қўрқмоқ деган маънони билдиради. Ўзаги «воқая»дир. Воқая қилиш бирор нарсадан асранмоқ, сақланмоқ дегани. Тақво бу – инсоннинг ўзини ҳаром ишлардан сақлаши ва қўриқлаши. Нимадан асрайди? Ўзини Аллоҳнинг ғазабидан асрайди. Чунки Аллоҳ таоло – куч-қудрат соҳиби. У охиратда инсонларнинг қилган амалларига яраша жавобини беради.

 Қиёмат кунининг эгаси бўлганлиги учун Аллоҳ яхшиларни мукофотлаб, ёмонларни жазолагувчи зот ҳисобланади. Биз нима қилишимиз лозим? Аллоҳнинг азобидан сақланишимиз лозим!.. Чунки Аллоҳ ёмонларни жаҳаннамда азоблаб, ёқади. Кўзлар кўрмаган, ақллар бовар қилмаган қўрқинчли азобга гирифтор қилади. Шунинг учун ҳам Унинг азобидан сақланиш керак. 

Ҳозир рамазон ойидамиз, суҳбатимиз рамазон ҳақида бўлади. Аллоҳ таоло фарз қилгани учун рамазон ойи рўзасини тутамиз. Аллоҳ таоло қуйидаги ояти карима билан рўзани бизга фарз қилди: 

«Эй мўминлар! Тақволи кишилар бўлишингиз учун сизлардан илгари ўтганларга фарз қилингани каби сизларга ҳам саноқли кунларда рўза тутиш фарз қилинди». 

Бу ояти каримадан рўза тутишга қудрати етган ҳар бир мўъминга рўза тутиш фарз эканлигини билиб оламиз. Чунки «Бўйнингизга ёзилди», дейилмоқда. Бу бир... 

Иккинчиси: «Сиздан олдинги умматларга ёзилгани каби, сизга ҳам ёзилди», деб буюрилмоқда. Маълум бўладики, рўза тутиш бу фақатгина бизга фарз бўлмаган, биздан олдинги умматларга ҳам амр қилинган экан. 

Учинчидан: «Токи тақво аҳли – яхши бир мусулмон бўлсангиз». Демак, рўза тутган одам тақвога эришиши лозим! Тақво аҳлидан бўлган яхши бир мусулмон бўлиш керак!.. 

Аллоҳ таоло юқоридаги ояти карималарида бизни тақво аҳли бўлишга чақириб: «Тақво аҳли бўлинг!» деб, унинг йўли қандай бўлишини ҳам кўрсатиб қўйибди. Ҳа, тақводор бир қул бўламиз, ёмон ишлардан сақланамиз, одобли, тарбияли, муборак, комил бир мусулмон бўламиз, аммо бунга қандай қилиб эришиш мумкин? 

Унинг йўли ва чораси рўза тутмоқ. «Олдинги умматларга фарз қилинганидек, сизга ҳам фарз қилинди, токи сиз ҳам тақво аҳлидек тақводор инсон бўлсангиз». Демак, асл мусулмон бўлишнинг, Аллоҳ таоло севган бир тақводор мўъмин бўлишнинг йўли рўза тутмоқдир. Бу ояти карима, тақво сифатига эришмоғимиз учун, бизга рўза ёрдамчи бўла олишини очиқ кўрсатиб турибди. 

Азиз ва муҳтарам биродарлар! Танамизда икки қўлимиз, икки оёғимиз, бошимиз, кўзимиз, қулоғимиз бор. Бундан ташқари, руҳимиз, яъни жонимиз ҳам бор... Руҳ тириклигида бу қош, бу кўз, яъни бу баданнинг қиймати бўлади, аммо руҳ жасадни тарк этиши билан бадан ҳеч нарсага ярамай қолади. Бир оз аввал гаплашаётган бир одам вафот этса, руҳи чиқиб кетса, энди гапирмайди, қимирлаётган бўлса, энди қимирламай қолади. Руҳ кетиши билан бу жасаднинг қиймати қолмайди. 

Нафснинг истакларини “шаҳавоти нафсония” деб айтамиз. Шаҳавот - хоҳишлар, орзулар дегани. Нафс ичкаридан хоҳишлар ҳосил қилади ва айтади: «Вой, оч қолдим, вой, сувсадим! Вой, дам олишни хоҳлайман, ухламоқчиман!..» ва ҳоказо шунга ўхшаш орзулар. 

