frontend\widgets\header\Header: Attempt to read property "fajr" on null

Рўза тутиш билан яна қандай хайрли амалларни бажариш лозим...

28.04.2020   3417   8 min.
Рўза тутиш билан яна қандай хайрли амалларни бажариш лозим...
Рўза – муқаддас динимизнинг асосий улуғ рукнларидан бири бўлган ибодатдир. Бу ойда очлик, ташналик, нафсни тийиш билан Аллоҳ таолога қурбат, тақво ҳосил қилинади. Соддароқ қилиб айтганда, бу муборак ойда Аллоҳ таоло бандалари учун ҳар икки дунё саодатини кўзлаб, бу ибодатни исломнинг улуғ фарзлари қаторига қўшган. Чунки бу ой ўзининг яхшиликларга бойлиги, қалбларда меҳр-мурувват туйғуларининг жўш уриши билан ҳам аҳамиятли ва эъзозлидир.
 
Рамазон хайр-барака ойидир. Чунки, бу ойда қилинган ҳар бир нафл ибодат учун фарз амалининг савоби, битта фарз амали учун эса, бошқа ойда қилинган етмишта фарз амалининг савоби берилади. Шунинг учун Мусулмонлар бу ойда Аллоҳ таолога ёқадиган ва уни рози қиладиган амалларга шошиладилар.
 
Бу ойда қуйидаги хайрли амаллар бажарилиши мақсадга мувофиқ бўлади:
 
- Рўза тутишлик. Рўза тутишлик фақатгина еб-ичишдан тийилиш эмас, балки ҳар қандай маъсиятлар ва ёлғон, туҳмат ва ғийбат каби Аллоҳнинг ғазабини келтирадиган амаллардан ҳам узоқ бўлиш лозим.
 
- Қуръон тиловат қилиш. Бу ойда Қуръон тиловат қилиш Аллоҳ таолога энг маҳбуб ишлардандир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айнан рамазон ойида Жаброил алайҳис-саломга Қуръон ўқиб берар эдилар. Бугунги кунларда ҳам юзлаб қориларимиз Қуръони карим хатмини онлайн шаклда олиб боришмоқдаки, бу ҳолат элимизнинг хушнудлигига сабаб бўлмоқда.
 
- Намозларни кўпайтириш. Фарз бўлган 5 маҳал намоздан ташқари, суннат ва нафл ибодатларини ҳам кўпайтириш лозим. Хусусан, хонадонларда аҳли оила билан ўқилиши белгиланган Таровеҳ намозларини ғанимат билиш керак.
 
- Зикрларни кўпайтириш. Бу ойда қилинадиган зикр, тасбеҳ ва истиғфор учун кўп савоб берилади. Бундан ташқари, бундай амаллар ёмонлик эшикларини ёпиб, мағфират эшикларини очади ва қалбни хотиржам қилади. Ҳамда нафсни ҳаром ишлардан узоқ қилади.
 
- Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Рамазонда савоб умидида кечалари ибодату дуо билан қоим турган мўминнинг гуноҳлари кечирилади, деб марҳамат қилганлар. Бу жиҳатга ҳам амал қилишимиз мақсадга мувофиқ бўлади.
 
- Силаи-раҳм қилиш. Яқинлар ва қариндошларни зиёрат қилиш. Чунки бундай амаллар кишилар ўртасида ўзаро муҳаббат ришталарини мустаҳкамлайди.
 
Рамазон ойида муҳтож ва кам таъминланган фақир мискинларга садақа улашмоқ бошқа ойлардагига нисбатан савоби кўп ҳисобланади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам энг саховатли Зот эдилар. Ул зотнинг олдига ёрдам сўраб келган бирор муҳтож ноумид қайтмаган. Шундай бўлсада, расулимиз алайҳиссалом айнан Рамазон ойида жуда ҳам саховатли бўлиб кетар эдилар.
 
