Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
25 Ноябр, 2024   |   24 Жумадул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:00
Қуёш
07:23
Пешин
12:15
Аср
15:16
Шом
17:00
Хуфтон
18:18
Bismillah
25 Ноябр, 2024, 24 Жумадул аввал, 1446

Нурул изоҳ: РЎЗА КИТОБИ (давоми)

28.04.2020   3712   13 min.
Нурул изоҳ: РЎЗА КИТОБИ (давоми)

 

Қолган кун рўзасини тутиши лозим бўлган киши

  1. Рамазон рўзаси очган киши.
  2. Тонг отгач (наҳорда) ҳайз ва нифос қони тўхтаган аёл.
  3. Тонг отгач (наҳорда) балоғатга етган бола.
  4. Тонг отгач, Ислом динини қабул қилган (собиқ) кофирлар куннинг қолган қисмини емай-ичмай ўтказишлари керак.

 

Рўзадорга нима макруҳ ва нима макруҳ эмас

Макруҳ амаллар:

  1. Татиб кўриш.
  • Зарурат бўлмаса-да, бир нарса чайнаш.
  • Оғизга таъм берадиган ҳеч қандай моддаси бўлмаган сақич чайнаш.
  • Жинсий алоқага майл қилишидан амин бўлмаган пайтида ўпишиш.
  1. Жинсий яқинлик қилишидан ўзларини тийиб қолишга ишончлари бўлмаса ҳам, (эр-хотиннинг) аъзоларини бир-бирларига теккизишлари.
  • Оғизни тупукка тўлдириб ютиш.
  • Ўткир наштардек нарса билан қон олдириш каби ҳолдан тойдирадиган бир амал қилиш.

Макруҳ бўлмаган амаллар:

  1. Жинсий алоқага майл қилишдан амин бўлган ҳолатда ўпишиш.
  2. Эр-хотиннинг ана шундай амин ҳолатда ўпишишлари.
  3. Мўйлабни ёғлаш.
  4. Кўзга сурма қўйиш.
  5. Ҳолсизланиш ёки қувватдан кетиб қолишдан амин бўлса, қон олдириш.
  6. Тушдан кейин мисвок ишлатиш (хоҳ тушдан олдин, хоҳ кейин, хоҳ ҳўл, хоҳ қуруқ мисвок ишлатиш суннатдир).
  7. Оғизни чайиш.
  8. Бурунни чайиш.

 

Рўзадорга мустаҳаб бўлган амаллар

  1. Саҳарлик қилмоқ.
  2. Тонг отишига яқинроқ пайтда саҳарлик қилиш.
  3. Ҳаво очиқ кунларда ифторни кечиктирмаслик.

 

Рўза тутмаслик учун сабаб бўладиган узрлар

Узр (ёки ариза) кишини рўза тутишдан тўхтатадиган омилдир. Рўза тутмасликка узр ва рўза очилса гуноҳ бўлмайдиган омиллар саккизтадир: касаллик, мусофирлик, рўза тутмасликка мажбурланиш, ҳомиладорлик, эмизувчи аёл, очлик, сувсизлик, ўта қарилик.

  1. Бемор одам касаллиги кучайишидан ёки тузалиши кечикишидан қўрқса.
  • Ҳомиладор аёл қорнидаги боланинг тушиб қолишидан ёки ўзининг ўлиб қолишидан ёки касал (бетоб) бўлиб қолишидан қўрқса.
  • Эмизувчи аёл ўзи ёки эмизаётган боланинг касал ёки ақли заиф бўлиб қолишидан қўрқса. Бола ўз фарзандими ёки бошқа кишининг боласими, фарқи йўқ. Бу мавзуда қўрқув ўтмиш тажрибасидан чиққан хулосага ёки тўғрисўз мутахассис ва мусулмон шифокорнинт тавсиясига асосланади.
  1. Кишининг ўлимга сабаб бўладиган сувсизликка дучор бўлиши.
  2. Киши ўлимига сабаб бўладиган шиддатли очликка дучор бўлганида рўзасини очиши жоиздир.

 

Мусофирлик узри

Тонг отмасдан йўлга чиққан йўловчи (мусофир) рўза тутмаслиги жоиз, бироқ ҳамроҳларининг кўпчилиги рўзадор бўлса ва озуқаларини баҳам кўришса, рўза тутиши фазилатлироқ. Ҳамроҳлари рўза тутмаса ва унинг рўзадорлиги бошқаларга малол келса, рўза тутмагани яхши.

 

Васият ва қазо (ўлим)

Беморлик, мусофирлик ва шунга ўхшаш сабаблар боис рўза тутолмаган ҳамда узри тугамасдан ўлган кишига тутолмаган рўзалари учун каффорат беришни васият қилиш вожиб эмас.

Узрли бўлганлари учун рўза тутолмаган, узрлари тугагач, яъни бемор тузалгач ва мусофир муқим бўлгач, тутолмаган кунларининг қазосини (бир кунига бир кун) тутадилар.