Тўғри, бу истаклар табиий эҳтиёждир. Парвардигоримиз ҳеч бир нарсани ўринсиз яратмаган. Парвардигоримиз буларнинг вужудда бўлишини хоҳлаб яратган экан, ҳикматдан холи эмас, албатта, маънога эга... Раббимизнинг ҳикматсиз бирор иши йўқ. 

Инсон ўз-ўзини назорат қилмоғи лозим! Инсон вужудининг назоратчиси бу – нафс. Инсонга вужудининг эҳтиёжини билдириш жиҳатидан у лозимдир. Аммо бу нафсни ўз ҳолига ташлаб қўйилса, ҳаддидан ошиб кетади. Яъни шаҳавоти нафсония – нафс орзуларининг чегараси бўлмайди, давом этиб кетаверади. Чегарадан чиқиб кетганидан кейин инсонни гуноҳларга бошлайди. Масалан, ўғирлик қилдиради, бировнинг номусига кўз олайтиради, танбалликка даъват этади, кўп ухлашга гирифтор қилади, бошқалар ишласин, мен текинга яшайман, деб васвасага солади ва шунга ўхшаш бошқа гуноҳ ишларга чорлайди. 

Нафснинг ушбу ҳолатига нафси аммора деб аталади. У шундай нафски, инсонларни ёмонликка амр қилади... Инсон нафси тарбияланмадими, у албатта, разолатга бошлайди, жаҳолатга буюради. Юсуф сурасида: 

«Чунки нафс  агар Парвардигоримнинг Ўзи раҳм қилмаса  албатта, барча ёмонликларга буюргувчидир», деган оят бор. 

Нафснинг ҳаддан ошиб кетаётган орзуларини тўхтатиш лозим! Ким тўхтатади? Болани отаси тўхтатади: «Футбол ўйнама! Кинога борма! Ўтир, дарсингни қил! Тур, ухлама!.. Уй вазифасини бажар, кейин ташқарига чиқиб ўйна!» ва шунга ўхшаш. Кимдир уни бошқариб туради. 

Хўп, бола улғайиб кучли-қувватли йигит бўлди, ўз-ўзига буйруқ берадиган бўлиб қолган бўлса, уни ким идора этади?.. У инсоннинг нафсини ким бошқаради, тарбия қилади? Инсоннинг нафси тарбияга муҳтож! Агар нафс тарбия қилинса, инсон нажот топади. Қайси далилга кўра, қайси ҳужжатга кўра қутулади? Аллоҳ таоло бунга жавобан Қуръони каримда шундай буюради: 

«Дарҳақиқат уни (яъни ўз нафсини - жонини имон ва тақво билан) поклаган киши нажот топди. Ва у (жонни фисқ-фужур билан) кўмиб хорлаган кимса номурод бўлди». Нафсини тарбиялаб поклаган, ислоҳ қилган қутулади. «Нафсини тарбия қилмаган эзгуликдан маҳрум қолади, Инсоннинг нафси тарбияланган бўлиши лозим!.. Бошлиқнинг, хўжайиннинг, хотиннинг, эркакнинг, ҳар бир кишининг нафси тарбияланиши лозим!.. Нафси тарбияланган одам комил инсон бўлади. Юсуф Ҳамадоний, Абдулхолиқ Ғиждувоний, Аҳмад Яссавий, Мавлоно Жалолиддин Румий, Баҳоуддин Нақшбанд, Иброҳим Адҳам каби нафсини тарбиялаган комил инсонлар бўлишган. Ҳаммаларидан Аллоҳ рози бўлсин! Буларнинг барчаси тарихда номи қолган севимли буюк инсонлардир. 

Шурайҳ ҳазратлари қози эдилар. Бир куни маҳкамага икки киши кириб келди. Бири – мусулмон, иккинчиси - насроний эди. Шунда у кишининг юраги бир жиз этди ва «Иншоаллоҳ, мусулмон ҳақлидир», дедилар. Кўнгиллари тарафкашлик қилди. Қаранг, даъволарини айтиш учун даъвогарлар қозининг ҳузурига келдилар. Қозининг кўнгли эса мусулмон кишига майл этди. Мусулмонни севди, чунки у диндоши, йўлдоши, ҳамзикри эди. 

Келганларнинг арзини эшитгач, бахтга қарши, мусулмон ҳақсиз, насроний ҳақ бўлиб чиқди. 

Қози Шурайҳ даъвони битирдилар, аммо умрларининг охиригача изтиробда яшадилар: 

«Нега қалбим мендан адолат сўраб келган икки кишининг биринчисига олдинроқ майл этди?» деб ўзларини айблаб юрдилар. Қаранг, инсоннинг нафси тарбиялангандан кейин ўз-ўзини қандай жиддий назорат қилади. 

Ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу) ҳамма нарсага қизиқувчан ва ашёнинг асл маъносини идрок эта билган киши эдилар. Убай ибн Каъб (розияллоҳу анҳу)дан сўрадилар: 

«Аллоҳ таоло Қуръони каримда тақвони кўп амр қилган. Тақво ўзи нима? 

Қуръони каримни жамлаган, уни жуда ҳам яхши билган олим саҳобалардан бири бўлган Убай ибни Каъб (розияллоҳу анҳу) жуда ҳам мазмундор жавоб берадилар: 

– Эй Умар, сен тиканли далада юрганмиcан? 

– Юрганман! 

– Қандай қилиб юрдинг? 

– Этакларимни йиғиб олдим. (Араблар узун кўйлак киядилар...) 

– Нега бундай қилдинг? 

– Тиканлар этакларимни йиртмаслиги ва оёғимга тиканлар кирмаслиги учун. Оёғимга тикан кирса, қонатади ва оғритади. 

– Тақво ҳам шундай! – деб жавоб бердилар Убай ибни Каъб (розияллоҳу анҳу). 

Қаранг, қандай жавоб бермоқда? Тамсил йўли билан, яъни ўхшатиш билан, эсда қоладиган бир мисол билан тушунтирмоқда. 

Шунинг учун гуноҳ тиканларини босмаслигинг керак! Гуноҳ тиканларига кўйлагингни илинтирмаслигинг лозим! Диққат билан юришинг даркор! Эҳтиёт бўлиб юрсанг, ҳаром ишни ҳам қилмайсан. Ҳушёр бўлсанг гуноҳкор бўлмайсан. 

Аммо, инсонлар бу гуноҳларни билмаганликларидан қилмоқдаларми? 

Ичкилик, қимор, ёлғон, фоизнинг (судхўрликнинг) гуноҳлигини ҳамма билади. Билмасдан қиладиганлари жуда ҳам оз. Аллоҳ ҳаром қилганлигини билган ҳамда тушунган ҳолда яна нимага бу гуноҳ ишларни қилмоқдалар? Чунки нафсга ҳоким бўлолмаганликларидан ўзларини тутолмайдилар. «Ўзимни тутолмадим, нафсимга ҳоким бўлолмадим, кечирасиз!» дейдилар. Ёки «Шайтонга эргашдим, нафсга бўйсундим», деб узрхоҳлик қилишади. 

Демак, нафсга эргашмаслик учун мусулмон рамазонда бир ой таълим олади. Қандай таълим олади? Сув ичмаслик, овқат емаслик, хотинига яқинлашмаслик орқали билим ва малакасини оширади. Энди қуйидаги ояти кариманинг маъноси англашилаётгандир? 

«...Сизлардан илгари ўтганларга фарз қилингани каби сизларга ҳам маълум кунларда рўза тутиш фарз қилинди». 

Шуни унутмайликки, азиз биродарлар, рўза фақат шаклий ибодат эмас... Балки, рўзадан асл мақсад руҳиятни поклаш, тақвони кучайтиришдир.

Мисрлик бир имом домладан: 

«Мисрликлар Қуръони каримни жуда ҳам чиройли ўқийдилар, бизга бирор оят ўқиб бермайсизми!» деб илтимос қилдик. 

«Ўқийман, лекин бир шартим бор. Марҳамат қилиб, Қуръони каримни қулоқларингиз билан эмас, балки қалбларингиз билан тингланг!» деди у.

 Чунки кўп инсонлар қулоқ билан эшитадилар, аммо қалб қулоқлари эшитмай қолади. Болага отаси насиҳат қилганида у эшитмайдими? Эшитади. Ундай бўлса, нега яна ёмонлик қилади?.. Демак, тўла қабул қила олмайди. Биз буни бир қулоғидан кириб, иккинчисидан чиқиб кетди, деймиз. Аслида у қабул қила олмади, эшита олмади. Демак, англай олмади, эшитганни эса амалга ошириш лозим! Эшитганини қалбига жойлаштириши лозим! Ибрат назари билан кўриши лозим, кўрганини эса қалбга нақш қилиши лозим! 

Шу сабабдан ҳам имом домла: «Мен Қуръон ўқийман, аммо, илтимос, мени қулоқларингиз билан эмас, қалбингиз билан эшитинг!» деб бежиз айтмаган. Худди шунингдек, муҳтарам биродарларим, сиз ҳам рўзани шаклий тутманг, оч қолдим, сувсадим деб ўйламанг! Рўзанинг маъносига етишга, унинг маънавий тарбиясини олишга ҳаракат қилинг! 

