Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “…ўзингиз учун қилган яхшиликларни Аллоҳнинг ҳузурида топасиз” (Бақара сураси, 110-оят).
Бошқа бир оятда эса: “Молларини Аллоҳнинг йўлида сарфлайдиганларнинг мисоли, худди бир дона донга ўхшайди. Ундан етти бошоқ ўсиб чиқади, ҳар бошоқда юзтадан дон бор. Ва Аллоҳ кимга хоҳласа, яна кўпайтириб берадир. Ва Аллоҳ қамраб олувчи ва билувчи зотдир”, (Бақара сураси, 261-оят) деб марҳамат қилган.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам инсонларнинг энг сахийи эдилар. У зотнинг энг сахийлик вақтлари Рамазон ойида Жаброийл алайҳиссалом билан учрашган вақтда бўларди. Албатта, Расулуллоҳ яхшиликда эркин эсган шамолдан ҳам сахийроқ эдилар”.
Рўза инсонни қорни оч инсонни таомлантириш, мискинга эҳсон ва фақирга туҳфа беришга чорлайди. Рамазон ойи садақа берувчилар ва эҳсон қилувчилар учун энг қулай фурсатдир. Шоир бундай дейди:
Аллоҳ сенга берганидан эҳсон қил сен ҳам,
Пул қўлнинг киридир, умр эса ўтгувчи.
Молинг сув кабидир, тутилса айнир у ҳам,
Агар юрса ширин булоқ каби оқгувчи.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Аллоҳ таолонинг икки фариштаси бор, ҳар тонг нидо қилишади. Уларнинг бири: “Аллоҳим, инфоқ қилувчига (инфоқи ўрнига) тўлдириш бер!” дейди. Бошқаси эса: “Аллоҳим, зиқнага талофат бер!” дейди”, дедилар.
Банда ҳар сафар эҳсон қилганда Аллоҳ таоло унинг жисмида тўкислик, қалбида роҳат ва ризқида кенглик бериб қўяди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Садақа сув оловни ўчиргани каби хатони ўчиради”.
Гуноҳ, маъсиятларда қалб ва нафсни куйдирувчи олов бўлади. Бу оловни фақатгина садақа ўчира олади. Садақа қалбга салқинлик ва руҳга яхшилик бўлиб, хатоларни ювиб кетади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Ҳар бир киши инсонлар ўртасида ҳукм чиққунча қилган садақасининг соясида туради”.
Нақадар ажойиб! Садақанинг ўз соялари бўлиб Қиёмат кунида бандалар унинг остида бўладилар, ҳар бир инсон дунёдаги садақасининг натижаси миқдорича сояда бўлади.
Ҳазрат Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу бой инсон бўлиб, мол-мулкларини Аллоҳнинг розилиги йўлида сарфлар, Табукка кетаётган қўшинни жиҳозлаган, қудуқ сотиб олиб садақа қилиб юборган эдилар.
Абдурроҳман ибн Авф розияллоҳу анҳу ҳам жуда бой эдилар, етти юзта туяни устидаги юклари билан Мадинанинг фақирларига Аллоҳ розилиги учун садақа қилиб юбордилар.
Инсонлар орасида рўзадор бўлиб, бир бурда нон, бир ҳўплам сув ёки бирор ҳовуч хурмо топа олмайдиганлари бор. Улар орасида ёрдам берадиган бирор яқини, уйи йўқлари мавжуд. На саҳарлиги ва на ифторлигига емак топа оладиган даражадаги фақирлар бор. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Ким бир рўзадорни ифтор қилдирса унга рўзадорнинг ажридан ҳеч нарса камаймаган ҳолдаги мислича ажр бўлади”.
Рамазонда солиҳ инсонларнинг карами зиёда бўлади ва улар инфоқ-эҳсонни кўпайтиришади. Яхшиларнинг кўпчилиги Аллоҳдан савоб умидида бир жамоа фақир ва мискинларга ифторлик қилиб беришни ўз зиммаларига олишади. Қадимда улуғ зотларнинг масжидлари фақир ва мискинларга тайёрлаб қўйилган ифторлик таомларига тўлиб кетар, бирор оч ёки муҳтож киши топилмас эди.
Эҳсонларнинг ажойиб хислатидан бири шуки, инсон ўзининг еб-ичиши ва кийинишига сарф этган барча нарсаси йўқ бўлиб кетади, аммо Аллоҳнинг розилиги йўлида сарфлаган нарсалари боқий қолади. Аллоҳ таоло айтади: “Агар Аллоҳга яхши қарз берсангиз, У сизга кўпайтириб берур ва сизни кечирур. Аллоҳ шакур ва ҳалимдир” (Тағобун сураси, 17-оят).
Эй рўзадор, қилаётган эҳсонингиз билан ўзингиз муҳтож ва фақир бўладиган Қиёмат куни учун Роббингизга қарз бермоқдасиз.
Эй, биродарим, сизнинг бир ҳўплам сувингиз, бир ҳовуч хурмоингиз, қўйингки, Аллоҳ йўлида муҳтожларга берган озгина молингиз жаннат сари йўлингиздир. Аллоҳга қасамки, садақа каби молни сақлайдиган ва закот каби молни поклайдиган нарса йўқ. Қанчадан-қанча бойлар дунёдан ўтишди, улардан сон-саноқсиз мол-дунё, хазиналар, қасрлар ва уйлар қолди. Буларнинг барчаси эгалари учун ҳасрат, надомат ва афсус бўлди, чунки улар мол-дунёларини ўз ўрнига сарф қилмаган эдилар. Аллоҳ насиб қилса эртанги кунда сизга бу эҳсонларингиз фойда бўлади!