Қазо рўзаларни танаффуссиз тутиш шарт эмас.

Қазо рўзасини тутиб бўлмай, кейинги Рамазон ойига келса, қазони тўхтатиб, фарз рўзани тутади ва қазони тутмагани учун фидя бермайди (қазони кейин тутиб беради).

 

Қарилик каффорати

Рўза тутолмайдиган даражада қари, қувватсиз бўлган чол ва кампирларнинг рўза тутмаслиги жоиз. Бироқ улар бир кунга ярим соъ буғдой миқдорида фидя берадилар. Даволаш имконсиз бўлган касалликка чалинганлар ҳам ўта қари кишилар ҳукмидадир, улар ҳам фарз рўза учун фидя беришлари мумкин.

 

Умр бўйи рўза тутишни назр қилиш

Умр бўйи рўза тутишни назр, аҳд қилган киши рўзғор ташвишлари боис бу назрни бажаролмаса, рўза тутмайди, балки ўрнига фидя беради. Фақир бўлгани туфайли фидяга қодир бўлмаса, истиғфор қилади.

 

Каффоратни тўлашдан ожиз бўлса

Қари одам қасам ичиб, қасамини бузса ёки одам ўлдирса ва бунинг каффоратини тўлаш учун озод қилишга қул топа олмаса ёки каффорат рўзасини тутмай, умрининг қарилик кунларига қолдирган бўлса, фидя жоиз эмасдир. Чунки фидя Рамазон рўзаси учундир.

 

Нафл рўза

Нафл рўза тутган киши ҳеч бир узрсиз, қазосини тутиш шарти билан рўзасини бузиши мумкин. Зиёфат – уни берганга, таклиф қилинганга рўзани бузиш учун узрдир. Зеро, бу ҳолатда рўза очиш кўп савобли бўлиши айтилган.

Изоҳ: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Кимки зиёфатга чақирган диндош биродарининг кўнглини синдирмасдан, тутган рўзасини бузса, амал дарфтарига минг йиллик рўза савоби ёзилади. Агар дўсти учун бузган нафл рўзасининг қазосини тутса икки минг йиллик рўза савоби ёзилади», деб марҳамат қилганлар.

 

Нафл рўзанинг қазоси

Нафл рўзани, қандай сабаб бўлишидан қатъий назар, бузган киши, албатта қазосини тутиши керак. Бироқ икки ҳайит ва ташриқ кунлари жами беш кун тутилган нафл рўза бузилса, қазо тутиш лозим бўлмайди (чунки бу кунларда рўза тутиш ҳаромдир).

 

Бажарилиши шарт бўлган назр қилинган намоз ва рўза

Қуйидага уч шарт бўлса, назрга вафо қилиш лозимдир.

  1. Назр қилинган амал вожиб амал бўлсин.
  2. Назр қилинган амал васила, яъни таҳорат каби бир амал учун шарт бўлган амал бўлмасин.
  3. Назр қилинган амал аслида адоси фарз бўлган амал бўлмасин, беш вақт намоз, Рамазон рўзаси каби.

Бинобарин, беморни зиёрат қилишни, тиловат саждаси қилишни, таҳорат қилишни назр қилиш билан уларнинг адоси лозим бўлмайди.

Қул озод қилишни, эътикофга киришни, нафл намоз ўқишни, нафл рўза тутишни назр қилиши дуруст.

Бир шартга боғлиқ бўлмаган ёки шартга боғлиқ бўлган (яъни, «ўғлим ҳарбий хизматдан қайтса, қўй сўяман» каби) назр шарт содир бўлганида бажарилиши лозимдир.

Икки ҳайит кунларида рўза тутишни назр қилиш дурустдир. Фақат тутса, у кунларда тутмай, бошқа кунда тутиш керак. У кунларда тутса назр бажарилади, аммо рўза тутган гуноҳкор бўлади.

Назр айнан белгиланган вақтда, маконда, пулда, айтилган камбағалдан бошқа вақтда, маконда, пулда ва бошқа камбағалга берилса ҳам назр адо этилган бўлади. Яъни:

  • Шаъбон ойида рўза тутишни назр қилиб, Ражаб ойида тутиш;
  • Маккада ўқишни назр қилган икки ракат нафл намозни Мисрда ўқиш;
  • Тайинланган пулнинг ўрнига (ўша миқдорда) бошқа пулни садақа қилиш;
  • Фақир Убайдуллоҳга аталган назрни камбағал Абдуллоҳга бериш жоиздир.

Назр қилиш шартга боғлиқ бўлганида, шарт содир бўлмасдан олдин адо этилса, ўринга ўтмайди.