Рўза сизу бизни иродаси кучли тақводор инсон ҳолига келтирадиган иш-ҳаракатдир. Таъбир жоиз бўлса, рўза асрлар бўйи давом этиб келган илоҳий замонавий иш-фаолият дейиш мумкин...

 

Абдуманнон УСМОНОВ,

"Ҳасанбой" жоме масжиди имом-хатиби

 

Рамазон-2020
Бошқа мақолалар

Учинчи фасл - Ҳижрий II асрда ажраб чиққан давлатлар

20.01.2025   4715   17 min.
Учинчи фасл - Ҳижрий II асрда ажраб чиққан давлатлар

Ҳижрий II асрда ажраб чиққан давлатлар

Ислом олами рошид халифалар даврида ягона давлат сифатида давом этди. Умавийларнинг даврида ҳам шундай бўлди. Умавийлар қулаши билан Ислом оламида парчаланиш бошланди. Аббосийлар давлатининг баъзи бир бўлаклари – амирликлар ажраб чиқиб, ўзлари алоҳида давлат сифатида мустақил бўла бошладилар. Ҳижрий 138 (милодий 756) йилда Андалусда пайдо бўлган умавийлар давлати уларнинг энг биринчиси бўлди. Сўнг ҳижрий 140 (милодий 758) йилда Мағрибда хорижийлар давлатига асос солинди. Аббосийлар аввалига уларни йўқ қилишга уриниб кўришди, сўнгра иима бўлса бўлсин, деган маънода тек қўйишди.

Ўша даврда ажраб чиққан амирликлариииг барчаси кўпроқ Ислом оламининг мағриб тарафида бўлганини кўриш мумкин.
 

Ажраб чиққан давлатлар

1. Умавийлар давлати. Андалусда. Ҳижрий 138–422 (милодий 756–1031) йиллар орасида.
2. Бану Мидрор давлати. Мағрибдаги Сижилмоса деган жойда. Ҳижрий 140–297 (милодий 758–909) йиллар.
3. Рустамийлар давлати. Жазоирда, Ўрта Мағрибда. Ҳижрий 160–296 (милодий 777–908) йилларда ҳукм юритишди.
4. Идрисийлар давлати. Мағрибда, Марокашда. Ҳижрий 172–375 (милодий 789–985) йиллар.
5. Ағлабийлар давлати. Қайрувон – Тунисда. Ҳижрий 174–296 (милодий 801–908) йиллар.

 

Андалусдаги умавийлар давлати

Андалусда ташкил этилган умавийлар давлатининг ҳукмронлиги ҳижрий 138 йилдан 422 йилгача давом этди (милодий 756–1031 йиллар).

Бу давлат Ислом оламидан ажралиб чиққан биринчи мустақил давлат эди. Ушбу давлатнинг асосчиси – Абдурраҳмон ибн Муовия ибн Ҳишом ибн Абдулмалик Умавий. У умавийлар давлати инқирозга учраганидан кейин Аббосийлар давлатидан қочиб чиқиб, Андалусга борди ва ўзини Абдурраҳмон Дохил деб атади. Ўша вақтда Андалусда ишни Юсуф Фиҳрий Музарий олиб борар, музарийлар билан ямонийлар ўртасида кучли низо бор эди. Абдурраҳмон Дохил у ерга боргач, ямонийлар ва умавийлар унинг байроқ остида бирлашдилар ва Қуртубага, Юсуф томон юриш қилиб, у ерда жанг қилдилар. Уруш бир йил давом этди, охири Абдурраҳмон ғалаба қозонди ва ҳижрий 138 йилда ҳокимиятни эгаллаб олди.

Абдурраҳмон ғалаба қозонган мазкур уруш Мусора номи билан машҳур бўлган. Абдурраҳмоннинг иши қамрови кенгайиб, барча соҳилларни ўзига бўйсундирди. Ҳаттоки у аббосийлардан Шом юртларидаги ҳокимиятни тортиб олиш ҳақида ҳам ўйлай бошлади. Шунда Абу Жаъфар Мансур Абдурраҳмонни йўқ қилиш мақсадида бир неча марта унга қарши лашкар юборди. Ҳеч бир натижа бўлмагач, унга қарши уруш қилишдан тўхтади. Абу Жаъфар Мансур Абдурраҳмонга тан бериб, уни «Қурайш лочини» дея атади.

