Закот нима ва у нима учун фарз қилинган?
Рамазон ойи кириб келиши билан закот масаласи ҳам қимирлаб қолади. Рамазон – закот ойи деган тушунча бор. Закот динимизнинг беш асосий рукнининг учинчиси ҳисобланади; Қуръонда, Ҳадиси шарифда ва уламоларнинг ижмоси билан собит бўлган. Аллоҳ Қуръоннинг 27 ўрнида закотни намозга баробар зикр қилган. «Намоз ўқинг, намозни адо қилинг ва закотни беринг». Бундан кўринадики, намоз ибодати мусулмон одамнинг ҳаётида қанчалик муҳим бўлса, закот амали ҳам ундан кам бўлмаган аҳамиятдаги амал ҳисобланади.
«Закот» сўзи луғатда 2 хил маънони билдиради: поклаш ва ўсиш. Мана шу калималарни закотга нисбатан ишлатадиган бўлсак, ўринли маъно келиб чиқаверади, яъни агар биринчи маънони қўллайдиган бўлсак, демак закотда қандай покланиш бор дейилса, закот берган одамнинг моли покланади. Ҳаромдан, шубҳадан ёки бировнинг ҳақидан холи бўлди, дегани.
Иккинчиси, ўсиш маъноси эса, албатта, закот берган одамнинг молига Аллоҳ барака беради, ўстиради. Бу – Аллоҳ таолонинг ваъдаси, шариатнинг кўрсатмаси.
Унинг жорий бўлиш сабабига келсак, Аллоҳ дунёни ҳикмат билан, имтиҳон учун яратган. Инсонларга баъзан бериб, баъзан олиб синайди. Аслида, олиб синалганда ҳам инсонлар олинганини билдиришлиги одоб эмас, чунки инсон ўзидаги бор имкониятини, қувватини Аллоҳ таоло ўзида мужассам қилган неъматини ҳам ҳис қила билиши керак. Одоб ҳар бир ҳақдан устун туради. Халқимиз илмдан кўра одоб устун туради, дейди. Шунинг учун Расулимиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мен одоб-ахлоқни мукаммал этишлик учунгина Пайғамбар қилиб юборилдим», - дея марҳамат қилганлар.
Тўғри, камбағаллигини билдириши ёки йўқлигини билдириши унинг ҳаққидир, лекин одоб юзасидан ҳаммага ҳам билдирмай, махфийроқ тутиши албатта ўринли бўлади. Энди, мана шу эҳтиёжманд инсонларнинг ҳақига риоя қилиш – закотдаги асосий кўзланган ҳикматдир.
Закот билан узвий боғлиқ нисоб тушунчаси нимани англатади?
Закот турли моллардан берилади. Масалан, чорва молларидан ёки умумий ҳисобланган мулк ҳисобидан берилади. Мулк ҳисобланган молларнинг нисоби бор, чорва ҳайвонлариники ҳам.
Нисоб – ўлчов, охирги чегара деганидир. Агар мана шу чегарадан инсонни моли-давлати ўтса, албатта, ўша одам бой ҳисобланади ва маълум бир шарти бор.
Закотнинг иккинчи шарти – ўша маблағ ўша одамнинг қўлида бир йил тўлиқ турган бўлиши керак. Умумий қоида билан тушунтирадиган бўлсак, 85 грамм тилла. Дунё бўйича мана шу нисоб қабул қилинади.
85 грамм тилла ўртача 21 млн. 250 минг сўмни ташкил қилади. Кимда шу пул бўлса, у ўша одамнинг қўлида бир йил турган бўлса (ёстиғи тагида эмас, қарз берган бўлиши мумкин, мулк сифатида турган бўлиши ёки айлантирган бўлиши мумкин) келаси йили унинг шу пули нисобга етган бўлади ва мана шу маблағдан 2,5 фоиз, яъни 1/40 қисмини ажратиши фарздир.