 

Эътикоф

Эркаклар, жамоат билан беш вақт намоз ўқиладиган амалдаги жомеъ масжидида, эътикоф (ибодати) нияти билан эътикофга ўтирадилар. Беш вақт жамоат бўлиб намоз ўқилмайдиган масжидда эътикоф ниятида ўтириш саҳиҳ эмас. Аёлнинг эътикоф ўрни уйнинг намоз ўқиладиган жойи ёки бурчагидир.

 

Эътикоф турлари

Эътикофнинг ҳукмига кўра, уч тури бор:

  1. Назр қилинганида вожиб.
  2. Муаккад (кифоя) суннат. Рамазоннинг сўнгги ўн кунида баъзи мусулмонларнинг бажариши билан бошқалардан соқит бўладиган суннат.
  3. Бу иккисидан бошқаси мустаҳаб.

Рўза фақат назр қилинган эътикофнинг шартидир. Нафл эътикофнинг вақти ва муддати тайин эмас, қисқа бир муддат эътикоф нияти билан масжидда юриш ҳам эътикофдир.

Эътикофга кирган киши фақат:

  1. Шаръий амал учун, масалан, жума намозига;
  • Ҳожат чиқариш учун;
  1. Зарурий ҳолатда, масалан, масжид бузиладиган бўлса;
  • Золимнинг мажбурлаши билан;
  1. Масжид жамоатининг тарқалиб тугагани учун;
  • Золимларнинг мол ва жонига зарар беришларидан қўрқиш каби мажбурий сабаблар туфайли масжиддан чиқиши мумкин.
  • Бу сабаблар содир бўлгани учун эътикофга кирган киши масжиддан чиқса, тезда масжидга қайтиши ё бошқа масжидга кириб эътикофини давом эттириши даркор.
  • Ҳеч қандай зарурий сабаб бўлмаса-ю, (бир зумга бўлса ҳам) ташқарига чиқса, вожиб эътикоф бузилади, суннат ёки мустаҳаб бўлса, тугайди.

 

Эътикофдага одам қиладиган ишлар

  1. Эътикофга кирган одам масжидда ейди, ичади, ухлайди. Ўзи ё оиласининг рўзғорини тебратшп учун молни масжидга киритмай одди-берди билан шуғуллашшш мумкин.
  2. Масжидга матони олиб кириш;
  3. Муҳтож бўлмаган нарса билан савдо-сотиқ қилиш;
  4. Ибодат ва тоат бўлишига ишониб, тафаккур қилмай шунчаки сукут сақлаб ўтириш;
  5. Хайрли бўлмаган, ҳар қандай бефойда суҳбат қуриш мақруҳдир.
  6. Жинсий алоқа ва шунга ундовчи ҳар қандай ҳаракат ҳаромдир.
  7. Жинсий алоқа ва шунга ундовчи ҳаракатлар эътикофни бузади.

 

Кеча ва кундузлари эътикоф

  1. Киши бир неча кун эътикоф ўтиришни назр қилган бўлса, кечалар ҳам бу назрга киради.
  • Киши бир неча кечаларда кетма-кет эътикоф қилишни назр қилган бўлса, кундузлари ҳам эътикоф ўтириши лозим.
  • Икки кун эътикоф ўтиришни назр қилган киши икки кечада ҳам эътикофда бўлиши лозим (бу ҳолда эътикофни кечасидан бошлайди).
  • Кечаларни истисно қилиб, фақат кундузлари эътикоф ўтиришни ният қилиш жоиздир.
  • Агар киши бир ой эътикофни назр қилиб, бунда фақат кундузлари ёки фақат кечаларини қалбида ният қилса, тили билан айтмагунча, қалбида қилинган нияти дуруст бўлмайди.

 

Эътикофнинг машруълиги (жоизлиги)

Эътикоф Китоб ва суннат билан машруъ бўлган. Ихлос билан адо этилган эътикоф амалларнинг энг шарафлиларидандир. Эътикофга кирувчи ўз қалбини дунё ишлари, ўйлари, ташвишларидан тўхтатиб, нафсини мавлосига таслим қилади. Ислом олимларидан Атоуллоҳ (Аллоҳ раҳмат қилсин) дейдилар: «Эътикофга кирувчи катта дарвоза олдида бир илтижо ёки тилак сўраб, ёлвориб кутган, Раббим мени авф этмагунча, бу эшикдан кетмасман, демоқчи бўлган киши кабидир».

