Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
25 Ноябр, 2024   |   24 Жумадул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:00
Қуёш
07:23
Пешин
12:15
Аср
15:16
Шом
17:00
Хуфтон
18:18
Bismillah
25 Ноябр, 2024, 24 Жумадул аввал, 1446

Илмий исбот: Рўза тутган киши ёшаради...

30.04.2020   5006   2 min.
Илмий исбот: Рўза тутган киши ёшаради...

Олимлар рўза тутиш билан минг дардни даволаса бўлади, дейишади. Хусусан, рўза тутган одам ошқозон касалликлари, бўғинлардаги муаммолар, тузлар, тошлар, қон босими ва бошқа кўплаб касалликлардан холос бўлар экан. 

Токио технологик университети олими Ёсинори Осуми вақтинчалик очлик, яъни рўзанинг касалликларга даво бўлиши ва танани яшартиришини илмий исботлаган. Япониялик бу олим аутофагия механизмларини кашф этгани учун 2016 йилда тиббиёт ва физиология соҳаси бўйича Нобель мукофоти совриндори бўлди (Аутофагия “ўзини ўзи емоқ” деган маънони англатади). 

Аутофагия барча жонли мавжудотларда бўлади. Бу танани кераксиз чиқиндилар, бактериялар ва бошқа ҳужайралардан тозалаш қобилиятидир. Натижада организм нафақат тозаланади, балки эрта қаришдан ҳимоя қилинади, тана ёшаради. 

Аутофагия қорин оч бўлганида фаоллашади. Ташқаридан емиш келмаганидан кейин ички манбалар кераксиз чиқиндилар, шунингдек, патоген бактериялар ҳисобидан энергия ишлаб чиқаришни бошлайди. Ҳайратланарлиси, ҳужайралар Аллоҳ иродаси билан шундай яратилганки, улар ўзларини ўзлари тозалаб туриш қобилиятига эга. 

Мутахассисларнинг фикрича, инсон тўқ юрганда ҳужайралар фаол ишламас экан. Бу танамизда шлак ва кераксиз чиқиндилар йиғилишига сабаб бўлади. Оқибатда турли касалликлар урчийди. Инсон оч бўлганида ҳужайралар ўзини-ўзи тартибга солиш учун фурсат бўлади. 

– Рўзадор одам оч қолганида организмидаги ҳужайраларнинг нобуд бўлган қисмлари утилизация қилинади, – дейди Тошкент тиббиёт академияси тадқиқотчиси Элёрбек Раҳматуллаев. – Организм барча инфекция ва токсинлардан тозаланади. Инсон организми оч қолганда ҳужайралар ичкарида тўпланиб қолган ахлатлар, ёғлар, шлаклар, гижжалар, хавфли ҳужайраларни “ёқиб” энергия ишлаб чиқаради. Шунингдек, эски ҳужайралар емирилиб, янгилари пайдо бўлишига замин яратади. Яна бир мисол, рўзадор одамнинг ошқозон ва ичак фаолиятида ўт суюқлиги камайиши кузатилади. Бу аъзоларида яраси бор кишилар дардига даво бўлади. 

Кембриж университети ва Британия илмий-тадқиқот институти молекуляр нейрогенетика бўйича профессори Д.Рубинштейннинг сичқонлар устида ўтказган тажрибаларидан маълумки, уларда 24 соатлик очликдан сўнг мия ва бошқа бир қанча органлар, жумладан, жигар фаолияти яхшиланган. Тадқиқот очликдан фойдаланган ҳолда олиб борилди ва бу жараёнда ҳайвонлар узоқ яшади, соғломлашди. 

Мутахассиснинг айтишича, агар саҳарлик ва ифторликда меъёрий тарзда, соғлом овқатланиш талабларига риоя қилган ҳолда рўза тутсак организмдаги касалликларга қарши иммунитетни кучайтириш, семизликка қарши монелик пайдо қилиш, тўқималарда тўпланиб қолган ортиқча моддалар ҳамда тузларни ҳайдашга ёрдам берган бўлар эканмиз.

 ЎзА
Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Гуноҳ содир этган мўмин ҳақидаги қарашлар

21.11.2024   1999   10 min.
Гуноҳ содир этган мўмин ҳақидаги қарашлар

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Гуноҳ сабабли куфрга ҳукм қилмаслик баёни

45 - وَلاَ يُقْضَى بِكُفْرٍ وَارْتِدَادٍ بِعَهْرٍ اَوْ بِقَتْلٍ وَاخْتِزَالِ


Маънолар таржимаси: Зино ё қатл ва босқинчилик туфайли куфрга ҳам муртадликка ҳам ҳукм қилинмайди.