‏Ибн Аббос бундай деб ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам барча инсонлар ичида энг саховатлиси эдилар. Рамазонда Ҳазрат Жаброил а.с. билан учрашганларида саҳоватлари янада ортар эди. Ҳазрат Жаброил а.с. Жаноб Расулуллоҳ с.а.в. билан ҳар кеча учрашиб, Қуръонни музокара қилар эдилар. Ҳазрат Расулуллоҳ хайрли ишда кучли шамолдан ҳам тез эдилар” .
 
Сахийлик энг яхши инсоний хулқлардандир. Сахийлик нажот топишнинг йўлларидандир. Аллоҳ таоло сахийликни инсонларнинг энг яхши фазилатларидан санаб, сахий кишиларга охиратда улкан ажр — савоблар бўлиши хабарини берган.
 
Ҳозирги пандемия пайтида бутун дунёда кузатилаётгани каби юртимизда ҳам ишсизлар, ёрдам ва кўмакка муҳтож аҳоли сони ортиши қайд этилган. Шу мақсадда, Муҳтарам Президентимиз “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатини йўлга қўйиш ташаббусини илгари сурдилар. Бу ҳақда у киши 20 апрель куни саноат, қурилиш ва инфратузилма тармоқлари корхоналарининг тўлиқ ишлашини таъминлаш масалалари бўйича ўтказган видеоселектор йиғилишида маълум қилган.
 
“Яқин кунларда барчамиз учун муқаддас бўлган Рамазон ойи кириб келади. Бу ойда эҳтиёжманд ва муҳтож оилаларга ёрдам кўрсатиш ҳам қарз, ҳам фарздир. Шунинг учун ушбу муқаддас ойда ҳар бир тадбиркор ўзи фаолият юритаётган ҳудудда ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини, аввало маҳалладошлари, қўни-қўшниларини фаол қўллаб-қувватлаши мақсадга мувофиқ”, — деган давлатимиз раҳбари.
 
Бунинг натижасида Рамазон ойида амалга ошириладиган эҳсон ва хайриялар манзилли бўлиши, ифторликларга сарфланадиган маблағлар ва озиқ-овқат маҳсулотлари аҳолининг кам таъминланган қатламларига йўналтирилиши лозимлиги таъкидланди.
 
Саховат бу – аввало, Аллоҳга шукроналик қилишнинг бир белгиси. Ахир, карам билан сахони ҳам Аллоҳинг ўзи бандасига раво кўрибдими, бунинг шукронаси бўлиши, яъни бахиллик қилмаслик керак-да.
 
Хабарларда сахийлик ва сахийлар ҳақида шундай дейилган: “Сахий кишининг хатоларини кечиринглар, чунки Аллоҳ таоло ҳар бир қоқилганида уни қўлидан тутиб туради”.
 
Аллоҳ таоло айтади: “Садақаларингизни агар ошкора берсангиз, жуда яхши. Бордию, камбағалларга пинҳона берсангиз – ўзингиз учун янада яхшироқдир ва (У) гуноҳларингиздан ўтар. Аллоҳ қилаётган (барча) ишларингиздан хабардордир”. (Бақара сураси, 271-оят).
 
Ҳазрати Али айтганларидай, “Бойлик эҳсон қилинса – иззат, беркитилса хорлик келтиради”.
 
Албатта, Рамазон хайру эҳ­сон ойи. Эзгуликка ташна халқимиз бу ойда янада саховатли бўлишади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Садақаларнинг энг яхшиси Рамазон ойида қилинган садақадир”, деганлар. Шун­га кўра закот ва нафл сада­қаларни ҳам Рамазон ойида адо этиш янада фазилатлидир.
 
Али ибн Абу Толиб р.а. таъкидлаганларидек: “Энг эзгу эҳсон ҳожатмандга берилганидир”. Ҳаётда ҳар хил вазиятларга дуч келамиз. Одам турли сабабларга кўра ночор аҳволга тушиб қолиши мумкин. Бугунги синовли кунлар баъзи бир юртдошларимизнинг ноқулай вазиятга тушиб қолишларига сабаб бўлаётганлиги ҳеч биримизга сир эмас. Ана шундай пайтда биров ночор аҳволга тушиб қолган инсонга сахийлик кўрсатиб, ҳожатманднинг жонига оро кирса, нур устига нур бўлади.
 