Ким закот беради ёки бой деб кимни айтади, десак, моли нисобига етган инсон бой ҳисобланади, унинг закот бериши фарздир. Агар у 85 гр тиллага тенг ва ундан кўп маблағнинг эгаси бўлса, ўша кунни ҳаёт дафтарига белгилаб қўйиб, шу кунни 1 йил кутади, чунки ҳаётида биринчи марта шу маблағга эга бўляпти ва келаси йили шу кунни очиб қараса, унинг нисобида 85 гр.га тенг миқдордаги маблағдан кўпроқ пул бўлса, у одам ҳақиқий пул эгаси бўлади ва бор бойлигининг 1/40 дан қисмини закотга ажратиши фарз бўлади.
Закотни Рамазон ойида бериш шартми?
Айнан Рамазон ойида закот бериш керакми, деган саволлар туғилади. Рамазон ойида берилади, деган қоида йўқ, чунки киши йилнинг турли ойларида пулдор бўлиши мумкин. Рамазон ойида қилинадиган амалларнинг савоби бошқа ойларга нисбатан фазилатлироқ. Расулимиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: «Ким Рамазон ойида бир фарз амални адо қилса, бошқа ойдаги 70та фарз савобини топади ёки ким Рамазон ойида бир нафл ибодатни қилса, бошқа ойдаги битта фарз савобини олади».
Рамазон ойида закот беришдан мақсад – ўша савобни кўпайтириш, холос. Лекин ўша одамнинг моли нисобига етган пайтда закот берса, гарданидаги ҳақини адо этган бўлади.
Савобдан умидвор бўлган одам Рамазон ойида қўлидаги маблағига бир йил тўлмаган бўлса-да, унинг 1/40 қисмини ажратиб берса ва келаси йили ҳам мана шу Рамазон ойига тўғирлаб олса бўлади. Чунки орада 8 ойлик ҳақини адо этган бўляпти. Демак, у мусулмоннинг, ҳақдорнинг ҳақини емаяпти ва Рамазоннинг савобидан умидворлик қилиб, фазилат қилган бўлади.
Закотни олишга ҳақдорлар кимлар?
Қуръони каримнинг Тавба сураси 60-ояти кимлар закот олади, деган саволга ойдинлик киритади. Аллоҳ шу одамларнинг манзили ва тоифаларини эълон қилган. 8 тоифа инсонлар баён қилинган. Фақат 2 тоифаси бугунги ҳаётда топилмагани учун улар чиқариб қўйилган. Биринчиси – қул озод қилиш, кейингиси – қалбларни исломга мойил қилиш. Қолган 6 тоифа инсонларнинг қайси бирига берсак ҳам ўрнига ўтаверади.
Фақир, мискин, закот омиллари, қарздорлар, фийсабиллоҳ юрган кабилар киради.
Қайси бири афзал, десак, қайси бири пулга муҳтожроқ бўлса, ўшаниси афзал.
Закотни яқинларга берса бўладими?
Расулимиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг таълими бўйича, авваламбор, ўз яқинларимиздан қидирамиз. Закот хотини, ўғил-қизи, ота-онаси ва юқоридан масалан бобо-момоси, пастдан невара-эваралари кабиларга берилмайди. Қолган қариндошларнинг ҳаммасига берса бўлади. Хола, сингил, тоғаси, аммасига берса бўлади, чунки улар қариндош бўлса-да, лекин асл эмас, улар закот беришда фара, яъни қўшимча инсонлар туркумига киради. Шунинг учун уларга бериш ўринли. 6 тоифа инсонларни ўша қариндошлар орасидан қидириш лозим.
Ҳанафий мазҳабимиз айтади: агар ўшандай қариндошлар орасида 6 тоифадан бири бўлса-ю, унга берса 2та ажрга: закот берганлик ва сийлаи раҳм, яъни қариндош-уруғлик риштасини боғлаганлик ажрига эга бўлади.