Назмий баёни:

Зино, қатл, босқин бўлса ҳам сабаб,

Куфрга маҳкуммас, дейилмас муртад.


Луғатлар изоҳи:

وَ – мутлақ жамлаш учун келган атф ҳарфи.

لاَ – нафий ҳарфи.

يُقْضَى – музориъ мажҳул феъли. Ноиб фоили тақдирий اَحَدٍ  عَلَى дир. قَضَاءٌ калимаси “ҳукм қилиш”, “икки тараф орасини ажрим қилиш” маъноларида ишлатилади.  

بِ – “илсоқ” (ёпиштирмоқ) маъносида келган жор ҳарфи.

كُفْرٍ – жор мажрур يُقْضَى га мутааллиқ. Куфр калимаси луғатда “бекитмоқ” маъносини англатади.  

ارْتِدَادٍ – луғатда “орқага қайтиш” маъносини англатади. Истилоҳда эса Ислом динидан қайтиш тушунилади. 

بِعَهْر – жор ҳарфи “сабабия” маъносида келган. Жор мажрур يُقْضَى لاَ феълига мутааллиқ. “Аҳр” луғатда “бузуқлик”, “фоҳишалик” маъноларига тўғри келади.

اَوْ – танлаш имконини қолдириш маъносидаги атф ҳарфи.

بِبِقَتْلٍ “сабабия” маъносида келган жор ҳарфи. “Руҳнинг танадан чиқиб кетишига сабаб бўладиган ишни қилиш қатл деб аталади”. 

اخْتِزَالِ – бу масдар бирор нарсадан кесиб олишга нисбатан ишлатилади. Бу ерда бировнинг молидан ноҳақ ўзлаштириб олиш маъноси кўзда тутилган. 


Матн шарҳи:

Аҳли сунна вал-жамоа эътиқодига кўра, зино, қотиллик ёки қароқчилик каби гуноҳлар энг катта гуноҳи кабиралар ҳисобланса-да, булар сабабли куфрга ҳукм этилмайди. Адашган тоифалар эса буларга зид бўлган қарашларни илгари сурганлар. 

 

Гуноҳ содир этган мўмин киши ҳақидаги қарашлар

Гуноҳи кабира сабабли куфрга ҳукм этилмаслигининг далилларини ўрганишдан олдин гуноҳи кабиралар тўғрисидаги қарашларнинг фарқлари ажратиб олинса, ушбу масалани тушуниш осон бўлади. Бу масалада Аҳли сунна вал-жамоа ва адашган фирқалар орасида қуйидагича фарқлар бўлган:

Гуноҳи кабира туфайли банда иймондан чиқадими?

Аҳли сунна – иймондан чиқмайди;

Мўъазилийлар – иймондан чиқади, куфрга кирмайди;

Хаворижлар – иймондан чиқиб, куфрга киради;

Муржиалар – кофирга тоат наф бермаганидек мўминга гуноҳ зарар бермайди.

Аслида бировни кофирга чиқариш ёки бирор мусулмонни динидан қайтиб муртад бўлганига ҳукм қилиш ниҳоят даражада хатарли ишлардан ҳисобланади. Чунки ҳақиқатдан кофир бўлган кимсаларга қаттиқ таҳдидлар келган:

وَالَّذِينَ كَفَرُوا لَهُمْ نَارُ جَهَنَّمَ لَا يُقْضَىٰ عَلَيْهِمْ فَيَمُوتُوا وَلَا يُخَفَّفُ عَنْهُمْ مِنْ عَذَابِهَا ۚ كَذَٰلِكَ نَجْزِي كُلَّ كَفُورٍ

“Кофир бўлган кимсаларга эса, шундай жаҳаннам ўти бордирки, на уларга ҳукм қилиниб, ўла олурлар ва на улардан (жаҳаннам) азоби енгиллатилур. Ҳар бир кофирни мана шундай жазолармиз”[1]

“Такфир” масаласи ҳақида Мулла Али Қори раҳматуллоҳи алайҳ қуйидагиларни ёзган: “Баъзи адашган фирқалар Қуръон ва суннатга тўғри келмайдиган қарашлари сабабли кишиларни шаҳодат калималарини айтаётган бўлсалар-да, Ислом арконларини адо этаётган бўлсалар-да кофирга чиқаришга уринганлар. Бошқа баъзи фирқалар эса юқоридагилардан мутлақо тескари йўл тутишиб, шаҳодат калималарини талаффуз қилганларни бирор ҳолатда ҳам куфрга чиқариб бўлмайди, деб ҳисоблашган. Аҳли сунна вал-жамоадагилар эса куфрга чиқаришни мутлақо инкор ҳам қилмайдилар ва ҳар бир гуноҳ туфайли куфрга ҳам ҳукм қилмайдилар, балки аҳли қибла тўғрисида доимо яхши фикрда бўладилар”[2]