Роббимиз ўз бандаларини доимо хайру саховатли бўлишга буюради. Сахийлик инсонга бахт-саодат келтирадиган ва ўзгаларнинг севимли кишисига айлантирадиган хислатдир. Меҳр-мурувват, ҳамжиҳатлик, сахийлик халқимиз ардоқлаган, асрлар оша амал қилиб келаётган гўзал фазилат ҳамдир. Хайр-саховат, сахийлик инсонлар ўртасида меҳр-оқибат ришталарининг мустаҳкамланишига, ўзаро ҳурмат ва тотувликнинг ортишига хизмат қилади. Донолар айтганидек, “Ақлнинг қадри одоб билан, бойлик қадри саховат билан ошади”.
 
Аллоҳ таоло барчаларимизни бу муборак, қутлуғ ойда ожизлик билан тутган рўзаларимиз, амалга ошираётган барча хайрли амалларимизни қабул айласин. Бу ойни ғанимат билиб, комил инсон фазилати билан моҳи Рамазони шарифни охирига етказмоқликни насиб этсин. Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо, ризқимиз бут бўлиб, келаси йилги Рамазонга барчамизни соғ саломат етиб боришимизни насиб айласин!
 
Раҳматуллохон УСМОНОВ,
Қашқадарё вилоят бош имом хатиби
 
Манба: http://uza.uz
Рамазон-2020
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Бир гуруҳ диний-маърифий соҳа фидойиларига "Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги" эсдалик нишонлари топширилди

28.08.2026   5961   2 min.
Бир гуруҳ диний-маърифий соҳа фидойиларига

27 август куни Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан диний-маърифий соҳада самарали меҳнат қилиб келаётган фидойи юртдошларимизни тақдирлашга бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг диний-маърифий масалалар бўйича маслаҳатчиси Музаффар Комилов кириш сўзи билан иштирок этди.

Кириш нутқида мамлакатимизда мустақиллик йилларида, айниқса, сўнгги йилларда диний-маърифий соҳани ривожлантириш, жамиятда тинчлик-тотувлик, миллатлараро ҳамжиҳатлик ва диний бағрикенгликни мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, шунингдек, соҳада фаолият юритаётган уламолар, имом-хатиблар, мударрислар ва фидойи ходимларнинг муносиб ҳиссаси ҳақида алоҳида таъкидланди.

Тантанали тадбир давомида диний-маърифий соҳада кўп йиллардан буён самарали меҳнат қилиб, юртимизда маънавий барқарорликни таъминлаш, ёш авлодни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш, аҳоли ўртасида маърифий тушунтириш ишларини олиб боришга муносиб ҳисса қўшиб келаётган бир гуруҳ фидойи юртдошларга "Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги" эсдалик нишонлари тантанали равишда топширилди.

Эсдалик нишонларини топшириш маросимида Ўзбекистон Республикаси Президентининг диний-маърифий масалалар бўйича маслаҳатчиси Музаффар Комилов, Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқ Тошбоев, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдуҳаликов, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси масъул ходими Орифхон Зокировлар иштирок этдилар.

Тақдирлаш маросимида таъкидланганидек, мазкур эсдалик нишони мамлакатимиз тараққиётига, унинг тинчлиги ва барқарорлигига, жамиятда миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлашга, ёш авлодни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялашга муносиб ҳисса қўшаётган фидойи инсонларга билдирилган юксак эҳтиром ва эътироф рамзидир.

Тадбир якунида тақдирланганлар ўзларига билдирилган юксак ишонч ва эътибор учун миннатдорлик билдириб, мамлакатимиз тинчлиги ва равнақи йўлидаги эзгу фаолиятларини янада сидқидилдан давом эттиришларини таъкидладилар.

 Барча мукофот соҳибларини самимий муборакбод этамиз!

Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги муборак бўлсин!

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

 

Ўзбекистон янгиликлари