Лекин кенг мутааххир уламолар бу масалада ҳам фикрларини баён қилган. Улар бегоналарга бериш ҳам афзал, деган фикрни илгари суришади. Нега? Динимиз қариндошлар ҳақини қарз эвазига бериладиган закот билан эмас, фазилат нуқтаи назаридан ҳам берса бўлади-ку, бу одам бир йил нисоби етиши ёки Рамазонни кутиб ўтирмасдан ҳар қариндошини кўришга борса бўлмайдими, деган сўзларни ҳам баён қилади.
Закотни ўз қўли билан олиб боргани афзал
Энг муҳими – беришликда. Одамларни топишда бепарво бўлмайлик. Динимизда закот берувчига нисбатан бу айтилаётган манзилларни топиш, уларга олиб беришнинг ўзига фарз қилингани сабаби қалби уларга мойил бўлади.
Ҳақиқатан ҳам ўзимиз тасаввур қилайлик: бой одам камбағал одам аҳволини кўриб қалби юмшайди. Йил бўйи шундай муҳтож яшаган экан, деб ўшаларга нисбатан қалби очилади, меҳр-шафқат зиёда бўлади. Шунинг учун бой одам ўз қўли билан олиб бориб бергани афзал.
Бир нечта уй, автомобил ёки дўконлар закоти қандай ҳисобланади?
Бунинг жавоби 15 аср олдин баён қилиниб, ҳожати аслиядан ташқари молдан, деб белгилаб қўйилган. Ҳанафий мазҳабида ҳожати аслияга бир инсоннинг эҳтиёжига кифоя қиладиган нарса, масалан, кийим-бош, озиқ-овқатнинг маълум бир қисми, уй-жой ва албатта улов, зийнат кабилар киради. Мана шулардан бошқа мулклар инсоннинг мулки ҳисобланади ва ундан закот ажратилади.
Энди, айтилаётган уй-жойи ҳам бир нечта бўлса ёки транспорт воситалари ҳам кўп бўлса, унда қайси бири ҳожати аслия, деган саволга уламоларимиз фатво беради. Агар шу битта уйи бор, қолганини ижарага берган ёки бермаган бўлади, яъни ижарага берган уйнинг ҳукми алоҳида, ижарага бермаганнинг ҳукми алоҳида.
Ижарага бермаганнинг ҳукми шуки, агар бирор қора куним бўлса, пулини ўшанда ишлатаман деган бўлса, уйнинг таннархини чиқариб, закотини беради. Аммо ўғлимга деб олиб қўйган бўлса закот ажратмайди. Гўё фарзандининг мулки сифатида олиб қўйган, лекин берса афзал бўлади. Чунки закоти берилган мулкни Аллоҳ ҳимоя қилишнинг ваъдасини берган. Айтайлик, уй-жойини ижарага берган. Ижарага берган мулкдан фақат ижара пулидан закот берилади, таннархидан эмас.
Ҳозирги кунда, айрим бой-бадавлат инсонларнинг бир нечта транспорт воситалари ҳам бор. Уларнинг барчаси бир неча хил сифатланадиган бўлса, сифатлангани учун берилмайди. Масалан, битта автомобиль рўзғор учун, биттаси ишга бориб келиш учун, деб сифатланса, ўша мулкдан закот берилмайди. Аммо олиб қўйган, уйида тургани бўлса, закот пулига қўшиб ҳисоблайди ва ундан закот беради.
Закотини берган одам уйида бемалол хотиржам ухлаш имконияти бор, чунки Аллоҳ уни ўз ҳимоясига олади. Закот берилган мулк на ўғри қўлига тушади, на ёнади, на сувда чўкади, чунки Аллоҳ уни кейинги йилгача бўлган муҳофазасини зиммасига олади.
Закотни адо этган ва этмаган кишиларга эслатмалар
Аллоҳнинг буйруқларига итоат қилган мўминларга Аллоҳ жаннатни ваъда қилади. Закот берганга ҳам Аллоҳ ажри бор. Бунга бепарво бўлган инсонларга эса, Расулимиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам закотини бермаган маблағида ёки моли-давлати ўзига азоб бўлишини баён қилган.
Бу – динимизнинг аркони, асоси бўлган амалдир. Бунга бепарво бўлиш керак эмас.