 Аҳли сунна вал-жамоанинг мазкур масала тўғрисидаги қарашлари ҳақида “Ақидатут Таҳовий” китобида қуйидагилар ёзилган: “Қибламиз аҳлини модомики Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам келтирган нарсани эътироф этар эканлар мўмин мусулмон деб атаймиз... банда иймондан ўзини унга киритган нарсани инкор қилиши билангина чиқади”.  

Яъни мусулмон киши икки шаҳодат калимасини талаффуз қилиб маъноларига эътиқод қилиш билан Исломга кирса, уларнинг маъноларини инкор қилиш билан ундан чиқиб кетади.   

 

Гуноҳ туфайли куфрга ҳукм этмасликнинг далиллари

Гуноҳи кабираларни содир этганлар қаттиқ гуноҳкор бўлсалар-да, лекин кофир саналмасликларига  оятларда ҳам, ҳадисларда ҳам  Аллоҳ амрига осий бўлган бандани мўмин деб аталгани энг катта далилдир:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُواْ كُتِبَ عَلَيْكُمُ الْقِصَاصُ فِي الْقَتْلَى

“Эй иймон келтирганлар! Сизларга ўлдирилган кишилар учун қасос (олиш) фарз қилинди”[3].

Бошқа бир оятда эса бундай дейилган:

وَإِن طَائِفَتَانِ مِنَ الْمُؤْمِنِينَ اقْتَتَلُوا فَأَصْلِحُوا بَيْنَهُمَا

“Агар мўминлардан икки тоифа ўзаро урушиб қолсалар, дарҳол улар ўртасини ислоҳ этингиз!”[4].

Ушбу ояти карималарда катта гуноҳларни содир этган кимсалар мўмин деб аталган. Бу эса гуноҳи кабира сабабли мўмин кишининг диндан чиқиб кетмаслигини англатади. Қолаверса, гуноҳи кабира қилганлар диндан чиқиб кофир бўлганларида қасос олиш, ўғрининг қўлини кесиш, зинокорнинг турмуш қургани ё қурмаганига қараб маълум жазо бериш каби шаръий жазоларга ҳожат қолмасди. Балки уларга умумий қилиб  диндан чиқиб муртад бўлган кимсаларга бериладиган жазо жорий қилинган бўлар эди. Шу маънода мазкур шаръий жазолар тайин қилинганининг ўзи ҳам мўмин кишининг гуноҳ сабабли иймондан чиқиб кетмаслигига ёрқин далилдир.     

Машҳур ватандошимиз Умар Насафий раҳматуллоҳи алайҳ мазкур масала тўғрисида қуйидагиларни ёзган:

اَلْكَبِيرَةُ لاَ تُخْرِجُ الْعَبْدَ الْمُؤْمِنَ مِنَ الاِيْمَانِ وَلَا تُدْخِلُهُ فِى الْكُفْرِ وَاللَّهُ تَعَالَى لاَ يَغْفِرُ اَنْ يُشْرَكَ بِهِ وَيَغْفِرُ مَا دُونَ ذَلِكَ لِمَنْ يَشَاءُ مِنَ الصَّغَائِرِ وَالْكَبَائِرِ وَيَجُوزُ الْعِقَابُ عَلَى الصَّغِيرَةِ وَالْعَفْوُ عَنِ الْكَبِيرَةِ اِذَا لَمْ يَكُنْ عَنِ اسْتِهْلاَلٍ وَ الاِسْتِهْلاَلُ كُفْرٌ وَ الشَّفَاعَةُ ثَابِتَةٌ لِلرُّسُلِ وَالاَخْيَارِ فِى حَقِّ اَهْلِ الْكَبَائِرِ بِالْمُسْتَفِيضِ مِنَ الاَخْبَارِ وَاَهْلُ الْكَبَائِرِ مِنَ الْمُؤْمِنِينَ لاَ يُخَلَّدُونَ فِى النَّارِ.

“Катта гуноҳлар мўмин бандани иймондан ҳам чиқармайди, куфрга ҳам киргизмайди. Аллоҳ таоло Ўзига ширк келтиришни кечирмайди, ундан бошқа кичик ва катта гуноҳларни эса хоҳлаган кимсадан кечиради. Кичик гуноҳга жазо бериши ҳам, агар ҳалол ҳисоблашдан бўлмаса, катта гуноҳни афв қилиши ҳам мумкин. Ҳалол санаш куфрдир. Пайғамбарлар ва солиҳ бандаларнинг катта гуноҳ аҳллари тўғрисидаги шафоатлари кўплаб хабарлар билан собитдир. Гуноҳи кабира содир этган мўминлар дўзахда абадий қолдирилмайдилар”.        