 

Такрорлаш учун саволлар

  1. Рўза нима? Рамазон рўзасининг фарз бўлиши сабаби, ҳукми, фарз бўлиш шартлари, адосининг дуруст бўлиш шартлари ва рукнларини айтиб беринг.
  2. Рўзанинг қандай турлари бор? Саҳарда ният қилиш ва ниятининг мақсадини тайинлаш шарт бўлган ва бу ҳолат шарт бўлмаган рўзани тушунтиринг.
  3. Рамазон ойи қандай собит бўлади? Шак нима? Шак куни мақруҳ бўлмаган рўза қайси?
  4. Тўғрисўз ёки ёлғончи одамнинг хабари қачон қабул қилинади, қачон қабул қилинмайди? Қурбон ҳайити ойи билан бошқа ойлар ўртасидаги фарқни тушунтиринг.
  5. Рўза очилмайдиган 10 ҳолат, ҳам рўза очилиб, ҳам каффорат лозим бўладиган 10 ҳолат ва рўза очилиб, фақат қазосини тутиш лозим бўладиган 10 ҳолатни айтиб беринг.
  6. Каффоратни таърифланг. Уни шарт қилувчи омилларни санаб ўтинг. Бир неча каффорат қачон бир пайтда адо қилинади? Қазо рўза тутиши кераклигига қарамай, куннинг қолган қисмини рўза тутиб ўгказиши лозим бўлган кишининг мисолини айтинг.

7.Рўзадор учун мақруҳ, макруҳ бўлмаган ва мустаҳаб амалларни санаб ўтинг.

8.Рўзадор қачон рўзасини очиши мубоҳ бўлди? Йўловчи қачон рўзасини очса, фазилатлироқ бўлади? Ўлгунча рўза тутишга ният қилиб, рўзғор ташвишлари билан уни адо этолмаган кишининг ҳукми нима?

9.Нафл рўзанинг қазоси қачон адо қилинади, қачон адо қилинмайди? Киши назрини қачон бажариши керак? Ташриқ кунлари рўза тушшни назр қилган одамнинг ҳукми иима? Киши агар назрини бир шартнинг воқеъ бўлишига боғласа, фақат бу ҳолат қазога келмасдан назр қилса, бунинг ҳукми қандай бўлади?

10.Эътикофни таърифланг, унинг турлари, шартлари, эътикофдаги кишига масжиддан чиқиш қачон жоиз бўлишини, эътикофда қандай ҳаракатлар мубоҳ бўлишини айтиб беринг? Эътикофнинг бузилишини, назр қилган киши нима қилиши кераклигини айтинг.

11.Фақат кечалари ёки фақат кундузлари эътикоф қилиш нима билан собитдир? Эътикофнинг Исломдаги ўрни, фойдаларини айтинг?

 

КЕЙИНГИ МАВЗУЛАР:

ЗАКОТ КИТОБИ:

Ҳукми, фарз бўлиши ва ҳикмати;

Закотнинг (фарз бўлиш) сабаби;

Закотнинг рукни;

Фарз бўлишининг шартлари;

Адо қилиш фарз бўлишининг шартлари;

Адо қилинишнинг шартлари;

Закоти фарз бўлган мулкларнинг турлари;

Ўтловчи ҳайвонлар закоти;

Туянинг закоти;

Отларнинг закоти;

Сигирларнинг закоти;

Қўйларнинг закоти;

Олтин ва кумушнинг закоти;

Кумушнинг нисоби;

Олтиннинг нисоби;

Кутубхона
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Диндан чиқишни ният қилган кимса

25.11.2024   400   17 min.
Диндан чиқишни ният қилган кимса

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

46 - وَمَنْ يَنْوِ ارْتِدَادًا بَعْدَ دَهْرٍ
يَصِرْ عَنْ دِيْنِ حَقٍّ ذَا انْسِلاَلِ

Маънолар таржимаси:

Кимки бирор замондан сўнг муртад бўлишни ният қилса, (шу лаҳзанинг ўзидаёқ) ҳақ диндан пинҳона чиқиб кетганга айланади. 

 

Назмий баёни:

Кимки муртадликни ният-қасд этар,

Шу ондаёқ пинҳона ҳақ диндан кетар.

 

Луғатлар изоҳи:

مَنْ – шарт исм.

يَنْوِ – шарт феъли. Охиридаги ي си ҳазф қилиниши билан мажзум бўлиб турибди.  Ният ташдидли نِيَّةٌ ва ташдидсиз نِيَةٌ шаклларида келади, луғатда “қасд қилиш”, “азму қарор қилиш” маъноларини англатади.

اِرْتِدَادٌ – луғатда “орқага қайтиш”, “тарк этиш” маъноларини англатади. Шу маънода Ислом динидан қайтган киши муртад дейилади.  

بَعْدَ  – зарф.

دَهْرٍ – калимаси “замон”, “аср”, “узун умр” маъноларини англатади.

يَصِرْ – жавоб шартликка кўра жазм бўлиб турибди.

عَنْ – жор ҳарфи مِنْ маъносида келган.

حَقٍّ  دِيْنِ– музоф, музофун илайҳ. Ҳақ дин деган сўз билан Ислом динининг сифати баён қилинган. 

انْسِلاَلِ – бу масдар бирор жойдан билдирмасдан чиқиб кетишга нисбатан ишлатилади.