Раҳматли устозимиз Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари бу сўзни кўп айтардилар: «Одамларнинг табиати шунга мойилроқ. Имкон қадар бермаслик кўчасини қидираверади. Масалан, 99та домлага боради. Ҳаммаси берасан деса, юзинчисиниям қидириб кўради. Бермайсан, деган фатвони топиб берармикин, деган мақсади бўлади. Ўшандай кўчага кирмаслик керак. Ахир, Аллоҳ ўзим кўпайтириб бераман, яна бир йил молингнинг ҳимоячиси бўламан, деяпти. Қандай гўзал ҳолат. Агар бирор одам келиб бизга молингни сақлаб бераман деса ишонамиз-ку. Қандай қилиб Аллоҳнинг буюк ваъдасига ишонмаймиз?! Бу ваъдани тушунган боболаримиз, Хўжа Аҳрор валийдек буюкларимиз Аллоҳга қарзи ҳасана бериб чарчаган».
Қарзи бор шаҳид жаннатга кирмайди
Пулдорларимизни бироз хўрсинтирадиган масала бу. Аслида, шариатимизда қарз масаласи жуда нозик. Қарз бериш ибодати садақа беришдан 18 баравар афзаллиги бор. Қолаверса, инсоннинг эҳтиёжини қондириш савоби ҳам бор. Шунинг учун уламоларимиз қарз беришга тўлиқ риоя қилган.
Аммо охирги пайтда қарз олувчилар бировнинг ҳақи деган масалада бепарво бўляпти.
Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам Имом Термизийдан ривоят қилинган ҳадисда: «Агар одам шаҳид бўлиб ўлса, бировнинг ҳақи, яъни қарзи бўлса, жаннатга кирмайди», – деганлар.
Тасаввур қилинг: шаҳид бўлиб ўлиш энг олий мақом. Ватанни ҳимоя қилиб шаҳид бўляпти, у жаннатга киради, деган гап йўқ экан. Унинг бўйнида бир банданинг ҳақи бор. Аввал бу арқон бўйнидан ечилиши керак, кейин жаннатга киради.
Яна бир ҳадисда Расулимиз алайҳиссалом айтдилар: «Ким бўйнида қарзи билан вафот этса, кишанланган ҳолатда ётади».
Шунинг учун қарздор бўлиш ҳавас эмас. Ҳатто баъзи уламолар банданинг қарзи бўлса, Аллоҳ унинг амалларини қабул қилмай туради, деган сўзлар ҳам бор.
Қарз олган одамларга эслатма: бориб ё муҳлат сўрасин, ёки одобига риоя қилиб кечиктириб беришини сўрасин. Чунки Расулимиз: «Қарз олаётган одам Аллоҳни ўртага қўйиб адо қиламан, деб олса, Аллоҳ унинг кўмакчиси бўлади ва у тез кунда қарзини адо қилгувчи бўлади. Лекин агар топар ойида олади, деган ниятда бўлса, Аллоҳ ўша одамни ойини тополмайдиган қилиб қўяди ва умр бўйи шу қарзи билан ўтиб кетади. Лекин қиёматда ўзига азоб бўлади», – деганлар.
Шунинг учун ниятни тўғрилаш керак. Майли, ният тўғриланди, аммо мўлжалига тўғри келмай қолди. Бу бўлиши мумкин. Энди нима бўлади? Энди ҳалиги одам ўзига қарз берган одамнинг олдига белгиланган муддати келишидан бир ой олдин бориб: «Қарзимни бериш муддати келиб қолди, лекин ишим ўхшамай қолди. Яна ярим йил ёки бир йил муҳлат беринг», дейиши жоиз.
Агар қарздор муҳлат сўраса, қарз берувчи қўшимча муҳлат қўшса, ажри иккига кўпаяди. Агар қарз берувчи қарзнинг ярмини ёки учдан бирини кечса, Аллоҳ ҳисоб-қитоб қилинадиган кунда унинг ҳам гуноҳларидан кечади.