Маҳдий халифа бўлганида Абдурраҳмон Дохилга қарши уруш қилди, лекин у ҳам енгилди. Fалабадан умидини узган Маҳдий ҳам уни ўз ҳолига қўйишга мажбур бўлди.

Абдурраҳмон Дохил ҳижрий 172, милодий 788 йилда вафот этди. Бу пайтда давлатнинг пойтахти Қуртуба шаҳри эди.

Ушбу давлатнинг энг машҳур ҳокимларидан Абдуррамон III, яъни Абдурраҳмон Носир ҳижрий 300–350 (милодий 912–961) йилларда ўз ҳукмини юритган. У ҳокимиятни эгаллаган пайтда юртда чуқур изтироб ва беқарорлик ҳукм сурарди. У барча қўзғалончиларни ўзига бўйсундирди, сўнгра насронийларнинг юртларига қарши фатҳ ишларини олиб борди. Уларнинг устидан бир қанча улуғ ғалабалар қозонди. Шахсан ўзи аскарларга раҳбарлик қилиб, бир неча урушларга олиб борди.

Бир марта ҳижрий 308 (милодий 920) йилда уюштирилган Ҳандақ урушида насронийлардан енгилди. Лекин кейинроқ уларни енгиб, ўз қувватини тиклаб олди. Унинг асрида Андалус ўз ҳаётининг олтин даврини яшади. Айнан шу даврда Андалус ўзининг қудратини, гўзаллигини намоён қилди, сиёсий тамаддун ва меъморчилик соҳасида буюк ютуқларни қўлга киритди ва барчанинг эҳтиромига, тақдирига сазовор бўлди.

Андалус диёрини шон-шуҳратга тўлдирган ажойиб ва ёрқин маданият, у билан тил ва дин ягоналиги, иқтисодий ва инсоний алоқалар ёрдамида яқиндан боғланган араб ва испан маданиятининг бир қисми сифатида шаклланган эди.

Визигот қиролларининг ҳукмронлик йилларида Испания у даражада ривожланмаган, унинг маданияти яримёввойи аҳволда эди. Мусулмонлар томонидан фатҳ этилганидан сўнг Испания маданияти гуллаб-яшнади. Юз йилдан камроқ вақт мобайнида шу пайтгача ишлов берилмаган ерлар ҳайдалди, ҳувиллаб ётган шаҳарлар одамлар билан гавжум бўлди, ажойиб обидалар қурилди, бошқа халқлар билан савдо-сотиқ алоқалари йўлга қўйилди. Мусулмонлар фан ва меъморчилик санъатини жадал суръатлар билан ривожлантирдилар. Улар узоқ вақт давомида бутун Европа бўйича илмнинг ягона манбаи бўлиб келган олийгоҳларга асос солдилар. Юнон ва лотин тилидаги кўплаб асарлар таржима қилинди. Уч аср давомида Қуртуба, шубҳасиз, «кўҳна дунё»нинг энг ёрқин шаҳарларидан бири бўлиб келди.

Ижозатингиз билан ўша вақтларда мусулмон оламининг Европага туташиб турган бўлаги – Андалуснинг илмий соҳасидаги ҳолат ҳақида ҳам икки оғиз сўз юритсак:

«Учиш мосламасини яратиш ғояси ака-ука Райтлардан минг йил олдин андалусиялик фалакиётчи ва ихтирочи Аббос ибн Фирнас ат-Такуруннийда пайдо бўлган. 852 йилда у эркин ҳилпирайдиган, ёғоч чўплар тикилган енгсиз кенг кийимда масжид томидан сакрайди. Ибн Фирнас қушга ўхшаб эркин парвоз қилишни ният қилган эди. Тўғри, бу орзуси ушалмади, лекин юқоридан тушишини секинлаштирган унинг эгнидаги кенг кийимни биринчи парашют дейиш мумкин эди. Олимнинг ўзи эса бир оз қўрқув ва енгил лат ейиш билан қутулди. Бу ихтиро парашютнинг илк кўриниши бўлди.