Доктор Оиз Ал-Қарнийнинг
“Рўзадорлар учун 40 дарс” китобидан
Саидхон қори МАХСУМ
таржимаси
Абдурраззоқ Санъоний айтади: Али ибн Ҳусайн розияллоҳу анҳум намоз учун таҳорат қилаётган эди. Шу пайт сув қуйиб турган жория қўлидан обдаста тушиб кетиб, унинг юзига озгина шикаст етказди. Али ибн Ҳусайн бошини кўтариб, жорияга қаради. Жория вазиятни юмшатиш мақсадида Қуръони карим оятларидан ўқиди: “... Ғазабларини ютадиган...” (Оли Имрон сураси, 134-оят). Али ибн Ҳусайн розияллоҳу анҳум жимгина жавоб берди: “Ғазабимни босдим”.
Жория оятнинг давомини ўқиди: “...одамлар-ни (хато ва камчиликларини) афв этадиганлардир...”.
У киши деди: “Мен сени афв этдим”.
Жория оятнинг охирини ўқиди: “Аллоҳ эзгулик қилувчиларни севар”.
Али ибн Ҳусайн розияллоҳу анҳум деди: “Бор, сен Аллох йўлида озодсан”.
Абдуллоҳ ибн Ато айтади: “Али ибн Ҳусайннинг бир ғуломи (қули) хатога йўл қўйди ва жазога лойиқ бўлди. Али ибн Ҳусайн қамчини олди. Сўнг у зот бундай оятни ўқиди: “(Эй Муҳаммад!) Имон келтирган кишиларга айтинг, улар Аллоҳ кунлари (қиёмат)дан умид қилмайдиган кимсаларни кечириб юбораверсинлар! Шунда (у сабрли) кишиларни қилган ишлари (кечиришлари) сабабли мукофотлагай!” (Жосия сураси, 14-оят).
Қул эса деди: “Мен бундай эмасман, мен Аллоҳнинг раҳматидан умидворман ва унинг азобидан қўрқаман”.
Али ибн Ҳусайн розияллоҳу анҳум қамчини ташлаб юборди ва деди: “Сен Аллоҳ йўлида озодсан”.
Мусо ибн Довуд айтади: Али ибн Ҳусайн хизматкорини икки марта чакирди, у жавоб бермади. Учинчи марта чақиргач жавоб қилди. Али ибн Ҳусайн унга деди: “Эй ўғлим, овозимни эшитмадингми?”.
Хизматкор: “Эшитдим”, деди.
Али ибн Ҳусайн сўради: “Нега жавоб бермадинг?”.
Хизматкор: “Сизнинг шафқатингизга ишондим”, деди.
Абдулғофир ибн Қосим айтади: Али ибн Ҳусайн масжиддан чиқиб кетаётган эди. Бир одам келиб уни ҳақорат қилди. Шунда Алининг хизматкор ва қуллари унга ташланишди.
Али ибн Ҳусайн уларни тўхтатди ва бундай деди: “Бас қилинглар, унинг ҳолатига қаранглар”.
Сўнгра ўша одамга деди: “Бизда сиз билмаган яна кўп нарсалар бор. Агар сизга ёрдам керак бўлса, айтинг, ёрдам берайлик”. Ўша одам хатосини англаб, уялди ва ортига қайтди.
Али ибн Ҳусайн уни ёнига чақириб, ўзи кийиб турган чакмонини елкасига ташлади ва минг дирҳам пул бердирди.
Абу Яъқуб Музаний дейди: Ҳасан ибн Ҳасан билан Али ибн Ҳусайн ўртасида бир оз нохушлик бўлиб қолди. Ҳасан бир куни масжидда Али ибн Ҳусайннинг ёнига келди, уни турли сўзлар билан ҳақорат қилди. Али ибн Ҳусайн эса унга бир оғиз ҳам жавоб қайтармади.
Сўнгра Ҳасан чиқиб кетди. Кечаси у алининг уйига борди ва эшигини қоқди. Али ибн Ҳусайн эшикни очиб чиқди. Ҳасан унга:
- Эй ака, агар сиз ҳақиқатан ҳам мен айтганларимдек бўлсангиз, Аллоҳ мени мағфират қилсин. Агар мен ёлғончи бўлсам, Аллох сизни мағфират қилсин, деди ва кетди.
Али ибн Ҳусайн ортидан бориб, етиб олди ва уни оғушига олди. Иккови йиғлаб юборишди. Шунда Ҳасан:
- Қасамки, энди сиз хафа бўладиган бирон иш қилмайман, - деди.
Али эса унга: - Сен ҳам менга айтган сўзла ринг учун ҳалолликдасан,- деди.
Ибн Аби Дунё ривоят қилади: Али ибн Ҳусайннинг хизматкори шошган ҳолда ошхонадан темир печни олиб келаётган эди. Кутилмаганда темир печ тушиб кетди кетди ва нариги томондан пастга тушиб келаётган Али ибн Ҳусайн ўғлининг бошига тегиб, жароҳат етказди. Оқибатда у ҳалок бўлди. Меҳмонлар билан суҳбатлашиб ўтирган Али ибн Ҳусайн ўрнидан сакраб туриб, хизматкорга деди: “Сен озодсан. Бу ишни қасддан қилмаганингни биламан”. Сўнгра Али ибн Ҳусайн маййитни дафн этиш тадоригини кўрди.
Шайх Маҳмуд МИСРИЙнинг “Солиҳ ва солиҳалар ҳаётларидан қиссалар”
номли асаридан Илёсхон АҲМЕДОВ таржимаси.