Афсуски, мана шу қарз бериш ибодати – мусулмонлар орасида адоватга айланиб қолди. Қарз олмоқчи бўлган киши қарзни олгунча сувга тушган мушукка айланиб, ундан кейин шерга айланади. Қочиб кетяпманми, бирон кун бераман дейди. Қарз берувчи эса энди ҳеч қачон қарз бермайман, дейди. Бу – гуноҳ.
Қарздан закот чиқариладими?
Мулки нисобига етгандан кейин закот тарқатаётганда қарздор берадиган пул ҳам унинг ҳисобига киради ва шуни ҳам ҳисоблаб закотини беради. Қарзни бериш нияти бўлмаганларнинг пули ҳисобга кирмайди. Лекин қарздаги пул миқдори жуда катта бўлса, нисобидаги пул ҳам етмай қоладиган бўлса, қарздор бераман деган йилларини қарз дафтарига ёзиб туради. Ўша пул қайтиб келган куни аввал шу қарзлар закотини чиқариб беради.
Бу масалага тўғри ёндашсак, ибодат ҳаловатга айланади.
Имтиҳон инсонни ё азиз қилади, ё хор қилади. Шунақа имтиҳон дунёда яшаяпмиз. Бугун пулдормизми ёки олувчи – фарқи йўқ. Имтиҳон деворида турибмиз. Ё азиз, ё хор бўламиз.
Толиб Раҳматов суҳбатлашди
Тасвирчи Нуриддин Нурсаидов
Inson yaratilgan vaqtdan buyon jamiyat o‘rtasida uning huquqlari va majburiyatlari birga shakllandi. Huquq va majburiyatlar insonlar o‘rtasida paydo bo‘ladigan nizolarni oldini olish uchun yuzaga kelgan. Asrlar osha inson takomillasha borgan sari uning huquq va majburiyarlari ham shunga monan rivojlanib bordi. Shuning uchun ham Alloh taolo turli zamonlarda va turli millatlarga turli xil shariat mezonlarini nozil qilgan. Boshlang‘ich bosqichda islom davlatida huquqiy institutlar rivojlanmagan shaklda mavjud bo‘lib, islomning axloqiy vazifalari va mazhabiy figurasi bir-biri bilan hamohang va uyg‘unlashgan edi.
Shuni ta’kidlash kerakki, har bir jamiyatda, uning qanday sharoitda yashashidan qat’i nazar, unga tegishli bo‘lgan ishlar, muammolar, shaxsiy va ijtimoiy munosabatlarni tartibga solish, jamiyatda tinchlikni ta’minlab, jinoyatning oldini olish va boshqa ko‘p hayotiy muammolarini yechish uchun bir miqdor qonun-qoidalarga zarurat bo‘lgan. Islom dinini birinchi bo‘lib qabul qilgan arablar jamiyati yetarli darajada rivojlangan bo‘lmasa ham, o‘ziga xos qoidalar va an’analarga ega edi. Ularda salam (pulni oldindan to‘lab, pishib yetmagan mol, masalan, bug‘doyni keyinroq olish bitimi), muzoraba (sheriklik asosida pulni foydaga ishlatish uchun birovga berish), xilma-xil nikoh shakllari, hakamiyat (hakamlik), savdo va muomalotga tegishli bir qator urf-odatlar mavjud bo‘lib, jamiyatda qonun tusini olgan edi. Lekin mazkur udum va qoidalar yetarli darajada o‘sib rivojlanmagani tufayli, butun jamiyat hayoti sohalarini qamrab olib, birlashgan jamiyat va umumiy huquqiy tizim qurish uchun yetarli emasdi. Arablar qabilaviy sharoitda yashaganliklari uchun ularda markazlashgan hokimiyat yo‘q edi, bu esa yagona sud tizimini tashkil etish uchun imkon bermasdi. Makka shahri eng muhim tijorat markazi bo‘lgan. Savdo va tijorat sohasidagi qonunlarni savdogarlar o‘zaro ijro etardilar.