Матн шарҳи:

Ушбу матнда Ислом динидан қайтишни ният қилган кимсанинг муртад бўлиши баён қилинган. Бу масала ўта нозик бўлганидан матнда келган ҳар бир калимани диққат билан атрофлича ўрганиб чиқишни тақозо қилади. Муртад бўлишни ният қилса, дейилди. Ният қалбнинг иши бўлганидан аввало қалбда ниятгача бўлган босқичлар ҳам борлигини билиб олиш лозим. 

Қалбнинг бирор нарсага қандай боғланиши ҳақида Ибн Ҳажар раҳматуллоҳи алайҳ Ибн Аби Жамрадан қуйидаги ривоятни келтирган: қалбга келадиган нарсалар қуйидаги тартибда бўлади:

1. اَلْهَمَّةُ (кўнгилга келиш);

2. اَللَّمَّةُ (истак пайдо бўлиш);

3. اَلْخَطَرَةُ (ўй-фикр келиш);

4. اَلنِّيَّةُ (ният қилиш);

5. اَلاِرَادَةُ (қасд қилиш);

6. اَلْعَزِيمَةُ (азму қарор қилиш).

Яъни дастлаб бирор маъно кўнгилга келади, сўнгра ўша маъно кучаяди, кейин эса у ҳақида турли ўй-фикрлар келади. Ушбу учта босқич  банданинг ихтиёридан ташқарида бўлгани учун улар ҳақида банда масъул қилинмайди. 

Аммо булардан кейинги ният, қасд қилиш ва азму-қарорлар банданинг ихтиёри билан вужудга келгани учун булар ҳақида банда жавобгар бўлади.

Демак, қайси бир мўмин киши миссионерлар таъсирига тушибми ё бошқа бир сабаблар туфайлими, маълум бир муддатдан кейин қисқа вақт бўлсин ёки кўпроқ вақт бўлсин, ўз ихтиёри билан Исломдан чиқишини ният қилса (Аллоҳ сақласин), келажакда муртад бўлишни ният қилаётган бўлса-да, ўша ондаёқ диндан чиқиб кетган ҳисобланади. Чунки Исломни дин деб қабул қилиб, охиратга ишонган ҳар бир мўмин бандага келтирган иймонида собит туриш буюрилган:

“Эй, иймон келтирганлар! Аллоҳга, Пайғамбарига, (шу) Пайғамбарига нозил қилган Китоб (Қуръон)га ҳамда илгари нозил қилган Китобга иймон келтирингиз!”[1].   

Яъни иймон келтирганларга қарата яна иймон келтиринг, дея буюрилиши, эй иймон келтирганлар, келтирган иймонингизда собитқадамлик билан бардавом бўлинглар маъносини англатади. Чунки ишонган нарсаси тўғрисида қатъи эътиқодда туриш иймон тақозосидир. Агар банда ушбу қатъи эътиқодига қарши боришни ният қилса, бу нияти қалбидаги тасдиқни йўққа чиқаради, тасдиқни йўққа чиқаришга рози бўлиш эса ўзининг куфрга кетишига рози бўлишдир. Куфрга рози бўлиш эса куфр бўлади.  Шунинг учун билиб-билмасдан бундай ишга дучор бўлган кимса дарҳол калимаи шаҳодат қайтариб, тавбага шошилиши лозим бўлади.

Аммо ушбу масаланинг тескариси бундай эмас. Яъни кофир одам бир муддатдан сўнг мўмин бўламан, деб ният қилса, то иймон келтирмагунича куфрдан чиқмайди. Чунки воз кечиш ниятнинг ўзи билан ҳосил бўлади, иш-ҳаракат эса ниятнинг ўзи билан ҳосил бўлмайди. Бунинг мисоли муқимлик билан сафарга ўхшайди, мусофир киши муқимликни ният қилишнинг ўзи билан муқимга айланади, чунки муқимлик сафардан воз кечишдир. Воз кечиш ниятнинг ўзи билан ҳосил бўлади. Муқим киши эса ёлғиз ниятнинг ўзи билан мусофирга айланмайди, у яшаб турган жойидан ажралиб чиққанидан кейин мусофирга айланади. Чунки сафар иш-ҳаракатдир, иш-ҳаракат ёлғиз ниятнинг ўзи билан ҳосил бўлмайди. Ислом иш-ҳаракатдир, шунга кўра мусофир ниятнинг ўзи билан муқимга айланиб қолганидек, мусулмон киши ҳам куфрни ният қилишнинг ўзи билан кофирга айланади. Кофир эса, муқим киши сафарга чиқмагунича, ниятнинг ўзи билан мусофирга айланиб қолмаганидек, то иймонга иқрор бўлмагунича, мўминга айланмайди...”[2].

   

Бепарволикнинг аянчли оқибати баёни

47 - وَلَفْظُ الْكُفْرِ مِنْ غَيْرِ اعْتِقَادٍ بِطَوْعٍ رَدُّ دِيْنٍ بِاغْتِفَالِ

Маънолар таржимаси:

Эътиқод қилмасдан (бўлса-да) ўз ихтиёри билан куфр (сўз)ни талаффуз қилиш ғафлат билан динни рад этишдир.