875 йилда 70 ёшни қаршилаган ихтирочи ўзининг учиш мосламасини такомиллаштирди. Унда учиш жараёнини бошқаришнинг илк кўринишлари акс этган эди. Бу қанотлари ипак матодан бўлган, қушга ўхшаш мослама бўлиб, унинг ёрдамида ҳавода парвоз этиш мумкин эди. Шу тариқа Аббос биринчи дельтапланни ихтиро қилди. У ўз ихтиросини қўлига олиб, Жабал ал-Арус номли тепаликдан сакрайди. Ҳаво оқимлари олимни кўтариб, олдинга олиб кетади. Кўп минг сонли одамларнинг кўз ўнгида у ҳавода ўн дақиқача парвоз этади ва сезиларли баландликка кўтарилади. Лекин ерга қўниш омадсиз бўлиб, мослама ўз ихтирочиси билан бирга пастга қулайди. Аббос жиддий жароҳатланади. Кейинчалик у мосламага дум қисмини ўрнатиш орқали қўнишни осонлаштириш мумкинлигини таъкидлаган. Худди шу олимнинг ўзи планетарий ва артмилляр қуббани кўради ҳамда вақтни ўлчаш учун ўзига хос асбоб яратади. Ойдаги кратерлардан бири унинг исми билан номланган.

Андалусиялик машҳур олим Абдуллоҳ ибн Байтар (милодий 1190–1248) ўрта асрларда йирик ўсимликшунос ва фармацевт сифатида шуҳрат қозонган бўлиб, 1400 га яқин доривор ўсимликлар ва ўтларни тавсифлаган, улардан 300 га яқини илгари табобатда маълум бўлмаган. Унинг амалга оширган ишлари XVI асргача ўз аҳамиятини йўқотмаган. Улар орасида доривор ўсимликлар ҳақидаги илмий асар алоҳида ўрин тутади.

Машҳур табиб Халаф Заҳровий (милодий 963–1013) жарроҳликни мустақил фанга айлантирди ва икки юзга яқин жарроҳлик асбобларини тавсифлаб берди. У ўрта асрлардаги энг буюк мусулмон жарроҳ ва замонавий жарроҳликнинг устозларидан бири ҳисобланади. Унинг кўпгина мавзуларни қамраб олган тиббий матнларидан ҳам мусулмон, ҳам Европа мамлакатларида олиб борилган жарроҳлик амалиётларида то Уйғониш давригача фойдаланилган. Халаф Заҳровийнинг жарроҳлик ва асбоблар ҳақидаги «Ат-Тасриф» номли илмий асари унинг тиббиёт соҳаси илмига, шунингдек, ушбу соҳа тарихига қўшган энг катта ҳиссасидир. Мазкур китоб жарроҳлик соҳасининг ривожланишида алоҳида аҳамият касб этган ва кўпгина тилларга таржима қилинган. Заҳровий кўплаб мураккаб жарроҳлик амалиётларини муваффақиятли тарзда амалга оширган. У қалқонсимон безнинг бир қисмини олиб ташлаш жараёнини ҳали бу каби амалиётлар Европада амалга ошириш бошланмасидан тўққиз аср олдин тавсифлаб берган. Заҳровий оғиз бўшлиғида турли жарроҳлик амалиётларини амалга оширган, маҳсус асбоблар ёрдамида тишдаги тошларни олиб ташлаган, синганларини даволаган ва пастки жағ чиқишини муолажа қилган. Унинг илмий асарида тиш суғуриш асбоби – омбурларнинг ҳар хил турлари тавсиф қилинган. Тиш катагининг қонашида уни тўйинган купорос билан тўлдиришни ёки ўша ерга қиздирилган асбоб босишни тавсия қилган. Қуртубадаги Заҳровий яшаган кўча унинг номи билан – «Calle Albucasis» («Абул Қосим кўчаси») деб аталади. У мазкур кўчадаги 6-уйда яшаган бўлиб, ушбу уй ҳозирда туризм бўйича Испания Кенгаши томонидан бронзадан ясалган хотира тахтачаси (1977 йилнинг январь ойида тақдирланган) билан сақлаб қўйилган, бу тахтачада қуйидаги сўзлар битилган: «Бу Абул Қосим яшаган уй».

Андалусиялик олим Жобир ибн Афлаҳ (XII аср) ўзининг фалакиёт ва риёзиёт соҳасидаги ихтиролари билан шуҳрат қозонди. У Клавдий Птолемей ўзининг машҳур «Алмагест» номли фалакиёт соҳасидаги илмий асарида йўл қўйтан хатоларни тузатган. Унинг кузатуви остида Севильяда Европадаги биринчи расадхона қурилган. Жобир ибн Афлаҳнинг шарафига ойдаги Гебер кратери унинг номи билан аталган.

Яна бир андалусиялик фалакиётчи олим Нуриддин ал-Битружий (1204 йилда вафот этган) битган асарларнинг таржималари ҳам Европада катта қизиқиш уйғотган. Птоломейнинг сайёралар ҳаракати борасидаги назариясини танқид қилган ҳолда, у самовий жисмлар ҳаракатининг янги назариясини илгари суради. Ойдаги Альпетрагий кратери унинг исми билан аталган.