Мулла Али Қори гуноҳ туфайли куфрга ҳукм қилмаслик тўғрисида қуйидаги иқтибосни келтирган: “Инсонлар икки хил бўладилар:

1. Мўмин одамлар;

2. Кофир одамлар. 

Кофир одамлар билиттифоқ  дўзахда бўлади. Мўмин одамларнинг ўзлари ҳам  икки қисмга бўлинади:

1. Итоаткор одамлар;

2. Осий одамлар.

Итоаткор одамлар билиттифоқ жаннатда бўладилар. Осий одамлар ҳам икки қисмга бўлинади:

1. Тавба қилувчи одамлар;

2. Тавбани тарк этган одамлар.

Тавба қилувчи одамлар билиттифоқ жаннатда бўладилар, тавбани тарк этган одамлар эса Аллоҳ таолонинг хоҳишида бўладилар”[5]

Аммо мазкур гуноҳларнинг куфр ё куфр эмаслиги тўғрисида  баҳс-мунозара бўлишининг ўзи ҳам уларнинг нақадар хатарли эканига далолат қилади.  Ушбуларга ўхшаш ман этилган ишлардан сақланган бандаларнинг кичик гуноҳлари кечирилиши ваъда қилинган:

إِن تَجْتَنِبُواْ كَبَآئِرَ مَا تُنْهَوْنَ عَنْهُ نُكَفِّرْ عَنكُمْ سَيِّئَاتِكُمْ وَنُدْخِلْكُم مُّدْخَلاً كَرِيمًا

“Агар сизлар ман этилган гуноҳларнинг катталаридан сақлансангиз, кичик гуноҳларингизни сизлардан ўчирурмиз ва сизларни  роҳатбахш манзил (жаннат)га киритурмиз”[6].    

 Яъни бандалар катта гуноҳлардан сақлансалар, кичик гуноҳлари ҳам ўчирилиб жаннатга киритиладилар. Катта гуноҳлардан сақланиш учун эса, аввало уларни яхши билиб олиш лозим.

Гуноҳларнинг турлари

Гуноҳлар икки турга бўлинади.

1. Гуноҳи кабиралар; 

2. Гуноҳи сағиралар.

Аллома Тафтазоний раҳматуллоҳи алайҳ “Шарҳу ақоид” китобида қуйидагиларни ёзган: “Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо кабира ва сағира гуноҳларга шундай таъриф берган: “Ҳад тайин қилинган ёки дўзах билан, ё лаънат айтилиши билан, ё ғазаб қилиниши билан таҳдид қилинган ҳар бир гуноҳ гуноҳи кабирадир. Дунёда ҳад тайин қилинмаган, охиратда қўрқитув билан огоҳлантириш берилмаган ҳар бир гуноҳ сағира гуноҳдир”.

Ҳадиси шарифларда баъзи гуноҳ ишлар ҳалокатга олиб борувчи энг катта гуноҳи кабира бўлгани сабабли куфр деб номланган.

عَنْ ابْنِ مَسْعُودٍ قَالَ: قَالَ رسُولُ الله صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ سِبَابُ الْمُسْلِمِ فُسُوقٌ وَقِتالُهُ كُفْرٌ.  مُتَّفَقٌ عَلَيْهِ

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мусулмонни ҳақорат қилиш ахлоқсизликдир, у билан уришиш куфрдир”, – дедилар”. Муттафақун алайҳ.

Шарҳ: Мусулмон билан урушишнинг куфр деб аталиши бу ишнинг кишини иймондан чиқариб юборадиган куфр бўлмаса-да, энг катта гуноҳлардан эканини билдиради.

 

Кейинги мавзулар:

Диндан чиқишни ният қилган кимса баёни;
Бепарволикнинг аянчли оқибати.

 

[1] Фотир сураси, 36-оят.

[2] Мулла Али Қори. Шарҳу имом Али Қори ала китаб алфозил куфр. “Дорул Фазила”, 2002. – Б. 16.

[3] Бақара сураси, 178-оят.

[4] Ҳужурот сураси, 9-оят.

[5] Мулла Али Қори. Зовъул маолий. – Истанбул: “Дор Саодат”, 1962.  – Б. 128.

[6] Нисо сураси, 31-оят.

Кутубхона