Назмий баёни:

Эътиқодсиз ихтиёр-ла куфрни айтиш,

Демишлар: ғафлат-ла ҳақ диндан қайтиш.


Луғатлар изоҳи:

لَفْظُ – мубтадо. Лафз луғатда “чиқармоқ”, “талаффуз қилмоқ” каби маъноларни англатади. Истилоҳда икки хил таъриф берилган:

1. Инсон талаффуз қилган нарса;

2. Талаффуз қилган ё қилмаганидан қатъи назар унинг ҳукмидаги нарса.

الْكُفْرِ – музофун илайҳ.

مِنْ – “табйиния” (фарқлаш) маъносида келган жор ҳарфи.

غَيْرِ– сифат.

اعْتِقَادٍ – жор мажрур لَفْظُ га мутааллиқ. 

بِ – “сабабия” маъносидаги жор ҳарфи.

طَوْعٍ – жор мажрур لَفْظُ га мутааллиқ. طَوْعٍ масдари луғатда ихтиёрий равишда бўйунсуниш маъносини ифодалаш учун ишлатилади.

رَدُّ – хабарликка кўра раф бўлиб турибди. Луғатда “қайтариш”, “инкор қилиш” маъноларини англатади. 

دِيْنٍ – музофун илайҳ. Дин калимаси луғатда “тоат”, “мукофот” маъноларини англатади. Истилоҳда эса “ақл эгаларини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларидаги нарсани қабул қилишга ундайдиган илоҳий қонун – дин деб аталади”.

Ислом дини ва Ислом миллати ўртасидаги фарқ қуйидагичадир:

– Унга итоат этилиш жиҳатидан дин деб номланади, яъни итоат этиладиган илоҳий ҳукмлар Ислом дини дейилади;

– Унга жамланиш жиҳатидан миллат деб номланади, яъни Ислом дини  ҳукмларига итоат этувчилар Ислом миллати дейилади.  

بِ – “мусоҳаба” (бирга бўлмоқ) маъносидаги жор ҳарфи.

اغْتِفَالِ – жор мажрур رَدُّ га мутааллиқ. اِغْتَفَلَ феъли ғофил ҳолатда эътиқод қилишга нисбатан ишлатилади.


Матн шарҳи:

Халқимизда “Ўйнаб гапирсанг ҳам ўйлаб гапир” деган ҳикматли сўз бор. Сўфи Оллоҳёр бобомиз тилга ўта эҳтиёт бўлиш лозимлиги ҳақида шундай насиҳат қилган:

Ёмон тил икки оламда зарардир,

Гоҳи исён, гоҳи хавфу хатардир.

* * *

Ёмон тил шумлиғи ки, жонга урғай,

Гоҳи жондин ўтиб иймонға урғай.

Яъни ёмон тил дунё-ю охиратда кишига зарар етказади. Унинг ёмонлиги гоҳида эгасининг бошига етса, гоҳида диндан чиқишига сабаб бўлади. Эътиқодга тааллуқли сўзларни яхши билмасдан гапириш мумкин эмаслигини ҳар бир мусулмон киши яхши англаши лозимдир. Ўший раҳматуллоҳи алайҳ ихтиёрий равишда куфр сўзини талаффуз қилиш диндан қайтиш эканини айтган. Ушбу баҳсга алоқадор масалалардан бири куфр калимасини мажбуран айтган кишининг иймони тўғрисидаги сўзлардир. Мажбурдан куфр калимасини айтган кишилар ҳақида турли хил қарашлар бор. Қалби иймонга тўлиқ бўлгани ҳолда, рўпарасидаги аниқ ўлимдан қутулиш учунгина ўзини иймондан қайтган қилиб кўрсатиш куфр бўлмаслиги ояти карима билан собит бўлган: 

“Ким Аллоҳга иймон келтирганидан кейин (яна қайтиб) кофир бўлса (ҳолига вой!) Лекин кимнинг қалби иймон билан хотиржам ҳолда (куфр калимасини айтишга) мажбур қилинса, у мустаснодир. Аммо кимки кўнгилни куфрга очса, бас, у (каби)ларга Аллоҳ (томони)дан ғазаб ва улкан азоб бордир”[3].

Яъни кимки иймон келтирганидан сўнг куфр калимасини тилга олса, кимки куфрга рози бўлиб, унга кўксини очса, ундайларга жаҳаннамнинг қаттиқ азоби етади. Аммо қалби иймонга лимо-лим бўла туриб куфр калимасини айтишга мажбурланганларга бундай азоб бўлмайди. Муфассирлар ушбу ояти каримани Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳу ҳақида нозил бўлган, – дейишган. Мушриклар у зотни тутиб азоблашганида у зот қаттиқ зўрланганидан улар хоҳлаётган нарсани мажбур ҳолатда айтиб қўйган. Шунда инсонлар: “Аммор кофир бўлди”, дейишган. Аммор розияллоҳу анҳунинг ўзлари ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларига йиғлаб келганда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: “Қалбингни қандай ҳис қиляпсан, деганлар. У иймонга лимо-лимлигини айтган. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: “Агар улар қайтарсалар, сен ҳам қайтаргин”, – деганлар.