Oilaviy munosabatlar (qarindoshlik va meros)ga oid qonunlar, shuningdek, jazo qonuni,ham ko‘chmanchilar va ham shaharlarda yashovchi aholi orasida eski qabilaviy tuzum ta’siri ostida edi. Unga binoan biron-bir qabilaga mansub bo‘lmagan kishi qabilaviy qonun himoyasidan chetda qolardi[1]. Arablar orasida nizo va kelishmovchiliklar paydo bo‘lganda, tomonlar muzokara yo‘li bilan kelisha olmasalar, hakamlarga murojaat qilinardi. Hakamlar biron-bir xos firqaga mansub bo‘lmay, keng ma’lumotli, zukko va yaxshi nom chiqargan kishilar hamda ilohiy kuchga ega hisoblangan kohinlar ichidan tanlanardi.
Payg‘ambarimiz Muhammad sollallohu alayhi vasallam (payg‘ambarligidan ilgari) Ka’bani ta’mirlash ishlari olib borilganda Qoratosh (Hajarul-asvad)ni o‘rniga qo‘yish bo‘yicha urug‘lar orasida yuzaga kelgan nizoni hakam sifatida hal qilishga muvaffaq bo‘lgan edilar. Islom dini o‘z huquqiy tizimi va qonunchiligini rivojlantirar ekan, Qur’on va Sunnaga asoslangan holda arablar jamiyatida qonun darajasiga ko‘tarilgan urf-odatlar va an’anaviy udumlardan ham foydalandi. Shu ma’nodaki, ularning ayrimlari Qur’on oyatlari yoki hadislar orqali bekor qilindi, ayrimlariga o‘zgartirishlar kiritib qabul qilindi va ba’zilariga qonuniy tus berildi. Shuningdek, muzoraba va shirkat me’yorlari qabul qilinib, ribo (sudxo‘rlik) butunlay harom deb e’lon qilindi.
Hijriy I asrda islom huquqi shakllana boshlab, hijriy II va III asrlarda taraqqiyot bosqichlariga ko‘tarildi. Hijriy II asr boshlarida ilk huquqiy maktablar (mazhablar) yuzaga kela boshladi va yangi shakllangan islom jamiyati o‘zining boshlang‘ich huquqiy va qonuniy institutlari-muassasalarini qurishga muvaffaq bo‘ldi[2]. Arab xalifaligida ijroiy faoliyatlar va qonun tuzish ishlari bir-biri bilan chambarchas bog‘liq edi va uning maqsadi yangi tasarruf qilingan mamlakatlar idoralarini islom qonunlari asosida tashkil etib, boshqarish edi. Hijriy I asr o‘rtalariga kelib islom siyosiy qarama-qarshiliklarga duch keldi. Xavorij (xorijiylar) va shia firqalari ko‘pchilikni tashkil etgan ahli sunna val-jamoaga qarshi turdilar. Keyinroq shialar sunniylikning buyuk olimlari tomonidan asos solingan va takomillashtirilgan huquqiy tizimlarni iqtibos etib, hijriy II asrning ikkinchi yarmida ularga ayrim o‘zgartirishlar kirgizdilar[3]. Hijriy I asr asosan tasarruf etilgan mamlakatlar huquqiy normalarini ko‘rib chiqib, ularning urf-odatlarini shariat qonunlariga moslashtirish jarayoni bilan o‘tdi. Islom huquqining yaratilib, tartibga solinishi hijriy II asr o‘rtalarida boshlandi va o‘z taraqqiyot yo‘lini bosib o‘tdi. Islom huquqi o‘z rivojlanish bosqichlarini shu yo‘sinda bosib o‘tdi. Asli arab bo‘lmagan ko‘p xalqlar, ayniqsa, Movarounnahr faqihlari va muhaddislari uning rivojiga beqiyos darajada katta hissa qo‘shib keldilar. Islom tarixchilarining fikrlariga ko‘ra, islom huquqi (fiqh) o‘z taraqqiyot jarayonida quyidagi olti davrni bosib o‘tgan:
Birinchi bosqich: Payg‘ambarimiz Muhammad sollallohu alayhi vasallam davrlari;
Ikkinchi bosqich: Sahobalar davri;
Uchinchi bosqich: Tobeinlar davri;
To‘rtinchi bosqich: Mujtahidlar davri;
Beshinchi bosqich: Muharrijlar davri;
Oltinchi bosqich: Muqallidlar yoki taqlid davri[4].