Маълумки, Иброҳим ал-Фазарий (милодий 777 йилда вафот этган) томонидан устурлобни – юлдузлар жойлашувини аниқлаш учун ишлатиладиган бурчакни ўлчайдиган асбобнинг ихтироси мусулмон олимларнинг астрономия соҳасига қўшган буюк хизматларидан бири бўлди. Ушбу асбоб андалусиялик олим Иброҳим аз-Зарқалий (милодий 1028–1087) томонидан такомиллаштирилди. «Ясси устурлоб» деб аталган ушбу янгиланган асбоб бир неча аср давомида сайёҳлар ва фалакиётчиларнинг талабларини қондириб келди. Аз-Зарқалийнинг шарафига ой сатҳидаги тоғ текислиги унинг номи билан – Арзахель деб номланган.

Атоқли андалусиялик файласуф Ибн Рушд (1126–1198) Арастунинг (Аристотель) ўрта асрлардаги биринчи шарҳловчиси ҳисобланади. Унинг асарлари таъсирида Францияда «лотин аверроизми» (Ибн Рушд исмининг лотинча талаффузи – Аверроэс) номи билан танилган оқим пайдо бўлди. Бошқа тарафдан, унинг асарлари Улуғ Альберт (милодий 1206–1280) ва аквиналик Фома (1226–1274) каби файласуфлар қарашларининг шаклланишига катта ҳисса қўшди.

Қуртубалик мусулмон олим Идрисий (1100–1166) 850 йил олдин замонавий жўғрофий хариталарга яқин бўлган дунё харитасини тузишга муваффақ бўлди.

Мусулмонларнинг риёзиёт соҳасидаги ютуқларини ҳам эътибордан четда қолдириб бўлмайди. Ушбу ютуқларга ҳатто замонавий Европа олимлари ҳам қойил қолмоқдалар. Мисол учун, таниқли ғарб олими, профессор Жак Рислер шундай деган: «Уйғониш давридаги бизнинг риёзиёт устозларимиз мусулмонлар бўлишган».

Таъкидлаш лозимки, 950 йилда Андалусда Европадаги биринчи қоғоз ишлаб чиқариш фабрикаси қурилган. «Кўҳна дунё»нинг бошқа мамлакатларида эса бундай фабрикалар анча кейин пайдо бўлган: Румда – 1100 йилда, Сиқиллияда – 1102 йилда, Олмонияда – 1228 йилда, Англияда эса 1309 йилда.

Қуртубада аҳоли орасида деярли тўлиқ саводхонликка эришилган. Унинг аҳолиси, олимлари ва савдогарлари, жангчилари ва меҳнаткашлари – барча-барчаси илм олишга, илмий мубоҳасалар олиб боришга, китобларни ўқиш ва муҳокама қилишга ниҳоятда истакли эдилар. Ҳатто Қуртубадаги аёллар орасида ҳам китоб йиғишга иштиёқ кучли эди.

Мусулмонлар фаолияти илм-фан, саноат ва санъатнинг барча соҳаларини қамраб олган эди. Улар томонидан амалга оширилган жамоатчилик ишлари римликлар фаолиятидан ҳам каттароқ эди. Барча ерларда кўприклар, йўллар қурилар, сайёҳлар учун меҳмонхоналар қад кўтарар, уларнинг адади тобора ошиб борар эди. Архиепископ Хименес кейинчалик Гренадада араб қўлёзмаларини ёқар экан (улардан саксон минг атрофида тўплаган эди), ўз динининг душманлари ҳақидаги хотираларни тарих саҳифаларидан бутунлай ўчириб ташламоқчи бўлди. Аммо аён бўлдики, уларнинг номлари нафақат ёзма мерослари, балки мусулмонлар Ер юзида қолдирган сонсаноқсиз меҳнат махсуллари туфайли сақланиб қолди.

Денгиз флоти ниҳоятда ривожланган бўлиб, унинг воситасида Европа, Осиё ва Африканинг барча денгиз бўйи шаҳарлари билан савдо-сотиқ ишлари олиб борилган. Узоқ вақт давомида мусулмонлар Ўрта ер денгизининг ягона хўжайинлари бўлишган (Гюстав Лебон. «Араблар тамаддуни», 1884).