Шу ўринда улуғ саҳобалардан бири бўлган Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳунинг таржимаи ҳоли билан танишиб чиқиш фойдадан холи бўлмайди.


Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳунинг таржимаи ҳоли

Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳу Арабистон яриморолидаги Тиҳома номли жойда ҳижратдан 54 ёки 57 йил олдин туғилган. Насаблари Аммор ибн Ёсир ибн Омир ибн Молик ибн Кинона ибн Қайс бўлган.

Бу зот Исломни энг аввал қабул қилганлардан бири бўлиб дастлаб Исломга кирганларнинг еттинчиси ҳисобланади.

Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг энг яқин саҳобаларидан бўлган. Уҳуд, Аҳзоб, Хайбар, Макка фатҳи ва Ҳунайн ғазотларида  иштирок этган.

Отаси Ёсир Ямандан Маккага иш билан келиб шу ерда қолиб кетади. Абу Ҳузайфа ибн Муғийра Махзумийнинг чўриси Сумайяга уйланади ва ундан Аммор розияллоҳу анҳу туғилади.

Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳу узун бўйли, кенг елкали киши бўлган.

Онаси Сумайя бинти Хоййат Исломдаги энг аввал шаҳид бўлган аёл ҳисобланади.

Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳу “Дорул Арқам”да Исломни қабул қилган. Бу зот Исломга кирганидан сўнг отаси Ёсир, онаси Сумайя ва укаси Абдуллоҳлар ҳам мусулмон бўлганлар. Бу оила Исломни қабул қилганлари сабабли Қурайш мушриклари томонидан жуда қаттиқ қийноқларга солинган. Қурайшлик зодагонлар бу оилани қийнаш билан бошқа янги мусулмон бўлганларни ҳам қўрқитиб қўйишмоқчи бўлишган. Махзумийларнинг Ёсир розияллоҳу анҳунинг оиласига қилган қийноқлари ҳақида турли ривоятлар келган. Ҳатто Абу Жаҳл Исломдан қайтишдан бош тортгани учун Сумайяга найза санчади. Ёсирни ҳам ўлдирадилар. Шунга кўра Аммор розияллоҳу анҳунинг ота-онаси Исломдаги дастлабки шаҳидлардан бўлганлар. Уларнинг Аммор розияллоҳу анҳуга қилаётган қийноқлари шу даражага етганки, у қийноқнинг зўридан нима деётганини идрок қила олмайдиган даражага етган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу оила ҳақида “Сабр қилинглар, Ёсир оиласи, сизларга жаннат ваъда қилинган”, – деганлар. Мазкур қийноқлардан қолган оловнинг излари Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳунинг юзларида умрининг охиригача билиниб турган. Бу зот ҳақида қуйидаги оят нозил бўлган:

“Ким иймондан сўнг Аллоҳга куфр келтирса, – қалби иймон ила ором топа туриб зўрланганлар бундан мустасно – ким кўксини куфрга очса, бас, уларга Аллоҳдан ғазаб бор. Уларга улкан азоб бор”[4].

Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳу икки марта ҳижрат қилган. Қибла ўзгартирилишдан олдин намозни Байтул мақдисга қараб ўқиган саҳобалардан бири бўлган.

Бадр, Уҳуд ғазотларида қўшиннинг олдинги сафида туриб жанг қилган. “Байъатур ризвон”да ҳам қатнашган. Ямома ғазотида қулоқлари кесилиб кетган.  

Кейинчалик Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу бу зотни Куфага волий қилиб тайинлаган. 

Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламнинг Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳу ҳақларида айтган айрим сўзлари:

–  “Аммор бошидан оёғигача иймон билан тўлдирилган, иймон унинг гўшти ва қонларига аралашиб кетган”;

–  “Жаннат уч кишига муштоқдир: Алига, Амморга ва Салмонга”; 

– “Сумайянинг ўғли икки иш ўртасидан албатта тўғрироғини ихтиёр қилади, шунинг учун унинг изидан юринглар”.    

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этганларидан сўнг доимо Али ибн Аби Толиб розияллоҳу анҳунинг ёнларида бўлган.

Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳу  ҳижрий 37 йилда Сиффин жангида Али розияллоҳу анҳунинг қўшини сафида жангга кирган ва Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳунинг қўмондонларидан бири бўлган Абу Ғония Жуҳаний томонидан шаҳид этилган.    