Abdulhay Laknaviy rahimahulloh hanafiy mazhabi faqihlarini tabaqalashtirishda muharrijlar davridan so‘ng as’hobut-tarjih, ya’ni buyuk faqihlar tomonidan yozib qoldirilgan hukmlardan ayrimlarini zaruratga binoan bir-biridan ustun qo‘yish vakolatiga ega bo‘lgan olimlar davrini ham ko‘rsatib o‘tadi. Lekin bizning fikrimizcha, muharrijlar va as’hobut-tarjih davrini bir bosqich deb hisoblash mumkin, chunki ular ko‘pincha bir davrda yashab, o‘z vazifalarini bajarib kelganlar. Zamon o‘tishi va davr taqozosi bilan islom huquqi, ya’ni fiqh ilmi rivojlanib, asta-sekin tafsir, hadis va boshqa islomiy ilmlardan ajralib bordi. Payg‘ambarimiz hazrat Muhammad sollallohu alayhi vasallam vafotlaridan keyin sahobalar davri va undan keyin tobeinlar davri qaror topdi.
Hijriy II asrning dastlabki o‘n yilliklarida ilk huquqiy maktablar yuzaga kela boshladi. “Islomda huquq” kitobida ular “qadimiy huquqiy maktablar” deb atalgan. Biz ularni “ilk huquqiy maktablar” deb atadik. Mazkur maktablar hech qanday mushaxxas va konkret tashkilotni ko‘rsatmaydi, ularning foydalanadigan usul va qoidalari tizimga solinmagan va hech qanday rasmiy tus olmagan edi[5]. Ushbu maktablar vakillari bo‘lgan faqihlar o‘z sohalari bo‘yicha iqtidorli kishilar bo‘lib, islom ta’limotiga asoslangan barcha ilmlar, masalan, tafsir, hadis va fiqh ilmlariga qiziqardilar va ular bo‘yicha keng ma’lumot va yuksak malakaga ega edilar. Ular o‘z shaxsiy qiziqishlari asosida musulmonlar jamoasi orasida yuksalib, o‘z ilmu fazilatlari bilan barcha xalq tomonidan ishonch va hurmatga sazovor bo‘lgan edilar.
Ahli sunna val-jamoaga tegishli bo‘lgan ilk huquqiy maktablar quyidagilardan iborat edi:
1. Madina huquqiy maktabi;
2. Makka huquqiy maktabi;
3. Basra huquqiy maktabi;
4. Kufa huquqiy maktabi;
5. Shom huquqiy maktabi.
Basra va Kufa huquqiy maktablari Iroq maktabini tashkil etadi.
Misr o‘ziga xos huquqiy maktabga ega bo‘lmay, boshqa huquqiy maktablar, ayniqsa, Madina maktabi ta’siri ostida edi .
Ilk huquqiy maktablarning mashhur vakillari quyidagilardan iborat edi:
1. Madina maktabi namoyandalaridan Umar ibn Xattob, Ali ibn Abu Tolib, Abdulloh ibn Umar, Zayd ibn Sobit, Said ibn Musayyib, Zuhriy, Yahyo ibn Said va boshqalar.