Бир неча юз йил ичида Испанияни ҳам маънавий, ҳам моддий жиҳатдан ўзгартирган мусулмонлар уни Европадаги (барча халқлар устидан энг юқори даражага чиқариб қўйишди. Ҳатто одоб-ахлоқ ҳам улкан ўзгаришларга учради. Мусулмонлар насронийларни энг қимматли инсоний сифат- бағрикенгликка ўргатдилар (барча ҳеч бўлмаганда шундай бўлишга ҳаракат қиларди). Уларнинг фатҳ этилган мамлакат аҳолисига нисбатан марҳамати шу даражада эдики, ҳатто насроний руҳонийларга черков йиғилишларини ўтказишларига ижозат берилган эди. 782 йилда Севильядаги йиғилиш ёки 852 йилда Қуртубадаги йиғилиш шу жумладандир. Араблар ҳукмронлиги даврида кўрилган кўплаб черковлар ҳам уларнинг ўз қўллари остидаги халқлар эътиқодига нисбатан ҳурматини исботлайди. Мусулмонлар Испанияси Европадаги яҳудийлар паноҳ топган ягона мамлакат эди. Шунинг учун кўплаб европаликлар бу ерларга кўчиб келишган.

Гюстав Лебоннинг ёзишича, Испания арабларини бағрикенгликдан ташқари, олийжаноблик хислатлари ҳам ажратиб турарди. Рицарлик қонунлари: заифларга шафқат қилиш, мағлубга нисбатан марҳаматли бўлиш, берилган сўзга содиқ қолиш ва бошқаларни насроний мамлакатлар кейинроқ қабул қилдилар; одамлар қалбига диндан кўра мазкур қонунлар кўпроқ таъсир кўрсатди, булар эса Европада араблар сабабли тарқалган эди.
 

Омирийларнинг хокимиятни эгаллаши

Андалусда ҳижрий 366–399 (милодий 976–1008) йилларда Ҳожиб Мансур Омирий мулкни, ҳукуматни ўзиники қилиб олди. У ўн ёшли халифа Ҳишомнинг васийси бўлгани ва Бану умайяларнинг заифлашганидан унумли фойдаланди. Мансур Омирий ўткир зеҳнли, шижоатли ва тадбиркор одам бўлиб, қўзғалон ва фитналарни усталик билан бостирар эди. У насронийларга қарши фатҳ ишларини давом эттирди. Кўпинча урушларга ўзи раҳбарлик қилар эди. Элликта жанг олиб борилган бўлса, уларнинг бирортасида мағлубиятга учрамади. Шимоли-ғарбдан Испаниянинг энг узоқ ҳудудларигача етиб борди. Европа подшоҳларининг барчаси унинг ҳайбатидан титрар эди.

Мансур Омирийдан кейин ҳокимиятни ўғли Абдулмалик олди. У ҳам шижоатда, заковатда ҳудди отасига ўхшарди. Абдулмаликдан кейин ҳокимлик унинг укаси Абдурраҳмонга ўтди. Абдурраҳмон отаси ва акасидан кўра анчагина заиф эди. У ҳижрий 399 йилда қатл қилинди. Ушбу ҳодиса билан омирийларнинг Андалусдаги ҳукми ниҳоясига етди.

Ҳукмдорлик яна Бану Умайяга қайтди. Ўша вақтда Бану Умайянинг одамлари заиф бўлиб, ўзаро урушлар, низолар тез-тез чиқиб турарди. Ниҳоят ҳижрий 422 (милодий 1031) йилда уларнинг ҳукми тугади ва Андалус турли амирликларга бўлиниб, тарқалиб кетди. Ҳокимиятни амирликларнинг подшоҳлари эгаллаб олди. Бу ҳақда кейинроқ батафсил сўз юритилади.

 

Андалусдаги энг машхур умавий жокимлар:

1. Абдурраҳмон Дохил. Ҳижрий 138–172 (милодий 756–788) йиллар
2. Ҳакам ибн Ҳишом. Ҳижрий 180–206 (милодий 796–821) йиллар.
3. Абдурраҳмон ибн Ҳакам. Ҳижрий 206–238 (милодий 821–852) йиллар.
4. Муҳаммад ибн Абдурраҳмон. Ҳижрий 238–273 (милодий 852–886) йиллар.
5. Абдуллоҳ ибн Муҳаммад. Ҳижрий 275–300 (милодий 888–912) йиллар.
6. Абдурраҳмон ибн Муҳаммад Носир. Ҳижрий 300–350 (милодий 912–961) йиллар.
 

Кейинги мавзу:
Мағрибдаги Сижилмосанинг Бану Мидрор давлати;
Ўрта Мағрибдаги рустамийлар давлати;
Марокашдаги идрисийлар давлати;
Тунис – Қайрувондаги ағлабийлар давлати;
Ташқи фатҳлар.