Ибн Халдун айтадилар: “Агар одамлар бало-офат вақтида кулгули гапларни кўп сўзлашганларини кўрсанг, камбағаллик уларни чулғаб, ғафлат, қуллик ва хорликдаги қавм эканларини билгин”.
Бундай синовлар пайтида Аллоҳнинг азамати ва қудратини масхара сўзлар билан қарши олмаслик керак. Барчамиз билиб олайлик, у (каронавирус) Аллоҳнинг аскарларидан биридир. Шу боис, Аллоҳдан янада кўпроқ офият ва саломатлик сўраш лозим.
Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Бизнинг балоимиз етганда ҳам тазарру қилмадиларми?! (Албатта тавба-тазарру қилишлари лозим эди), лекин уларнинг диллари қотиб қолган ва шайтон уларга ўзлари қилиб юрган ишларини чиройли кўрсатиб қўйгандир” (Анъом сураси, 43-оят), деб айтган.
Бало-офатлар ёғилганда ва вабо етганда Қуръони карим кўрсатмаси – мусулмон киши тавбасини янгилайди, истиғфорни кўпайтиради, дуо орқали тавба-тазарру қилади. Масхара ва хазиллардан йироқ бўлади. Чунки бундай ҳолатда ҳазил-мутойиба қилиш қалбнинг қаттиқлашиши ва шайтоннинг зийнатли кўрсатишидандир.
Аллоҳим! Бизга песликдан, жинниликдан, маховдан ва ёмон дардлардан паноҳ бер.
Аллоҳим! Биздан вабони кетказ ва ёмон дарддан сақла. Бизларни вабодан ва балолардан сақлагин, албатта Сен барча нарсага қодир Зотсан!
Манба: www.arabic.uz (Анвар Аҳмад)
Биласизми? Силикат моддасига бой бўлган тупроққа дафн қилинган инсоннинг скелети вақт ўтиши билан тош ва харсангга айланади.
Агар у пирит (темир сульфиди) моддасига бой минтақага дафн қилинса, ундай жасад темир ҳайкалга айланиб қолиши мумкин!
Бу илмий ҳақиқат яқинда аниқланган бўлса-да, Қуръонда бу ҳақида 1445 йил олдин ҳайратланарли тарзда жуда аниқлик билан баён этилган. Қуръонда бундай дейилган:
وَقَالُوا أَإِذَا كُنَّا عِظَامًا وَرُفَاتًا أَإِنَّا لَمَبْعُوثُونَ خَلْقًا جَدِيدًا
"Улар: “Биз суякларга ва чанг- тупроқларга айланиб кетганимиздан кейин ҳам, янгитдан тирилтириламизми?” дедилар. “Сен уларга, тошга ёки темирга айланинглар”, деб айт"
(Исро сураси, 50-оят).
Бу оят яқин йилларда кашф этилган — суяклари тошга айланган ёки темир ҳайкалга айланган қазилмаларга очиқ ва равшан ишора қилмоқда. Гўёки Қуръонда хабар берилган ушбу далиллар олимлар кашф қилишларини узоқ асрлардан бери кутиб ётгандек.
Шундай экан, ақлли инсон бундай очиқ-ойдин ва равшан мўъжизани қандай инкор қила олади? Қуръоннинг бу мўъжизаси кундуздаги қуёшдек равшан эмасми?
Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