2. Makka maktabidan Abdulloh ibn Abbos, Sufyon ibn Uyayna, Muslim ibn Xolid.
3. Iroq maktabidan Alqama ibn Qays, Qozi Shurayh, Ibrohim Naxaiy, Hammod ibn Sulaymon, Ibn Abi Laylo.
4. Shom maktabining vakili Abdurahmon Avzo’iy edi.
Fiqh tarixi mutaxassislari ta’kidlashlaricha, Iroq islom huquqining muhim markazlaridan biri edi. Hijriy II asr davomida ham Iroq bu sohada o‘z ustunligini saqlab qoldi[6]. Faqat doktor Muhammad Yusuf Muso turli shaharlarda tashkil topgan huquqiy maktablar qatorida Misrda ham shunday maktab bor ekanligini qayd etib o‘tadi . Ilk huquqiy maktablarning eng muhim jihatlari shundan iborat ediki, birinchidan, ular Qur’onga asoslanar edi va Sunnaga katta e’tibor qaratardi. O‘sha davrlarda qiyos, shariatning asosiy manbai sifatida o‘z rivojlanish bosqichlarini bosib o‘tmagani uchun, ular ushbu metoddan keng ko‘lamda foydalanmasdilar deyish mumkin[7].
Xulosa:
Zamon o‘tishi bilan islom dini keng miqyosda tarqalib, turli dinlarga mansub kishilar unga o‘tgani, ayrim siyosiy, ijtimoiy va aqidaviy sabablarga ko‘ra musulmonlar orasida yuzaga kelgan qarama-qarshiliklar oqibatida Islom muxoliflari tomonidan ko‘p to‘qima hadislar ishlab chiqilib tarqatila boshlandi va bu hodisa ushbu manbadan qat’iy ishonch bilan foydalanishni og‘irlashtirdi. Shu vaqtlarda hadislarni chuqurroq o‘rganib, tahlil qilish, ular orasidan to‘qima hadislarni chiqarib tashlash va faqatgina haqiqiy hadislar, ya’ni Payg‘ambarimiz sollallohu alayhi vasallamdan rivoyat qilingan hadislardan huquqiy manba sifatida foydalanish zarurati yuzaga keldi. Bunday yondashuv bir tomondan hadisshunoslik ilmining rivojlanishiga sabab bo‘lgan bo‘lsa, ikkinchi tomondan, yangi huquqiy maktablarning yuzaga kelishi uchun zamin yaratib berdi. Ilk huquqiy maktablarning ish uslubiga tanqidiy yondashilib, har bir maktab tarkibida yangi uslub tarafdori bo‘lgan olimlar yuzaga keldi. Shunday qilib, ilk huquqiy maktablar negizida to‘rtta asosiy sunniy huquqiy maktab shakllandi va har biri o‘z muhitidagi sharoitga muvofiq rivojlandi. Shu yo‘sinda ahli sunna val-jamoa fiqhi, ya’ni islom huquqi bir mukammal va rivojlangan huquqiy tizim sifatida o‘z taraqqiyot bosqichlarini bosib o‘tdi.
Ro'zimuhammad VAHOBOV,
Surxondaryo viloyati, Sho'rchi tumani
“Abu Bakr Siddiq” jome masjidi imom-xatibi.
[1]Islomda huquq./ To‘plovchilar: Majid Xadduriy va Herbert J.Libesni. (Mualliflar guruhi: Sharq va G‘arbning 12 ta mashhur huquqshunos, islomshunos va sharqshunos olimlari jumlasidan Muhammad Abu Zahra, Subhiy Muhassamoniy, Shukriy Qardoshiy, Abul’alo Mordin, Jozef Shaxt va boshqalar). Tehron–Nyu-York, 1955 y. B.37.
[2]O‘sha asar. B.40.
[3]I.Tabariy. Erondagi dunyoqarashlar va ijtimoiy harakatlar haqida tekshirishlar. Kobul: Davlat chop va nashr qo‘mitasi, 1361 h.y. B.221.
[4]Shayx Muhammad Xuzariybek.Tarixut tashri’il islomiy.Bayrut: 1988. B.14-6.
[5]Vahba Zuhayliy. Islom fiqhi va uning manbalari. J.1. Bayrut: Dorulfikr. 1984. 30-b.
[6]Shayx Muhammad Xuzariybek, Tarixut tashri’il islomiy.Bayrut: 1988. B.149-b.
[7]Vahba Zuhayliy. Islom fiqhi va uning manbalari. J.1. Bayrut: Dorulfikr. 1984. 29-b.