Бир куни Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу бир от сотиб олдилар. Отни олиб узоқроққа юрдилар. Уни синаб кўриш учун миниб кўрмоқчи бўлдилар. Шу пайт от бир титраб ўлиб қолди. Умар розияллоҳу анҳунинг нафси отни эгасига қайтариб беришга ундарди. От эгаси мени алдабди, касал отини менга сотибди, деб ўйладилар. Умар розияллоҳу анҳу отни эгасини кетидан қидириб бориб топдиларда, қайтариб бермоқчи бўлдилар. Аммо отни эгаси отини пулини қайтариб беришдан бош тортди. Амирал муъминин қозига шикоят қилдилар. Ўша пайтда адолат қилишда шуҳрат қозонган қози Шурайҳ эди. Қози Шурайҳ отни сотган кишини фойдасига ҳукм чиқардида ва Умар розияллоҳу анҳуга қараб, агар эътирозингиз бўлса, отни эгасига асли тирик ҳолида қайтаринг, ундай қилолмасангиз отни олиб кетаверинг деди. Умар розияллоҳу анҳу қози Шурайҳга қараб кулиб туриб; қози аслида шундай бўлиши керак деб, уни Куфага қози этиб тайинладилар.
Юлдашев Иззатуллоҳ
Тошкент ислом институти “Тиллар” кафедраси ўқитувчиси
Диндан узоқлашар эканмиз, асл мақсаддан, рисолатдан ва инсоний қадриятлардан йироқлашган бўламиз. Натижада жамиятда ёмонлик, зулм ҳукм суради, ёвузликка, маст қилувчи ичкиликларга қизиқиш ортади, оилага, соғлом турмуш тарзига рағбат йўқолади, ота-она билан фарзанд ўртасидаги муносабатларга ҳам футур етади, иқтисодий ҳаёт эса рибо ва қимор билан тўлиб-тошади. Оқибатда гуноҳлар кескин кўпайиб кетади.
Шу боис инсон доимо динга эҳтиёж сезади ва ундан ҳеч қачон беҳожат бўлмайди!
«Ҳанафий мазҳабига теран нигоҳ» китобидан