Сиффин жангида тўқсон ёшдан ошган Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳунинг ўлдирилишлари кўплаб мусулмонларнинг ҳақиқатни англаб етишларига ва Али розияллоҳу анҳунинг ёнларига қайтишларига сабаб бўлган. Чунки жангда қатнашганлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг  Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳу ҳақида “Амморни ўлдирадиган боғий гуруҳнинг ҳолига вой, бу уларни жаннатга чақиради, улар эса уни дўзахга чақиришади”, деган сўзларини билар эдилар. Али розияллоҳу анҳу бу зотнинг жасадларини кўтариб олиб чиқади ва кўпчилик жамоат билан жанозасини ўқиб, кийимлари билан дафн қиладилар. 

 Аллоҳ таоло бу зотни Ўз раҳматига олиб ётган жойларини жаннат боғларидан қилган бўлсин.

Куфрга мажбурланиш ҳақида сўз кетар экан, мажбурлаш даражалари ва мажбурланган кишининг ҳолатлари борасидаги баҳсларни ўрганиб чиқиш зарур бўлади. “Фатовои Қозихон” китобида “Мажбурланган кишига рухсат берилган ва ман этилган ишлар” мавзусида мажбурланган кишиларнинг ҳолатлари ҳақида батафсил маълумотлар берилган.


Мажбурланган кишига рухсат берилган ва ман этилган ишлар

 “Мажбурланган кишига рухсат берилган ва ман этилган ишлар тўрт қисмдир:

1. Мажбур қилинган амалдан бош тортишдан кўра уни бажариш тўғрироқ ҳисобланадиган, бош тортиш сабабли гуноҳкорга айланадиган ишлар;

Масалан, ўлимтик ейишга ё шу каби бирор ҳаром нарсани истеъмол қилишга мажбур қилиниб, агар буюрилган нарсани бажармаса, ўлдирилиши, ё қўли кесиб олиниши, ёки юз қамчи урилиши билдирилса, мажбурланган ишни қилиб ўзини талофатдан қутқариб қолиши тўғрироқ бўлади. Агар мажбурланган ушбу ишни бажармаса ҳалок бўлиши аниқлигини била туриб, бош тортса гуноҳкор бўлади. Аммо билмаса гуноҳкор бўлмайди.    

2. Мажбур қилинган амалдан бош тортиш тўғрироқ бўлган, қилмаслик туфайли савобга эга бўладиган, аммо қилиш сабабли гуноҳкор ҳам бўлмайдиган ишлар;

Масалан, Аллоҳ таолога куфр келтиришга мажбур қилиниб, агар куфр келтирмаса ўлдирилиши ё бирор аъзосига талофат етказилиши билдирилса, тил учида айтиб ҳалокатдан қутулиб қолишга рухсат борлигини билса ҳам, бу ишни ўзига эп кўрмасдан бош тортса, савобга эга бўлади. Шунингдек, қутулиб қолиш учун тил учида айтса ҳам гуноҳкор бўлмайди. Аммо ўлдириш ё бирор аъзосига талофат етказиш эмас, кишанлаб қўйиш ё қамаб қўйиш билдирилганда агарчи қалби иймонга лимо-лим бўлиб турган бўлса-да, тил учида ҳам куфр келтириш мумкин эмас.  

3. Мажбур қилинган амалдан бош тортиш туфайли савобга эга бўладиган, уни бажариш сабабли гуноҳкор бўладиган ишлар;

Масалан, мусулмон кишини ўлдиришга ё зино қилишга мажбур қилиниб, агар бажармаса ўлдирилиши билдирилса, жонини берса ҳам бу ишдан ҳазар қилиши туфайли савобга эга бўлади, жонини қутқариш учун шу ишни қилиб қўйса, гуноҳкор бўлади. 

4. Мажбурланган ишни қилиш ва қилмаслик баробар бўлган ишлар.

Масалан, бошқанинг молига талофат етказишга мажбурланса, бундай ҳолатда иккала тарафи ҳам баробар бўлиб қолади.

Баён қилинганларнинг барчасида мажбурланаётган киши билдирилаётган нарсанинг қўрқитиш ва пўписа учун айтилмаётганига, амалга ошиши аниқ эканига ишонсагина, мажбурланган ҳукмида бўлади, акс ҳолда бу ҳукмда бўлмайди”[5].
 

Кейинги мавзулар:
Мастнинг гапи ҳақида;
Номавжуднинг “шай” эмаслиги баёни.


[1] Нисо сураси, 136-оят.
[2] Мулла Али Қори. Зовъул маолий. – Истанбул: “Дор Саодат”, 1962.  – Б. 103.
[3] Наҳл сураси, 106-оят.
[4] Наҳл сураси, 106-оят.
[5] Ҳасан ибн Мансур ибн Маҳмуд Ўзгандий. Фатовои Қозихон, тўртинчи жилди. Покистон: “Мактабату Ҳаққония”. – Б. 419.

 

Кутубхона